Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (79-дарс). Абу Ҳанифанинг сифатлари

16:07 / 02.04.2020 3615 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга, тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассам эди. У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи беқиёс илмий фаолиятлари билан бирга, тижоратни ҳам олиб борар эдилар. У кишининг ҳаётларини ўрганган олимлар «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида тожир сифатида тўрт хислат алоҳида намоён бўлиб турган», дейдилар. У киши кўзи тўқлик, ўта омонатлилик, сахийлик ва ўта диндорлик билан ажралиб турганлар.

Кўпчилик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг тожирликда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга жуда ҳам ўхшашликларини таъкидлаганлар.

Бир аёл Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига ипак кийим сотмоқчи бўлиб келди. Шунда у киши:

«Бунинг баҳоси қанча?» дедилар.

«Юз», деди.

«Бу юздан кўп туради», дедилар.

Аёл юз-юздан қўшиб, тўрт юзгача етди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эса «Бу ундан кўп туради», дейишда давом этдилар. Охири аёл:

«Мени масхара қиляпсанми?» деди.

«Бир кишини олиб кел, нарх қўйиб берсин», дедилар.

Аёл бир кишини олиб келди. У киши кийимни беш юзга баҳолади ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўша нархга уни сотиб олдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тижоратда ўта ҳалол бўлганлар. Ўзлари фойда кўраётганда қарши тарафнинг ҳам зиён кўришини мутлақо истамаганлар. Билмаган харидордан фойдаланишдан кўра унга маслаҳат беришни афзал билганлар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи умавийлар халифалигида 53 йил, аббосийлар халифалигида 18 йил яшадилар. У киши ҳижрий 130-санада умавийлар сиёсатига қарши чиқиб, Маккага қочиб кетиб, аббосийлар ҳукмга келгунларича ўша ерда турдилар. Улар ҳукмга келганларида яна Куфага қайтиб келдилар.

Диний фаолиятда фақат илмнинг ўзи кифоя қилмайди. Етук олим бўлиш учун илм билан бирга тақво ва Аллоҳга доимий боғлиқлик бўлиши зарур. Бу нарсалар имом Абу Ҳанифада олий даражада эди. У кишини кўмишдан аввал ювган ғассол Ҳасан ибн Амора ювишни тамомлаб бўлиб, кафанлаб қўйилган жасадларига қараб: «Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, мағфират айласин. Ўттиз йилдан бери рўзасиз юрмадингиз. Қирқ йил кечаси ёнбошингиз кўрпа кўрмади. Сиздан кейин келганларни чарчатдингиз. Қориларни шарманда қилдингиз», деган экан.

Маълумки, ўша вақтда ҳокимлар доимо тақводор ва ўзига ишончи бор уламолардан ҳадиксираб юришарди. Уламоларни нима қилиб бўлса ҳам тузоқларига илинтириш ёки йўқ қилиш пайидан бўлардилар. Шундай ҳолат имом Абу Ҳанифанинг ҳаётларида ҳам бўлган. У кишининг халқ ўртасидаги обрўларидан қўрққан Язид ибн Умар ибн Ҳубайра Куфага қози қилмоқчи бўлди. Абу Ҳанифа бош тортдилар. Шунда у кишини қамаб қўйиб, ҳар куни ўн қамчидан уришга амр бўлди. Аммо азоб ҳам имом Абу Ҳанифани ўз фикрларидан қайтара олмади.

Халифа Жаъфар Мансур Бағдодни қураётиб, Абу Ҳанифани Куфадан олдириб келди. Имом Абу Ҳанифа шаҳарни режалаш ва қуришда қатнашдилар. Аммо халифа қозиликни таклиф қилганида, бош тортдилар. Орада яна дўқ-пўписа, тортишишлар бўлди.

Имом Абу Ҳанифанинг ҳаётини ўрганган тарихчиларнинг айтишларича, у киши халифа Мансурнинг «Агар қози бўлмасанг, Фурот дарёсига оқизиб юбораман», деган дўқларига: «Дарёда оқишни афзал кўраман. Билиб қўй, мен бу ишни эплай олмайман», деганлар. Шунда халифа Имомга: «Ёлғон айтаяпсан», деган. Имом Абу Ҳанифа дарҳол: «Қандай қилиб сен ёлғончини қози қилишга рози бўляпсан?!» деганлар.

Ҳокимият саройи билан Имоми Аъзам ўрталаридаги келишмовчиликлар кейин ҳам давом этди. Ҳокимиятнинг ёллаб олган олимлари хатога йўл қўйсалар, у киши аёвсиз фош қилар, шу билан бирга, оддий кишилар, бечораларни доимо ҳимоя қилар эдилар. Имоми Аъзам ҳижрий 150-санада вафот этдилар.

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом оламида бешинчи аркон муборак ҳаж зиёрати адо қилинадиган зулҳижжа ойи яқинлашиб келмоқда. Йўлга қодир бўлганлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш давоми...

6173 13:30 / 19.07.2021
Маълумки, биз ҳозир техника технология, интеллектуал билим ва салоҳиятлар асрида яшамоқдамиз. Авваллари, барча соҳада бўлганидек, фиқҳ соҳасидаги муаммолар, давоми...

3080 05:00 / 18.01.2017
.Дия, сўзи луғатда бир нарсанинг эвазига мол беришга айтилади. Ҳанафий мазҳабининг таърифида .Жон бадалига берилган мол дия деб аталади.Аллоҳ таоло .Ким бир давоми...

5438 05:00 / 18.01.2017
Араб тилида .қоида, сўзи асл ва асос маъноларини билдиради. Араблар уйнинг пойдеворини ҳам .қоида, дейишади. Фиқҳ уламолари истилоҳида .қоида, жузъий нарсаларнинг давоми...

4997 12:10 / 13.03.2019