1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Баъзи ўтганларнинг хабарлари

05:00 / 13.03.2017 3172 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўтган қавмларнинг хабар ва қиссаларида кишининг қалбини юмшатувчи, ибратли нарсалар кўп бўлгани учун ҳам уларнинг баъзиларини рақоиқ китобида келтириш одат бўлиб қолган.

Аллоҳ таоло: 
«Шундай қилибсенга ўтган нарсалар хабарини қисса қилиб берурмизБатаҳқиқсенга Ўз тарафимиздан зикрнибердик», деган (Тоҳа, 99).
Яъни, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Мусо қиссасини айтиб берганимиздек, бошқа умматларнинг хабарини ҳам қисса қилиб берамиз, Биз сенга Ўз томонимиздан Қуръонни бердиқ деб марҳамат қилмоқда. Қуръони Каримнинг исмларидан бири «Зикр»дир.
Ўтганларнинг қиссаларида қалбни ларзага солувчи ва ибратли нарсалар кўп бўлгани учун Аллоҳ таоло уларнинг хабарларини Қуръони Каримда кўплаб келтирган. Ҳатто баъзи уламоларимиз Қуръони Карим оятларининг учдан бири ўтганларнинг қиссаларидан иборат, дейдилар.
Худди шу сабабдан Пайғамбар алайҳиссалом ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўтганларнинг хабарларига алоҳида эътибор берганлар. Келаси ривоятларда шундай қисссалардан баъзиларини ўрганамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим:
«Бани Исроилда уч киши: пес, кал ва кўр бор эди. Аллоҳ уларни синашни ирода қилди. Бас, уларга бир фариштани юборди. У песнинг олдига бориб:
«Сен учун қайси нарса энг маҳбуб?» деди.
«Гўзал ранг, гўзал тери ва одамлар мендан ҳазар қилаётган нарсанинг кетмоғи», деди пес.
Бас, уни силаган эди, унинг ҳазар қилинадиган нарсалари кетди. Унга гўзал ранг ва гўзал тери берилди.
«Сенга қайси мол энг маҳбуброқ?» деди.
«Туя» ёки «Сигир», деди пес.
Исҳоқ пес билан калнинг гапида шак қилди. Улардан бири, туя, деди. Бошқаси, сигир, деди.
Бас, унга ўн ойлик ҳомиласи бор туя берилди. Сўнгра у (фаришта):
«Аллоҳ бунда сенга барака берсин», деди.
У калнинг олдига бориб:
«Сен учун қайси нарса энг маҳбуб?» деди.
«Гўзал соч ва одамлар мендан ҳазар қилаётган нарсанинг кетмоғи», деди кал.
Бас, уни силаган эди, ҳалиги нарса ундан кетди ва унга гўзал соч берилди.
«Сенга қайси мол энг маҳбуброқ?» деди.
«Сигир», деди кал.
Бас, унга ҳомиладор сигир берилди.
Сўнгра у (фаришта):
«Аллоҳ бунда сенга барака берсин», деди.
У кўрнинг олдига бориб:
«Сен учун қайси нарса энг маҳбуб?» деди.
«Аллоҳ менга кўзимни қайтармоғи ва мен у билан одамларни кўрмоғим», деди.
Бас, уни силаган эди, Аллоҳ унга кўзини қайтарди.
«Сенга қайси мол энг маҳбуброқ?» деди.
«Қўй», деди кўр.
Бас, унга ҳомиладор совлиқ берилди. Бас, ҳалиги иккови болалади. Бу ҳам қўзилади. Бунисида водий тўла туя бўлди. Унисида водий тўла сигир бўлди. Наригисида водий тўла қўй бўлди.
Сўнгра у (фаришта) песнинг олдига унинг олдинги сурати ва ҳайъатида бориб:
«Бир мискин одамман. Тоғлар туфайли сафарим кесилиб қолди. Бугунги кунда аввало, Аллоҳ, қолаверса, сенгина манзилимга етиб олишимга ёрдам беришинг мумкин. Сенга гўзал ранг, гўзал тери ва шунча мулк берган Зотнинг ҳурмати, сафаримни давом эттиришим учун бир туя беришингни сўрайман», деди.
Пес эса «Ҳақ-ҳуқуқлар кўп», деб жавоб берди.
«Худди сени танигандек бўляпман. Сен аввал пес бўлмаганмидинг? Одамлар сендан ҳазар қилмасмиди? Фақир эмасмидинг? Сўнгра Аллоҳ сенга ато бермаганмиди?» деди фаришта.
«Бу мол менга ота-боболаримдан мерос қолган», деди пес.
«Агар ёлғон гапирган бўлсанг, Аллоҳ сени аввалги ҳолингга қайтарсин!» деди.
Калнинг олдига ҳам унинг аввалги суратида борди. Унга ҳам анавинга айтганларини айтди. У ҳам анави рад қилгани каби рад қилди. Бас, унга ҳам:
«Агар ёлғон гапирган бўлсанг, Аллоҳ сени аввалги ҳолингга қайтарсин!» деди.
Кўрнинг олдига ҳам унинг аввалги сурати ва ҳайъатида бориб:
«Бир мискин одамман. Тоғлар туфайли сафарим кесилиб қолди. Бугунги кунда аввало, Аллоҳ, қолаверса, сенгина манзилимга етиб олишимга ёрдам беришинг мумкин. Сенга кўзингни қайтариб берган Зотнинг ҳурмати, сафаримни давом эттиришим учун бир қўй беришингни сўрайман», деди.
«Дарҳақиқат, кўр эдим. Аллоҳ менга кўзимни қайтариб берди. Хоҳлаганингни ол, хоҳлаганингни қўй. Аллоҳга қасамки, бугунги кунда сен олган нарсадан ҳеч бирини Аллоҳ учун малол кўрмайман», деди кўр. 
«Молинг ўзингга! Фақат синалдингиз, холос. Батаҳқиқ, сендан рози бўлинди ва икки соҳибингдан норози бўлинди», деди». 
Муслим ва Бухорий ривоят қилишган. 
Шарҳ: Ўтган умматлардан бирида бўлиб ўтган бу қисса ҳамма учун ўрнак бўлиши лозим. Банда ўзи муҳтож бўлганда яхшилик ҳақида ўйлаб, бой ва беҳожат бўлганда яхшиликни унутиб қўймаслиги лозим.
Бойлиқ соғлик ва чирой ҳар бир одам боласи учун синов бўлиши мумкин. Бу нарсаларнинг шукрини қиладими ёки йўқми дейилган бўлиши мумкин.
Банда бу каби неъматларни ўзига берилган омонат деб билиши ва уларга Аллоҳ таолонинг динида кўрсатилганидек шукр келтириши ва тасарруф қилиши лозим. Акс ҳолда мазкур нарсалардан маҳрум бўлиши ёки ўша нарсалар унинг бошига бало бўлиши мумкин.
Демак, ҳеч ким ўз ўтмишини унутмаслиги лозим. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло берган неъматлардан муҳтожларга беришни эсдан чиқариб, бахиллик йўлига ўтмаслиги лозим.

БЕШИКДА ГАПИРГАНЛАР

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Бешикда фақатгина уч киши гапирган:
Биринчиси, Ийсо алайҳиссалом.
Иккинчиси, Бани Исроилда Журайж исмли бир киши бор эди. У намоз ўқиётган эди, онаси келиб, уни чақирди. У ўзича, онамга жавоб берсаммикан ёки намозни ўқийверсаммикан, деб ўйлади. Бас, у (она): «Аллоҳим, унга суюқоёқ аёлларни кўрсатмасдан туриб, уни ўлдирмагин», деди. Журайж ўз ибодатхонасида эди. Унга бир аёл рўбарў бўлиб, гапирди. У бош тортди. Бас, аёл бир чўпоннинг олдига бориб, унга ўзини топширди. Кейин ўғил туғди ва уни Журайждан деди. Бас, одамлар унинг олдига келиб, ибодатхонасини бузишди ва уни олиб чиқиб, сўкишди. У таҳорат қилиб, намоз ўқиди. Кейин боланинг олдига бориб:
«Эй бола! Отанг ким?!» деди.
Бола: «Чўпон!» деди.
(Шундан сўнг одамлар) «Ибодатхонангни тиллодан бино қилиб берайликми?» дейишди.
«Йўқ! Фақатгина лойдан!» деди.
Учинчиси, Бани Исроилдан бир аёл ўғлини эмизаётган эди. Унинг олдидан бир хушсурат киши от миниб ўтиб қолди. Шунда аёл:
«Эй Аллоҳим! Ўғлимни шунга ўхшаш қилгин!» деди.
Бола унинг кўкрагини тарк қилди-да, отлиққа қараб туриб:

«Эй Аллоҳим! Мени унга ўхшаган қилмагин!» деди ва онасининг кўкрагига қайрилиб, уни эмишда давом этди». 
Абу Ҳурайра: «Мен Набий алайҳиссаломнинг ўз бармоқларини эмаётганларини кўргандекман», деди. 
«Кейин бир чўри олиб ўтилди. Бас, аёл: 
«Эй Аллоҳим! Ўғлимни шунга ўхшаш қилмагин!» деди. Бола эса унинг кўкрагини тарк қилди-да: 
«Эй Аллоҳим! Мени унга ўхшаш қилгин!» деди. 
«Нима учун?» деди она. 
Бола: «Отлиқ жабборлардан бири эди. Бу чўри эса ҳеч бир гуноҳсиз бўлса ҳам, у ҳақда «ўғрилади, зино қилди», дейдилар», деди». 
Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган. 
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикр қилинган қиссадан асосий мақсад, художўйлиқ тақводорлик доимо худобезорлик ва тақвосизликдан устун туришини ва Аллоҳ таоло Ўзини деган бандасини қаровсиз қолдирмаслигини таъкидлашдир.
Биринчи қиссада Журайжнинг шарафи унинг тақвоси ва ибодати шарофати ила Аллоҳ таолодан бешикдаги боланинг гапириши орқали ҳимоя қилинди.
Иккинчи қиссада эмизикли гўдакнинг гапириши ила ожиза бир чўрининг ҳуқуқи ҳимоя қилинди ва катта бир жаббор қораланди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Бешикда фақатгина Ийсо, Юсуфнинг гувоҳи, Журайжнинг соҳиби, Фиръавннинг тароқчисининг ўғлигина гапирганлар», дедилар».
Ҳоким ривоят қилган. 
Бу ерда келтирилмаган бошқа қиссалар ўз ўрнида келган. Жумладан, Иброҳим алайҳиссалом ва у зотнинг ўғиллари ҳамда завжаларининг қиссаси Бақара сурасининг тафсирида, Однинг меҳмони қиссаси Зарият сурасининг тафсирида, Зул Кифл алайҳиссаломнинг қиссаси «Ҳадис ва ҳаёт» силсиласидаги «Зикрлар китоби»нинг «Тавба» бобида, Ғор соҳиблари қиссаси эса шу силсиланинг «Ният ва Ихлос» китобида келтирилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бани Исроилдан бир киши бошқа бир кишидан минг динор қарз сўради. Бас, у уни берди. Қарзнинг вақти келганда у денгизга чиқди. Маркаб топмади. Бас, бир тахтани олиб, унинг ичига минг динорни тиқди ва уни денгизга отди. Сўнг унга қарз берган одам чиқди. Қараса, бир тахта турибди. Уни олиб, аҳлига олиб борди. Уни очиб қараб, молни топди». 
Бухорий ривоят қилган. 
Шарҳ: Албатта, бу қиссаларда ҳалолликка ва бировнинг ҳаққидан қўрқишга даъват қилувчи кучли далиллар бор.
Бировдан олинган қарзни яхшилаб ва ўз вақтида адо этишнинг гўзал намунаси ушбу ривоятда келмоқда. Ўша қарздор, маркаб топа олмадим, бўлмаса, қарзни эгасига қайтарган бўлардим, деб юраверса бўлар эди. Аммо у қарзни ўз вақтида эгасига қайтариш учун қўлидан келган чорани ахтарди. Аллоҳ таоло унга ёрдам берди ва ишни осон қилди.
Баъзи одамларга ўхшаб қарзни бермаслик учун турли баҳоналарни тўқишга ўтмаслик керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамлар билан муносабатларда .Виждонинг борми, виждонингга қарши борасанми,, .виждонсиз, деган гапларни кўп эшитгансиз. Шунда .Виждон ўзи нима, деган савол давоми...

8843 12:22 / 15.03.2017
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мелодий 2002 йил 4 январда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога давоми...

5709 12:29 / 15.03.2017
Қиш ойлари ўзининг салқинлиги, кечалари узоқ давом этиши, кундузлари қисқалиги билан ибодатга кўнгил қўйган ихлосли мўъминмусулмонлар учун ғанимат ҳисобланади. давоми...

3722 05:00 / 14.03.2017
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирбирингизни ёмон кўришманг. Бирбирингизга ҳасад қилманг. давоми...

6898 05:00 / 14.03.2017