1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

ИЛМНИНГ АСАРИ АБАДИЙ ҚОЛАЖАК

05:00 / 13.03.2017 3109 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса, уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди. Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса, уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилишган.

Шарҳ: Муаллиф раҳаматуллоҳи алайҳи илмнинг асари доимий қолажаги, унинг эгаси доимо савобга эга бўлиб туришини исбот қилиш учун бир боб очди.
Дарҳақиқат, Исломда бардавом савоб етказиб турадиган ишлардан бири илм ҳисобланади. Илм йўлида қилинган амал ҳеч қачон зое кетмайди. Балки, бундан ўз эгасига унинг ўлимидан кейин ҳам савоблар етиб туради. Ушбу таълимотлар билан бобдаги ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида яна ҳам яқинроқдан танишамиз.
Ушбу ҳадисда илмли бўлиш, кишиларни ҳидоятга чақирувчи бўлишга тарғиб қилинмоқда. Шу билан бирга жоҳиликдан, кишиларни залотага чақирувчи бўлишдан қайтарилмоқда.
«Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса, уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди».
Илмли киши бир тўғри, савобли ишга чақирса, ўша чақириқ туфайли қанча одам мазкур савобли ишни қилса, амал қилувчиларнинг савоби камайиб қолмас ҳам экан. Илмнинг фойдасини қаранг. Илмли кишига кишиларни ҳидоятга чақиргани учун берилган улкан савобга қўшимча равишда ўша чақириққа биноан қилинган амалларнинг барчасига берилган савобчалик савоб ёзилар экан. Мадомики, у киши тарқатган илм бор экан, одамлар унга амал қилиб турар эканлар, илм эгаси вафот этиб кетса ҳам, орқасидан савоби бориб турар экан.
Шу билан бир вақтда, бунинг акси ҳам бўлиши мумкин.
«Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса, уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди»
Бир жоҳил одам кишиларни залолатга чақирса, улар жоҳилнинг ёмон чақириғи боис адашиб, залолатга кетишлари, гуноҳ қилишлари мумкин. Ана ўшанда залолат даъватчисига одамларни залолатга даъват қилгани учун оладиган гуноҳи устига унинг даъвати ила залолатга кетганларнинг амалига берилган гуноҳлар мажмуъаси ҳам юкланар экан. Шу билан бирга, ёмон амал қилганларнинг гуноҳи камайиб ҳам қолмас экан.
Демак, ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб, кишиларни ҳидоятга даъват қилувчи шахс бўлиш учун уринмоғи лозим. Мусулмон шахс одамларни залолатга, гуноҳ ишларга чиқирувчи бўлмаслиги керак. Агар яхшиликка даъват қила олмаса, яхшиликка даъват қилаётганларга эргашсин, уларга қўлидан келган ёрдамини берсин. Залолатга, ёмонликка даъват қилаётганлардан узоқда бўлсин, уларга хайрихоҳлик кўрсатмасин, одамларни ҳам улардан эҳтиёт бўлишга чақирсин.
Илмнинг асари боқий қолишини унитмайлик. Доимо, илмга яқин бўлишга интилайлик, кишиларни ҳам шунга даъват қилувчилардан бўлайлик!
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан; жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Маълумки, мусулмон киши соф ният билан қилган ҳар бир яхши амали учун савоб олишга мушарраф бўлади. Киромул котибин фаришталар унинг «Номаи аъмоли»га зарра миқдорича яхшилиги бўлса ҳам, ўшанга яраша савобни ёзиб турадилар. Агар бемор бўлиб узр ила одатдаги яхшилик амалини қила олмай қолса ҳам, фаришталар унга худди қилгандек савоб ёзадилар. Вақти соати келиб инсон вафот этса, яхши амалларини тамоман қила олмай қолади. Бундан кейин қилишдан ҳам умид узилади. Энди ундан ҳаётлигидаги амаллари-қиладиган ибодат ва яхшиликларига ёзиладиган савоблар ҳам кесилади. Намоз ўқиганда, рўза тутганда, тилавот, зикр қилганда ва бошқа яхши амалларидан ёзиладиган савоблар тўхтайди. Чунки энди у вафот этди. Ибодат қилишдан амали солиҳ қилишдан тўхтади. Шунинг учун ҳар бир мўмин банда тирик чоғида солиҳ амални кўпроқ қилиб қолишга уринмоғи лозим. Шу билан бирга мўмин киши тириклик чоғида охиратни ўйлаб вафотидан кейин ҳам савоби узилмай бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида одам боласи вафотидан сўнг амали кесилишини таъкидлаш билан бирга, ундан кейин ҳам савоби етиб турадиган амаллар учта эканлигини таъкидламоқдалар:
1.«Жорий садақа».
«Жорий садақа», дейилганда мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар кўзда тутилади. Мисол учун кўпчилик фойдаланиш учун қурилган кўприк, қудуқ ёки ариқ қазиб сув келтириш, доимий манфаат бериб турадиган бошқа вақфлар шулар жумласидандир. Модомики, ўша нарсалардан мўмин-мусулмонлар фойда олиб турсалар, ўша ишларни қилган одамга унинг вафотидан кейин ҳам савоби ёзилиб туради.
Мусулмонлар бу тоифа ишларни қадимдан ихлос билан қилиб келишган. Ислом оламининг турли жойларида кўплаб вақфлар ташкил қилганлар. Бева-бечораларга, талиби илмларга, мусофирларга, ҳожиларга, қарияларга ҳатто эгасиз, адашиб қолган ҳайвонларга аталган вақфлар бўлган. Ўша вақфлар орқали мазкур тоифалар доимий равишда манфаат олиб турганлар. Табиийки, улардан ҳосил бўлган савоблар эгаларига уларнинг вафотидан кейин ҳам бориб турган. Мазкур хайрли ишларни қилган кишилар «намои аъмол»ларига ўзларининг вафотларидан кейин ҳам савоб ишлар ёзилиб, охиратларига фойда бериб турган. Агар жорий садақалари қиёматгача мусулмонларга фойда бериб турса, уларга ҳам қиёматгача савоб қўшилиб тураверади.
2.«Манфаат олинадиган илм». 
Мўмин одам ўз вафотидан кейин ортидан манфаат берадиган илм қолдирса савоби узилмайдиган амал қолдирадиган бўлади. Бу эса, илмнинг асари доимий бўлишидир. Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади?
Бу иш аввало бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаат етмоқдами, устозга савоб ёзилиб тураверади.
Иккинчиси-китоб ёзиб қолдириш билан бўлади. Қуръон, Ҳадис ва диний илмлар бўйича, мусулмонларга фойда келтирадиган бошқа илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган агар китобидан мусулмонлар фойдаланиб туришса у кишига, ўлганидан кейин ҳам савоб етиб тураверади.
Учинчиси-илм йўлида хизмат қилиш билан бўлади. Мисол учун, имконияти бор одам толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам берди. Мадраса қуради ёки қуришга ёрдам берди. Китобни чоп эттиради ёки олимларга, талабаларга сотиб олиб берди. Ўз маблағидан кутубхона қилди. Бошқа илмий ишларга ёрдам берди. Мана шулар ва шунга ўхшаш ҳамма ишлар илм йўлида хизмат қилиш ҳисобланади. Буларни қилган одамлар вафот этиб кетсалар ҳам савоблари узулмай бориб туради.
Мўмин-мусулмонлар ушбу ишга доимо катта эътибор билан қараб келганлар. Шунинг учун ҳам Исломга тўлиқ амал қилинган даврларда мусулмон оламида илм кенг миқёсда тарқалган, дунё аҳамиятига молик улуғ алломалар етишиб чиққан. Мусулмонларчалик кўп олим етиштирган миллатни тарих билмайди. Шунингдек, илм ўрганувчилар ҳам кўп бўлган. Бу ҳолатни яхшилаб ўрганган ғарблик шарқшунослардан бири инсоф қилиб «Мусулмонлар барча аъзолари мадрасага қатнайдиган бутун бошли бир миллат бўлган», деб ёзган. Мусулмон ҳокимлар ва бойлар ҳам илм йўлида хизмат қилиш учун катта ҳиммат кўрсатишган. Нафақат улар балки, ҳар бир мусулмон шахс илм йўлида қўлидан келган ишни қилган. Деҳқонлар мадрасаларнинг вақф ерларида навбат билан фии сабилиллоҳ-холис, ҳақ олмай ишлаб берганлар. Ҳунармандлар ҳунари билан, чорвадорлар чорваси билан, хуллас, ҳар ким ўз имконига қараб бу ишга озми кўпми ҳиссасини қўшган. Шундай қилиб халқ илмий ишларни йўлга қўйишда фаол қатнашган. Уларнинг бу ишларда фидокорлик кўрсатишдан бирдан-бир мақсадлари доимий равишда савоби узилмай етиб турадиган амаллар бўлган. Аллоҳ таоло, албатта уларни ноумид қилмаган.
Ҳозирда китоблари ўқилиб турган уламоларга савоби етиб турибди. Уларнинг шогирдларининг шогирдлари Аллоҳга «устозларимизни мағфират қилгин», деб дуо қилиб турибдилар. Қурган мадрасалару, қолдирган вақфлари, қўлёзмалари ва бошқа асарлардан ҳосил бўлган савоблар ҳам тинмай етиб турибди.
3.«Ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд».
Мўмин киши вафот этганидан кейин ҳам агар фарзанди унинг ҳаққига дуо қилиб турса савоби етиб туради. Бунинг учун эса, мўмин-мусулмон киши ўз фарзандини дуо қиладиган тақводор, чин мусулмон қилиб тарбиялаши лозим. Зотан, мўмин ота-онанинг фарзанд кўриш ва уни тарбия қилишдан мақсади ҳам шу. Ота-она ўлгандан кейин мени йўқласин, ҳаққимга дуо қилсин, деб фарзанд боқади. Диний тарбия беришдан мақсад ҳам-шу! Фарзанднинг мўмин-мусулмон, тақводор бўлиши, ота-онасининг ортидан дуо қилиб туриши масъулиятини ҳис қиладиган бўлишигина бу мақсадга эриштиради.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Одам боласи вафотидан сўнг уч амалдан бошқаси кесилади.
2. Жорий садақа қилган одамнинг савоби ўлимидан кейин ҳам узилмайди.
3. Манфаатли илм қолдирган кишининг савоби ўлимидан кейин ҳам узилмайди.
4. Солиҳ фарзанд қолдирган кишининг савоби ўлимидан кейин ҳам узилмайди.

Энди ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматига бугунги ҳаётимиз воқеълиги асосида бир назар солайлик.
Жорий садақа қилиш кўплаб Ислом диёрларида давом этмоқда. Мусулмонларнинг вақфлари яхши сақланиб келинмоқда. Кўпгина мусулмон давлатлар вақф вазирликлари ишлаб турибди. Вақф мулклар эгалари томонидан васият қилинган мақсадда ишлатилмоқда. Вақфларга нозир бўлган кишилар ўз хизмат ҳақларини вақфга тушадиган фойдадан олиб, вақфни кенгайтириш, яхши сақлаш учун ҳам тушган маблағлардан сарф қиладилар. Асосий маблағ ва хизмат вақфнинг эгаси қўйган шартга мувофиқ бўлади. Мисол учун, камбағаллар учун, деб бир дўконни вақф қилган бўлса, ўша дўкондан тушган маблағ камбағалларга сарфланади. Бино вақф қилган бўлса, ўша бинодан камбағалларга жой берилади ёки ижора қўйилиб, тушган маблағ камбағалларга сарфланади. Мадрасага, деб вақф қилинган бўлса, ўша вақфдан тушган маблағ мадраса фойдасига сарф қилинади. Шундоқ қилиб, ҳожандманд тоифа ва жиҳатларга доимий ёрдам иши юриб туради, бунга биров дахл қила олмайди.
Аммо, худосизлик тузумлари асоратида қолган мусулмон ўлкаларда вақф мулклари поймол қилинди. Яъни, бева-бечора, камбағал-муҳтож, бемор ва мусофир кишиларга, масжид-мадрасаларга, ҳожи ва толиби илмларга доимий фоида келтириб турадиган муассасалар барбод қилинди. Уларнинг худосизлар ўзиники қилиб олди. Оқибатда мазкур тоифалар қаровсиз қолдилар. Уларга ҳукумат қарайди, деган даъво нотўғри чиқди. Мазкур тоифаларга ажратилган маблағлардан асосан баъзи бир масъуллар фойда оладиган бўлиб чиқди. Энг ёмони, халқ ичида мазкур савобли ишларни қилиш имкони йўқотилди. Мусулмонлар садақаи жорий қилиш бахтидан маҳрум бўлдилар. Уларга ўлганларидан кейин ҳам савоби кетиб турадиган амал қилиш имкони берилмади. Албатта бу улкан гуноҳни қилганлар, мусулмон вақфларини мусодара қилганлар, уларни жорий қилишга тўсиқ бўлганлар икки дунё бахтсизлигига учрайдилар. Яхшиликнинг йўлига ғов бўлганлар қилмишларига яраша жазоларини олишлари турган гап.
Ҳозирда ўша мазлум юртларнинг баъзиларида вақфларни қайта тиклашга ҳаракатлар бор. Албатта, бу жуда ҳам яхши иш. Аввало, имкони бор кишиларга жорий садақа қилиш, ўлгандан кейин ҳам савоби кесилиб қолмайдиган амал қилиш имкони вужудга келади. Қолаверса, ўша жамиятдаги муҳтож кишилар учун доимий ёрдам манбаъси вужудга келади. Масжид ва мадраса каби Исломий муассасалар ҳам ўзининг даромад манбаъсига эга бўлади. Илмий-маърифий ишларда ҳам кенг имкониятлар вужудга келади.
Манфаатли илм қолдириш масаласи ҳам шунга ўхшаш. Уламолар кўпроқ шогирдлар етиштириб чиқармоқлари лозим. Бу ишда бошқа мусулмонларнинг ҳамкорлиги зарур. Кимдир илмий муассасаларни қўриш, уларни жиҳозлаш, сақлаб туриш ишларида қўлидан келган ёрдамини беради. Кимдир устозлар ва талабаларнинг маошига кўмаклашади. Яна бошқалар китобларни чоп қилиш ёки сотиб олиб беришда кўмак беради. Хулоса қилиб айтилганда шу йўлда хизмат қилишни хоҳлаган одам, ортимдан манфаатли илмнинг савоби бориб турсин деган одам ўз имконига қараб ҳиссасини қўшади. Ўша одам қилганига яраша, савобини ҳам олади.
Бу савобли иш ҳозирги пайтда ҳам кўпгина Ислом юртларида муваффақиятли равишда давом этмоқда. Албатта, бу ишга ўз ҳиссасини қўшганлар, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганидек, ўлганидан кейин ҳам кесилмайдиган амал қилган бўлади. Ўзи вафот этиб савобли иш қилиш имкони тугаган бўлса ҳам, унинг «номаи аъмоли»га доимий равишда савоб ёзилиб туради. Бу ишни қилмаганлар эса, мазкур бахтга сазовор бўла олмайдилар. Мазкур ишга қаршилик қилганлар, унинг йўлига ғов бўлганлар эса, икки дунёнинг лаънатига учрайдилар, уларга доимий гуноҳ ёзилиб турадиган ҳолат «насиб» қилади.
Ортидан солиҳ фарзанд қолдириш иши ҳам жуда муҳим иш. Мусулмон оламида фарзанд ўстиришдан асосий мақсадлардан бири шу эканини олдин ҳам айтиб ўтдик. Лекин, афсуски кейинги даврда бу ишда ҳам камчиликларга йўл қўйилган юртлар ва халқлар ҳам топиладиган бўлиб қолди. Кишилар ўз ортларидан дуо қиладиган солиҳ фарзанд қолишига эътибор бермай қўйдилар. Исломий тарбия ўз аҳамиятини йўқотди. Натижада кишиларнинг ортидан дуо қиладиган солиҳ фарзанд эмас, лаънат келтирадиган нобакор фарзанд қоладиган бўлди. Ҳозирда калимаи шаҳодатни ҳам айта олмайдиган, дину диёнатдан бехабар, умрида пешонаси сажда кўрмайдиган, бошқа ибодатларни қилишни хаёлига ҳам келтирмайдиган, дунёдаги ҳамма ёмонликлардан тап тортмайдиган кимсаларни ота-онасининг ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанд дея оламизми? Бундай фарзандлар ҳеч қачон ўз ота-оналари ортида савоб бориб туришига сабаб бўла олмайди балки, аксинча, лаънат қарғиш келтирадилар.
Шунинг учун ҳар бир фарзанд солиҳ бўлмай, ота-онасининг ҳаққига дуо қилмай юрган бўлса дарҳол ўзини ўнглаши керак. Дину диёнатли бўлиб, ибодат қилиб, намозларидан, бошқа ибодат ва яхши амалларидан кейин ота-оналари ҳақига дуо қила олиш даражасига кўтарилиши лозим. Ана шунда Аллоҳ таоло ҳузурида бандалик бурчини, ота-она ҳузурида фарзандлик бурчини адо этган бўлади.
Шу билан бирга ота-оналар ўз фарзандларига исломий тарбия беришга алоҳида эътибор беришлари керак. Ана шундагина ортларидан дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд қолдиришлари мумкин. Ана шундагина ўлганларидан кейин ҳам савоби кесилмайдиган амал қилган бўлишлари мумкин.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин кишига унинг ўлимидан кейин ҳам етиб турадиган амали ва гўзал ишларидан; ўргатган ва тарқатган илми, ортидан қоладиган солиҳ фарзанди, мерос қолдирган Қуръони, бино қилган масжиди, ғариб мусофирлар учун қурган уйи, оқизган ариғи ёки ўз молидан қилган жорий садақаси бордир. Соғлик ва тириклик чоғида мазкур нарсаларни қилса, уларнинг савоби ўлимидан кейин ҳам етишиб туради», дедилар». Ибн Можа, Байҳақий ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида бундан олдинги ҳадисда умумий тарздан зикр қилинган маънони кенгайтириб, шарҳлаб баён қилмоқдалар.
«Мўмин кишига унинг ўлимидан кейин ҳам етиб турадиган амали ва гўзал ишларидан».
Яъни, мўмин ўлганидан кейин ҳам савоби етиб турадиган солиҳ амал ва савобли ишлардан қуйидагилар зикр қилинади:
1.«Ўргатган ва тарқатган илми».
«Ўргатган илм» деганда бевосита дарс орқали таълим берилган илм кўзда тутилади. Демак, мўмин киши бошқаларга илми ўргатган бўлса, ўлганидан кейин ҳам ўша илмдан оладиган савоблари унга етиб туради.
«Тарқатган илм» дегани маълум. Илм тарқатишнинг йўли кўп. Китоб ёзиш, илмий муассасалар қуриш, уларни жиҳозлаш, аҳли илмларга ёрдам бериш, китоб, турли матбуот воситалари орқали илм тарқатиш ва шунга ўхшаш ишлар киради. Бундай ишларни қилган мўминга унинг вафотидан кейин ҳам савоби етиб туради.
2.«Ортидан қоладиган солиҳ фарзанди». 
Бу ҳақда аввалги ҳадис шарҳида батафсил гапирилди.
3.«Мерос қолдирган Қуръони». 
Тириклик чоғида ўзи ўқиб юрган Қуръонни бировга мерос қолса, ва ўша Қуръон мунтазам ўқиб турилса, ундан биринчи эгасига савоб етиб туради. Агар Қуръон мерос қолдирилмаса бундай бахтдан маҳрум бўлади. Баъзи юрт ва халқларда умуман Қуръони йўқ одамлар, Қуръон ўқий олмайдиган одамлар кўп. Улар ушбу бахтдан маҳрумдирлар.
4.«Бино қилган масжиди». 
Модомики, ўша масжид қоим экан, ундан ҳосил бўлган савоб уни бино қилган кишиларга ортларидан етиб туради. Масжид қурмаганлар эса, бу бахтдан муҳрумлар. Масжид бузганлар, масжид қурилишига тўсиқ бўлганларга эса, турли ёмонликлар ва дуои бадлар, маънатлар етишиб туради.
5.«Ғариб мусофирлар учун қурган уйи». 
Аввалги вақтларда мусофирхона деб номланган бинолар бўлган. Мазкур мусофирхоналар ғариб кишилар учун қилинган вақф бўлиб, улар ўша жойда истиқомат қилиш имконига эга бўлганлар. Кимдир, мусофирхонага озиқ-овқат етказиб бериб турган, яна кимдир бошқа камчиликларини тўлдириб турган. Шундай қилиб, Ислом ўлкаларида ғариб-мусофирлар дуч келиб турадиган муаммолар ҳал этилган. Кўча-кўйларда, жамоат жойлари ётиб юрадиган бетайин одамлар бўлмаган. Ана шундоқ мусуфирхоналар барпо қилган кишиларга ўлганларидан кейин ҳам амалларининг савоби етиб туриши аниқ.
6.«Оқизган ариғи». 
Биров мусулмонлар фойдаланиб турсин, деган ниятда ўзи ариқ қазиса, болалари билан қўшилиб қазиса ёки пул бериб бошқа кишиларга қазитса, ўша ариқдан ҳосил бўладиган савоб унга ўлимдан кейин ҳам етиб туради.
7.«Ўз молидан қилган жорий садақаси». 
Бу ҳақида ўтган ҳадис шарҳида муфассал равишда сўз юритдик.
«Соғлик ва тириклик чоғида мазкур нарсаларни қилса, уларнинг савоби ўлимидан кейин ҳам етишиб туради».
Шунинг учун ҳар-бир мўмин инсон тириклик ва соғлик чоғини ғанимат билиб, мазкур ишларни кўпроқ қилиб қолишга ҳаракат қилмоғи лозим.
Ушбу ишларнинг бошида илм масаласи турганидан Ислом дини илмга қанчалик аҳамият берганини яна бир бор билиб оламиз. Бошқа ҳадисларда мазкур етти нарсага, дарахт экаиш, чегара қўриқлаш ва таълим муассасалари қуриш ҳам қўшилган.
Бу ҳадиснинг ҳикмати ҳозирги ҳаётимизда қанчалик мавжудлиги ва нималар қилиш кераклиги ҳақида олдинги ҳадис шарҳида сўз юритдик.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёлғон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳазрати Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмқда.
«Суннат» сўзи-йўл, тариқат, одат каби маъноларни ифода этишини муқаддимада кўриб ўтган эдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларидан Исломдан суннат пайдо қилиш мумкинлигини, ўша пайдо бўладиган суннат гўзал-яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлигини билиб олмоқдамиз.
Бу маънога бир оз эҳтиёт бўлиб ёндошмоқ лозим. Кўпгина кишилар ушбу нозик масалада нотўғри тушунчаларга бориб қолишлари ҳам мумкин. Доимо Ислом дини мукаммал дин, унда ҳаётдаги ҳар бир масаланинг ечимини топишимиз турган гап, деймиз. Энди эса, Исломда яхши ёки ёмон янгилик пайдо қилиш мумкин, демоқдамиз. Ёмон янгилик тушунарли, динга хилоф иш хилоф иш ёмон янгилик бўлади. Буни ҳамма қоралайди. Аммо, гўзал-яхши янгиликни қандоқ тушунишимиз мумкин? Агар у мумкин бўлса, демак, Исломда камчилик борми? Ёки ҳам ёмон, ҳам яхши янгилик бўлиши мумкин эмасми?
Баъзи бир кишилар охириги саволга Исломда ёмон ҳам, яхши ҳам янгилик бўлиши мумкин эмас, деб жавоб берадилар. Улар ўзларининг бу фикрларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир бидъат залолатдир, ҳар бир залолат дўзахдадир», деган ҳадисларини далил қилиб келтирадилар.
«Бидъат» дегани эса-«янги пайдо бўлган нарса» маъносини англатади. Мазкур кишилар-ҳамма нарса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қандоқ бўлса, шундоқ бўлиши керак, дейдилар.
Аҳли Сунна ва жамоа мазҳабининг уламолари эса ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шариф «ҳар бир бидъат-залолатдир» ҳадиси тафсир қилиб келаётганини айтадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳар бир бидъат залолатдир, деган ҳадисларида ёмон бидъатни кўзда тутганлар. Уни ушбу ҳадисдан тушуниб оламиз, дейдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдин «ҳар бир бидъат залолатдир, ҳар бир залолат дўзахдадир», деб умумий равишда айтдилар. Кейин эса, янги пайдо бўладиган нарсалар яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлигини ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифда баён қилдилар. Демак «ҳар бир бидъат залолатдир», ҳадисида ёмон бидъат кўзда тутилган.
Энди Исломда яхши суннат пайдо қилиш мумкин бўлса, Ислом мукаммал дин, деган гапимизга қандоқ тўғри келади? деган саволга ўтайлик.
Ислом руҳини тушунмайдиган баъзи кишилар учун бу камчилик, нуқсон бўлиб туюлиши мумкин. Лекин, аслида бу Исломнинг баркамоллигидандир. Қуръон ва Суннатда шариатнинг руҳи, асосий қоидалари тўла тўкис-баён этилган. Инсонга дахли йўқ нарсалар ҳукми батафсил келган. Шу билан бирга инсон ҳаётида макон ва замон ўзгариши билан ўзгариб турадиган майда масалалар, мусулмонлар ижтиҳоди учун очиқ қолдирилган. Бу масалаларни унинг пайдо бўлган макони ва замонидаги мужтаҳид уламолар Қуръон ва Суннат қоидалари асосида ҳал қиладилар. Албатта, Қуръон ва Суннатда қиёматгача бўладиган ишларнинг рўйхатини ва уларнинг ҳукмини келтириш кўзда тутилмаган. Балки, асосий ўзгармас, инсон ижтиҳодининг дахли йўқ нарсалар баён қилиниб, асл қоидалар, умумий руҳ тушунтирилган.
Маълумки, инсон ҳаёти унинг тарихи давомида бир хил давом этмайди, замон ўтиши билан ўзгариб туради. Аллоҳ таоло Ислом дини ва шариатини қиёматгача бардавом қилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Исломни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларигагина мослаб қўймаган. Балки қиёматгача барча маконлар ва замонлар учун салоҳиятли қилиб қўйган. Ислом умматига келажакда пайдо бўладиган ҳар бир янги масалани ечишни Қуръон ва Суннат қоидалари асосида бўлишини ўргатган. Шунинг учун ҳам Ислом шариатида Қуръон ва Суннатдан кейин «Ижмоъ» ва «Қиёс» учинчи ва тўртинчи масдарлар қилинган.
«Ижмоъ»-луғатда «жам бўлиши» маъносини англатади. Шариатда эса, янги пайдо бўлган масалани ўша масала пайдо бўлган даврда яшаб турган мужтаҳидлар томонидан бир овоздан жам бўлиб ечилишига айтилади.
«Қиёс»-эса луғатда «таққослаш», «қиёслаб кўриш» маъноларини аглатиб, шариатда янги пайдо бўлган масалани Қуръон ва Суннатда бор ҳукмларга таққослаб ечишга айтилади.
Демак, янги пайдо бўладиган масалаларни ечишнинг бу услубини Қуръон ва Суннатнинг ўзи баён қилиб берган. Қонун-қоидаларини кўрсатиб қўйган. Мана шунинг ўзи ҳам Ислом шариатининг баркамоллигидандир.
Агар Қуръон ва Суннатда бор ҳукмлар билангина ҳаёт кечирасизлар, янги пайдо бўладиган масалалар билан ишингиз бўлмайди, дейилганда динимизда нуқсон бўлар эди. Янги пайдо бўладиган масалаларни Қуръон ва Суннат руҳида ҳал қилиш қонун-қоидалари баён қилмаганида камчилик бўлар эди. Бу масалани ўз ўрнида батафсил ўрганамиз иншааллоҳ. Аммо бу жойда Исломда янги суннат пайдо бўлиши мумкинлигини тушуниш мақсадида бир оз сўз юритдик, холос.
Исломда яхши суннат пайдо қилишга мисоллар келтирадиган бўлсак, таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқишни айтишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ёлғиз таровеҳ ўқиганлар. Кейин баъзи саҳобалар иқтидо қилишган. Бир оз муддатдан сўнг ҳамма таровеҳ ўқиш учун тўпланган. Одамлар кутиб турсалар ҳам Расули Акарм соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқмаганлар. Одамлар йўталишни бошлаганлар. Охири бир вакил юбориб, одамлар таровеҳ намозини жамоат билан ўқиш учун У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кутиб туришганини етказишган. Шунда Пайғамбаримиз, агар таровеҳ намозини жамоат билан ўқишни давом эттираверсак вожиб ёки фарз бўлиб қолишидан қўрқаман, деб чиқмаганлар. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз халифаликларини даврида кишиларнинг таровеҳга бефарқ қараётганларини кўриб, жамоат бўлиб таровеҳ ўқишларини ташкил қилганлар.
Шунигдек, Пайғамбаримиз вафотларида Қуръони Каримни бир бутун китоб шаклида жамланмаган эди. Ридда урушларида Қуръонни тўла ёд биладиган қориларнинг кўплаб шаҳид бўлганларини мулоҳаза қилиб, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида Қуръон жамланди. Бунга ўхшаш ишлар кўп, замон ўзгарган сари улар чиқиб туради.
Шундай пайтда Ислом қоидаларини ишга солган ҳолда ҳаракат қилиш зарур. Ўзича ҳаракат қилиб, ёмон суннат яратиб қўйиш керак эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадислари айни шу маънони таъкидлаш, яхшиликка тарғиб қилиш, ёмонликдан қайтариш учун келмоқда. Ўшандоқ ишларни қилиш илмга боғлиқ бўлгани учун, илм йўқ бўлса, масалаларни Қуръон ва Суннат руҳида, уларнинг умумий қоидалари асосида ечиш мумкин эмаслиги учун, муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳадисни, илмнинг асари давомли қолиши ҳақидаги бобда келтирмоқда.
«Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса».
Яъни, қайси бир мўмин киши Исломда янги бир яхши амал пайдо қилса,
«ундан кейин ўша суннатга амал қилинса»,
яъни, ўша янги суннат пайдо қилган одам вафот этганидан кейин унинг пайдо қилган суннатига амал мусулмонлар томонидан қилинса,
«унга ўша амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради».
Яъни, мазкур гўзал суннатнинг пайдо бўлишига сабабчи инсонга ўзи вафот этиб кетса ҳам, у пайдо қилган яхши сифатга амал қилганларга берилган ажр миқдорига ажр ёзилиб туради. Шу билан бирга амал қилганларнинг ажри камайиб қолмайди. Улар ҳам қилган амалларига яраша тўлиқ савобни олаверадилар.
Ушбу қоида ёмон суннат пайдо қилган ва унга амал қилганларга нисбатан ҳам ишлатилади.
«Ким Исломда бир ёлғон суннат пайдо қилса»,
яъни Қуръон ва Суннат, Ислом шариатига хилоф бўлган, ёмон иш пайдо қилса,
«ундан кейин ўша суннатга амал қилинса»,
яъни, ўша Қуръон ва Суннат руҳига, Ислом шариатига хилоф ёмон ишни пайдо қилган кимса вафот этганидан кейин одамлар томонидан мазкур ёмон суннатга амал қилиш давом этаверса,
«унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилмаган ҳолда ёзилиб туради»,
яъни, мазкур ёмон суннатнинг пайдо бўлишига сабабчи инсонга ўзи вафот этиб кетса ҳам, у пайдо қилган ёмон суннатга амал қилганларга ёзиладиган гуноҳ миқдорига гуноҳ ёзилиб турилади. Шу билан бирга амал қилганларнинг гуноҳлари камайиб қолмайди. Уларга ҳам қилган амалларига яраша тўлиқ гуноҳ ёзилаверади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Исломда янги, яхши суннат пайдо қилиш мумкинлиги.
2. Ўша янги пайдо қилинган суннатга амал қилганлар ажр олишлари.
3. Инсонга вафотидан кейин ҳам ўзи пайдо қилган яхши суннат туфайли савоб етиб туриши.
4. Янги яхши суннатга қилинган амалларга берилган миқдорга ажр ўша суннатнинг пайдо бўлишига сабабчи кишига ёзилиб туриши.
5. Бировнинг қилган амали туфайли бошқа кишига савоб етса, амал қилганнинг ажри камайиб қолмаслиги.
6. Исломда янги, ёмон суннат пайдо қилиш эҳтимоли борлиги.
7. Ўша янги пайдо қилинган ёмон суннатга амал қилганларга гуноҳ ёзилиши.
8. Инсонга вафотидан кейин ҳам ўзи пайдо қилган ёмон суннат туфайли гуноҳ ёзилиб туриши.
9. Янги, ёмон суннатга қилган амалларга ёзилган гуноҳлар миқдорича гуноҳ, ўша ёмон суннатнинг пайдо бўлишига сабабчи кишига ёзилиб туриши.
10. Бировнинг қилган амали туфайли бошқа кишига гуноҳ ёзилса, амал қилганнинг гуноҳи камайиб қолмаслиги.

Энди ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикмати ҳаётий воқеълигимизда қандай эканини мулоҳаза қилайлик. Ҳозирги кунда бизда пайдо бўлган, аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган масалаларни ўтган салафи солиҳларимиз Қуръон ва Суннат руҳида ечиб келганларини тўғри тушунмоғимиз лозим. Ислом фиқҳининг асосий вазифаларидан бири ҳам-шу! Аммо бу масалани бошқача тушуниб, фиқҳни ва фақиҳларни сўкиб юрганлар ҳам йўқ эмас. Бу масала ҳақида ҳам Аллоҳ хоҳласа, кези келганда батафсил тўхталамиз.
Ҳозир эса, Исломда ушбу ҳадисда айтилганидек яхши суннат пайдо қилиш мумкинлигини, бу иш бўлиб келганини, келажакда ҳам бўлиши мумкинлигини билиб олайлик. Бу савобли иш бўлиб, бунинг учун илм кераклигини билиб олайлик.
Шунингдек, Исломда ёмон суннат пайдо қилиш ҳам мумкинлигини бу иш бўлиб келганини, келажакда ҳам бўлиши мумкинлигини билиб олайлик. Янги пайдо бўлган ишлардан қайсиниси яхши, қайсиниси ёмонлигини фарқлаб олиш учун ҳам илм кераклигини билиб олайлик. Қўлимиздан келса, яхши суннат пайдо бўлишига сабабчи бўлишга ҳаракат қилайлик. Аммо, зинҳор ёмон суннат пайдо бўлиши учун сабабчи бўлмайлик.
Авф ал-Мазаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол ибн ал-Ҳорисга: «Билгин!» дедилар.
«Нимани билайин, эй, Аллоҳнинг Расули?»деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Билгин, эй, Билол!» дедилар.
«Нимани билайин, эй, Аллоҳнинг Расули?»деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ким мендан кейин менинг амалдан қолган суннатларимдан бирини тирилтирилса, унга ўша суннатга амал қилганларнинг ажрича ажр, амал қилувчиларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда берилишини. Ва ким Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмайдиган залолат-бидъатни янгитдан пайдо қилса, унга ўша бидъатга амал қилганлар гуноҳларича гуноҳ бўлишини, бу эса одамларнинг гуноҳларидан бирор нарсани камайтирмаслигини», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда жуда ҳам муҳим масала муолажа қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейинги даврларда умматлари орасида пайдо бўлиши мумкин бўлган ижобий ва салбий ҳолатлар ҳақида хабар бериб, сиз билан бизларни ижобий ишларни қилиб, салбий ишлардан сақланишга даъват қилмоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисдаги Билол ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу билан қилган муомалалари устоз ўз шогирдини бирор муҳим мавзуъга қизиқтириши учун кўргазмали қўлланмадир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз шогирдлари-саҳобаларидан бири бўлмиш Билол ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳуга: «Билгин!» дедилар.
«Нимани билайин, эй, Аллоҳнинг Расули?» деди қизиқиб қолган Билол ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу.
«Билгин, эй Билол!»-дедилар, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам, Билол ибн ал-Ҳорис у киши билан бирга бўлган кишиларнинг бу мавзуъга бўлган қизиқишларини яна ҳам орттириш мақсадида. Жуда ҳам муҳим бир масалада гап бўлишини англаб етган Билол ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу яна қайтадан: «Нимани билайин, эй, Аллоҳнинг Расули?» деди.
Ана шундагина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асосий мақсадга кўчдилар ва қуйидагиларни айтдилар:
«Ким Мендан кейин Менинг амалдан қолган суннатларимдан бирини тирилтирса…»
Бундан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин У зотнинг суннатлари амалдан қолиши мумкинлигини бўлиб оламиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари ўзига хос мўъжиза эканига бугунги кунимизда шоҳид бўлиб турибмиз. Мусулмонман, деб юрганлар У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчадан–қанча суннатларига амал қилмай қўйдилар ва Набавий суннатнинг ўлишига сабаб бўлдилар. Энди эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин, мусулмонман, деб юрган кишилар томонидан ўша ўлдирилган суннатлари тирилтириш вазифаси турибди. Бу ишни қиладиган киши улкан савоб ва катта бахт–саодат ваъда қилинмоқда:
«унга ўша суннатга амал қилганларнинг ажрича ажр, амал қилувчиларнинг ажрларидан бирор нарса камйтирилмаган ҳолда берилишини» Билол ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу билан бирга ҳар бир мусулмон билиши ва мазкур олий даражага эришиш учун бунга амал қилиш зарур. Шу билан бирга яна бир улкан ҳақиқатни билиб қўймоқ зарурдир:
«ким Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмайдиган залолат-бидъатни янгитдан пайдо қилса, унга ўша бидъатга амал қилганлар гуноҳларича гуноҳ бўлишини, бу эса одамларнинг гуноҳларидан бирор нарсани камайтирмаслигини» билмоғимиз лозим. Бунинг учун эса, доимо Қуръони Карим ва Расулуллоҳнинг суннатларига амал қилиш керак. Ислом шариатига зинҳор мухолиф иш қилмаслик керак. Кимки шариат ҳукмига хилоф иш қилиб, залолатга кетишга сабаб бўладиган бидъатни пайдо қилса гуноҳкор бўлиш билан бирга ўша залолат-бидъатга амал қилганларнинг ҳаммасининг гуноҳига ҳам мубтало бўлади. Бидъат залолатнинг пайдо бўлишига сабабчи кимсанинг унга амал қилганлар барчасининг гуноҳларича гуноҳга мубтало бўлиши «амал қилганларга гуноҳ бўлмас экан-да» деган фикрга олиб бормаслиги керак. Уларга ҳам қилишларига яраша гуноҳ ёзилади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалдан қолган суннатларини қайта тирилтиришга тарғиб.
2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалдан қолган суннатларини қайта тирилтирган одамга, унга амал қилганларнинг савобларига савоб доимий ёзилиб туриши.
3. Амалдан қолган суннатга амал қилган одам амалига яраша савоб олавериши.
4. Кимки залолат-бидъатга сабаб бўлса, улкан гуноҳга мубтало бўлиш.
5. Залолат-бидъатга амал қилганлар ҳам гуноҳга қолиши.
6. Залолат-бидъатга амал қилганларнинг гуноҳларича гуноҳ уни бошлаган одамга ёзилиб туриши.

Энди ушбу ҳадиси шариф ҳикматига бугунги кунимиз воқеълиги нуқтаи назаридан қараб чиқайлик. Кўпчилигимиз суннатга амал қилиш у ёқда турсин, суннат нималигини ҳам билмаймиз. Кўпчилигимиз ўз йўлбошчимиз, ҳидоятчимиз, қиёмат кунидаги шафоатчимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тарк қилиб, ғайридинларнинг «суннат»ларига амал қилмоқдамиз. Бошимизга ёғилаётган бало-офотларнинг сабаби ҳам шунда. Турли қийинчиликларга йўлиқиб, ишларимиз юришмаётганининг сабаби ҳам шунда! Биз ҳақиқий мусулмон бўлсак, икки дунё саодатига эришайлик десак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амал қилинмай қўйган суннатларини қайта тирилтиришга зудлик билан ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун эса ўз динимиз Исломни яхши ўрганишимиз, ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида унинг ҳукми нима эканини билиб, ўша ҳукмга амал қилишга ўтишимиз лозим.
Ушбу китобни ўқишимиз ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тирилтириш йўлида катта қадамимиздир. Чунки бу китобда ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида келган суннатларни ўрганмоқдамиз. Ушбу ўқиган нарсаларимизга амал қилиб бораверсак Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тирилтириб бораверамиз. Суннатга амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг муқаддас бурчи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилган одам улкан савобларга эга бўлади ва икки дунёнинг бахту-саодатига эришади. Ўша суннатнинг тирилишига сабаб бўлганлар эса унга амал қилганларнинг барчаси эришган савобларга эга бўлади.
Биз ҳақиқий мусулмон бўлсак, икки дунё саодатига эришайлик десак, залолат-бидъат, яъни Исломга хилоф ишларнинг яқинига мутлақо йўламайлик! Залолат-бидъат ишлари пайдо қилишдан қўрқайлик! Динимиз ҳукмларини пухта, чуқур ўргансак, залолат-бидъатлар ўз-ўзидан ажраб, кўзга кўриниб қолади. Ана ўшалардан тезроқ холос бўлишга уринайлик. Ислом ҳукмини қўйиб, залолат-бидъатга амал қилган одамлар жуда катта гуноҳ иш қилган бўладилар. Мазкур залолат-бидъат ишлари пайдо бўлишига сабабчиларга кишиларга эса уларга амал қилган одамларнинг гуноҳларига гуноҳ ёзилади.
Шу билан «Илм Китоби»да муаллиф раҳматуллоҳи алайҳ келтирган ҳадиси шарифлар ва уларнинг шарҳи ниҳоясига етди. Аммо бу-илм тўғрисидаги гапнинг ҳаммаси, дегани эмас. Булар-энг машҳур китобларнинг бештаси асосида олинган ҳадиси шарифлар холос. Бундан бошқа қанчадан-қанча оят ва ҳадислар бор.
Юқорида зикр қилинган нарсаларга бир оз қўшимча қилиб ўтишни ўз бурчимиз деб биламиз. Исломда илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун бешикдан то қабргача фарз қилган. Бу маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик. Фарз Аллоҳнинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда иқобга учрайди.

Фарз икки қисмга бўлинади.

Биринчиси, фарзи айн.
Иккинчиси фарзи кифоя.

Фарзи айн ҳар бир мусулмон шахсан бажариш лозим бўлган ишдир. Уни биров учун бошқаси адо этгани билан бўлмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон беш вақт намозни ўқиши фарзи айн. Ўқимаган одам гуноҳкори азим бўлади.
Фарзи кифоя эса, баъзи бир мусулмонлар адо этса бошқалар учун ҳам кифоя қиладиган ишдир. Бунга мисол, жаноза намозидир. Бир мусулмон вафот этса, уни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб кўмиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо, фарзи кифоя бўлгани учун баъзи мусулмонлар жанозасини ўқиса, кифоя қилади. Бошқалардан фарз соқит бўлади.
Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккала қисми ҳам ишга тушади.
Ҳар бир мусулмон учун ўзига керак нарсани, ҳаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиб олишда зарур бўлган ҳар бир нарсани ўрганиш фарзи айндир. Ҳар бир мусулмон бу ишни қилиши шартдир. Қилмаган одам гуноҳкори азим бўлади.
Мусулмонлар жамоаси учун керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса, фарз кифоядир. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида етарли мутахассисларни тайёрлаб олиш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарз бўлади. Эҳтиёжни қондирадиган даражада ва ададда мутахассис тайёрлаган жамият аъзолари бўйнидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади.
Бу фарз энди ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади. Мана, илм талаб қилиш фарзлиги Ислом дини бўйича қандоқ эканини тушуниб олдик.
Энди бу фарз ҳаётимизда қандоқ ҳолатда эканини мулоҳаза қилайлик. Кўпимиз ўзимиз учун керак бўлган диний мажбуриятларимизни билмаймиз. Қуръон ўқиш, намоз ўқиш ва бошқа фарз, вожиб, суннат ишларни ўрганмаймиз. Ҳолбуки, бу ишлар ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. Бу нуқсонни йўқотиш учун курашмоғимиз лозим.
Шунингдек, фарзи кифоя бўлган илмлар борасида ҳам нуқсонларимиз жуда кўп. Кўплаб муҳим соҳаларда ўз мутахассисларимиз етишмайди. Бу соҳада бошқа дин ва миллат вакилларига муҳтожмиз. Шу билан бирга бу катта камчиликни тугатиб, Исломий бурчни адо қилишга ҳаракат ҳам қилмаймиз. Бу эса мусулмонлар жамияти учун ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўтган қавмларнинг хабар ва қиссаларида кишининг қалбини юмшатувчи, ибратли нарсалар кўп бўлгани учун ҳам уларнинг баъзиларини рақоиқ китобида келтириш одат давоми...

3172 05:00 / 13.03.2017
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мелодий 1984 йил 2 мартда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога давоми...

5504 12:29 / 15.03.2017
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мелодий 1989 йил 16 июнда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога давоми...

5636 12:24 / 15.03.2017
Хамрга қарши олиб борилган ишлар фақат Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари билан кифояланмаган. Жамиятнинг барча аъзолари бу давоми...

2573 05:00 / 13.03.2017