Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (77-дарс). Абу Ҳанифанинг устозлари

13:30 / 19.03.2020 3970 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввалги мақоламизда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан «Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир», ҳадисини ривоят қилганларини, шунингдек, у киши Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Восила ибн ал-Асқаъ, Омир ибн Восила розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан ҳам кўришганлари ва кичикликларида қироат устозларининг бошлиғи имом Осим ибн Абу Нажжуддан Қуръони Каримни ёд олганлари зикр қилиб ўтилган эди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг тобеъинлардан илм олгани ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ. У киши қуйидаги зотлардан илм олганлар:

1. Шаъбий. Асарга кўп этибор берган зот эди.

2. Икрима розияллоҳу анҳу. У киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирди эди.

3. Нофеъ розияллоҳу анҳу. У киши Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг шогирди эди.

4. Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу. Ибн Аббоснинг илми ўша кишида эди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи у киши билан Маккада учрашган ва илм олиб, муноқашалар қилган.

Кейинчалик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи фиқҳга ружуъ қўйдилар. Ўша вақтнинг катта машойихларидан дарс олдилар. Бу ҳақда ўзлари қуйидагиларни айтадилар:

«Мен илм ва фиқҳнинг конида эдим. Унинг аҳли ила мажлис қурдим. Уларнинг фуқаҳоларидан бир фақиҳни лозим тутдим».

5. Ўша фақиҳ, аввал айтиб ўтилганидек, Ҳаммод ибн Сулаймон эди. Имоми Аъзам у кишидан фиқҳни тўла эгалладилар. Устозлари вафот этгунча бирга бўлдилар. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи ўн саккиз йил давомида Ҳаммод ибн Сулаймондан фиқҳ илмини ўргандилар.

«Тарихи Бағдод» китобида имом Зуфардан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг Ҳаммод ҳақидаги қуйидаги хотиралари ривоят қилинади:

«Ўн йил унинг суҳбатида бўлганимдан кейин нафсим риёсатни тилаб қолди. Ундан ажраб, ўзим учун алоҳида ҳалқа қурмоқчи бўлдим. Ўша ишни қилиш мақсадида бир куни кечқурун масжидга чиқдим. Масжидга кириб, унга кўзим тушганида, ундан ажрашни кўнглим кўтармади. Бориб, олдига ўтирдим.

Ўша куни Басрада унинг қариндоши вафот этгани ҳақида хабар келди. Ўша кишининг ундан бошқа меросхўри йўқ экан. Менга ўзининг ўрнига ўтиришимни амр қилди. Мен саволларга берган жавобларимни ёзиб бордим. У қайтиб келганида масалаларни кўрсатдим. Уларнинг сони олтмишта эди. У қирқтасини тўғри, йигирматасини нотўғри деди. Шунда ўлгунича ундан айрилмасликка қасам ичдим ва ўлгунича ундан айрилмадим».

Шу билан бирга, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бошқа устозлардан ҳам дарс олар эдилар. У киши жуда кўп ҳаж қилар, Макка ва Мадинада кўплаб уламолар билан илм мажлислари қурар эдилар. Тобеъинлардан кўплаб ҳадислар ривоят қилар ва фиқҳ музокарасини олиб борар эдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Зайд ибн Али ибн Ҳусайн, Жаъфар Содиқ, Абдуллоҳ ибн Ҳасан Нафсуззакия ва бошқа улуғ кишилардан ҳам илм олганлар.

6. Зайд ибн Али ибн Ҳусайн Зайнулобидин розияллоҳу анҳу. У киши қироатлар ва улумул Қуръон илмлари, фиқҳ ва ақоид илмларида кўзга кўринган аллома эди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи у кишидан икки йил дарс олганлар.

7. Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳу. Бу зот Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи билан тенгдош бўлганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳга қасамки, Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқдек фақиҳни кўрмаганман», деганлар.

8. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан Нафсуззакия розияллоҳу анҳу. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг бу зотга шогирд тушганларини Маккий, Ибн Баззозий ва бошқалар таъкидлаганлар. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан Нафсуззакия розияллоҳу анҳу ҳадис ва бошқа илмларда пешқадам эдилар.

9. Муҳаммад Боқир ибн Зайнулобидин. Бу зот чуқур илмга эга бўлганлари учун Боқир (илмга шўнғувчи) лақабини олган эдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи у зот билан Мадинаи Мунавварада учрашганлар.

Устозлари Ҳаммод ибн Сулаймон вафот этганида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қирқ ёшда эдилар. У киши устознинг ҳалқадаги ўрнини эгалладилар. У кишининг дарслари, илмий баҳслари бора-бора фиқҳий мазҳабга айланди.

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ жалла шаънуҳу Жумуъа сурасида .Эй иймон келтирганлар Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар давоми...

1105 19:00 / 26.10.2023
. . Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Билолнинг айланиб юриб азон айтаётганини кўрдим. У оғзини у ёққабу ёққа бурар, икки бармоғи давоми...

2492 17:00 / 12.08.2021
. . .Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади.Расулуллоҳ давоми...

2608 19:00 / 20.05.2022
Маълумки, Ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китоблар .Усул, деб аталади.Улар яна давоми...

2760 13:30 / 30.04.2020