Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (4-дарс). Шофеъий ва у кишининг мазҳаби

10:06 / 22.10.2018 6103 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Шофеъий Муҳаммад ибн Идрис ҳижрий 150 санада, имом Абу Ҳанифа вафот этган кунлари дунёга келдилар. У киши арабларнинг машҳур Қурайш қабиласига мансубдирлар. Кичикликларидан бошлаб илм талаби ила машғул бўлдилар.

Арабларнинг одати бўйича, саҳродаги қабилалардан Ҳузайл қабиласи билан бир неча йил яшаб, уларнинг шеърлар ва хабарларини, араб тили фасоҳати, балоғатини ўргандилар. Маккага қайтиб келганларида, баъзи фозиллар у кишига: «Тил, фасоҳат ва заковат эгаси бўла туриб, фиқҳни ўрганмасанг бўлмайди, агар шуни қилсанг, ўз замонангнинг улуғи бўласан», дейишди ҳамда имом Молик ибн Анаснинг ҳузурларига бориб, таълим олишни маслаҳат беришди. Шундай бўлди ҳам.

Имом Шофеъий ўз замонасида машҳур бўлган илмларнинг кўпида пешқадам бўлиб етишдилар. Юнус ибн Абдул Аъло бу ҳақда шундай дейдилар: «Шофеъий араб тили ҳақида гапирса, бу ушбу илмда ҳаммадан пешқадам, дер эдим. Агар шеърдан сўз очса, бу ушбу илмда ҳаммадан пешқадам, дер эдим. Агар фиқҳдан сўз очса, бу ушбу илмда ҳаммадан пешқадам, дер эдим».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал эса: «Сиёҳдон кўтарган ҳар бир кишининг зиммасида Шофеъийнинг ҳаққи бор», дейдилар.

Илмларни мукаммал эгаллаб бўлган имом Шофеъий Зам-зам қудуғига яқин жойдан макон олиб, дарс айтишни бошлайдилар. У ерда ажойиб бир ҳусн ила ўтириб, тавозе ила одамларни илмларидан манфаатлантирар, саволларига жавоб берар эдилар. Аста-секин у кишининг ихлосмандлари, шогирдлари кўпая бошлади.

Кейинроқ бошқа бир мазҳабга асос солган имом Аҳмад ибн Ҳанбал у кишининг бош шогирдларидан ҳисобланади. Имом Абу Ҳанифа ва имом Моликдан фарқли ўлароқ, имом Шофеъий сафарни ёқтирар ва кўп сафар қилар эдилар. Гўдакликларида Ғаззадан Ҳижозга ота-оналари кўтариб келишган бўлса, Ҳижозда ўзлари шаҳар, қишлоқ ва саҳро кездилар. Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара орасида борди-келдилари кўпайди. Вақти келганда иш билан Яманга бордилар. Ироққа бир неча марта сафар қилдилар.

Имом Шофеъий қаерда бўлса ҳам илм, одоб, диндорлик, тақво уруғларини сочар эдилар. Ўша вақтнинг уламолари имом Шофеъийни тақдирлаб, илмларига қойил қолиб, имомликларини тан олдилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Имом Шофеъий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ бу умматга ҳар юз йил бошида унинг динини янгилайдиган кишини юборади», деган ҳадисларига биноан, ҳижрий иккинчи сананинг мужаддиди ҳисобланади», дейдилар.

«Тобақотуш-Шофеъийя» китоби муаллифи Абул Осим ал-Ибодий эса: «Имом Шофеъий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қурайшни сўкманглар, унинг олими ер атрофини илмга тўлдиради», деган ҳадисларидаги «Қурайш олими»дир», дейди.

Барча роббоний уламолар қатори, имом Шофеъий ҳам сиёсатчиларнинг шубҳаси ва ҳадигидан четда қолмадилар. У кишининг халқ оммаси ичидаги чексиз обрўси ўша вақт ҳукмдорларини ташвишга соларди. Ҳукумат тарафдорлари Имомнинг бир оғиз сўзидан ҳам айб топишга интизор бўлиб туришарди. Ниҳоят, иғвогарлар ўз мақсадларига эришдилар.

Имом Шофеъий Нажронда ишлаб турган пайтларида давлатга қарши чиқишда айбланиб, тўққизта алавийлар (ҳазрати Алининг авлодлари) билан бирга ушланиб, Бағдодга юборилди. Ўша вақтда Ҳорун Рашид халифа эди. Ушланганлар бир-бир сўроқ қилиниб, бошлари таналаридан жудо қилинди.

Охири, навбат имом Шофеъийга келди. Шунда Аллоҳ таолонинг инояти билан, чуқур илм, ўткир ақл-заковат ва ҳушёрлик сабаб бўлиб, имом Шофеъийнинг қил устида турган ҳаёти омон, қилич остида турган боши соғ қолди. Халифа Ҳорун Рашид у кишининг гапларидан қаноат ҳосил қилди ва бошқа масалаларни сўрай бошлади ва ниҳоят, Имомдан ўзига ваъз-насиҳат қилишни сўради. Ваъзни эшитиб, йиғлади ва имом Шофеъийга эллик минг танга бериб, от миндирди.

Имом Шофеъий халифанинг олдидан отни миниб, чиқиб кетдилар. Дарвоза олдига етганда у ерда турганларга тангаларни бўлиб бериб, йўлларида равона бўлдилар.

Имом Шофеъий ҳижрий 204 санада вафот этдилар.

Имом Шофеъий ўзларининг фиқҳий мазҳабларига бошқа имомларимиз каби Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёсни асос қилиб олдилар.

У киши имом Абу Ҳанифа ва имом Моликдан кейин вояга етганлари сабабли икковларининг ҳам мазҳабларини, илмий меросларини яхшилаб ўрганиш имконига эга бўлдилар.

Имом Моликнинг ҳузурларида шогирд бўлиб, дарс олдилар. Ушбу омиллар имом Шофеъийнинг фиқҳий мазҳабларида ҳам ўз изини қолдирди. У киши Абу Ҳанифанинг раъй – фикр мактабидан ҳам фойдаланиб, ўртача бир мактабга асос солдилар.

Раъй мадрасасидагилар фиқҳий масалаларда баҳс-мунозара ва тортишувлар йўлидан юрган кишилар эди. Ҳадис мадрасаси соҳиблари эса ҳар бир масалага ҳадис келтиришга иштиёқлари зўр эди. Имом Шофеъий эса ўрни келганда, ҳар иккисини ишлатишни йўлга қўйдилар.

Имом Шофеъий фиқҳий масалаларни ечиш билан бирга, уларни қайси қоида асосида ечганларини ҳам баён қилиб борар эдилар. Бунинг натижаси ўлароқ, у киши янги илм – усулул фиқҳ илмига асос солдилар. У кишидан олдин бу илм умуман йўқ эди.

Имом Шофеъий ижмоънинг шартлари, унинг қай даражадагиси тўғри-ю, қайсиниси нотўғри эканлигини билдирувчи аломатларни белгилаб бердилар.

Худди шунингдек, қиёснинг ҳам чегаралари ва шартларини баён қилдилар.

Имом Шофеъий бошқа фақиҳлар ўзларига манба деб ҳисоблаган «Истиҳсон»ни қабул этмадилар. Уни хато деб тушундилар.

Бу улуғ имомнинг «Ар-рисола» ва «Ал-умм» номли китоблари ҳозиргача бутун Ислом оламида машҳурдир.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақолаБобо, агар катта боболари, яъни бобонинг отаси бўлса ҳамМерос илмида .бобо, деганда отанинг отаси кўзда тутилади. У .саҳиҳ бобо, ёки .собит бобо, деб давоми...

1414 11:05 / 27.01.2020
Улар қуйидагилардан иборат 1. Таом ейиш. . . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир давоми...

853 19:00 / 30.11.2023
121. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Ким менга қасддан ёлғон давоми...

8424 18:29 / 26.07.2017
Савол. Мужтаҳид бўлмаган олим агар ўзига шу йўлни танлаб олган бўлса масалан, quotАввало Аллоҳнинг китобига амал қиламан, агар унда топилмаса, ҳадисларга амал давоми...

2818 05:00 / 18.01.2017