1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

ТАЪЗИЯ ВА ҚАБРЛАР ЗИЁРАТИ ҲАҚИДА

05:00 / 13.03.2017 4144 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари У зотга, тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда, деб одам юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Салом айтиб: «Албатта, олгани ҳам Аллоҳникидир, бергани ҳам Уникидир. Унинг наздида ҳар бир нарсанинг ажали белгилангандир. Сабр қилсин ва талаби савобда бўлсин», деб одам юбордилар. У(қиз) қасам ичиб, албатта, келсинлар, деб одам юборди. Бас, У зот турдилар. У зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъаб, Зайд ибн Собит ва бир қанча кишилар ҳам турдилар. Болани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтариб олиб келинганда унинг жони мешга ўхшаб пўккиллаб қолган эди. Бас, У зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: «Эй, Аллоҳнинг Расули, бу нима?» деди.
«Бу Аллоҳ бандаларининг қалбига солган раҳматидур. Аллоҳ фақат раҳимлик бандаларигагина раҳм қиладир»-дедилар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ўғли жон бераётганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига одам юборган қизлари қайси қизлари эканлиги ҳақида турли маълумотлар бўлса ҳам, у Зайнаб розияллоҳу анҳо эканликлари, ўзларининг Абул Осс розияллоҳу анҳудан бўлган Али исмли ўғиллари жон берар ҳолига келиб қолганда оталари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига одам юборганлари машҳур. Ушбу ҳадис шарифда таъзияга оид бир қанча ишлар бор. Шунинг учун яхшиси ҳадисдан олинадигон фойдаларга ўтсак:

1. Фарзанд ким бўлишидан қатъий назар ота-онага суяниши. Бу Зайнаб розияллоҳу анҳонинг ҳолига ўхшаш қийин ҳоларда дарҳол билинади. У киши ҳам боласи оғир ҳолга тушганда оталарига одам юборганлари шундан.
2. Оғир пайтларда ота-оналар босиқ бўлиб болаларига насийҳат қилишлари кераклиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Олгани ҳам Аллоҳникидир, бергани ҳам Уникидир» дейишлари болани берадиган ҳам Аллоҳ, оладиган ҳам Аллоҳ, ҳамма нарса Аллоҳни иродаси ила бўлади, деганларидир. Худди шунга ўхшаш ибора бизда ҳам таъзияларда айтилади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу гапларининг гапларининг эркин таржимасидан бошқа нарса эмас.
3. Оғир ҳолга тушган кишиларни сабрга, бу ҳолатидан савоб касб қилишга чақиришлари кераклиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сабр қилсин ва талаби савоб қилсин, деганлари шуни кўрсатади. Ота-оналар ҳатто оилали, фарзандли болаларини ҳам оғир пайтларида сабрга, мусийбатида талаби савоб қилишга чақириб туришлари кераклиги тушунилади.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб розияллоҳу анҳога юборган одамларидан салом айтиб юборишлари ҳам юксак Исломий одоб намунасидир.
5. Оғир ҳолатга тушиб қолган кишининг олдида яқин одамлари бориб туриши кераклиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир неча катта саҳобаларни Зайнаб розияллоҳу анҳонинг уйларига боришлари шуни кўрсатади.
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жон таслим қилаётган набираларини кўриб, қўлларига олиб кўзларидан ёш тўкилиши У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонга, болага, набирага меҳрлари қанчалик эканини яққол кўрсатади.
7. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдаги йиғлаш ҳолини кўриб, «Эй, Аллоҳнинг Расули бу нима? деб сўрашлари улуғ кишилардан баъзи кутилмаган нарса содир бўлса сўраб билиб олиш кераклигини кўрсатади.
8. Аллоҳнинг иродасига рози бўлган ҳолда бировга ачиниб кўздан тўкилган ёш раҳмат ёши бўлар экан. Бунга ўхшаш ёшни Аллоҳ таоло раҳимдил бандаларига берар экан. Доимо раҳимдил бўлишга уриниш керак экан. Чунки, ҳадиси шарифда айтилганидек, «Аллоҳ фақат раҳимдил бандаларгагина раҳим қиладир».

Абдурраҳмон ибн Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонларга мусийбатларида уларга мен туфайли етган мусийбат, таъзия бўлсин», дедилар». Имом Молик ривоят қилган.
Шарҳ: Авалло ровий, Абдурраҳмон ибн Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абдурраҳмон ибн Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ ал-Қураший тобеинлардан бўлиб, Оиша онамиз ҳаётлик даврларида таваллуд топдилар. Бу киши Мадина аҳлини улуғларидан бўлиб, фақиҳ, тақволи, олим киши эдилар.
Абдурраҳмон ибн Қосим кўп ҳадислар ривоят қилдилар. Ва ҳадис олимлари, бу киши ривоят қилган ҳадисларни ишончли, деб эътироф этишган.
Абдурраҳмон ибн Қосим ҳадисларни оталаридан, Саид ибн Мусаййиб, Солим ибн Абдуллоҳ, Умар розияллоҳу анҳунин қуллари Нофеъ, Муҳаммад ибн Жаъфар ва бошқалардан ривоят қилдилар.
Бу зотдан Симон ибн Ҳарб, Убайдулоҳ ибн Умар, Ҳишом ибн Урва ва бошқалар ривоят қилишди. Абдурраҳмон ибн Қосим ҳижратнинг 126 йили Шомда вафот топдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари туфайли етган мусийбат каби мусийбат йўқдир. Бу дунёдаги ҳар-бир мусулмон учун, бу мусийбат ҳар доим энг катта мусийбатдир. Қай бир мусулмонга мусийбат етганда, дарҳол мазкур мусийбатни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламҳам вафот этганларини ўйласин. Баъзи бирлари унитиб қўйиб, ўзига етган мусийбатни дунёда энг катта мусийбат, деб билаётган бўлса, унга ўзини қаттиқ койитмасликка, мусийбатни каттаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари эканлигига, Пайғамбаримизни вафот этганларидан кейин бошқалар дунёга устун бўла олмаслигига ишора қилиб бошқа мусулмонлар насиҳат қилсинлар. Таъзияда тинчлантириш шундоқ бўлади.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жаъфарнинг ўлими хабари келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Жаъфар ибн Абу Толиб Мўътадаги кофирлар билан бўлган жангда шаҳид бўлганлар. У кишининг ўлимлари ҳақидаги хабар Мадинаи Мунавварага етиб келганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни айтганлар.
Ушбу ҳадисдан мусийбатзодаларга қариндош-уруғлари, яқинлари ва қўни-қўшнилари таом тайёрлаб беришлари лозим бўлади. Чунки, мусийбат билан бўлиб улар ўзларига унча қарай олмайдилар. Иккинчидан, бошқаларнинг эҳтимоми, раҳм-шафқат кўрсатиши мусийбат аҳлига тасалли беради, кўнгилларни кўтаради.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким мусийбатдаги одамга таъзия изҳор қилса, унга ўша мусийбатзодага берилган ажрча ажр берилади», дедилар». Термизий, Ибн Можа ва ал-Ҳоким ривоят қилинган.
Шарҳ: Суннат бўйича хоҳ дафндан олдин, хоҳ дафндан кейин бир марта таъзия изҳор қилинса бўлди. Умуман мусийбат етган одамга ҳамдардлик қилиш, таъзия изҳор қилиш савобли иш.
Имом Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда: «Қайси бир мўмин ўз биродарига мусийбатида таъзия изҳор қилса, албатта, Аллоҳ унга қиёмат куни каромат кийимини кийдиради», дейилган.
Шунинг учун мусийбат кўрган кишиларга таъзия билдиришга алоҳида эътибор бериш керак.

ҚАБРЛАР ЗИЁРАТИ ВА УЛАРНИНГ АҲЛИГА ДУО ҚИЛИШ

Сулайсон ибн Бурайда ўз отасидан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.
Шарҳ: Жоҳилият даврида қабрларни улуғлаш, уларга сиғиниш авж олган эди. Аллоҳга ширк келтиришнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган энг асосий омиллардан бири ҳам айнан қабрларга сиғиниш бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг дастлабки даврида мусулмонларни қабрларни зиёрат қилишдан ман қилган эдилар.
Тавҳид ақийдаси кишилар онги ва қалбида мустаҳкам жойлашиб бўлгандан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишга изн бердилар. Нафақат изн бердилар, балки амр қилдилар, тарғиб этдилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишнинг ҳикматларидан асосийсини эслатиб ўтмоқдалар. У ҳам бўлса, охиратни эслашдир. Охиратни эслаган одам эса, дунёни қўйиб, охиратни ҳаракатини кўпроқ қилади.
Шунингдек, зиёратчининг дуо фотиҳасидан қабрда ётганлар ҳам фойда топадилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Жиброил келиб: «Роббинг сени аҳли бақийъга келиб истиғфор айтишингга амр қиладир», деди.
Мен, дейдилар Оиша розияллоҳу анҳо: «Уларга нима дейман, Эй, Аллоҳнинг Расули?» дедим.
«Ассалому ала аҳли диёрим минал мўминийн вал муслимийн ва ярҳамуллоҳу ал-мустақдимийна миннаа вал мустаъхирийн. Ва иннаа иншааллоҳу бикум лаҳиқуун», деб айт», дедилар»
.
Бошқа бир ривоятда: «Ассалому алайкум аҳлиддиёрим минал мўминийна вал муслимийн. Ва иннаа иншааллоҳу бикум лалоҳиқуун. Асъалуллоҳа ланааа ва лакум ал-Офия», дейилган. Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бақийъ–аҳли Мадинани қабристони бўлиб ким вафот этса ўша ерга кўмилган ва кўмилмоқда.
Демак, Бақийъга бориб зиёрат қилиб, у ердагиларнинг гуноҳини кечиришни сўрашни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган.
Оиша онамиз қабристонга борганда у ерда ётганларга нима дейишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганлар.
Ўша саломниг маъноси: «Мўминлар ва муслимлардан бўлган диёр аҳлига салом. Аллоҳ биздан ўтганларниб қолганларни раҳим қилсин. Албатта, биз ҳам, иншааллоҳ сизларга қўшиламиз».
Иккинчи ривоятда: «Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўрайман, зиёда қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбарага келдилар ва: «Ассалому алайкум дора қавмин мўминийн. Ва иннаа иншаоллоҳу бикум лоҳиқун», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилинган.
Шарҳ: Ушбу салом сийғасини ёдлаб олиб қабр зиёрати вақтида айтиш керак. Маъноси аввалги саломнинг маъносига яқин.Ҳар биримиз ушбу муборак дуоларни маъносини англаб ёд олишимиз ва ўз вақтида ўқиб юришимиз лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина қабрлари ёнидан ўтдилар. Уларга юзлари билан боқиб: «Ассалому алайкум яа аҳал қубур, яғфируллоҳу ланаа ва лакум. Антум салафунаа ва наҳну биласар», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Маъноси: «Ассалому алайкум Эй, аҳли қабрлар. Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам мағфират қилсин. Сиз ўтганларимизсиз, биз изингиздан».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни, қабрларга масжид ва чироқлари олувчиларни лаънат қилсин», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда аёл кишиларнинг қабрлар зиёратига бориши яхши эмаслиги қаттиқ таъкидланмоқда.
Уламоларимиз, лаънат қабр зиёратига бориб дод солиб йиғлаган, сабрсизлик қилган ва ношаръий, бидъий хатти-ҳаракатлар қилган аёлларга хосдир, дейдилар.
Мазкур нарсаларни қилмай ўзини шарият кўрсатмалари асосида тутган аёллар учун эса қабрларни зиёрат қилиш жумҳур уламолари гапи бўйича макруҳ, Ҳанафий мазҳаби бўйича жоиздир.
Уламоларимиз қабрлар зиёрати Жума, Шанба, Душанба ёки Пайшанба кунлари бўлгани маъқул, дейдилар. Дуо-фотиҳани тик туриб қилинади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.
«Ясин», «Фотиҳа», «Таборак», «Такосур» сураларини, «Ихлос» сурасини уч ёки етти ёки ўн бир марта ўқиш мустаҳаб. Бу ҳақда ҳадислар келган, дейдилар.
Аҳли сунна ва жамоа уламолари эътиқоди бўйича маййит дунёда қолган аҳли ва ёр биродарларининг ҳол-аҳволини билиб туради. Унга уларнинг ҳоли арз қилиб-кўрсатилиб туради. Маййит уларни кўриб ҳам туради. Яхши нарсалардан хурсанд бўлади. Ёмон нарсалардан хафа бўлади. Бу ҳақида кўплаб ҳужжат, далиллар, ҳадислар келган.
Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом ибн Ҳиббон ва Имом ал-Ҳокимлар Маъқил ибн Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ўликларингизга «Ясин»ни қироат қилинглар», дейилган. Бу ҳадиси шарифнинг матни ва шарҳи юқорида ўтди.
Имом Дора Қутний ривоят қилинган ҳадисда эса, ким қабрлар олдидан ўтса ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиса, сўнгра савобини ўликларга бағишласа, унга ўликларнинг ададича савоб берилади», дейилган.
Жумҳур уламолари маййитнинг ҳаққига қироати Қуръондан кейин дуо қилган афзал. Чунки қироатдан кейин дуо қабул бўлиши ваъда қилинган. Маййитга дуо манфаат бериши ҳақида ҳеч кимда шубҳа йўқ, дейилган.

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ОНАЛАРИ ҚАБРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛГАНЛАРИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарининг қабрини зиёрат қилдилар. Ўзлари йиғладилар, атрофидагиларни ҳам йиғлатдилар. Кейин: «Роббимдан у(онам)га истиғфор айтишга изн сўрадим, изн берилмади. Унинг қабрини зиёрат қилишга изн сўрадим. Изн берилди. Бас, қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки, у, албатта, охиратни эслатади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламниг оналарига истиғфор айтишга изн сўраганлари фарзандлик бурчларини чуқур ҳис қилганликларидандир. Изн берилмагани эса, У зотнинг оналари Омина бинти Ваҳбнинг Исломдан олдин ўлиб кетганларидир. Истиғфорнинг шарти Исломдир. Шунинг учун Исломда ўтган ота-оналарга фарзандлари истиғфор айтсалар яхши бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламниг оналари қабрини зиёрат қилишга изн сўраганлари, зиёрат қилиб йиғлаганлари ва ўз атрофидагиларни йиғлатганлари ҳам фарзандлик бурчларини чуқур ҳис этганларидандир. Бундан ҳамма фарзандлар ўрнак олишлари керак.
Аҳли сунна ва жамоа уламолари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламниг оналари жаннатидир. Чунки у киши аҳли фитратдир. Аҳли фитрат жаннати бўлишида шубҳа йўқ, дейишади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қиш ойлари ўзининг салқинлиги, кечалари узоқ давом этиши, кундузлари қисқалиги билан ибодатга кўнгил қўйган ихлосли мўъминмусулмонлар учун ғанимат ҳисобланади. давоми...

3696 05:00 / 14.03.2017
Ислом суннатларидан бири дуодир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом .Дуо ибодатдир,, деганлар. Дарҳақиқат, банда чин қалбдан дуо қилар экан, Аллоҳга маънавий давоми...

5672 12:11 / 15.03.2017
1. Қуръон ўрганувчи ва ўргатувчи киши мусулмонларнинг энг яхшисидир.Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларнинг давоми...

4424 12:09 / 15.03.2017
Ассалому алайкум Азиз Қуръони Карим шайдолари Рамазон ойи Қуръон ойи бўлгани муносабати билан ҳамма мўмин мусулмонлар Қуръони Каримни тиловат ва хатм қилиш давоми...

96749 09:13 / 17.04.2023