1440 йил 15 жумадис сони | 2019 йил 20 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Тазкия

Нақшбандия тариқати

16:51 / 08.11.2018 687 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу тариқат Шоҳ Нақшбанд исми билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад Баҳоуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилади. У киши ҳижрий 717 санада Бухоро яқинидаги Қасри Орифон қишлоғида дунёга келганлар. Ўн саккиз ёшларида уйланганлар. Шайх Саммосий ва Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳимодан руҳий тарбия олганлар. Шу билан бирга, шариат уламолари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўйича олимлар суҳбатларида доимий равишда иштирок этар эдилар. У киши икки марта ҳаж зиёратини адо этганлар ва Форс ҳамда унинг атрофидаги кўплаб Ислом юртларига сафарлар қилганлар. Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 791 сана, рабиъул-аввал ойининг учинчи куни душанбага ўтар кечаси вафот этдилар.

Ҳазрати Баҳоуддин раҳматуллоҳи алайҳи умрлари бўйи ўз муридларини суннати Муҳаммадия йўлида тарбиялаб ўтдилар. У кишининг қўлларида ўн минглаб муридлар камол топди. Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳининг тариқатлари ҳозирги кунда ҳам дунёнинг кўплаб юртларида кенг тарқалгандир.

Шайх Абдуллоҳ Деҳлавий Нақшбандия тариқати ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Бу тариқат Ҳақ таолонинг ҳузурида доимий ҳозирликдир, Ислом ақийдасини, Аҳли сунна ва жамоа ақийдасини мустаҳкамлашдир ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдир».

Уламолар Муҳаммад Мурод Ўзбакийнинг Нақшбандия тариқати ҳақида айтган қуйидаги гапларини ривоят қиладилар:

«У саҳобаи киромларнинг асл ҳолича, зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмай қолган тариқатидир. У ботинда ҳам, зоҳирда ҳам барча ҳаракат ва саканотларда суннатга ва азийматга комили илтизом қилган, бидъат ва рухсатдан батамом четда бўлган ҳолда ибодатда бардавом бўлишдан иборатдир».

Шайх Амин Алоуддин Нақшбандий ўзининг «Нақшбандия тариқати недир?» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Муҳаққиқ уламолар Нақшбандия тариқати ҳақида қуйидагиларни таъкидлайдилар:

Нақшбандия тасаввуфи ўртача ва мўътадилдир. У сулукдаги мўътадиллиги, шариатга эргашиши, тариқатининг осонлиги билан ажралиб туради. У хусусан дин уламолари ичида кенг тарқалган. Нақшбандий сўфийнинг қалби Аллоҳ билан, жисми банда билан.

Бу тариқатдаги назарни ўзига тортадиган энг муҳим нарса – сокинлик, яъни унинг риёдан холи бўлмайдиган бақириқ-чақириқ, тараннум ва тинглашлардан узоқдалигидир.

Нақшбандия тариқатидаги зокир намоздан кейин пок ҳолида қиблага қараб ўтириб олиб, тилини танглайига теккизиб, қалби тил ҳаракати ила бирлашиб, Аллоҳни зикр қилади».

Нақшбандия тариқати мўътадиллиги, осонлиги ва суннатга эргашишдан иборат бўлгани учун кўпчилик, хусусан дин олимлари ичида кенг тарқалгандир. Нақшбандий сўфийнинг қалби Аллоҳ таоло учун, жисми халойиқ учундир. Бу тариқат энг аввал шариатга эргашишга аҳамият беради. Кейин зикрда, фикрда, бандаликда, ихлосда, бошқаларни ўзидан устун қўйишда ва ўзини инкор қилишда бардавом бўлишни тарғиб қилади.

“Нақшбандия: вазифалар, зикрлар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Арабчада .хирқа,, ўзбекчада .жанда, деб аталган ўзига хос кийим кийиш бир вақтлар сўфийлар орасида кенг тарқалган эди. Суфийларнинг турли рангдаги ямоқлар солинган давоми...

848 05:00 / 28.02.2017
Хожа Яъқуб Чархий қуддиса сирруҳуБу зоти шарифнинг Ғазна вилоятининг Чарх қишлоғида туғилганлари маълум. Туғилган саналари эса маълум эмас. Мавлоно Яъқуб Чархий давоми...

513 15:10 / 02 февраль
Минг афсуслар бўлсинким, ҳижрий еттинчи асрдан кейин барча исломий билимлар бошига тушган таназзул тасаввуфни ҳам четлаб ўтмади. Замон ўтиши билан тасаввуфнинг давоми...

1001 10:30 / 08.10.2018
Барча нарса машийъатга суянади. У эса ҳеч нарсага суянмайди.Ушбу ҳикматдаги .машийъат,дан мурод Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг хоҳишидир. .Машийъат, ва .ирода, давоми...

2366 00:25 / 11.05.2017
Видеолар

1 20:30 / 18 февраль

1 20:30 / 16 февраль
Аудиолар

9158 11:58 / 10.10.2018
Топ рейтинг www.uz Openstat