Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1440 йил 17 жумадис сони | 2019 йил 22 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (12-дарс). Фиқҳий асарлар ёзишнинг бошланиши

13:00 / 19.12.2018 549 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дастлаб Қуръондан бошқа нарса ёзилмагани маълум ва машҳур. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ёзилди. Сўнгра ҳадис тадвин қилинди. Бундан кейин фиқҳга навбат келди.

Биринчи бўлиб амолий ва фатволарни ёзиш бошланди. Шайх Муҳаммад Абу Заҳра ўзининг «Абу Ҳанифа» номли китобида: «Мадина фақиҳлари Абдуллоҳ ибн Умар, Оиша, Ибн Аббоснинг ва улардан кейин келган тобеъинларнинг фатволарини жамлар, уларга назар солар ва уларга тақлид қилар эдилар», деган.

Ироқликлар Абдуллоҳ ибн Масъуд, Шурайҳ ва бошқаларнинг ҳукмлари ва фатволарини жамлашар эди.

Ривоятларда келишича, Иброҳим Нахаъий фатво ва унинг услубларини жамлаб, бир мажмуа шаклига келтирган эди. Шунингдек, имом Абу Ҳанифанинг устозлари Ҳаммод раҳматуллоҳи алайҳининг ҳам ўз мажмуаси бор.

Аммо мазкур мажмуалар китоб шаклида бўлмаган. Балки шахсий ёднома дафтарлар бўлиб, керак бўлганда ундан эгаси ўзи учун фойдаланган. Улар китоб шаклида оммага тақдим қилинмаган.

Вақти-соати етиб келганда фиқҳий китоблар ёзиш ишлари ҳам бошланди. Бу борада сўз юритар эканмиз, тарих эмас, одоб юзасидан иш тутиб, мазҳаббоши имомларнинг ҳар бирининг бош китобларидан биттасини эсга олиб ўтмоқчимиз.

Уларнинг учтасига нисбат берилган «Муснад» номли китоблар бор. Тўртинчиларининг китоби эса аввалгиларга ўхшаш ҳадислар мажмуаси бўлса ҳам, «Муснад» деб номланмаган.

«Муснад» номли китобларда китоб эгаси ўз ровийларидан битталари нечта ҳадис ривоят қилган бўлса, шуларни бирин-кетин келтиради. Кейин иккинчи ровийга ўтилиб, у киши ривоят қилган ҳадислар келтирилади. «Муснад» тариқасида биринчи бўлиб китоб тасниф қилганлар ичида Абдуллоҳ ибн Мусо Абасий, Мусаддад Басрий, Асад ибн Мусо ва Наъийм ибн Ҳаммод Хузоъий зикр қилинади. Кейин эса Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Усмон ибн Абу Шайба каби муҳаддислар ўз «Муснад» китобларини туздилар.

«Муснад» китоблари ичида энг машҳури ва кенг тарқалгани имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг муснадларидир. Шунингдек, имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъийнинг ҳам муснадлари бор. Имом Молик ўзларининг фиқҳ боблари асосида тўплаган ҳадислар мажмуасини «Муваттоъ» деб номлаганлар.

«Муснади Абу Ҳанифа».

Имом Абу Ҳанифага нисбат берилган фиқҳ китоби бўлмагани маълум. Аммо у кишига нисбат берилган ва «Муснади Абу Ҳанифа» деб аталган ҳадис ва осорлар мажмуасидан иборат китоб мавжуд.

Имом Абу Ҳанифа ҳадис бобида ҳам имом Моликка ўхшаб алоҳида китоб таълиф қилмаганлар. У киши ўз шогирдларига фиқҳдан дарс бериш жараёнида далил сифатида ўзларига етиб келган ҳадисларни имло қилиб, санадлари билан келтирар эдилар. Алоҳида ҳадис дарслари ўтмаганлар. Шунинг учун ҳам ривоятлари кўпаймаган. Аммо, шу билан бирга, имом Абу Ҳанифа ҳадис бобида кўп ҳадис билувчи ҳофизлардандир. Ҳадис илми устозларидан бўлган тўрт минг шайхдан ҳадис ёзиб олганлар.

Яҳё ибн Насрдан қуйидагича ривоят қилинган:

«У кишининг олдига кирсам, китобга тўлган уйда ўтирган экан. «Бу нима?» дедим. «Булар ҳадислар», деди».

Имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари ҳаракат қилиб, у кишининг ривоят қилган ҳадисларини ҳам китоб шаклига келтирганлар. Улардан ўн бештаси биттадан, яъни ўн бешта муснад жамлаганлар:

1. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ҳорис ал-Ҳорисий Бухорий.

2. Абулқосим Толҳа ибн Муҳаммад ибн Жаъфар Шоҳид.

3. Абулхойр Муҳаммад ибн Музаффар ибн Мусо ибн Ийсо ибн Муҳаммад.

4. Абу Нуъайм Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад Асфиҳоний.

5. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдул Боқий ибн Муҳаммад Ансорий.

6. Абу Аҳмад Абдуллоҳ ибн Адий Журжоний.

7. Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий.

8. Умар ибн Ҳасан Ашноний.

9. Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Холид ибн Холий Кулоъий.

10. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Хисрав Балхий.

11. Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Ансорий.

12. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний.

13. Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа.

14. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан (тобеъинлардан).

15. Абулқосим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абул Авом Сўғдий.

Мазкур ўн беш муснадни имом Абул Муайяд Муҳаммад ибн Маҳмуд Хоразмий (ҳижрий 596–665 йиллар) жамлаб ва фиқҳ боблари асосида тартибга солиб, китоб ҳолига келтирган ва «Жомеъул Масонид» деб номлаган. Мазкур китобни Байрутдаги «Дорул кутубил арабийя» нашриёти икки жилдда чоп қилган.

Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Бухорий Ҳорисий (ҳижрий 340 санада вафот қилган) ҳам мазкур муснадлардан катта муснад китоби тузди. Сўнгра ўша китобни имом Садруддин Мусо ибн Закариё Ҳосфакий (ҳижрий 650 санада вафот этган) мухтасар қилди. Сўнгра Муҳаммад Обид Синдий Маданий уни тартибга сол-ди. Мазкур китоб ҳам фиқҳий асосда тартибга солинган. Бугунги кунда «Муснади Абу Ҳанифа» номи ила танилган китоб худди шу китобдир. Уни Муҳаммад Ҳасан Исроилий Сунбулий Ҳиндий (ҳижрий 1305 санада вафот этган) шарҳ қилган.

Бу китобни машҳур ҳанафий олим Нуруддин Али ибн Султон ибн Муҳаммад Ҳиравий Маккий Ҳанафий – Мулло Али Қори ҳам шарҳ қилган.

Бу китоб имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қирқ беш кишидан қилган ривоятлари асосида тузилган. Биринчи ва энг кўп ривоятлар Ҳаммод ибн Сулаймон Абу Сулаймон Муслим Ашъарийдан бўлган.

«Муснади Абу Ҳанифа»нинг охирги нашри Байрутдаги «Дорул кутубил илмийя» нашриёти томонидан милодий 1985 йилда чоп этилган. Унга «Ал-Азҳар» университетининг Ливандаги бўлими мудири Халил Муҳйиддин Мийс муқаддима ёзган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснади». 

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўзининг бу китобини Абдурраззоқнинг олдига қайтиб келганидан кейин, тахминан ҳижрий 200 йилда таълиф қилишни бошлаган. Ўша вақтда у киши ўттиз олти ёшда бўлган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи «Муснад»га киритилган ҳадисларни ўзи ровийлардан эшитган етти юз минг ҳадисдан танлаб олган. Икки юз саксон учта шайхдан эшитган ўттиз минг ҳадисни шу китобга жамлаган. У киши китобни тарқоқ варақларга ёзиб, турли жузларга тақсимлаган ва ўғли Абдуллоҳга кўчиртириб, унга ҳам китобни ривоят қилишга изн берган эди. Ўшанда «Бу ҳадисни фалончининг муснадига қўй», дер эди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи умрининг охиригача мазкур ёзувдан фойдаланиб юрди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи бу китобнинг фиқҳ боблари асосидаги эмас, ҳадислар тўплами бўлиши учун ҳаракат қилган эди. Гоҳида ўзи: «Мен бу китобни одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳақида ихтилоф қилиб қолса, имом бўлиши учун қилдим», дер эди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 225 йилда икки ўғли – Абдуллоҳ ва Солиҳга ҳамда амакиларининг ўғли Ҳанбал ибн Исҳоққа «Муснад»ни аввалидан охиригача дарс қилиб ўқитдилар. Баҳонада китобни яна бир қайтадан кўздан кечирдилар. Кейинчалик Абдуллоҳ ибн Аҳмад ҳаммага отасининг китобини ривоят қилди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг «Муснад»лари бу услубдаги китобларнинг энг каттаси, тўғриси ва машҳуридир. Уламолар «Муснади Аҳмад»ни юқори баҳолайдилар. Жумҳури уламо бу китобни олти саҳиҳ ҳадис китоблардан кейинги ўринга қўядилар.

Мазкур китоб мусулмонлар ичида кенг тарқалган. Жуда кўп марта чоп қилинган. Илмий таҳқиқ ила қилинган охирги нашр алоҳида қийматга эга. Қирқ жилдли бу катта илмий иш Байрутдаги «Муассасатул рисола» нашриёти томонидан амалга оширилди.

Имом Шофеъийнинг «Муснад»и.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳининг муснад услубида ёзилган китоблари борлиги ҳақида кўпчилик бехабар десак, муболаға қилмаган бўламиз. Ҳатто имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳининг китоблари ҳақида маълумот тўплаган баъзи бир кишилар ҳам «Муснади Шофеъий»ни зикр қилмаганлар. Аммо машҳур олим Ҳожи Халифа ўзининг «Кашфуз-зунун» номли китобида ушбу китоб ҳақида бирмунча батафсил маълумот берган.

Мазкур маълумотга биноан, ўша муснадни амир Санжар ибн Абдуллоҳ Аламуддин Жовалий (ҳижрий 745 йилда вафот этган) тартибга солган ва бир неча жилдда шарҳ қилган.

«Муснади Шофеъий»ни Абу Саодат Муборак ибн Муҳаммад ибн Асир Жазарий (ҳижрий 606 йилда вафот этган) беш жилдда шарҳ қилган ва уни «Шифоъул аййи фий шарҳи муснади Шофеъиййи» деб номлаган.

Имом Моликнинг «Муваттоъ»си.

«Муваттоъ» сўзи «осонлаштирилган» деган маънони англатади десак, хато қилмаган бўламиз. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи бу китобни бошидан охиригача ўз қўли билан қоғозга туширган. У кишининг мазкур китоблари ҳадисларни фиқҳий боблар асосида жамлаган биринчи китобдир. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Муваттоъ»сини қирқ йилда ёзиб битирган, деган хулосалар ҳам бор. Абдулбарр Умар ибн Абдулвоҳиддан қилган ривоятда шундай дейилади: «Моликнинг ҳузурида «Муваттоъ»ни қирқ кунда ўтказиб олдик. Шунда у: «Бу китобни қирқ йил таълиф қилган эдим, сизлар қирқ кунда ўргандингиз. Қанчалик тез фақиҳ бўлдингиз-а!» деди».

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи «Муваттоъ»да бир минг етти юз йигирмата ривоятни келтирган. У киши бир ҳадисни маълум жойда келтирса, бошқа такрор қилмаган.

«Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг «Муваттоъ» китоблари «Сиҳоҳи ситта»нинг бири бўлишга номзод, агар шундай бўлса, Бухорий ва Муслимнинг китобларидан кейин учинчи китоб бўлиши муқаррар», дейишади кўпчилик ҳадис олимлари.

Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳининг хабар беришларига кўра, имом Моликнинг «Муваттоъ»ларига йигирмадан ортиқ шарҳлар мавжуд.

«Муваттоъ»нинг шарҳлари ичида Абул Валид Божийнинг шарҳи мўътабардир.

Имом Жалолуддин Суютийнинг шарҳи «Танвийрул ҳаволик шарҳун ъалаа Муваттоъ Молик» деб номланган.

Абу Умар Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулбарр-нинг шарҳи «Ат-тамҳийд лима фил Муваттоъ минал маъоний вал асонийд» деб аталган.

«Муваттоъ»нинг замонавий шарҳларидан бири тунислик машҳур олим Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳига тегишли бўлиб, «Кашфул муғатто минал маъоний вал алфозил воқеати фил Муваттоъ» деб номланган.

Халифа Абу Жаъфар Мансур ҳамма мусулмонларни мана шу китоб бўйича иш тутишга буюрмоқчи бўлганида, имом Молик розилик бермаганлар.

Бу китоб, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, қирқ йил мобайнида тўпланган ҳадисларни ўз ичига олиб, уни мингга яқин киши ривоят қилган. Бу ривоятларнинг китоб қилинганлари ўттизта бўлиб, шундан йигирматаси машҳур.

Яҳё ибн Яҳё Лайсий Андалусий «Муваттоъ»ни васфлаб: «У ҳадис ва фиқҳ китобидир, унга тенг келадиган бошқасини билмайман», деган.

Имом Шофеъий: «Ер юзида илм бобида «Муваттоъ»дан тўғрироқ китоб йўқ», деган.

Мазкур китобларнинг барчаси фиқҳдан кўра ҳадисга яқин китоблардир. Уларда ривоят қилинган ҳадислар ва саҳобаларнинг гаплари фиқҳ боблари асосида келтирилган.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ва масжид бино қилишга амр қилганларида.Эй Бани Нажжор Мен билан давоми...

803 05:00 / 18.01.2017
Халқимизда маййитга жаноза ўқишдан олдин унинг яқинларидан Агар марҳумнинг бандалардан қарзлари бўлса адо этасизмиrdquo, деб сўраш, сўнг тасдиқ жавобини олгач давоми...

794 05:00 / 18.01.2017
Бисмиллоҳир Роҳманир РоҳиймФазл ва неъматлар соҳиби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин Токи кечаю кундуз измаиз келар экан, инсониятнинг саййиди бўлмиш Унинг расули давоми...

940 05:00 / 18.01.2017
Шом қадимдан илммаърифат маркази бўлиб келган. У ерда кўплаб анбиёлар яшаб ўтган. Бу ўлканинг одамлари Исломга кирганларидан кейин уни шавқу завқ билан ўргана давоми...

570 11:01 / 12.12.2018
Топ рейтинг www.uz Openstat