Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (213-дарс) Намозда макруҳ нарсалар (тўртинчи мақола)

19:00 / 12.01.2023 2105 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

14-15. Жанда кийимда ва хорликни изҳор қилишдан бошқа ҳолларда бошяланг намоз ўқиш.

Жанда кийим деганда, хароб аҳволдаги кийим кўзда тутилган. Баъзилар буни иш кийими, уй кийими бўлиши ҳам мумкин, деганлар.

Бошяланглик виқорсизлик ҳисобланганидан, бу ҳолда намоз ўқиш макруҳ ҳисобланган. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, аҳли солиҳ уламолар ва ўтган барча улуғлардан ҳеч ким бошяланг намоз ўқиган эмас.

Ҳаж ва умрага ўхшаш ибодатларда, яъни банданинг Аллоҳ олдида хорлигини изҳор қилувчи мақомларда бошяланглик хушуъ ва синиқлик аломати бўлади. 

16. Ўқиладиган нарсани санаш ҳам макруҳдир.

Бу санаш намоз ичидаги санашдир. Намоз ичида сура ва оятларни ҳамда тасбеҳларни бармоқлар ёки тасбеҳ билан санаш мумкин эмас. Тилида айтиб санаш мутлақо жоиз эмас, аммо қалбида ёки бармоқларини турган жойида қаттиқроқ сиқиб санаса бўлади. 

17. Масжиднинг эшигини қулфлаш. 

Намоздан бошқа вақтларда масжидга қулф солиш намозни ман қилишга ўхшаб қолгани сабабли макруҳ ҳисобланган.

Али Қори раҳматуллоҳи алайҳи «Мухтасари Виқоя»нинг шарҳида: «Бизнинг замонимизда масжидлардаги буюмларни сақлаш учун қулфланса, ҳечқиси йўқ», деган.

18. Масжиднинг томида жинсий яқинлик ва қазои ҳожат қилиш макруҳдир. 

Чунки масжиднинг томи ҳам масжиддан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам масжиднинг устидаги одам унинг ичидаги имомга иқтидо қилса, жоиз бўлади. Масжид ичида эътикоф ўтирган одам унинг устига чиқса, эътикофи бузилмайди.
Ичида намозхонаси бор уйнинг тепасида бу нарсалар макруҳ эмас. 

Чунки мазкур хона тўлақонли масжид ҳукмига эга бўлмайди.
Шунингдек, масжидни зийнатлаш, намоз ўқимаётган одамнинг орқасида намоз ўқиш, ундаги илон ва чаённи ўлдириш ҳам макруҳ эмас.

Масжидни зийнатлаш макруҳ эмас, деган уламолар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини зийнатлаганларини далил қилиб келтирадилар. Айни пайтда улар қарши тарафларнинг масжидни зийнатлаш макруҳлигига келтирган далилларини эътиборга оладилар ҳамда бу иш риё ва хўжакўрсинга бўлса, макруҳ эканини айтадилар.

Намоз ўқимаётган одамнинг орқасига қараб намоз ўқиш макруҳ эмаслигига Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг Нофеъ розияллоҳу анҳунинг орқаларига қараб намоз ўқишлари далилдир.

عَنْ نَافِعٍ أَنَّهُ قَالَ: كَانَ ابْنُ عُمَرَ إِذَا لَمْ يَجِدْ سَبِيلًا إِلَى سَارِيَةٍ مِنْ سَوَارِي الْمَسْجِدِ قَالَ لِي: وَلِّنِي ظَهْرَكَ.

Нофеъдан ривоят қилинади:

«Ибн Умар масжиднинг устунларидан бирор устунга йўл топа олмаса, «Менга орқангни ўгир», дер эди».

Масжиддаги илон ва чаённи ўлдириш ҳам макруҳ эмаслигига қуйидаги ҳадис далилдир:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «اقْتُلُوا الْأَسْوَدَيْنِ فِي الصَّلَاةِ الْحَيَّةَ وَالْعَقْرَبَ». رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَالْحَاكِمُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Икки қорани: заҳарли илон ва чаённи намозда ҳам ўлдиринглар», дедилар». 

«Сунан» эгалари ва Ҳоким ривоят қилишган.


«Мухтасар»нинг муаллифидан бошқа уламоларимиз қуйидаги нарсаларни ҳам макруҳ дейдилар:

18. Намознинг вожиб амалларидан бирортасини қасддан тарк қилиш макруҳи таҳримийдир. 
19. Рукуъга бораётганда ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтариш.
20. Намознинг суннатларидан бирортасини қасддан тарк қилиш.
21. Иккинчи ракъат қироатини биринчи ракъатнинг қироатидан узун қилиш.
22. Фарз намозда бир сурани иккала ракъатида такрор ўқиш.
23. Қуръондаги тартибга хилоф тартибда қироат қилиш.
24. Рукуъ ва саждада қироат қилиш.
25. Қўл билан кийим, бадан ва соқолни оз миқдорда ушлаб ҳаракат қилиш.
26. Бармоқларни бир-бирининг орасига киритиш.
27. Кўзни юмиб олиш.
28. Беҳожат аланглаш.
29. Кўзни осмонга қаратиш.
30. Бир оёғини кўтариб туриш.
31. Ҳожат қистаб турганда намоз ўқиш.
32. Туфлаш.
33. Эснаш.
34. Саломга ишора билан алик олиш. 
35. Фарзнинг кейинги икки ракъатида сура ёки оят қироат қилиш.
36. Ёниб турган оловга қараб намоз ўқиш.
37. Кийимни киймай, елкага ташлаб олиб намоз ўқиш ва бошқалар.

(Давоми бор) 

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Фиқҳ, сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади. Шариат истилоҳида эса .Шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга давоми...

12528 10:37 / 17.08.2018
Қуёш нурида исиб қолган сувни ишлатишнинг ҳукми тўғрисида қуйидаги қарашлар айтилган1. Мутлақо макруҳ эмас2. Иссиқ ўлкаларда барча оғзи очиқ идишларда бўлгани давоми...

4290 05:00 / 19.01.2017
Агар беморлик туфайли тик туриб намоз ўқиш имкони бўлмаса ёки тик турса беморлиги зиёда бўлиш хавфи бўлса, тузалиши орқага сурилса, тик турганда шиддатли алам давоми...

1269 19:00 / 25.08.2023
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Фотима ва Аббос розияллоҳу анҳумо Абу Бакрнинг ҳузурига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган давоми...

2051 15:30 / 30.03.2020