1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

ЖАМОАТЧИЛИК ХАМРГА ҚАРШИ

05:00 / 13.03.2017 2572 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хамрга қарши олиб борилган ишлар фақат Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари билан кифояланмаган. Жамиятнинг барча аъзолари бу иллатга қарши фаол курашганлар. Улар бу ҳақдаги оят ва ҳадисларни кишиларга етказиш билан бирга ўзларидан бўлган ваъз-насиҳат ва ибратли гапларни ҳам ишлатганлар.
Ушбу фикрнинг далили сифатида бу ҳақдаги ривоятларнинг энг машҳурини келтириш билан кифояланимиз.
«Усмон розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни айтгани ривоят қилинади: «Хамрдан четда бўлинглар! Чунки, у ифлосликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди. Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди. У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради. Эркак у(қиз) билан юриб кетди. У қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди. Охири бир гўзал аёл ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди. Аёл: «Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим»-деди. Эркак: «Менга манави хамрдар бир қадаҳ ичир»-деди. Аёл унга ичирди. Эркак: «Менга яна зиёда беринглар»-деди. Ўша ернинг ўзида у(аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди.
Бас, хамрдан узоқда бўлинглар! Аллоҳга қасамки, албатта, у абадул обод иймон билан жам бўла олмас. Агар иккиси жамланиб қолсалар ҳам бири иккинчисини чиқариб юборур», деди». Бошқа бир ривоятда: «Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни срурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган. Иккисини Насаий ривоят қилган.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қилинган биринчи ривоятда у киши хамрдан огоҳлантирувчи ажойиб гапларига ўтган умматларда бўлиб ўтган ибратли бир қиссани ҳам келтирмоқдалар.
«Хамрдан четда бўлинглар! Чунки, у ифлосликларнинг онасидир».
Ҳа, хамр бор жойда ифлосликнинг барча тури ҳам бўлади. Она асл бўлиб ундан ҳамма болалар туғилганидек, хамр ҳам ифлосликларнинг онаси бўлиб ундан барча ифлосликлар келиб чиқади. Бунга оддийгина бир мисол келтирилса, тушуниш осон бўлади.
«Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди».
У ўз ибодати, тақвоси, ҳаром-харишдан узоқлиги билан шуҳрат топган эди.
«Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди».
Одатда ифлос хулқли аёллар ҳалол-пок эркакларни йўлдан уришни ўзига мақсад қилиб олган бўлади. Чунки ўзларига ўхшаш ифлос эркаклар уларга шерик бўлгани учун эътиборларида бўлмайди. Ҳалол-пок, тўғри эркакларни йўлдан уриш учун пасткаш аёллар ҳар-хил ҳийла-найрангларни ишга соладилар.
«У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳлик ка ўтишини сўради».
Бузуқ аёл тақводор кишининг олдига ўзи бормай хизматчи чўри қизини юборди ва мазкур кишидан савобли бир иш қилишни, гувоҳликка ўтишни илтимос қилди. Унинг бундоқ иш тутишидан ниҳоятда пихини ёрган маккора аёл экани кўриниб турибди.
Агар ўзи ҳалиги кишининг олдига борса, юриш-туриши, гап-сўзи ва бошқа омиллардан кимлиги фош бўлиб, тақводор эркак ундан ўзини олиб қочиши мумкин.
Чўри қизни юборганда эса аёлнинг кимлиги сир қолади. Бунинг устига чўриси бор аёл обрў-эътиборли, шарафли ва кўчага чиқиши эп кўрилмайдиган мастура аёл бўлса керак, деб ўйлайди одам.
Гувоҳликка ўтишни сўраш ҳам савоб учун ҳар нарсага таёр турган тақводор инсонни ишонтиришнинг осон йўли. Бузуқ аёлнинг ҳийласи иш берди.
«Эркак у(қиз) билан юриб кетди. У қайси бир эшикдан кирса қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди».
Гувоҳликка ўтиб савобли иш қиламан деган умидда тақводор эркак бузуқ аёлнинг чўри қизига эргашиб унинг уйи томон йўл олди. Уйга етиб борганларидан кейин ичкарига кира бошладилар. Ичкарида хоналар, хоналарда эшиклар кўп экан. Тақводор эркак ҳар бир эшикдан ўтганидан сўнг чўри қиз ҳалиги эшикни маҳкамлаб, қайта очилмайдиган қилиб беркитиб борди. У бу билан ўз ойимининг амрини бажарар, тақводор эркакни уйдан қайта чиқиб кета олмайдиган чорасини кўрар эди.
«Охири бир гўзал аёл ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди».
Гувоҳликка ўтиб савоб касб қиламан деган ниятда чўри қизга эргашиб келган содда тақводор юриб-юриб, кема-кет эшиклардан ўтиб-ўтиб ўзига оро бериб кўрган кишининг кўзини қамаштирадиган сувратга кириб олган гўзал аёлнинг олдидан чиқди. Аёл ёлғиз ўзи эмасди. Унинг ёнида бир ёш қул-ғулом турарди. Нарироқда эса, бир идишда хамр ҳам қўйилган эди. Тақводор киши ҳайрон қолиб турган эди. Маккора аёл гапни чўзиб, имо-ишорали сўзлар танлаб ўтирмасдан бирданига асл мақсадини айтиб қўяқолди. Аёл:
«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёхуд манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим»-деди».
Бузуқ аёл аввал тақводор кишига уни алдагини ҳақида хабар берди.
«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ»-деди. Унга ўхшаш устаси фаранглар кези келганда қасам ичишни ҳам жойига қўйиб қўйишади. Шу билан бирга ёлғон тўқиганини ҳам тан олишади. Ушбу бузуқ аёл ҳам шундоқ қилди. Аллоҳнинг номи ила қасам истеъмол қилиб ул кишини алдаганини юзига очиқ айтди. Сўнгра асосий мақсадга ўтди.
«Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим»-деди».
Маккора аёл ушбу гуноҳларни тақводор кишига тақдим қилишда ҳам ўта нозик жойларигача ҳисобга олиб усталик билан гапирди.
Биринчи ўринга ўзининг асосий мақсадини, шаҳватини қондириш ишини қўйди. Мабодо хўп деб қолса, ҳеч қандай оворагарчиликсиз мақсад ҳосил бўлади, деб ўйлади.
Иккинчи ўринга бир қадаҳ хамр ичишни қўйди. У идишдаги ҳамма хамрни ичасан демади. Унда тақводор киши маст бўлиб қолиб бошқа ишларни ҳам қилиб қўйишдан қўрқиб айниб қолиши мумкин. Фқатгина бир қадаҳ ичасан дейилганда эса, эркак назар-писанд қилмаслиги мумкин.
Учинчи ўринга оғир ишни, ғуломни ўлдиришни қўйди маккор аёл.
У тақводор кишини қийин ҳолга қўйди. Ушбу уч ишдан бирини қилишга мажбурсан, бошқа иложинг йўқ, дегандек қилди.
Тақводор киши ўйланиб қолди. Қочиб кетай деса, барча эшиклар маҳкам беркитилганини ўз кўзи билан кўриб келди. Қочишнинг умуман иложи йўқ. Қаршилик кўрсатиш имкони ҳам йўқ. Бировнинг уйида хилват жойда, уй эгасининг қул ва чўрилари орасида турибди. Зино қилай деса, катта гуноҳ қилган бўлади. Ғуломни ўлдирай деса, бегуноҳ бир жонни беҳудадан-беҳуда ўлдириш ҳеч мумкин эмас. Осони, бировга зарар етмайдигани бир қадаҳ хамрни ичиш. Мажбурликдан бир қадаҳ хамрни ичса истеъмол қилибди-да. Кейин тавба қилса кечирилиб кетар. Ушбу фикрларни хаёлидан ўтказиб бўлиб:
«Менга манави хамрдар бир қадаҳ ичир»-деди».
У ўзича масаланинг ҳал қилишнинг энг тўғри йўлини топгандек бўлди. Бир қадаҳ хамрни ичадида қутилади. Аёл худди мана шу гапни кути турган эди.
«Аёл унга ичирди».
Ўзи айтганидек, бир қадаҳгина хамр ичирди. Ўша ичилган бир қадаҳ хамр эркакнинг ичига киргандан кейин унга ўз тасирини ўтказа бошлади. Бир қадаҳ ичганидан кейин яна ичгиси келиб қолди. Эркак:
«Менга яна зиёда беринглар»-деди».
Энди бузуқ аёлнинг ўзига эмас, ўша ерда турганларнинг ҳаммасига хитоб қила бошлади. Хамрдан кўпроқ ичиш пайига тушиб қолди. У хамрни истеъмол қилиб-истеъмол қилиб ўзини билмайдиган даражада маст бўлиб қолди.
«Ўша ернинг ўзида у(аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди».
Мастликда билмай мазкура бузуқ аёл билан зино ҳам қилди. Ҳаддидан ошиб, мастликда қутуриб кетиб ғуломни ҳам ўлдирди. Ифлосликларнинг онаси бўлмиш хамрга яқин бўлгани учун ифлосликларнинг ҳаммасини қилди. Ҳа, биродарлар!
«Бас, хамрдан узоқда бўлинглар!»
Ким унга яқинлашса ислофликларнинг онасига, конига, уясига яқинлашган бўлади. Натижада, кўп нарсалардан, ҳаттоки, инсон учун энг азиз нарса бўлга иймондан ҳам ажраб қолиши мумкин.
«Аллоҳга қасамки, албатта, у абадул обод иймон билан жам бўла олмас».
Хамр бор жойда иймон бўлмас, иймон бор жойда хамр бўлмас. Бу икки нарса бир-бирига мутлақо зид нарсалардир.
«Агар иккиси жамланиб қолсалар ҳам бири иккинчисини чиқариб юборур».
Шунинг учун ҳам Аҳли сунна ва жамоа ақидавий мазҳабида, хамр ичувчи хамр ичганида иймони ташқарига чиқиб туради, дейилади.
Хамрнинг ёмонлиги ҳақида бундан ортиқ, бундан тасирли огоҳлантириш бўлмаса керак. Аллоҳ таоло хамрга мубтало бўлган бандаларга инсоф берсин, уларнинг ифлосликларнинг онаси чангалидан қутқаришга Ўзи ёрдам берсин.
Энди ижозатингиз ила иккинчи ривоят ҳақида ҳам икки оғиз шарҳ сўзлари гапириб ўтайлик.
Бошқа бир ривоятда:
«Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни срурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган».
Ушбу ривоятда жаннатга кирмайдиганлар, яъни, дўзахга кирадиганлардан уч тоифаси ҳақида сўз кетмоқда.
1-Миннатчи.
Ўзиннг қилган яхшиликларини миннат қиладиган кишилар Қуръони Каримда ҳам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам кўпдан-кўп танқидларга учраганлар, уларга турли аламли азоблар ваъда қилинган. Бу ҳадиси шарифда эса улар жаннатга кирмасликлари таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло:
«Садақаларингизни миннат ва озор ила ботил қилманг»-деган.
Миннат қилиш ҳаромдир. Фақат ота ўз боласига, устоз ўз шогирдига ва эр ўз хотинига миннат қилса, уларнинг ҳақлари улуғлигидан жоиз ҳисобланади.
2-Оқ қилинган.
Ота-онасига оқ бўлишлик қанчалик оғир гуноҳ эканини гапириб ўтимаса ҳам бўлади. Оқ бўлишлик туфайли жаннатга кириш мумкин бўлмай қолишининг ўзи бу ишнинг нима эканини очиқ кўрсатиб турибди.
3-Хамрни срункали ичувчи.
Демак, хамрни сурункали ичиш ҳам миннатчи ва ота-онасига оқ бўлганинг гуноҳи билан баробар экан. Шунинг учун ҳам уларга қўшилиб дўзахга кирар экан. Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.
Албатта, бунга ўхшаш хамрга қарши тарғибот ва ташвиқт ишлари олиб бориб турилган, бош дастурида хамрга қарши алоҳида таъсирчан бандлар бўлган, қонунлар мажмуаси у бандларни ўта аниқлик билан татбиқ қилиб турган, энг олий бошлиқдан тортиб энг оддий фуқаросигача хамрга қарши сафарбарликда фаол қатнашган, бир-бирига насиҳатгўй бўлган, хамр иши, иймон-эътиқод, дину-диёнат ҳамда савобу-гуноҳ, дўзаху-жаннат масаласига айлатирилган жамиятда хамрга қарши олиб борилган кураш ўз самарасини бермай иложи йўқ эди.
Шундоқ бўлди ҳам. Хамр тамоман ҳаром этиб эълон қилинганда ҳамма бирдан бу нарсадан юз ўгирди. Инсоният тарихида бўлмаган ва ҳозиргача такрорланмаётган ҳолат юз берди. Кишилар идишлардаги хамрларни кўчага олиб чиқиб тўкканларида кўчаларда хамр ариқ бўлиб оқди. Баъзи ўша вақтда тановул қилиб ўтирганлар бўлса, қусиб юбордилар. Бу ҳақдаги кўплаб ривоятлардан фақат биттасини келтириш билан кифояланамиз.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Убайда, Абу Толҳа ва Убай ибн Каъбларга хурмо ғўраси ва пишган хурмодан қилинган хамрни қуйиб берар эдим. Бас, уларнинг ҳузурига биров келиб:
«Эй Абу Ҳамза, хамр ҳаром қилинди»-деди.
Шунда Абу Толҳа:
«Эй Анас, тур, уни тўкиб юбор!»-деди.
Мен уни тўкиб юбордим». Бухорий Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Ушбу ривоятда Абу Убайда ибн Жарроҳ, Абу Толҳа ва Убай ибн Каъб каби улкан саҳобийлар ҳам хамр ҳаром қилинмай туриб уни ичганлари, ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эса косагуллик қилганлари зикр этилмоқда.
Бу ривоятда саҳобаи киромларнинг шариат амрига қандоқ муносабатда бўлганлари ҳам яққол васф қилинмоқда. Одатда хамр тановул қилган одам баъзи нарсаларга бепарво қарайди. Энг муҳим ишлар бўлса ҳам мастлиги тарқагандан кейин қилиш учун орқага суради.
Аммо саҳобаи киромларга хамр ҳаром қилингани ҳақидаги хабар келиши билан уни зудлик билан ҳаётга татбиқ қилишга ўтганлар. Ичмай қўйиш билан кифояланмай идишлардаги хамрларни ҳам тўкиб ташлашга ўтганлар.
Ҳа, дастлабки ихлосли мусулмонлар шариат амрини амалга оширишга ана шундоқ улкан эътибор берганлар.
Ушбу ривоятда ҳам мазкур ҳолатдан бир кўриниш васф қилинмоқда.
«Бас, уларнинг ҳузурига биров келиб:
«Эй Абу Ҳамза, хамр ҳаром қилинди»-деди.
Шунда Абу Толҳа:
«Эй Анас, тур, уни тўкиб юбор!»-деди.
Мен уни тўкиб юбордим».
Ҳозирги мусулмонларда шариат амрларини адо этишда айнан ана ўша ихлос ва бардавомлик етишмаслиги кўплаб мусибатларга сабаб бўлаётгани ҳаммага маълум.
Лекин бошқалар қилган ишни такрорлаш мумкин. Фақат бунинг учун кучли рағбат ва ирода керак, холос.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади Менинг ушбу масжидимга, Масжидул давоми...

6133 05:00 / 13.03.2017
ТақдимҚуръон аҳлини Ўз аҳлим деб эълон қилган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Қуръон аҳлининг пешвоси Росулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи давоми...

3129 05:00 / 13.03.2017
Бу сарлавҳа остидаги бобда кофир қавмларнинг вояга етмай ўлиб кетган ёш болалари ҳақида келган таълимотлар ҳақида сўз кетади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан давоми...

3019 05:00 / 13.03.2017
Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят этилган саҳиҳ ҳадисда марвийким, ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда эсаётган шамолдан ҳам яхшироқ бўлардилар. Ул давоми...

3030 05:00 / 13.03.2017