Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (27-дарс). Ёзилиш шаклига кўра фиқҳ китоблари

13:30 / 03.04.2019 4263 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиқҳ китоблари ёзилиш шаклига кўра ҳам бир неча турга тақсимланади. Баъзиларида алоҳида бир мазҳабнинг, тўғрироғи, муаллифнинг ўзи мансуб бўлган фиқҳий мазҳабнинг фуқаҳолар истинбот қилган ҳукмлари ҳеч қандай далилсиз, тўғридан-тўғри ёзиб кетилаверган.

Бошқа бир турдаги китобларда бир неча фиқҳий мазҳабларнинг фуқаҳолар истинбот қилган ҳукмлари ҳеч қандай далилсиз, тўғридан-тўғри ёзиб кетилаверган.

Учинчи турдаги китобларда муаллифнинг фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар истинбот қилган ҳукмлари билан бирга уларнинг ҳужжат ва далиллари ҳам ёзилган.

Тўртинчи турдаги китобларда бир неча мазҳабнинг қарашлари билан бирга уларнинг ҳужжат ва далиллари ҳам ёзилган. Келаси сатрларда ҳар бир турга алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Бир мазҳабнинг далилсиз китоблари

Бундай китобларга асосан ҳар бир мазҳабдаги мухтасар китоблар киради. Бу турдаги ҳанафий мазҳабига оид китоблардан қуйидагиларни мисол келтиришимиз мумкин.

1. «Мухтасари Виқоя».

Бу китобнинг асл номи «Ниқоя» бўлиб, уни ҳижрий 745 санада вафот этган машҳур фақиҳ Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Ҳанафий ўзининг бобоси Маҳмуд ибн Содруш-шарийъанинг «Виқоятур-ривоя фий масоилил Ҳидоя» номли китобини мухтасар қилиш – қисқартириш ила юзага келтирган.

Демак, «Мухтасари Виқоя» китоби Бурҳонуддин Марғинонийнинг «Ҳидоя»сига боғлиқ китобдир.

«Мухтасари Виқоя» айниқса бизнинг диёримизда қадимдан машҳурдир.

2. «Мухтасари Қудурий».

Бу китоб имом Абулҳусайн Аҳмад ибн Маҳмуд Қудурийнинг қаламига мансуб. Ҳанафий мазҳабида «китоб» дейилганда «Мухтасари Қудурий» англанади.

«Мухтасари Қудурий» ҳанафий мазҳабидаги энг машҳур китоблардан биридир. У муболаға даражасида мақталган. Ҳожи Халифанинг таъкидлашича, ҳанафийлар бу китобни вабо тарқалганда радди бало учун ўқишган ва «Ким уни ёд олса, фақирликка учрамайди», деган гапларни айтишган.

Баъзи шарҳчиларнинг таъкидлашларича, «Мухтасари Қудурий»да ўн икки минг масала баён қилинган. «Мухтасари Қудурий»нинг шарҳлари жуда ҳам кўп.

3. «Мухтор».

Аслида бу китобнинг номи «Мухтор лил фатво» бўлиб, унинг муаллифи Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд Мусилий Ҳанафийдир.

«Мухтор»ни Мусилий Ҳанафий баъзи улуғ кишиларнинг илтимосига биноан, талаби илмни энди бошлаётган ўқувчилар учун ёзган. Унда асосан Имоми Аъзамнинг қавллари ва фатволарини ихтиёр қилган. Шунинг учун ҳам бу мухтасар китобини «Мухтор» деб номлаган.

Аммо Мусилий Ҳанафийнинг «Мухтор»ини кўпчилик, жумладан, катта фуқаҳолар ҳам ўқишган ва ёд олишган. Китоб ҳамма тарафга тарқалиб, шуҳрати етти иқлимга ёйилган. Кейин Мусилий Ҳанафийнинг қариндошларидан бири китобга бошқа фақиҳлар қайси ҳукмни олганларига ишора қўйиб чиқишни илтимос қилган. Бу иш ҳам амалга оширилганидан кейин китобнинг қиймати яна ҳам ортган.

Кейинчалик Мусилий Ҳанафий ўз китобини далил ва ҳужжатлар келтириб шарҳ қилган ва унга «Ал-ихтиёр» деб ном берган. Бу икки китоб кенг тарқалган ва ҳозир ҳам қайта-қайта нашр қилинмоқда.

«Мухтор»ни бошқа уламолар ҳам шарҳ қилганлар.

4. «Мултақул абҳур».

Бу китобнинг муаллифи Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳалабий Ҳанафийдир (ҳижрий 956 санада вафот қилган).

У киши ўз китобини баъзи одамларнинг таклифига биноан «Мухтасари Қудурий», «Мухтор», «Ал-канз» ва «Мухтасари Виқоя» китобларидан фойдаланиб, осон тил ва услуб ила, далилларни зикр қилмай ёзган.

«Мултақал Абҳур» кўпчилик томонидан маъқул кўрилган ва унга бир қанча шарҳлар ёзилган. Китобнинг шарҳлари ичида «Мажмаъул Анҳур» бошқаларидан кўра машҳурдир.

Ҳанафий мазҳабидан бошқа уч мазҳабга оид бу турдаги китоблардан биттадан мисол келтирамиз.

5. «Мухтасари Халил».

Бу китоб моликий мазҳабига мансуб бўлиб, унинг муаллифи Халил ибн Исҳоқ Жундий Моликийдир (ҳижрий 767 санада вафот этган).

«Мухтасари Халил» моликий мазҳабидаги далилсиз битилган китобларнинг энг машҳури ҳисобланади. Моликийлар орасида «Мухтасари Халил» худди бизда «Мухтасари Виқоя» қандай бўлса, шундайдир. «Мухтасари Халил»нинг шарҳлари ҳам кўп.

6. «Мухтасари Табризий».

Бу китоб шофеъий мазҳабига мансуб бўлиб, унинг муаллифи Музаффар ибн Аҳмад Табризийдир (ҳижрий 621 санада вафот этган).

«Мухтасари Табризий» шофеъий мазҳабидаги далилсиз битилган китобларнинг энг машҳурларидан бири ҳисобланади. Уни муаллиф «Ал-Важийз» китобидан қисқартириб тузган. «Мухтасари Табризий»нинг ҳам турли шарҳлари кўп.

7. «Муқниъ».

Бу китоб ҳанбалий мазҳабига мансуб бўлиб, унинг муаллифи Ибн Муфлиҳ Мақдисий Ҳанбалийдир (ҳижрий 884 санада вафот этган).

«Муқниъ» ҳанбалий мазҳабидаги далилсиз битилган китобларнинг энг машҳурларидан бири ҳисобланади. Уни муаллиф унчалик қисқа ҳам қилмай, жуда чўзиб ҳам юбормай, ўртача қилиб ёзган. Муқаддимада ушбу китобнинг илми кўп, ҳажми оз бўлиши учун далилларни зикр қилмаганини айтган. Бу китобга кўплаб шарҳлар ёзилган.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Холам Маймунанинг ҳузурларида тунаб қолдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси давоми...

1228 00:00 / 21.10.2022
Инсон жон беришга яқинлашганда атрофида ҳозир бўлиб турганлар уни юзини қиблага қараб турадиган килиб, ўнг ёнбошига мойил ҳолда ётқизиб қўядилар. Чунки, Абу давоми...

4658 05:00 / 18.01.2017
.Қуёш чиқаётганда, қиёмда турганда ва ботаётганда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш ва жаноза намози ўқиш жоиз эмас. Бу ҳукмнинг далили қуйидагича давоми...

2940 16:30 / 17.06.2021
Интернетrdquo сўзи ажнабий тилдаги қисқартирилган жумла бўлиб, тилимизда халқаро маълумотлар тўриrdquo деган маънони англатади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан давоми...

5526 05:00 / 04.03.2017