Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (45-дарс). «Ал-муомалот ал-молия»

14:00 / 10.08.2019 4246 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу ном ила охирги пайтларда кўпгина китоблар ёзилди. Молиявий масалалар кўп учраб, мусулмонларнинг ҳожати тез-тез тушиб тургани учун ҳам бу иш кўплаб амалга оширилганлиги кўриниб турибди. Иккинчидан, молиявий муассасаларнинг имконлари яхшилиги ҳам бош омил ўлароқ бу маънодаги баҳс, тадқиқот ва китобларнинг юзага келишини тезлаштирди. Турли банклар ва бошқа иқтисодий муассасалар уламоларга шароит яратиб бериб, улардан ўзларининг ҳожати тушиб турадиган масалаларни ёритиб беришни сўрадилар ва бу иш амалга ошди.

Бу турдаги китобларга қуйидаги асарларни мисол қила оламиз.

«Фиқҳу ал-муомалот ал-молия фил Ислам».

Бу китобнинг муаллифи шайх Ҳасан Айюб. Муаллиф ушбу китобида бугунги кундаги молиявий муомалаларни осон услуб ва тил билан баён қилиб берган. Фиқҳий ҳукмларнинг далилларини ҳам мухтасар шаклда келтирган. Аввал молиявий муомалаларга боғлиқ ҳадисларни келтирган. Кейин улардан фақиҳлар чиқариб олган ҳукмларни зикр қилган.

«Фиқҳу ал-муомалот ал-молия фил Ислам» китобида савдонинг турлари, рибо, салам, қарз, гаров, ширкат, ижара, ҳиба, вақф, васиятлар, топилмалар, шуфъа ва кафолат каби мавзулар ёритилган. Китобнинг биринчи нашри 2003 йили «Дорус-салам» нашриёти томонидан амалга оширилган.

«Диросатун шаръийятун ли аҳаммил уқудил молиятил мустаҳдасати».

Бу китобнинг муаллифи Муҳаммад Мустафо Абуҳу Шинқитийдир. «Диросатун шаръийятун ли аҳаммил уқудил молиятил мустаҳдасати» китобининг номини таржима қиладиган бўлсак, «Янги пайдо бўлган молиявий ақдлар бўйича шаръий изланишлар» деган маъно келиб чиқади.

Муҳаммад Мустафо Абуҳу Шинқитий бу китобида тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабнинг ва баъзи уламоларнинг қавлларидан истифода этган. У фуруъул фиқҳ, усулул фиқҳ, ҳадис, тафсир ва фиқҳий қоидаларга оид эски китоблардан ҳамда янги энциклопедиялар ва китоблардан фойдаланган. Шунингдек, турли халқаро илмий анжуманлар, махсус илмий гуруҳлар ва Ислом Фиқҳи Академияларининг ҳужжатларини ҳам эътиборга олган.

Муаллиф асосан молиявий муомалалар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим қилишга ҳаракат қилган ва Ислом банклари амал қилаётган муоамалаларнинг шаръий ҳукмини баён қилишга эътибор берган. Китоб икки жуздан иборат бўлиб, унинг иккинчи нашрини «Мактабатул улуми вал ҳиками» нашриёти 2001 йили Мадинаи Мунавварада амалга оширган.

«Ал-муомалотул молиятул муосирату фил фиқҳил Исламий».

Бу китобнинг муаллифи Иордания Дорилфунуни шариат куллияси, фиқҳ ва унинг усули қисмида фаолият олиб борувчи доктор Муҳаммад Усмон Баширдир. У киши дорилфунунда мазкур китобнинг номи бўйича, яъни «Замонавий молиявий муомалалар Ислом фиқҳида» номли фан бўйича дарслар ўтган ва кейинчалик маърузалари матнини китоб қилган.

«Ал-муомалотул молиятул муосирату фил фиқҳил Исламий» китоби муқаддима, тўрт фасл ва хотимадан иборат.

Муқаддимада китобни тайёрлашдаги услуб ҳақида сўз юритилган.

Биринчи фаслда замонавий молиявий муомалалар билан иш олиб бориш услуби ва хусусиятлари ҳақида маълумотлар келтирилган.

Иккинчи фаслда эса муаллифлик ва ихтирочилик ҳаққи ва тижорий рамз каби маънавий ҳақлар тўғрисида сўз юритилган.

Учинчи фаслда суғурта низоми ва унинг ўрнидаги шаръий тизим ҳақида баҳс кетган.

Тўртинчи фаслдаги маълумотлар пул бирликлари, қимматбаҳо қоғозлар, улушлар каби нарсалардан иборат.

Бешинчи фаслда Ислом банклари ва улардаги иш услублари ҳақида гап борган. Китобнинг тўртинчи нашри 2001 йилда Аммонда «Дорун-Нафоис» томонидан амалга оширилган.

Бу мавзудаги китоблар анчагина бор. Улар билан танишиб чиқилганда, кўпинча ушбу китоблар таъриф ва тавсиф ҳамда у ёки бу молиявий муомаланинг шариатга тўғри келиши ёки келмаслиги ҳақидаги маълумотлар ва ҳукмларнинг далилларидан иборат эканлиги мулоҳаза қилинади. Худди ўша молиявий муомалаларнинг тафсилотлари ва улардан воқеликда келиб чиқадиган муаммо ва низоларни бартараф қилиш учун керак бўлган ечимларни топиш эса мушкул.

«Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . . . . . . . . . . . . Бомдоддан олдин ва пешин, шом ҳамда хуфтондан кейин икки ракъат, шунингдек, давоми...

2223 19:00 / 16.02.2023
.Истинжо, луғатда .ахлатни кетказиш, деганидир. Фуқаҳолар истилоҳида эса нажосатни сув ва шунга ўхшаш нарса ила кетказиш ёки тошга ўхшаш нарса ила артишга давоми...

2863 16:27 / 08.04.2021
6. Акса урганга соғлик тилаш.Намозхон акса урган кишига .Ярҳамукаллоҳ,, деса, намози бузилади. Чунки бу нарса одамлар орасида урф бўлган каломдир. Акса урганга давоми...

1662 00:00 / 09.12.2022
Бошқа илмлардаги каби, фиқҳ илмида ҳам ўзига хос истилоҳлар бор. Мазкур истилоҳларни яхшилаб тушуниб олиш кишига фиқҳни англаб етишда катта ёрдам беради. Қуйида давоми...

3153 16:05 / 12.12.2019