1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дорихоналардан топилмайдиган малҳам

14:10 / 29.01.2019 7454 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Табассум учун ҳам савоб оладиган динга мансуб эканлигимизни ўйлаб қувонамиз. Аммо кулиш уёқда турсин, дардларини эсламаслик учун муттасил дори қабул қиладиганларга нима дейишни ҳам билмайди киши. Ўзимиздан узоқлашганимиз сари ўзлигимизни йўқотиб боряпмиз. Ғарбнинг муаммога ечим дея ўйлаб топганлари, ҳатто ўзларини ҳам қутқаролмаяпти.

Янада очиқроқ айтиш керак бўлса, ҳатто «диндор»лар ҳам майда-чуйда ташвишларни енгиб ўтиш учун тинчлантирувчи дорилар қабул қилишини биламан. Отамнинг эса қаттиқ ғазабланганида таҳорат олишга шошилгани ва шу йўл билан ўзини тинчлантирганини эслайман.

Асл диний-миллий қадриятларимизга қайтмасдан туриб, ўзлигимизни топа олмаслигимизни қандай мисоллар билан ифодалашни ўйлар эканман, олис хотираларим сари йўл олдим. Университетда ўқиган йилларим онколог олим, профессор Холиқ Нурбоқий жаноблари гапириб берган воқеа ҳеч қачон эсимдан чиқмайди. Бу хотирани сизлар билан баҳам кўришга аҳд қилдим.

Доктор Нурбоқий ҳикояси:

У ҳақида қирқ йил аввал эшитгандим. Ўттиз йил аввал унинг ўзи билан танишиб, бошидан ўтганларни ўз оғзидан эшитиш имконига муяссар бўлдим.

Юсуф Диёрбакирда бадавлат оилада дунёга келганди. Отаси маҳалланинг беги бўлиб, ҳаммага қўлидан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилар эди. Юсуфнинг айтишича, чамаси беш ёшларида уйлари атрофига бир дарвеш келади ва девор остида макон қилади. Юсуфнинг отаси “Дарвешга биз қарашимиз керак. Лекин зинҳор унга хизматкордан бирор нарса бериб юборманглар” дея оиласига уқтиради.  Дарвеш отага егулик олиб бориш кичкина Юсуфнинг юмушига айланади. Болакай аввал бир оз хушламаган бу ишидан кейин ўзгача лаззат туя бошлайди ва кекса одам билан Юсуфни кўнгил ришталари боғлайди. Дарвеш билан бўладиган суҳбатлар Юсуфнинг бола қалбида чечаклар очади.

Бир куни дарвеш ота болакайдан:

– Юсуф, сенга бир туя ясаб берайми? – деб сўрайди. Бундай таклифга қайси бола йўқ дейди? Кекса одам буни яхши билгани учун шартини шундай ифодалайди:

– Уйингдагилар сенга бодом, майиз, қовурилган нўхат ва бошқа ширинликлар беришса уни менга олиб келасан. Буни ҳеч кимга айтмайсан. Лекин менга олиб келадиган нарсаларинг ўзингга берилган егуликлар бўлсин, уёқ-буёқдан топиб олиб келмагин, йўқса, туяга ўхшамай қолади.  

Юсуф бу ишни махфий бажаришидан янада севинади. Ҳар гал егуликлар келтирганида “Туя ясаляптими?” деб сўрар, Дарвеш ота:

– Албатта, болажоним, сен олиб келаётган ҳар бир егулик туянинг бир аъзосига айланяпти, – дея жавоб беради.

Кунлар бир-бирини қувалаб ўтар, Юсуфнинг сабри тугаб бораётганди. Шундай кунларда Дарвеш ота хушхабар айтди:

– Туя битди, Юсуф. Фақат икки кўзи қолди. Агар иккита бодом олиб келсанг, туянгни кўрасан!

Юсуф ўша кеча тонгача ухлаёлмади. Бомдодга азон ўқилганида ўрнидан даст отилиб туриб, бир бурчакларда тўплаб қўйган нўхат, писта-бодомларни ҳовучига олиб дарвеш отанинг маконига чопди. Аммо кекса киши тунда эски чодир бошпанасида жон таслим қилганди. Жаноза ишлари Юсуфнинг отаси зиммасида эди. Дарвешни ўша атрофдаги қабристонга дафн этдилар. Болакайнинг кўзёшларига тош ҳам тоқат қилолмасди.

Орадан ўн икки йил ўтди, Юсуф вояга етган эди бу пайтда. Афсуски, у руҳий хасталикка учради. 1910–1915 йилларда бу касаллик ўлим оқибатларигача боради. Юсуфнинг бадавлат отаси боласини аввал Истанбулга, кейинроқ эса Парижга олиб боради. Аммо қаерга бормасин бир хил жавобни эшитади:

– Бу касалликнинг давоси топилмаган. Моддий аҳволингиз яхши, Юсуфни Истанбулдаги руҳий хасталиклар шифохонасида ётқизиб, у ерда ўғлингизга махсус қаровчи ёллашингиз мумкин.

Юсуфнинг отаси шифокорларнинг айтганига рози бўлишдан бошқа чора топмайди. Ўғлини Истанбулдаги шифохонага ётқизади ва қаровчига икки ҳисса маош тайинлаб, ўзи тез-тез зиёрат қилиб туради. Олти ойдан кейин Юсуфнинг аҳволи жуда оғирлашади ва уни бошқа касаллардан ажратиб, ўлиши муқаррар хасталар бўлимига ўтказадилар. Отага эса “Ўғлингизни асраб қолиш учун ҳеч қандай умид қолмади!” деган мазмунда телеграмма жўнатадилар. Бундан кейингиларини Юсуф шундай гапириб берганди:

 Қирқ даражали оловда ёнар эканман, ўзимни даҳшатли чўлда кўрдим. Қуёш ҳар бир заррамни алоҳида қиздирар, вужудимни ёндираётган қумда қовжирарканман, бир томчи сувга илҳақ жон талвасаси чекардим. Жон бераётганимни ҳис қилиб, бир муддат осмонга тикилганимда кўзларимга ишонмай қолдим. Болалигимда қолган Дарвеш ота, бир туянинг юганидан тутганча менга қараб келаётганди. Яқинлашганида:

– Юсуфим, болажоним, – деди.  – Мана, туянг ҳам тайёр, уни минишинг мумкин!..  

Ётган жойимдан машаққат билан қўзғалиб, дарвешнинг ёрдамида туяга минганимда чанқоғим ва беморлигим бир зумда ўтиб кетгандай бўлди... 

Ўша лаҳзадаёқ кўзимни очдим ва илк сўраганим: “Қаердаман?!” деган савол бўлди. Атрофимдаги шифокорлар ва қаровчилар соғайганимдан ҳайратда эдилар. Руҳий хасталик билан бирга зотилжам хасталигидан ҳам халос бўлгандим.

Юсуф бошидан ўтган бу ҳодисани гапириб бераркан, тинимсиз кўз ёш тўкди ва: “Дарвеш ота қалб кўзи билан бошимга тушадиган савдоларни ҳис этган ва шунинг учун ҳам “Садақа умрни узайтиради” ҳадисига суянган, деди. Шунинг учун фақат менга берилган ширинликларни  олиш билан менга садақа ибодатини бажартириб, шу билан умримнинг узайишига васила бўлган экан”.

Юсуф саксон ёшлардан ошиб Ҳақнинг раҳматига эришди”.

Бир муддат олдин рўй берган автоҳалокатдан жароҳатланмай, соғ-омон чиққаним сабабини биламан. Раҳматли Холиқ Нурбоқий устознинг хотирасига ўхшаган мисолларни бошқа китобларда ҳам кўп ўқигандим. 

Садақа қилиш умрни узайтиришига, дуо олиш бошимизга тушадиган бало-қазолардан асрашига ишонимиз учун ғарб олимларининг тадқиқот ўтказиши керакми?!..

Бахтли бўлишни истайсизми? Бошқаларни бахтиёр қилинг!

Дуо олишни истайсизми? Одамларга яхшилик қилинг! 

Агар буларга ишонмасангиз дори ичишда давом этаверинг. Дорини ютганингиздан кейин уни зарарларини санаб бировларни айблашга ҳақингиз йўқ!

Бало-қазо, офатлардан сақланиш йўлларини асло дорихоналардан тополмайсиз!..

Стресс ва иймон” китобидан 

Умида АДИЗОВА таржимаси

        

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳдан ҳикоя қилинади .Аллоҳнинг Байтини ҳаж қилиш мақсадида йўлга чиқдим. Сафар асносида йўлдан адашдим. Бир пайт йўл устига ташлаб давоми...

4388 15:10 / 09.06.2019
Аббод ибн Аббод Маҳлабийдан ривоят қилинади .Басра подшоҳларидан бири аввалига ибодат қилиб юриб, кейин дунё ва салтанатга машғул бўлиб кетди. У бир қаср қурдириб, давоми...

3195 08:00 / 24.09.2020
36. Рамазон болаларни ибодатга қизиқтириш ва чиниқтириш фурсатидир. Саҳобаи киромлар болаларни рўза билан ибодатга ўргатар ва бунинг учун уларга одатдагидан давоми...

1439 15:00 / 10.05.2020
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади .Ким фарз намозини ўқиса, унинг дуоси ижобатдир. Ким Қуръонни хатм қилса, давоми...

9499 15:00 / 21.05.2019