1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Қалбинг қандай қилиб Аллоҳнинг муҳаббати ва қўрқуви билан

12:29 / 15.03.2017 5503 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мелодий 1984 йил 2 мартда қилган жумъа хутбалари)



Алҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога неъматларига мувофиқ, зиёдасига кофий ҳамдлар бўлсин! Эй Роббимиз, Важҳинг жалоли ва салтанатинг азаматига муносиб ҳамдлар Сенга хосдир. Эй Аллоҳ, Сен Субҳонсан. Мен Сенга сано айта олмайман. Сен Ўзингга Ўзинг сано айтгандексан. Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Унинг шериксиз эканлигига гувоҳлик бераман. Саййидимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг қули, расули, танлагани, халили ҳамда юборган набийларининг энг хайрлиси эканлигига, шунингдек, Аллоҳ у зотни бутун оламларга баширу назир қилиб юборганлигига шаҳодат келтираман. Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммад ва у зотнинг олига қиёматга қадар доимий ва тўхтовсиз салоту салом ва баракотлар юборгин. 

Эй мусулмонлар, сизларга ва ўз гуноҳкор нафсимга Аллоҳдан тақво қилишни тавсия қиламан. Аммо баъд. 

Эй Аллоҳнинг бандалари! Эй мусулмон биродарим, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога иймон келтирган бўлсанг-да, қалбинг Аллоҳнинг муҳаббати ва қўрқуви билан тўлиб-тошиши учун энг қисқа йўлни излайсан. Бунинг қандай чораси бор, деб мендан сўрайсан. Мен сенга қисқа ва лўнда қилиб жавоб бераманки, агар Аллоҳнинг сенга кўрсатган фазлу марҳаматини эсласанг, қалбинг У Зотга бўлган муҳаббат билан тўлади. Агар Унинг ҳузурида туришингни эсласанг, қалбинг Унинг қўрқуви билан тўлади. Демак, қалбинг Унга бўлган муҳаббат билан тўлиб-тошиши учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сенга кўрсатган фазлу марҳамати улканлигини эслагин. Демак, қалбинг Унинг қўрқуви билан тўлиб-тошиши учун У Зотнинг ҳузурида туришингни, Унга юзланиб ҳисоб беришингни эслагин. 

Мўмин Аллоҳ сари икки қадами билангина юради, яъни муҳаббат ва қўрқув билан. Агар Аллоҳни яхши кўрса-ю, Ундан қўрқмаса, Унга ета олмайди. Худди шунингдек, агар Аллоҳдан қўрқса-ю, аммо яхши кўрмаса, йўли кесилиб қолиб, ярим йўлда қолиб кетади. 

Аллоҳнинг сенга бўлган фазлини ёдга ол! Ўзингга қуйидаги саволларни бер! 

Сенга ошкора ва яширин неъматларни ким берди? 

Сени Ўз ёрдами билан ким ўраб, иҳота қилиб турибди? 

Ухлаганингда ким сени муҳофаза қилиб туради? 

Уйғоқлигингда ким сени риоянгни қилиб туради? 

Йиқилмасдан икки оёқда тўғри юрадиган қилиб қўйган ким? 

Ўтирганингда хотиржам ўтирадиган қилиб қўйган ким? 

Таомни чайнаш қобилиятини берган ким? 

Таомни ютганингда тиқилтирмай ютдирадиган ким? 

Агар ўша таом ошқозонингга тушса, сенга сездирмай, сени безовта қилмай уни ҳазм қилдирган ким? 

Овқат ҳазм бўлгач, сенда соғлик устига яна соғликни зиёда қилган ким? 

Сени уйқу неъмати билан роҳатлантирган ким? 

Сени уйқудан сўнг уйғониш неъмати билан шодлантирган ким? 

Сени қуршаб оладиган хатарлардан узоқ қилган ким? У хатарлар шу қадар кўп бўлса-да, сен уни сезмайсан ҳам. Улардан узоқда юрасан. Сен Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини эслашинг керак: 

“Унинг (инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб этувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни муҳофаза қилиб турурлар” (Раъд, 11). 

Мазкур фаришталар бандани турли хатарлардан муҳофаза қилишади. Агар сен ушбу фаришталарни кўзинг билан кўра олмасанг-да, ақлинг билан уларни ҳис қила оласан. Қалб кўзинг билан идрок қила оласан. Бундай муносабатлар ҳақида кўп гапирганмиз. Масалан, инсон Аллоҳ унга ато этган тоқат ва малака билан бир ишни бажаради. Тоқатни эса ўзи пайдо қилиб ололмайди. Инсон Аллоҳ азза ва жалла уни Ўзининг қудрати билан қандай икром қилаётганини билмайди. Чунки, у бу қудратларнинг ҳақиқий эгаси эмас. Эртага ушбу қудратлар кетса, уларнинг вазифаси тугаса, омонатнинг эгаси ўз омонатини олса, сендаги тоқатларнинг ҳаммаси сендан қандай қилиб кетиб қолишини билмайсан. 

“Аллоҳ азза ва жаллани қандай қилиб яхши кўраман?” деб сўраган инсоннинг иши нақадар ғаройиб-а! Бу инсонга агар ўзига ўхшаган бошқа бир инсон арзимас неъмат берадиган бўлса, умрининг охиригача унга қуллуқ қилиб, ташаккур айтиб ўтади. Агар ўша неъмат берган кишини ва берган неъматини эслаганда, қалбида ўша инсонга нисбатан меҳри, муҳаббати тошиб кетади-ю, сени яратган, кейин бу дунёда мавжудлигингни давомли қилган, сени ҳаёт давомида паноҳида асраган Мавлойингга нисбатан қандай фикрдасан? Унинг муҳаббатига олиб борадиган йўлни танишинг керак. 

Гўдак ўзини боқиб, тарбия қилаётган киши онаси эканлигини билмаса, узрлидир. Чунки, ҳали у ақлли эмас. Лекин ақли-ҳуши жойида бўлган инсон ўзини Аллоҳнинг карами ичра юрган кичкина гўдак деб билса ҳам, уни тарбия қилиб, паноҳ бераётган Зотни танимасликда узрли эмас. Шунинг учун Аллоҳнинг сенга берган фазлини ҳеч қачон эсингдан чиқарма! 

Эсла! Юраётганингда Аллоҳ сени тик қилиб, йиқилмай, чайқалмай юрадиган қилиб қўйди-ку! 

Эсла! Олдингда турли таомларга тўла дастурхон турибди. Буларнинг ҳаммасини Аллоҳ сенга тайёрлаб қўйди-ку! 

Эсла! Сен қўлингни дастурхондаги ичимликка, таомга бемалол узатасан, ейсан-ичасан, гапирасан, югурасан-ку! 

Шу нарсаларнинг ҳаммасини сенга ато этган Зотни эсласанг, Унга нисбатан қалбингда муҳаббат қайнаб-тошади. Агар ушбу муҳаббатинг Унинг қўрқуви билан бирга бўлишини истасанг, вафот этганингдан кейин бирма-бир борадиган жойларингни эсла! Аввало, ўлимнинг аччиғини эсла! Ўзинг тўшагингда чўзилиб ётар экансан, қўлинг бу дунёдан узилишини эсла! Бу ҳолат мана бу оятда ўз аксини топган: 

“Мана ўлим мастлиги (жон чиқиш пайти) ҳақиқатан (етиб) келди. (Эй, инсон!) Бу (ўлим) сен ундан қочувчи бўлган нарсадир” (Қоф, 19). 

Мана шу пайтда сен ҳар қанча улуғлаган дунёинг кўзингга арзимас бўлиб кўринади. Ҳаётингда унутганинг Буюк Илоҳ кўзингга катта бўлиб кўринади. Лекин бу пайтда Унинг кўзингга катта бўлиб кўриниши сенга фойда бермайди. Шу билан бирга дунёнинг арзимас бўлиб кўриниши ҳам бу лаҳзада сенга фойда бермайди. Сени зиммангдаги нарса ўша соатда бўладиган воқеаларни, сени довдиратиб қўядиган ҳолатларни билишингдир. Ўлимдан кейин қабрда уйқуга кетишингни эсла! Жаноза қабристонга олиб келинганда, сен маййит қўйилаётган қабр олдига келиб, ўйга толиб ҳеч тўхтаганмисан? Тобутидан олиниб, лаҳадига узатилаётган маййитга чуқурроқ назар солганмисан? Унинг кафанидан бошқа яна қандай мол-дунёси бирга кўмиляпти экан? Ўша соатда сенинг кўнглингни нималар банд қилмоқда? Ўша соатда ўзинг берилиб кетган дунёдан, гуноҳлардан, шаҳватлардан жирканиб, нафратланмаяпсанми? Ўзинг билан ушбу қабр орасида бир неча соат ёки бир неча дақиқа борлигини ҳис қилмаяпсанми? Энди мана шу ўлимдан сўнг иккинчи уйғонишни эсла! Ҳа, иккинчи уйғониш! Ўлим охирги бекат эмас! Ўлим энг катта уйғониш учун ўтиладиган бир босқичдир. Бу ҳақидаги Аллоҳнинг ушбу сўзини эсингга ол: 

“Қачонки, (қиёмат эълони учун) сур чалинганида, ана ўша кун қийин кундир. Кофирларга осон бўлмаган (кундир)” (Муддассир, 8-10). 

Ўша буюк тўпланишни эсла! Аллоҳ азза ва жалла у тўпланиш куни ҳақида шундай деган: 

“Бас, (Эй, Муҳаммад! Кофирларнинг азиятларига) чиройли сабр билан сабр қилинг! Чунки улар у (кун)ни узоқ деб билурлар, Биз эса уни яқин билурмиз. У кунда осмон ёғнинг қуйқасидек бўлиб қолур. Тоғлар эса юнг каби (тўзон) бўлиб кетар. Дўст дўстидан (ҳол-аҳвол) сўрамас. (Ҳолбуки) улар (бир-бирларига) кўрсатилурлар. Жиноятчи (кофир) у куннинг азобидан (қутулиш учун) ўғилларини, хотини ва биродарини, уни ўз паноҳига оладиган қариндошини ва Ердаги барча кишиларни тўлов қилиб бериб, унга нажот беришни истар” (Маориж, 5-14). 

Сен шак-шубҳасиз борадиган ушбу кунингни эсла! Кейин ҳисоб бериш учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида туришингни эсла! Мана шу буюк туришдир. Аллоҳнинг бу ҳақидаги сўзини эсла: 

“Парвардигорингиз номига қасамки, албатта уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш амаллари ҳақида сўраймиз” (Ҳижр, 92). 

Сен, ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамасдан, улкан оятлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисан? Аллоҳ таоло “Парвардигорингиз номига қасамки” деб қасам билан бошлаяпти. “Албатта, уларнинг барчасидан”, яъни яхши бандадан ҳам, ёмон бандадан ҳам, одилдан ҳам, золимдан ҳам “қилиб ўтган иш амаллари ҳақида сўраймиз” деяпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: “Қиёмат куни банда то тўрт нарсадан сўралмагунича қадами ердан узилмайди: умрини нима билан ўтказгани, илмига қандай амал қилгани, молини қаердан топиб, қаерга сарф қилгани, жасадини қандай ишда қаритгани”. 

Эй мусулмон биродарим! Сен албатта ушбу тўрт нарса ҳақида сўраласан! Роббимиз сўрамасидан олдин ўзинг ушбу тўрт нарса ҳақида нафсингдан сўра! Ушбу тўпланиш, туришни эслаб бўлганингдан кейин Сирот кўприги устидан юришингни эсла! Сирот нима эканлигини биласанми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида шундай деганлар: “Кейин жаҳаннам устига Сирот ўрнатилади. У қилдан ингичка, қиличдан ўткирдир”. Сендан ушбу кўприк устидан ўтишинг талаб қилинади. Сен бу дунёда шу сифатдаги кўприкдан ўтишни тажриба қилиб кўрганмисан? Бирор марта уйнинг томида қалтирамай юрганмисан? Пайғамбар алайҳиссалом “Қилдан ингичка, қиличдан ўткир” дея васф қилган кўприк устидан ўтиш учун сени чорланганда аҳволинг нима бўлади? Лекин ўша кўприк банда бу дунёда Аллоҳ розилигини кўзлаб нафсига қанчалик торлик қилган бўлса, шунчалик миқдорда кенгаяди. Бугунги кунингга назар сол-чи! Роббингни рози қилиш мақсадида шаҳватлар ва ҳавойи нафслар сари ундайдиган нафсингга қанчалик торлик қилмоқдасан? Бугун Роббингни рози қилиш мақсадида нафсингга қанчалик торлик қилсанг, эртага Роббинг ўша тор кўприкни шу қадар кенг қилиб қўяди. Мўмин банда бу дунёда Аллоҳни яхши кўриб ва Ундан қўрқиб қилган барча солиҳ амалларини кўтариб, ўша кўприкдан ўтаётганда пастдаги дўзах очиқ-ойдин, фасоҳатли тил билан: “Ўтақол, эй мўмин! Ўтақол, эй мўмин! Иймонингни нури менинг оловимни ўчирди” деб айтади. Қалбинг Аллоҳнинг муҳаббати билан ва Унинг қўрқуви билан тўлиб-тошиши учун юқоридагиларнинг барчаси сенга етарли эмасми, эй мусулмон биродарим? Неъмат берувчи Зотни эсла! 

Қарачи, сени Ўз неъматлари билан улуғлаётган Зот ким экан? 

Қарачи, устингга ошкора ва яширин раҳматларини селдек ёғдираётган ким экан? Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу оятини эсла: 

“Сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил берди” (Луқмон, 20). 

Бу оятни эсла ва доим ёдингда тут! Чунки, нафс ўзига эҳсон қилган кимсани яхши кўрадиган қилиб яратилган. Агар инсон Аллоҳнинг унга берган барча неъматлари ва келажакда борадиган ҳаёти (ўлим, охират, ҳисоб, Сиротдан ўтиш, жаннат, дўзах) ҳақида холис тафаккур қилса, қалби Аллоҳнинг муҳаббати ва қўрқуви билан тўлади. Бу эса Аллоҳга гуноҳ қилмаслик йўлидаги энг яхши ёрдамчидир. Агар Аллоҳга гуноҳ содир этиб қўйса ҳам, тавбага тезроқ шошилади. Тавба қилганда ҳам, ўша гуноҳга асло қайтмасликка аҳд қилади. 

Мана шу сўзларимни сизларга айтаман. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан менинг қалбимни ва сизларнинг қалбларингизни Ўзининг муҳаббати ва қўрқуви билан тўлдиришини сўрайман. У Зотга истиғфор айтинглар, шунда У сизларни кечиради.      


Нозимжон Ҳошимжон таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дарҳақиқат мен жинлар ва инсонлардан бўлган шайтонларнинг Умардан қочишларини кўрдимrdquoРасулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламТермизий ривояти. Ҳадис ҳасан давоми...

6533 12:34 / 15.03.2017
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули Йўлим кесилди, мени давоми...

3137 05:00 / 13.03.2017
Аҳли байт ва ол тушунчасиНамозда саловот айтиш суннат эканлиги машҳур ва маълум нарса. Намозда айтиладиган саловотни Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ўзлари бизга давоми...

40533 05:00 / 14.03.2017
Бу сарлавҳа остидаги бобда кофир қавмларнинг вояга етмай ўлиб кетган ёш болалари ҳақида келган таълимотлар ҳақида сўз кетади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан давоми...

3019 05:00 / 13.03.2017