Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (31-дарс). Аҳком ҳадисларга оид китоблар

21:30 / 01.05.2019 4221 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиқҳга оид китоблар ичида аҳком ҳадислари ва уларнинг шарҳидан иборат китоблар ҳам бор. Бу йўналишдаги китобларнинг баъзиларида шаръий ҳукмларга доир ҳадиси шарифлар жамланган бўлса, бошқаларида улар шарҳ қилинган. Мазкур китоблар ичида маълум ва машҳур фиқҳий мазҳаблар асосида ёки мазҳабга эътибор бермай ёзилганлари ҳам бор. Бу йўналишдаги китоблардан баъзиларини кўриб чиқамиз.

1. «Мушкулул осор».

Бу китобнинг муаллифи машҳур ҳанафий олим имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Салама Таҳовийдир. Ҳижрий 323 санада вафот этган.

Бу китобда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадис ва асарлар ишончли санадлар билан келтирилган. Имом Таҳовий ўзининг бу китобида осон услуб ила мазкур ривоятларнинг мушкул ерларини баён қилган ва улардан фиқҳий аҳкомлар чиқарган. Уларни фиқҳ бобларига тақсимлаб келтирган. Фуқаҳолар ва мазҳабларнинг хилофига эътибор бермаган.

«Мушкулул Осор»нинг муаллифи масалаларни фиқҳий бобларда келтирган бўлса ҳам, бобларни фиқҳий тартибда келтирмай, ҳадисларнинг келишига қараб иш олиб борган.

2. «Шарҳи Мушкулул осор».

Бу китобнинг муаллифи ҳам имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Салма Аздий Таҳовийдир, яъни имом Таҳовий ўз китоблари – «Мушкулул осор»га ўзлари шарҳ ёзганлар.

Бу китобда Имом Таҳовий аҳком ҳадисларини ва ихтилофли масалаларнинг далилларини фиқҳий боблар тартибида келтирган. Имом Таҳовий унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аҳкомлар хусусида келган ва сиртдан бир-бирига зид бўлиб кўринадиган ривоятларни олиб, носих ва мансухни, мутлақ ва муқайядни баён қилган ҳамда қай бирига амал қилиш лозим-у, қай бирига амал қилиш лозим эмаслигини кўрсатган. У киши баъзи ихтилоф қилган тарафлар ушлаб олган ривоятларни келтириб, уларнинг санади, матни ҳамда улар ҳақида саҳобалар, имомлар ва уламолар айтган гапларни зикр қилади.

«Шарҳи Мушкулул осор»ни имом Бадруддин Айний шарҳ қилган.

3. «Мирқотул мафотиҳ».

Ҳанафийларнинг бу йўналишдаги энг машҳур китобларидан бири Мулло Али Қори раҳматуллоҳи алайҳининг «Мирқотул мафотийҳ» китобидир. Бу асар имом Хатиб Табризийнинг «Мишкотул масобийҳ» номли китобига битилган шарҳдир. Мулло Али Қори раҳматуллоҳи алайҳи муқаддимада таъкидлаганидек, китобни ёзишдан асосий мақсад бошқаларнинг «Ҳанафийлар ҳадисни билмайди», деган даъволарига раддия бериш эди.

Дарҳақиқат, «Мирқотул мафотийҳ» китоби ҳанафийларнинг ҳар бир ҳукмни фақат Қуръон ва ҳадисдан олганларини исбот қилган асардир.

4. «Насбур-роя фий тахрийжи аҳодисил Ҳидоя».

Бу китобнинг муаллифи машҳур ҳанафий олим Жамолуддин Абдуллоҳ ибн Юсуф Зайлаъийдир (ҳижрий 625–702 йиллар).

Китобнинг исмидан ҳам билиниб турганидек, у имом Бурҳонуддин Марғинонийнинг машҳур «Ҳидоя»сида келган ҳадисларнинг санади ва ровийларини китоблардан топиб чиқарган. Чунки «Ҳидоя»да ҳадислар санади ва ровийлари ҳамда уларни келтирган муҳаддисларнинг исмлари зикр қилинмаган. Бу нарса имом Бурҳонуддин Марғинонийнинг танқид қилинишига сабаб бўлган эди.

«Насбур-роя фий тахрийжи аҳодисил Ҳидоя»да муаллиф ҳадисларнинг тахрижи – санад, ровий ва уларни келтирган муҳаддисларни аниқлаш ила кифояланиб қолмай, уларнинг саҳиҳ, ҳасан ва заиф каби даражаларини ҳам аниқлаган. Шунингдек, ўша ҳадисларга боғлиқ ва зид бўлган ривоятларни ҳам келтирган ва бошқа бир қанча илмий хизматларни қилган.

«Насбур-роя фий тахрийжи аҳодисил Ҳидоя» нафақат ҳанафийлар, балки бошқа мазҳаблар уламолари томонидан ҳам юқори баҳоланган. Бошқа мазҳабларнинг бир қанча уламолари унга шарҳ ва таълиқлар ёзганлар.

«Насбур-роя фий тахрийжи аҳодисил Ҳидоя»дан ўрнак олиб, бошқа мазҳабларнинг уламолари ҳам унга ўхшаш китоблар битганлар.

5. «Иҳкомул аҳком шарҳи Умдатил аҳком».

Бу китобнинг муаллифи машҳур шофеъий олим Муҳаммад ибн Али ибн Ваҳб ибн Дақиқил Ийддир (ҳижрий 625–702 йиллар).

«Иҳкомул аҳком шарҳи Умдатил аҳком» имом Абдулғани Мақдисийнинг имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларидаги аҳком ҳадислари мажмуасига ёзилган «Умдатул аҳком» номли шарҳдир.

«Иҳкомул аҳком шарҳи Умдатил аҳком»нинг муаллифи аввал ҳадиси шарифни келтиради. Сўнгра ундаги лафзларни шарҳ қилади ва фиқҳий ҳукмларни баён этади. Кейин эса бошқа мазҳаб уламоларининг фикрларини келтириб, қай бири кучли эканини ҳам айтиб ўтади.

Бу китоб фиқҳий боблар асосида тартибланган. Ундаги ҳадислар сони 427 тадир.

Бу йўналишдаги китоблар ичида Санъонийнинг «Субулус-Салом» ва Шавконийнинг «Найлул Автор» китоблари ҳам машҳурдир.

Ҳозирда ҳам бу йўналишда баъзи китоблар бор. Мисол учун: «Манҳал ал-ҳадис фий шарҳил ҳадис».

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бандаларига дунё ҳаётида чиройли яшашлари, охират тадоригини кўришлари учун барча ҳукмларни нозил қилган Аллоҳга беадад ҳамдсанолар бўлсин. Аллоҳнинг давоми...

15541 05:00 / 18.01.2017
. .Саъд розияллоҳу анҳу айтадилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўнг тарафларига ва чап тарафларига салом беришларини кўрар эдим, ҳатто у давоми...

2730 19:00 / 26.05.2022
.Қунут, луғатда .дуо, ва .тазарруъ, маъносини англатади. Шариатда эса намозда рукуъдан олдин ёки кейин туриб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб, ёмонликни даф қилиш ёки давоми...

3558 16:39 / 06.01.2022
Ўзидан бошқанинг мусулмон эмаслиги ҳақида фатво чиқарган динда ҳаддидан ошиб ғулувга кетган тоифалар ҳукумат ишларида ишлаш ҳам ҳаром деган фикрни олға давоми...

2756 05:00 / 03.03.2017