Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (126-дарс). Инсон табиати яхшиликка ва ёмонликка мойил бўлади

13:00 / 06.03.2021 3087 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпинча хулқнинг яхшилиги халқ билан бирга зикр қилинади: «Фалончининг хулқи ҳам, халқи ҳам гўзал», дейилади. Бу унинг ичи ҳам, сирти ҳам яхши деганидир. «Хулқ»дан мурод ички сурат, «халқ»дан мурод ташқи суратдир. Зотан, инсон жасад ва нафсдан иборатдир.

Жасад тан кўзи ила, нафс қалб кўзи ила идрок қилинади. Уларнинг ҳар бирининг ўзига яраша шакл-шамойили, чиройли ва хунук сурати бор.

Қалб кўзи ила идрок қилинадиган нафс тан кўзи ила идрок қилинадиган жасаддан улуғдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уни улуғлаб:

ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ

«Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратувчидирман. Бас, қачонки уни бекаму кўст қилиб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг» (Ҳижр сураси, 28-29-оятлар).

Бу оятда Аллоҳ таоло жасад лойга, руҳ эса Ўзига мансублигининг хабарини берди.

Хулқ нафсдаги мустаҳкам ҳайъатдан иборат бўлиб, ундан амаллар фикр ва ўйлашсиз, енгиллик ва осонлик ила содир бўлади. Агар амаллар яхши бўлса, «яхши хулқ» деб, ёмон бўлса, «ёмон хулқ» деб аталади.

Дангасалик танасига сингиб кетган ва риёзатни ёқтирмайдиган баъзи бир кишилар: «Худди ташқи суратни ўзгартириб бўлмаганидек, ахлоқларни ҳам ўзгартиришни тасаввур қилиб бўлмайди», дейдилар.

Бу мутлақо нотўғри гап. Агар ахлоқни ўзгартириб бўлмайдиган бўлса, ваъзу насиҳатлар қилишнинг маъноси бўлмас эди. Ўзимиз овлаб келган ваҳший ҳайвоннинг уй ҳайвонига айланаётганини кўриб туриб, қандай қилиб ахлоқнинг ўзгаришини инкор қиламиз?! Ит таомни емай тарк қилишни, от чиройли юришни ўрганади. Фақат баъзилари осонлик билан, бошқалари қийинчилик билан ўрганади, холос.

Баъзилар, аввал айтиб ўтилганидек, асли яратилганда бор нарсани ўзгартириб бўлмайди, деган хаёлда бўладилар. Яхши билиб олишимиз керакки, мақсад мазкур сифатларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш эмас. Балки риёзат чекиб уринишдан мақсад, шаҳватларни ифрот (ортиқчалик) ва тафрийт(нуқсон)нинг ўртаси бўлган мўътадилликка қайтаришдир. Уларни тамоман йўқ қилиб юбориш мумкин эмас.

Зотан, асл яратишда шаҳватни фойда учун зарур бўлгани учун яратилган. Мисол учун, таом шаҳвати кесилса, инсон ҳалок бўлиши, жинсий шаҳват қирқилса, насл кесилиши турган гап. Агар ғазаб бутунлай йўқ бўлса, одам ўзини ҳалок қиладиган нарсадан ҳам ҳимояланмай қўяди.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«…аччиғини ютадиганлар» (134-оят).

«Ғазабни йўқотадиганлар», деган эмас.

Шунингдек, таом шаҳватида ҳам баднафслик билан ўта чимхўрлик орасидаги мўътадиллик матлубдир.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Еб-ичинг ва исроф қилманг» (31-оят).

Фақат билиб қўйиш керакки, муршид шайх ўз муридида ғазаб ёки шаҳватга мойилликни кўрса, уни мўътадилликка қайтариш учун мазкур икки нарсани ёмонламоғи керак.

Нафс риёзатидан мурод мўътадиллик эканига далиллардан бири шуки, сахийлик шариатда талаб қилинган хулқ бўлиб, у ўта мумсиклик билан исрофчиликнинг ўртасидаги бир ҳолдир.

Аллоҳ таоло уни мадҳ этиб, Фурқон сурасида марҳамат қилади:

«Нафақа қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (67-оят).

Ушбу мўътадиллик гоҳида Аллоҳ таоло берган комил табиат ила ҳосил бўлади. Кўп болалар биров ўргатмаса ҳам ростгўй, сахий ва ҳалим бўлиши шундан. Гоҳида мазкур мўътадилликни касб қилиб топиш керак бўлади. Бунда нафсни кўзланган хулқни жалб қилувчи амалларни бажаришга мажбурлаш керак бўлади.

Бас, ким олий ҳимматлик хулқини ҳосил қилишни ирода қилса, бир нарсаларни сарфлашда олий ҳимматлилар қиладиган ишларга ўзини мажбурласин, токи табиати ўша хулққа мослашсин.

Шунингдек, тавозели бўлишни истаганлар ўзини тавозелиларнинг ишини қилишга мажбурласин. Бошқа гўзал ахлоқлар ҳам шунга ўхшаш. Чунки бу ишларда одатланиш ва бардавомликнинг таъсири кучли бўлади.

Аксинча, яхшиликни тарк қилиш бардавом бўлса, у ҳам салбий таъсир қилиши турган гап.

Фазилатларга сабаб бўладиган нарсаларни қилиш ҳам инсон нафсига таъсир қилиб, унинг табиатини яхшилик томон буришга омил бўлиши мумкин.

Гоҳида фазл аҳлининг суҳбатида бўлиш ила яхши хулқлар касб қилинади. Чунки инсон табиати яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам мойил бўлади.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муриднинг ҳоли қуйидаги олти ҳолдан бири бўлади. 1. Обид. 2. Олим. 3. Таълим олувчи. 4. Волий. 5. Ҳунарманд. 6. Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлган одам. .Обид, давоми...

1940 13:30 / 20.06.2020
Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳуУ киши Мадинаи Мунавварада ҳижрий 30 сана, милодий 650 санада таваллуд топганлар. Ҳижрий 102 сана, милодий 720 санада Қудайдда вафот давоми...

5713 14:20 / 05.01.2019
Қуйида қисқа калималар, қисқа иборалар берилади. Улар ўзи қисқа бўлсада, аммо маъноларга бойдир. Уларни жавомеъул калимrdquo кўп маъноларни ўз ичига олган калима, давоми...

4562 05:00 / 01.03.2017
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири ҳирс ва тамагирликдир.Мусулмон инсон молу дунёга ҳирс қўймайди ва давоми...

3945 05:00 / 28.02.2017