Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Шукрнинг ҳақиқати | Тазкия дарслари (273-дарс)

19:00 / 17 март 731 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, шукр соликлар мақомотидан биридир. У ҳам бошқа мақомотлар каби илм, ҳол ва амал ила юзага келади. Ушбу нарсаларни яхшилаб ўрганиб чиқилса, шукрнинг ҳақиқатини англаб олиш мумкин бўлади. Зотан, бошқа барча гаплар бу маънони иҳота қилишга етишмайди.

Илм.

Илм асос бўлиб, ундан ҳол пайдо бўлади. Илм уч нарсани – неъматнинг ўзини, унинг неъмат эканини ва неъмат берувчининг зотини, неъмат бериш учун зарур бўлган сифатларини ҳамда ўша Зотдан унга неъмат содир бўлишини билишдан иборатдир.

Демак, неъмат неъмат берувчидан қасд ва ирода ила берилиши керак. Ушбу ишларнинг барчасини билиш лозим. Барча неъматлар Аллоҳ таолонинг Ўзидан эканини, фақат Унинг Ўзигина неъмат берувчи эканини ва воситачилар Унинг томонидан беминнат хизматкор қилинганини билиш лозим.

Худди шу маърифатдан тавҳид ва тақдис келиб чиқади. Иймон маърифатлари ичида тақдис биринчи ўринда туради. Қачон муқаддас Зотни таниса ва ўша Зотдан бошқа бирорта муқаддас зот йўқлигини билиб етса, тавҳид бўлади.

Сўнгра дунёдаги барча нарсалар мазкур ягона Зотдан вужудга келганини, барча нарсалар Унинг неъмати эканини билади. Бу эса тақдис ва тав­ҳиддан кейинги ўриндаги маърифат бўлади.

Демак, барча нарса Аллоҳ таолодан эканига маърифат ҳосил қилмагунингча шукр қила олмайсан. Агар бу борада озгина шубҳанг бўлса ҳам, на неъматни, на неъмат берувчини таниган бўласан. Маърифатинг ноқис бўлиши ила ҳолинг ноқис бўлади. Ҳолнинг ноқислиги амалнинг ноқислигига олиб боради.

Ҳол.

Неъмат берувчининг инъомидан ҳосил бўлган хузуъ ҳамда тавозе аралаш қувончга «ҳол» дейилади. Бу нарса қувонч шукр бўлиши учун асосий шартдир. Қувонч неъмат ёки инъомдан эмас, балки неъмат берувчидан бўлиши керак.

Амал.

Неъмат берувчига маҳбуб бўлган нарсани қилиш «амал» дейилади. Амални неъмат берувчининг маърифатидан ҳосил бўлган қувонч ила қилинади.

Бу борадаги амал дил, тил ва аъзоларга боғлиқ бўлади.

Дил билан шукр қилиш барча халққа яхшиликни қасд қилиш билан бўлади.

Тил билан шукр қилиш Аллоҳ таолога ҳамду сано сўзларини изҳор қилиш билан бўлади.

Аъзолар билан шукр қилиш Аллоҳ таолонинг неъматларини У Зотнинг тоати учун ишлатиш ва маъсиятига ишлатмаслик билан бўлади.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон инсон молдунёга ҳирс қўймайди ва кишилар қўлидаги бойликка тамагирлик қилмайди. У зарур нарса билан кифояланади ва борига қаноат қилади.Тамагирлик давоми...

2393 19:00 / 04.06.2022
Бизнинг тилимизда ижобий маънода ишлатиладиган садоқат, содиқлик, ростгўйлик каби сўзлардан кўзланган маъно арабчада .сидқ, шаклида бўлиб, сўзда бўлсин, бошқа давоми...

3516 05:00 / 28.02.2017
Инсоннинг ҳар бир аъзоси ўзига хос вазифани амалга ошириши учун яратилган. Ўша аъзо соғ бўлса, мазкур ишни яхшилаб адо этади. Агар аъзо хасталикка учраса, ўзига хос давоми...

3149 16:38 / 13.03.2021
Ҳар бир инсон нафсини ислоҳ қилишга ва уни яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилади. Баъзилар бу ишни чорасиз деб, ноумидликка тушади. Қуйидаги сатрларда давоми...

3238 05:00 / 01.03.2017