Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (10-дарс). Тасаввуфнинг вазифалари

14:03 / 07.12.2018 4697 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тасаввуфнинг вазифалари кўп бўлиб, улардан баъзилари ҳақида тўхталиб ўтайлик:

1. Муҳаққиқ уламолар тасаввуфни «ботиний фиқҳ», яъни «ички фиқҳ» дейдилар. 

Бундан фиқҳ икки қисмга: зоҳирий – «ташқи» ва ботиний – «ички»га бўлиниши келиб чиқади.

Уламоларимиз шариат илмларини «зоҳирий фиқҳ» деб атайдилар ёки оддийгина «фиқҳ илми» дейиш билан кифояланадилар. Бинобарин, зоҳирий фиқҳ шаръий амалларнинг ташқи томонига аҳамият беради.

Мисол учун, таҳорат, ғусл, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатларнинг зоҳирий масалаларини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида зоҳирий фиқҳ илми – шариат баён қилиб беради.

Худди ўша ибодатларни адо этиш жараёнида қалбни қандай тутиш кераклигини, хушуъ ва хузуъни қандай адо этиш лозимлигини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида ботиний фиқҳ илми – тариқат баён қилиб беради.

Яна ҳам тушунарли бўлиши учун мисоллар келтирайлик. Таҳоратнинг фарзи, суннати ва мустаҳаблари нималар эканлигини, бу ибодатни адо этиш чоғида турли аъзоларни қандай тутиш ва юви-лиши лозим бўлган аъзоларни неча марта ҳамда қандай ювиш ке-раклигини зоҳирий фиқҳ илми – шариат баён қилиб беради.

Таҳоратдан таълим бераётган фақиҳ олим: «Қўлни яхшилаб уч марта ювилади, бармоқларни бир-бирининг орасига киритиб таҳлил қилиш лозим, юзни ювганда ундай қилиш керак, оёқни ювганда бундай қилиш керак», деб ташқи ҳукмларни баён қилиб беради.

Таҳоратдан таълим бераётган тасаввуф олими эса бу ибодатни қилишни бошлаганда ва уни адо этиш жараёнида қалбни қандай тутишни ўргатади. Ҳар бир аъзони ювганда қалбдан нималар ўтиши кераклигини майдалаб баён қилади.

Намоз неча вақт фарз, вожиб ёки суннат? Бомдоднинг неча ракъати фарзу, неча ракъати суннат? Намозда турганда, рукуъ ёки сажда қилганда гавдани қандай тутиш лозим? Қаъдада ўтирганда гавда, қўл ва оёқлар қай шаклда бўлиши керак? Ва шу каби кўплаб масалаларни зоҳирий фиқҳ илми баён қилиб беради.

Намоздаги руҳий ҳолатни, қалбни қандай тутишни, хушуъ ва хузуъни – ҳамма-ҳаммасини ботиний фиқҳ илми баён қилади.

2. Тасаввуфнинг ақоид илмига ҳам яқиндан боғлиқлиги бор. 

Маълумки, ақоид илми эътиқод масалаларини муолажа қилиб, одатда бу борадаги бош масалалар ҳақида баҳс юритиб, ҳар бир масала бўйича оят ва ҳадислардан далиллар келтиради. Аммо бу илмда ҳис-туйғу, завқу шавқ, қалбий масалалар баёнига кўп аҳамият берилмайди. Тасаввуф эса айнан шу масалаларга катта эътибор беради.

Мисол учун, ақоид илми Аллоҳ таоло эшитиш, кўриш, гапириш, қудрат, ҳаёт, илм каби сифатларга эга эканлиги ҳақида баҳс юритади. Аммо банда ўзини Аллоҳ таоло эшитиши ёки кўришини бутун вужуди билан қандай ҳис қилишини тасаввуф илми ўргатади.

Ақоид китобларида иймон ҳақида, куфр ва унинг турли кўринишлари ҳақида, шунингдек, нифоқ ва унинг белгилари ҳақида баҳс юритилади.

Тасаввуф китобларида эса иймонни амалий равишда ҳақиқатга айлантириш, куфрдан четланиш ва нифоқдан қутулиш йўллари батафсил баён қилинади.

3. Тасаввуф Қуръон ва Суннат ҳақиқатига етиб, унга бутун вужуд билан амал қилишни ўргатади. 

Албатта, оят ва ҳадисларни ўқиш бошқа, уқиш бошқа. Уларни уққандан кейин зоҳирий амал қилиш бошқа, бутун вужуди – жисми, қалби ва руҳи билан амал қилиш бошқа.

Тасаввуф айнан шу нарсани, яъни Қуръон ва Суннатда келган маъноларни тушуниш билан кифояланиб қолмай, уларнинг моҳиятини англаб етишни, уларга бутун вужуд ила амал қилишни ўргатади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мужтаҳид уламоларимиз Қуръон ва Суннатдаги маъноларни бизларга тўғри тушунтириб берган бўлсалар, муҳаққиқ сўфийларимиз ўша маъноларнинг руҳиятини англатиб берганлар.

4. Тасаввуф «қалб», «руҳ», «ақл» ва «нафс» каби маъноларни алоҳида эҳтимом ила тушунтиради ва уларнинг ҳар бирига мусулмон банда қандай муносабатда бўлиши зарурлигини баён қилиб, ўша баённинг татбиқ қилинишини ҳам йўлга қўяди. 

Тасаввуфнинг номларидан бири «руҳий тарбия» бўлгани ҳам шундан. Тасаввуфда «қалб», «руҳ», «ақл» ва «нафс» деб аталадиган маъноларни аниқ билиб олиш катта аҳамият касб этади. Бу нарсаларнинг ҳар бирининг ҳақиқатини англаб етиш ва уларни бир-биридан ажратиб олиш ҳам осон иш эмас.

Ушбу тўрт нарса ҳақида қисқача маълумот билиб олишимиз тасаввуфни яхшироқ англашимизга ёрдам беради.

1. Қалб.

«Қалб» лафзи икки хил маънода ишлатилади:

Биринчиси – инсоннинг чап кўкрагига жойлашган, конус шаклидаги махсус жисм. У бизнинг тилимизда «юрак» дейилади. Тасаввуфда «қалб» дейилганда ушбу аъзо кўзда тутилмайди.

Иккинчиси – Роббоний, руҳоний ва латиф нарса бўлиб, унинг аввалги қалбга боғлиқлиги мавжуд. Уларнинг орасидаги алоқа худди сифатнинг сифатланган нарса билан бўлган алоқасига ўхшайди. Ана шу латиф нарса инсоннинг ҳақиқатидир. Идрок, билим ва маърифат ўшандандир. Хитоб, итоб, иқоб ва талаб ҳам ўшангадир.

Тасаввуфда «қалб» дейилганда мазкур латиф нарса англанади. У ҳақда сўз борганда, унинг сифати ва аҳволи ҳақидагина гап боради, ҳақиқати ҳақида сўз юритилмайди.

2. Руҳ.

Бу лафз ҳам худди «қалб» лафзи каби икки хил маънони ифода этади.

Биринчиси – жисмоний қалб ичидаги латиф жисм бўлиб, асаблар орқали баданнинг барча тарафларига тарқалади. Табиблар руҳ ва унга боғлиқ нарсалар ҳақида сўз юритганларида айнан ана шу руҳ ҳақида гапирган бўладилар.

Мазкур руҳ билан тасаввуфнинг алоқаси йўқ.

Тасаввуфда муолажа қилинадиган руҳ билувчи ва идрок қилувчи латиф нарсадир. Унинг ҳақиқатини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи Исро сурасида:

ﯮ ﯯ ﯰﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ

«Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилган, холос», деб айт», деган (85-оят).

Ушбу ояти каримада руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳ таоло берган жавоб зикр қилинмоқда. Бу жавоб:

«Руҳ Роббимнинг ишидир», дейишдир.

Руҳ, унинг моҳияти ва унга тегишли бошқа нарсалар Аллоҳ таолонинг иши, банданинг иши эмас. Банда қанчалик мақтанмасин, илми оздир.

«Сизга жуда оз илм берилгандир».

Инсоннинг ҳамма нарсаси чекланган. Жумладан, ақли, идроки ҳам маҳдуддир. У ақли, идроки доирасидаги ишлар ила шуғулланиб, ундан ташқаридаги нарсалар хусусида беҳуда бош қотирмаслиги керак. Булар қаторига руҳ масаласи ҳам киради. Ҳозиргача инсоннинг руҳ ҳақида бирор нарса билиш учун қилган барча ҳаракатлари беҳуда кетди. Руҳ ҳақида ҳеч нарса била олмади. Инсон руҳ ҳақида билган бирдан-бир нарса Аллоҳ таоло юборган ваҳий, холос.

3. Нафс.

Бу лафз ҳам бир неча маъноларда ишлатилади. Нафс – моддий ва маънавий маъноларда бўлиб, бири иккинчиси билан чамбарчас боғлиқдир.

Моддий маънода нафс танадаги латиф бир жисм бўлиб, тананинг барча моддий эҳтиёжларини назорат қилиб, бошқариб туради. Унинг бу ишдаги асосий қуроли талаб, ғазаб ва шаҳватдир. Бу нарсалар меъёрида бўлганда, нафс хотиржам ҳисобланади ва у ўзидан талаб этилган вазифани тўғри бажараётган бўлади.

Нафснинг талаби, ғазаби ва шаҳвати меъёридан ошиб кетса, у ёмонликка ундовчи нафс ҳисобланади ва маломат қилинади.

Маънавий маънода нафс ақлга ва руҳга оид барча эҳтиёжларни назорат қилиб, бошқариб турувчи омилдир. Бу нафс инсоннинг шахсияти, «мен»лигидир. Шариатнинг талаб ва таклифлари мана шу нафсга қаратилгандир.

Айни пайтда моддий нафс маънавий нафсга тобе бўлиб, бу иккиси бирга инсоннинг борлиғини ташкил қилади.

Тасаввуфда «нафс» лафзи икки маънода ишлатилади.

Биринчиси – инсондаги ғазаб ва шаҳват қувватини жамловчи маънодир. Ҳа, аҳли тасаввуф «нафс» деганда кўпроқ ёмон сифатларни ўзида жамловчи нарсани кўзда тутадилар. Шунинг учун ҳам уларнинг истилоҳида «нафсга қарши мужоҳада қилиш», «уни синдириш» каби иборалар тез-тез учраб туради.

 Бундай нафснинг ўзига хос исми бўлиб, у «ан-нафсул аммора-тул биссуъи» – «ёмонликка амр қилувчи нафс» деб аталади.

Аллоҳ таоло Юсуф сурасида:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ

«Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли, раҳмли Зотдир», деб таъкидлаган (53-оят).

Иккинчиси – юқорида зикр қилинган руҳ, яъни инсондаги латиф жисм бўлиб, у инсоннинг жони ва ўзини англатади. У ҳолатга қараб турли васфларга эга бўлади.

Гоҳида Фажр сурасида зикр қилинган васфда бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ

«Эй хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайтгин! Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жаннатимга киргин!» (27-30-оятлар).

Бундай нафс шаҳватлар ила курашда ғолиб бўлиб, сокинлик касб қилган нафсдир. У «мутмаинна» – «хотиржам нафс» деб аталади.

Гоҳида Қиёмат сурасида зикр қилинган васфда бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб:

c b a ` _

«Ва маломатчи нафс билан қасам», деган  (2-оят).

«Маломатчи нафсдан» мурод тақводор мўмин кишининг нафсидир. Чунки у ўз эгасини доимо маломат қилиб (тергаб) туради. Гуноҳ иш қилса, «Нима учун гуноҳ қилдинг? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Охиратда нима деб жавоб берасан?» дея маломат қилади. Савоб иш қилса, «Бу оз-ку, кўпроқ қилсанг бўлмайдими? Қанча кўп савоб иш қилсанг, ўзингга фойда-ку», деб маломат қилади.

Тасаввуф мактабининг машҳур намояндаси, Ислом оламида катта ҳурматга эга бўлган олим имом Ҳасан Басрий: «Яхши одам доимо ўз нафсини маломат қилиб туради, фожир одам нафсини итоб қилмай юраверади», деганлар.

4. Ақл.

Бу лафз ҳам турли маъноларда ишлатиладиган лафзлардан. Тасаввуфда ўша маънолардан иккитаси ишлатилади.

Биринчиси – нарсаларнинг ҳақиқатини идрок қилиш бўлиб, илмнинг суратидан иборат бўлади.

Иккинчиси – илмларни идрок этувчи билимдир.

5. Тасаввуф таҳзиби ахлоқни – ахлоқни сайқаллашни йўлга қўяди. 

Бунда мўмин-мусулмон банданинг ахлоқи Қуръони карим ва ҳадиси шариф таълимотлари асосида қандай бўлиши кераклиги ўргатилади ва уни татбиқ қилиш йўлга қўйилади. Зотан, бу амал ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарздир. Ўша фарз амални йўлга қўйиш айнан тасаввуф орқали жорий этилади.

6. Тасаввуф тазкиятун-нафсни – нафсни поклашни ҳам йўлга қўяди. 

Бу ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарз амал бўлиб, унинг ҳақиқати ва татбиқоти тасаввуф орқали бўлади.

7. Тасаввуф тавба, истиғфор, дуо, зуҳд, тақво, вараъ ва шунга ўхшаш маъноларнинг ҳақиқатини англаб етишга ёрдам беради ва уларни ҳаётга қандай татбиқ қилиш бўйича дарслар ва кўргазмали тажрибалар олиб боради.

8. Тасаввуф мўмин-мусулмонларга нафл ибодатларни йўлга қўйиш бўйича ҳам дарслар беради.

 

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Зуҳд, сўзи аслида .оз нарса, маъносини билдиради. Зуҳд рағбатнинг тескарисидир. У бир нарсани тарк қилиш ва ундан юз ўгиришни англатади. Уламолар истилоҳида .зуҳд, давоми...

1569 19:00 / 13.03.2023
Юқорида таъкидлаганимиздек, Исломда маънавий жиноятларнинг энг хассос шифокорлари Ўуръони Карим ва суннати шарифлардир. Шунинг учун ҳам quotбадгумонлик, жосуслик, давоми...

5759 05:00 / 28.02.2017
106. Луқмони ҳаким дедилар Солиҳа аёл бамисоли подшоҳнинг бошидаги тож. Ёмон аёл бамисоли қари одамнинг орқасига ортилган оғир юкrdquo.107. Тоғларнинг чўққисига олам давоми...

4244 10:36 / 30.03.2017
Оилада ёки жамиятда содир бўладиган каттакичик жанжалларни диққат билан кузатилса, барчасининг сабаби кўпинча қўпол сўз ва муомала бўлиши муқаррар. Бир киши давоми...

3246 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

120284 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41930 14:35 / 11.08.2021