Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (102-дарс). Биз ҳар нарсани қадар–ўлчов билан яратдик

13:09 / 09.09.2020 3736 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: كُلُّ شَيْءٍ بِقَضَاءٍ وَقَدَرٍ حَتَّى الْعَجْزُ وَالْكَيْسُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَمَالِكٌ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир нарса, ҳатто ожиз(эсипаст)лик ва ақллилик ҳам қазои қадар билан», дедилар».

Икки Шайх ва Имом Молик ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида ҳар бир нарса қазои қадар билан бўлишини таъкидламоқдалар. Бунга иймон келтириш мўмин-мусулмон одамнинг Аллоҳга бўлган иймонининг тугал бўлишидир.

Ҳадиснинг охирида кишилар унча эътибор бермайдиган икки нарса–ожизлик ва ақллилик ҳам қазои қадар ила эканлиги айтилмоқда. Албатта, бу нарсалар фитрий, асл табиатда бор нарсалар бўлиб, Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни яратиш пайтида ушбу нарсаларни ҳам қўшиб яратади. Одатда, булар инсоннинг дахли йўқ нарсалар ҳисобланади. Аллоҳ кимга ўткир ақл берса, ўткир ақлли бўлади. Аллоҳ бермаса, аксинча бўлади. Фақат инсон ўзига берилган нарсани тўғри ишлатишга масъулдир. Ақли ўтмас одам: «Нимага ақлингни ўткир қилиб олмадинг?» деб сўроқ қилинмайди. Аммо «Нима учун ақлингни яхшилаб ишлатмадинг?» дейилиши мумкин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ مُشْرِكُو قُرَيْشٍ يُخَاصِمُونَ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم فِي الْقَدَرِ فَنَزَلَتْ

ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ ﰎ ﰏ ﰐ ﰑ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Қурайш мушриклари қадар ҳақида тортишиб келганларида «Улар юзтубан дўзахга судраладиган кунларида, «Жаҳаннам азобини татиб кўринг! Албатта, Биз ҳар нарсани қадар–ўлчов билан яратдик» ояти нозил бўлди».

Шарҳ: Араб мушриклари Аллоҳ таолонинг борлигига ишонганлари билан унинг баъзи сифатларига ишонмас, жумладан, қадар масаласига ҳам иймон келтирмас эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом чақириғини бошлаб, ҳақ динни баён қила бошлаганларида улар турли қаршиликлар кўрсатдилар. Жумладан, қадар масаласини баён қилганларида бунга қарши турдилар. Уларнинг бошлиқлари тўпланиб келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қадар ҳақида мужодала қилдилар: «Қадар деган нарса йўқ, Аллоҳ ҳамма нарсани илгаридан билиши мумкин эмас. У ишларни вужудга келганидан сўнггина билади», дедилар. Ана ўшанда Аллоҳ таоло уларнинг бу гаплари зиддига Қамар сурасидаги: «Улар юзтубан дўзахга судраладиган кунларида, «Жаҳаннам азобини татиб кўринг! Албатта, Биз ҳар нарсани қадар билан яратдик» оятини нозил қилди. Шу билан мушрикларнинг гаплари нотўғри, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари тўғри эканлиги исботланди.

Аслида, Қамар сурасида бу гаплар бир эмас, икки оятда келган. Аллоҳ таоло мазкур икки оятда қуйидагиларни айтади:

«Юзтубан дўзахга судраладиган кунда жаҳаннам азобини татиб кўринг. Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик, (дейилур)» (48–49-оятлар).

Мушриклар юзтубан қилиб, дўзах томон судраладиган қиёмат кунида адашувда, ўт-оловнинг ичида бўладилар. Ўша кунда мазкур азобларга гирифтор бўлиб турганларида уларга: «Жаҳаннам азобини татиб кўринг, (дейилур)».

Сўнгра қадар бор ҳақиқат эканлигини исбот қилинади.

«Албатта, Биз ҳар нарсани қадар–ўлчов билан яратдик».

Ушбу оятдаги қадар–ўлчов сўзининг икки хил шарҳи бўлиб, бири «қазои қадар» маъносини, иккинчиси «миқдор», «ўлчов» маъносини англатади. Икки маъно ҳам бир-бирини тўлдириб келади.

Қадар маъносида келса, барча нарсани содир бўлишидан аввал билиб туришни англатади.

Ўлчов маъносида келса, барча нарса ва ҳодисаларнинг ўз миқдори, ўлчови борлигини англатади.

Ушбу оят озгина сўзлардан иборат бўлишига қарамай, ўзида улкан маъноларни мужассамлаштирганлиги ҳам мўъжизадир.

Ушбу ҳадисни бу ерда келтиришдан мақсад, ким қадарга иймон келтирмаса, албатта, қиёмат куни юзтубан ҳолида дўзахга судралади, демоқдир. Судраб кетилаётганда эса: «Жаҳаннам азобини татиб кўринг! Албатта, Биз ҳар нарсани қадар билан яратдик», дейилади», деган маънони таъкидлашдир.

Ҳозирги кунимиздаги мушрикларнинг аҳволи ҳам ўтмишдаги мушрикларнинг ҳолидан қолишмайди. Улар ўзларига ўхшаган баъзи ожиз бандаларнинг тахминан айтган башоратларига, қилган ўлчов, ҳисоб-китобларига ишонишади. Уларга қойил қолиб, таҳсинлар ўқишади. Аммо ўша бандаларнинг ҳаммасини яратган Зотнинг қазои қадарига ишонгилари келмайди. Ушбу ҳадисда келган оятда зикр қилинган ҳолга улар ҳам тушишлари турган гап.

Ушбу ҳадисдан мушрикларга ўхшаб, қадарни инкор қилмаслик, у ҳақда мужодала қилмаслик фойдасини оламиз. Шунингдек, қадарни инкор қилганлар қиёмат куни оғир аҳволга тушишларини билиб оламиз.

«Ҳадис ва ҳаёт китобидан»

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу иш ҳам фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалардандир. Аллоҳ Ўзининг шомил илми ила барча жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини аниқ давоми...

4233 13:08 / 26.08.2020
Муаллиф иймон бобидаги энг муҳим бир масала ҳақида алоҳида фасл очди. Бу масала иймоннинг зиёда ва кам бўлиши ҳақидаги масала бўлиб, уламоларимиз ўртасида кўпгина давоми...

5404 13:05 / 06.11.2019
3. .Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган томонга сочади. У билан Роббисига тақво қилмайди. Силаи давоми...

2992 17:02 / 18.08.2021
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг фақатгина шаръий ҳукмга тегишлисини Суннат деб, бошқаларини Суннат демаслик саҳобаи давоми...

4820 16:52 / 08.04.2016