1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Исломда пешқадамлик

15:00 / 29.12.2018 3114 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амалга ошмайдиган режа тузиш бемаъни иш. Баъзи мамлакатларда аниқ ишлаб чиқилган узоқ муддатли режа ва долзарб муаммоларни ҳал этиш усуллари концепцияси (қарашлар тизими) мавжуд эмас. Концепция мавжуд бўлган мамлакатлар эса аксар ҳолатларда “таҳлиллар фалажи” тузоғига тушишади. Яъни, майда тафсилотларгача таҳлил ва лойиҳалаштириш учун ҳаддан ортиқ сарф-харажат оқибатида кўнгилдаги натижаларга эришишдан маҳрум бўлишади.

Кўп нарса қилингандек бўладию, бироқ амалда ҳеч нарса рўёбга ошмайди. Фақатгина оз сонли мамлакатлар ишлаб чиққан стратегияларини ҳаётга татбиқ қилишга муваффақ бўлишади. Шу қаторда, биз уламолар ёзиб кетган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амал қилган баъзи асосларни баён қилиб бермоқчимиз. Ушбу барча тан олинган асослар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва кейинги даврларда ҳам ўз самарадорлигини исботлаб берди.

 

Пешволик тушунчаси

Пешволик тушунчасини қуйидагича таърифлаш мумкин: «Раҳбар ва унинг қўл остидаги хизматкорлари ўртасидаги умумий мақсад ва ўзаро таъсир қилиш асосига қурилган динамик муносабатлардаги икки тараф ҳам юқори даражали баҳона-сабаб топишга (мотивация) ҳаракат қилишдаги реал ва режали равишда бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтишидир (трансформация)» (Жеймс Макгрегор Бернс, «Пешқадамлик»).

Муаллифнинг айтишича, “пешволар қўл остидагини пешво ва тобелар учун манфаатли муайян бир мақсад сари интилишга рағбатлантиради”. Иккала гап ҳам пешво олдига трансформацияга қобилият талабини қўяди ва мазкур жараён пешво учун ҳам, тобе учун ҳам фойдали бўлади. Муваққат пешволар тарафдорларига бирон нарсани бошқасига алмаштиришни таклиф қилса (масалан, овоз учун иш жойлари, моддий ёрдам эвазига бериладиган лавозимлар), ислоҳ қилишга қодир пешволар тобе ва тарафдорларининг эҳтиёжларию талабларидан тўлиқ бохабар бўлиб, уларни қондиришга интиладилар. Бундай пешволар ўзларига тарафдорларни кўпроқ жалб қиладилар ва бу ҳаракат ўзаро ишонч ва ривож касб этади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Агар Аллоҳ бирон бандасига мусулмонлар ишларида ҳукмдорликни насиб қилсаю у (улардан) узоқлашса ва уларнинг эҳтиёжлари, хоҳишларини қондирмаса ва фақирлигини (бартараф қилмаса), Аллоҳ ундан узоқлашади ва унинг эҳтиёжлари, хоҳишларини қондирмайди ва фақирлигини (бартараф қилмайди)» (Абу Довуд ривоят қилган).

Бизга маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният тарихида муваффақиятли инсон ўлароқ из қолдирганлар. Бироқ у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шотланд ёзувчиси ва тарихчиси Томас Карлайл айтганидай оддийгина қаҳрамон бўлмаганлар. Балки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон тасдиқлаганидай, инсонларнинг энг яхшиси ва инсоният учун асл ўрнак бўлганлар, бизга ҳаётда энг юксак чўққиларни забт қилишни ўргатганлар.

Биринчи асос: Ишни мумкин бўлган нарсадан бошлаш

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша онамизнинг сўзлари бунга яққол далил: «Пайғамбаримиз икки имкониятдан бирини танлаш керак бўлиб қолганида, (бажариш) имконияти аниқроғини танлар эдилар» (Бухорий ривоят қилган). Осон йўлни танлаш эса, бажарилишга имкони борини англатади, чунки имкони борини танлаш мақсадга етказади.

Иккинчи асос: Камчиликдан манфаатни кўра олиш

Макка даврининг илк босқичларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп қийинчиликка дуч келдилар. Ўша вақтда қуйидаги оят нозил бўлган: “Бас, албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир” (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар).

Бу эса, агар муаммо бўлса, уни ечиш учун имкон ҳам бўлишининг яққол белгисидир. Агар муваффақият истасанг муаммолар устида фалаж бўлиб қотиб қолма, янги имкониятлар сари юзлан.

Учинчи асос: Амал учун жойни ўзгартириш

Бунда мақсад йўлида тўхтаб қолмаслик, балки имкон йўқ жойдан кўчиб ўтиш ва имкон қидириш керак бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари Маккадан Мадинага оддий кўчиб ўтиш эмас, балки мақсадни амалга ошириш учун имкон қидиришга ҳаракат бўлган; ушбу қарорнинг тўғри бўлганини вақт кўрcатди.

Тўртинчи асос: Душманни дўстга айлантириш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрику динсизларнинг дастидан кўп азият чекдилар. Бироқ Қуръон у зотни ёмонликка яхшилик билан жавоб беришга чорлаб: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур» дейди. Кўриниб турганидек, ёмонликка яхшилик ила жавоб душман устидан ғалаба олиб келиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари бу тамойилнинг яққол мисолидир.

Бешинчи асос: Манфий нарсаларни мусбатга айлантириш

Бадр ғазотидан сўнг 70 га яқин мушриклар асир олинди. Улар орасида саводли одамлар ҳам бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳар бирлари 10 та мусулмон болани саводхон қилишлари эвазига уларни озод қилишини айтдилар. Ана шу тарзда Ислом тарихида биринчи мактабга асос солинди ва ундаги ўқувчилар мусулмон, муаллимлар эса душман ўчоғидан эдилар. Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай нохушликка тик турар ва, ҳатто зиён тайин бўлган ҳолатларда ҳам манфаатли йўлларни топа олардилар.

Олтинчи асос: Тинчлик урушдан кучлироқ

Макка фатҳи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қон душман бўлганларни у зоти олийнинг оёқлари остига ташлади. Уларни тўлақонли уруш асирлари деб ҳисоблаш мумкин эди. Бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни озод қилишни буюриб: “Кетаверинглар, бўшсизлар!” дедилар. Бу бағрикенгликнинг таъсири оламшумул эди: Натижада уларнинг барчаси Исломни қабул қилишди.

Еттинчи асос: Тафаккур торлигидан қочиш

Машҳур Мутъа жангида Ҳолид бин Валид мусулмонларни жанг майдонидан чекинишга буюради, чунки душман сон жиҳатидан устун эди. Улар Мадинага қайтганларида, баъзи мусулмонлар уларни “Фуррор” (қочоқлар), деб кутиб олишди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Йўқ, улар куррор”, дедилар. Ўшанда Мадина аҳли тушунчасига кўра, аскарлар ё жанг қилади ё шармандаларча чекинади. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учинчи йўл борлигини уқтирдилар ва урушдан (тактик) чекиниш ва шу вақтни куч тўплаш учун фойдаланиш мумкин эканлигини айтдилар. Тарихдан биламизки, бу воқеадан уч йил ўтиб, мусулмонлар улар устидан Византия чегараси ёнида катта ғалабага эришган.

Саккизинчи асос: Душманга ўз шартларини қабул қилдириш

Ҳудайбия воқеасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айни шу асосдан фойдаландилар. Мусулмонларнинг ноқулай вазиятидан фойдаланиш ниятида кофирлар мусулмонларни урушга чиқишга мажбур қилмоқчи бўлишди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг шартларини қабул қилиб, ўн йиллик тинчлик сулҳи туздилар. Энди мусулмонлар ва мушриклар орасидаги тўқнашувлар жанг майдонларидан мафкура майдонига кўчди. Икки йил ўтгач, Ислом ўзининг мафкуравий устунлиги боис ғалаба қозонди.

Тўққизинчи асос: Кескин чоралар ўрнига мўътадиллик

Бу тамойилни Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадис орқали тушунишимиз мумкин. Онамизнинг сўзларига қараганда, Пайғамбаримизга соллаллоҳу алайҳи васаллам нозил қилинган аввалги оятлар кўпроқ Жаннат ва Жаҳаннам ҳақидаги бўлган. Фақатгина одамларнинг қалблари юмшаганидан сўнггина аниқ-аниқ кўрсатномалар, зино ва маст қилувчи ичимликларни ман қилиниши каби оятлар нозил бўла бошлаган. Бу сўзлар ижтимоий ўзгаришлар бобида Ислом аста-секинликни ва вазминликни ирода қилиши ва инқилобий ҳаракатларга қарши эканлигига яққол далилдир.

Ўнинчи асос: Баҳсли масалаларда прагматизм

Ҳудайбийя сулҳининг имзоланишида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини “Муҳаммад, Аллоҳнинг Расули”, деб имзолашни буюрдилар. Бироқ Қурайш мушриклари бунга қарши чиққанларида, оддийгина «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ» деб ўзгартиришга рози бўлдилар.

Булар тарихшунослар ҳақиқий муваффақият дея тан олган Пайғамбаримизнинг ютуқларининг тамойилларидан айримларидир.

Ўзгаришлар жараёни

Пешволик фаол ва динамик фаолиятни ўз ичига олади. Ўз жойига номуносиб бўлган бошқарувчи ўз жойида ўтириб олиб, фақат бўлаётган ҳодисаларга қандайдир муносабат кўрсата олади холос. Иш кўзини билган уддабурон эса, Ислом асосларига таяниб ва Аллоҳ таолога таваккал қилган ҳолда жорий ҳолатни ўзгартиришга ҳаракат қилади. Бу трансформация жараёни новаторлик ёндашувини талаб қилади. Баъзан миллат тараққиёти йўлида ғов бўлиб турган жисмоний ва фикрий тўсиқларни олиб ташлаш керак бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифда тошбўрон қилинганларини ва Уҳуд ғазотида деярли мағлуб бўлган ҳолатларини эсланг. Кўриниб турганидек, мусулмон одам вақтинчалик қийинчиликлар олдида бош эгмаслиги ва қалбда бақувват иймон ила ўз ишини давом эттиравериши керак. Нарсаларнинг жорий ҳолатини ўзгартиришда пешқадам сифатида сиз жуда кўп қийинчиликларга дуч келишингиз мумкин. Масалан, диндош биродарларингизнинг танқидлари бошқа одамларнинг танқидларидан кўра аламли заҳарли бўлиши мумкин. Баъзан ҳақоратлар сизнинг оилангизга қарши қаратилган бўлади. Эҳтимол, сизни пешқадам бўлиб турган жойингиздан кетишингизни илтимос ҳам қилишар. Ҳолат яхши тарафга ўзгариши жуда қимматга тушиши ҳам мумкин. Ўшанда ўзингиздан сўрайсиз: ҳеч ким қадрига етмаса, бундай қурбонликлар нимага керак? Таслим бўлишдан олдин Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қилган ҳадисни эслаб кўринг:

Пешволик ўзини-ўзи фидо қилиш ва тафаккур тизимини ўзгариши билан боғлиқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилия даврининг дунёқарашини ўзгартира олди. Бу йўлда жуда кўп қийинчиликларга дуч келди. Исо, Нуҳ, Мусо, Лут ва Иброҳим алайҳиссаломлар Парвардигори Олам тарафидан маҳбуб пайғамбарлар эди, бироқ бу нарса уларни синовдан қутқармади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикон киришими етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади» (Муслим ривоят қилган).

 

Бошқаларга илҳом улашиш

Нарсаларнинг жорий ҳолатини бошқа ҳолатга йўналтиришда ҳақиқий пешқадам қўл остидаги одамлари нимани истаётгани ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиши керак. Бу ўта муҳимдир. Бу таассурот қўйилган вазифа ва узоқ муддат учун ишлаб чиқилган стратегиянинг пойдевори бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, пешво нафақат одамларни ўзига эргаштириши, балки ўз дунёқарашига уларни мухлис қилиши ҳам керак бўлади. Истиқболларни аниқлаб, чархлаб олишда шўро-мажлисларнинг ҳам ўрни каттадир. Истиҳора намози ҳам ғояга ва танланган йўлга қўшимча қадр-қиммат бериши мумкин.

Хуллас, гап сиз қўйган мақсад сари интилишда ўз фикрларингизни бошқалар билан ўртоқлашишингизда ва уларни ўз томонингизга ўтказа олишингизда. Бошқалар Сизга бу ишда ёрдам беришлари учун уларга мақсадни оддий ва тушунарли сўзлар, мисоллар ва ўхшатишлар орқали тушунтирингки, уларнинг таъсири кучли бўлсин ва асосий мақсаддан чалғитмасин. Демак, пешволик салоҳиятни бошқаларга ўтказишдир. Мазкур ўтказишнинг асосий тамойили эса янги масъулга барча шароитларни яратиш, унинг эътиборини ва диққатини жалб қилиш ва уни тинглай олишдир.

Интернет маълумотлари

асосида тайёрланди

islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Ҳорун арРашид ҳаж қилиб, Мадинага қайтиб келди. У Молик ибн Анаснинг чуқур илми ва юксак иқтидори ҳақида кўп эшитгани учун у зотни зиёрат қилмоқчи бўлди. Моликнинг давоми...

3256 08:00 / 30.01.2019
.Ақийда, сўзи арабча .ақада, феълидан олинган бўлиб, .бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш, деган маънони англатади. Бу сўзнинг жами кўплик шакли .ақоид, бўлади. давоми...

1518 19:00 / 15.02.2020
Абдуллоҳ ибн Соиб отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Бирортангиз соҳибининг нарсасини ўйнаб ёки жиддийлик билан давоми...

4803 21:00 / 21.02.2019
Абу Бакр розияллоҳу анҳу дейдиларТабассум ndash ишонч калити, ҳадянинг чироғи.Инсоннинг сўзи ақлининг баёни, фазилатининг таржимонидир.Инсоннинг фазилати унинг давоми...

2939 07:00 / 09.01.2019