Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 197- дарс. Бу дунё муҳаббати

19:00 / 20.08.2022 2192 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу сарлавҳадан беш кунлик ўткинчи дунёни охиратдан устун қўйиш маъноси англанади. Албатта, бу энг ёмон маънавий хасталиклардан бири ҳисобланади.

Бу дунёга берилиб, унга муҳаббат қўйиб, охиратни унутиш оғир дард бўлиб, унинг оқибати дўзах билан ниҳояланади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло буни қаттиқ қоралаган.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

إَنَّ الَّذِينَ لاَ يَرْجُونَ لِقَاءنَا وَرَضُواْ بِالْحَياةِ الدُّنْيَا وَاطْمَأَنُّواْ بِهَا وَالَّذِينَ هُمْ عَنْ آيَاتِنَا غَافِلُونَ
أُوْلَئِكَ مَأْوَاهُمُ النُّارُ بِمَا كَانُواْ يَكْسِبُونَ
 

«Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган ва дунё ҳаёти билан рози бўлиб, у билан хотиржам бўлиб қолганлар ҳамда оятларимиздан ғофил бўлганлар… ана ўшаларнинг жойлари қилган касблари туфайли оловдир» (7-8-оятлар).

Қиёматда Аллоҳ таолога рўбарў бўлишдан умидсиз кимсалар

«…дунё ҳаёти билан рози бўлиб, у билан хотиржам бўлиб қолганлар»дир.

Уларнинг фикри-зикри беш кунлик дунё ва унинг лаззатидадир. Шу билан овуниб, хотиржам бўлиб қоладилар. Уларнинг энг катта айблари ва сифатлари Аллоҳ таолонинг оятларидан ғофил бўлганларидир. Шу боисдан ҳам улар ҳар қандай ёмонликни тап тортмасдан қилаверадилар. Натижада

«…ана ўшаларнинг жойлари қилган касблари туфайли оловдир».

Ҳа, улар бекорга эмас, қилган касблари туфайли адолат ила жаҳаннам азобига дучор бўладилар.

Аллоҳ таоло Ҳадид сурасида марҳамат қилади:

اعْلَمُوا أَنَّمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا لَعِبٌ وَلَهْوٌ وَزِينَةٌ وَتَفَاخُرٌ بَيْنَكُمْ وَتَكَاثُرٌ فِي الْأَمْوَالِ وَالْأَوْلَادِ كَمَثَلِ غَيْثٍ أَعْجَبَ الْكُفَّارَ نَبَاتُهُ ثُمَّ يَهِيجُ فَتَرَاهُ مُصْفَرًّا ثُمَّ يَكُونُ حُطَامًا وَفِي الْآخِرَةِ عَذَابٌ شَدِيدٌ وَمَغْفِرَةٌ مِّنَ اللَّهِ وَرِضْوَانٌ وَمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا مَتَاعُ الْغُرُورِ
 

«Билингки, албатта, дунё ҳаёти ўйин-кулги ва кўнгилхушлик ҳамда зеб-зийнат, ўзаро фахрланиш, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтириш, холос. У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ қурийди ва унинг сарғайганини кўрасан. Сўнгра у хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса шиддатли азоб бор. Ва Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Ва дунё ҳаёти алдов матоҳидан бошқа нарса эмас» (20-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини бундай таърифламоқда:

«Билингки, албатта, дунё ҳаёти ўйин-кулги ва кўнгилхушлик ҳамда зеб-зийнат холос».

Чиндан ҳам одамлар ўлчови билан қаралганда, ҳаёт беш кунлик дунёда ўйнаб олиш учун ажратилган фурсатга ўхшаб туюлади. Қаёққа қарасангиз, одамлар кийим-бош, озиқ-овқат, ҳовли-жой, зеб-зийнат ортидан қувгани-қувган.

Бу дунё ҳаёти яна

«…ўзаро фахрланиш, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтириш»дан иборатдир.

Одамлар ўз обрўлари, мансаблари, насаблари билан фахрланишга, мол-дунё ва бола-чақани кўпайтиришга урингани-уринган. Аслида эса бу нарсалар арзимас, эътиборсиз ашёлардир. Бу ҳақиқатни янада очиқроқ тушунтириш учун Қуръони Карим кўзимизга доимо кўриниб турган, лекин кўпларимиз эътибор бермайдиган ҳодисани мисол қилиб келтиради:

«У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир».

Яъни бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққанидан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса бу ҳол ўткинчидир.

«Кейинроқ қурийди ва сарғайганини кўрасан. Сўнгра у хас-чўпга айланиб кетадир».

Яъни ўсимликлар тезда қурийди. Ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади.

Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслик керак.

«Охиратда эса шиддатли азоб бор. Ва Аллоҳдан мағфират ва розилик бор».

Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳ таолонинг мағфирати ва розилиги бор.

«Ва дунё ҳаёти алдов матоҳидан бошқа нарса эмас».

Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳойи-ҳавасдан устун бўлишга даъватдир.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ айтади Биз омонатни осмонларга, ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик улар буни кўгаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз давоми...

7536 11:17 / 30.10.2018
. ,. . . ,. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳга шукр қилмаса, одамларга ҳам ташаккур давоми...

727 19:00 / 02 март
Бу тариқат Шоҳ Нақшбанд исми билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад Баҳоуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилади. У киши ҳижрий 717 санада Бухоро давоми...

7420 16:51 / 08.11.2018
Бир одам доим шундай дуо ўқирканndash Эй осмони фалакни ўз низомида тутган Аллоҳ, масъулиятсиз дунё ҳаётидан мени қутқар..Муҳаммад ибн Мунқадир .Одамлар бўладики, давоми...

4467 19:30 / 20.12.2018