1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Оврўпадаги ҳолат

14:41 / 02.01.2019 4081 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оврўпа халқлари устидан черковнинг ҳукмронлиги янада кучайган пайт... Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида инсон чидаб бўлмайдиган ҳолат ҳукм сурар эди. Ўта бузилган динни ўзига дастак қилиб олган черков эса мислсиз туғёнга кетган эди. Черков одамларни Аллоҳ таолога ибодат қилишга эмас, ўзига бўйсунишга мажбурлар эди. Черковнинг даъво қилишича, Аллоҳ таоло ҳаворийларнинг каттаси Пётрга “Мен султонимни черковимга бердим” деган эмиш.

Шунинг учун барча иш папа бошчилигидаги черков арбобларига ҳавола қилинган. Бу эса, ўз навбатида, черков арбобларининг туғёнига олиб келди. Уларнинг бу борадаги туғёнлари атрофлича бўлди;

Руҳий маънавий ҳаётдаги туғён

Черков одамларининг бу борадаги туғёни шу даражага етдики, улар диндорларнинг ибодати ҳам черков одамлари орқали бўлишини йўлга қўйдилар. Бунга “мағфират чипталари” деб аталган сафсата ёрқин мисолдир. Гуноҳларидан Аллоҳ таолога тавба қилмоқчи бўлган банда тавбани черков ходимига қилиб, ундан “мағфират чиптаси”ни сотиб олиши керак. Ҳатто иш шу даражага етдики, одамлар ҳали содир этилмаган, келажакда қилиниши қўзланган гуноҳга ҳам черков руҳонийсидан аввал “мағфират чиптаси”ни сотиб олиб, кейин гуноҳга қўл урадиган бўлди.

Ақлий ва фикрий ҳаётдаги туғён 

Черков диндорларга иймон келтиришни фарз қилган учликка ишониш, Ийсо масийҳнинг жасади нонга ва қони хамр – ароққа айланиши ва шунга ўхшаш соғлом ақл кўтара олмайдиган ақийдалар ҳақида ақл ва фикрни ишга солишни қатъиян тақиқлади. Бунга ўхшаш инсон ақли бовар қилмайдиган сафсаталарни черков оталари кўплаб ўйлаб чиқарганлар ва диндорларни ўша сафсаталарга чуну чаро демай, ақлни ва фикрни ишлатмай иймон келтиришга мажбурлаганлар.

Молиявий ҳаётдаги туғён

Черков ўрта асрлардан молиявий ҳаётда ҳам туғёнга кетган эди. Диндорлар оммасини тарки дунёга чақиришдан зинҳор чарчамайдиган, зоҳидликдан оғиз кўпиртириб гапиришдан тўхтамайдиган черков ва  унинг арбоблари молу дунёнинг қулига айланиб қолишган ҳамда барча бойликларни ўзиники қилиб олишган эди.

Америкалик тадқиқотчи Вил Дуюрант қуйидагиларни ёзади:

“Черков Оврўпадаги ер эгаларининг ва феодалларнинг энг каттасига айланган эди. Мисол учун “Влада” монастирининг ўн беш мингта кичик қасри бор эди. “Сант Гул” монастири эса икки мингта крепостной – ерга боғлиқ қулларга эга эди. Роҳиблардан Кувин Витор деганининг йигирма мингта ерга боғлиқ қули бор эди. Подшоҳ епископларнинг ва монастирларнинг бошлиғини ўзи тайинлар эди. Улар эса бошқа феодал бойлар қатори подшоҳ олдида итоат қасамини ичар эдилар”.

Черков одамларга доимий равишда турли-туман солиқлар солиб турарди. Одамлар ўлимдан олдин мол-мулки ҳақида васият қиладиган  бўлса, роҳибнинг ҳузурида қилиши керак эди. Бунда ҳам васиятни черков фойдасига бўлиши кўзда тутилган эди. Буларга ўхшаш черков ва унинг ходимларига даромад келтирадиган манбалар кўп эди.  

Черков одамларининг ахлоқсизликлари

Ҳар тарафлама турли имтиёзларга эга бўлган черков пешволарининг ахлоқи мислсиз даражада бузуқ эди. Уларнинг бу борадаги саргузаштлари тилларда достон бўлгани ҳаммага маълум. Биз мазкур одамлар бир-бирини кулдириш учун айтадиган латифлардан эмас, дунёда обрўли ва салмоқли ҳисобланадиган илмий баҳсчиларнинг ҳужжатли маълумотларидан иқтибос келтирамиз.

Америкалик тадқиқотчи Вил Дуюрант ўзининг “Цивилизация қиссаси” номли китобининг “Дин арбобларининг ахлоқи” бобида (21-жуз, 83–86-бетлар) жумладан қуйидагиларни ёзади:

“...Бажио роҳиб ва диний ходимларнинг ахлоқий бузуқликларини, фисқу фасодларини, баднафсликларини, жоҳилликларини ва бепаросатликларини ёмонлаш учун ўзининг барча сўкиш сўзларини ишга солган. Фулинжо “Орландио” китобида ушбу қиссанинг айни ўзини такрорлайди.

Афтидан ушбу кунлардан раҳмат фаришталари бўлиб кўринаётган роҳибаларнинг ҳам айшу ишратда насибалари бўлган кўринади. Улар хушбичим ва гўзал бўлиб юришган. Венециядаги эркаклар ва аёлларнинг монастирлари яқинлигидан фойдаланиб тез-тез бир тўшакка шериклик қилишган. Монастирларнинг роҳиб ва роҳибаларнинг жинсий боғланишлари ҳақидаги маҳкамаларнинг ёзувлари йигирма жилддан иборат. Аритинонинг Венеция роҳибаларининг қилмишлари ҳақида ёзганларини тилга олишни инсон боласи ўзига эп кўрмайди.

Одатда босиқ ва мўътадил киши Жутшардини Рим ҳақида сўзлаганда ўзини унутиб, тавозуъни йўқотади ва қуйидагиларни айтади: “Аммо Рим саройига келсак, киши уни сифатлаш учун керакли оғир сўзларни топа олмайди. У абадий қолувчи ор ва номусдир. У оламдаги барча пасткашлик ва хижолатпазликларнинг тимсолидир”.

“...Ушбу гувоҳликлар муболағага ўхшаб кўринади. Холисона бўлмаслиги эҳтимоли ҳам бордек кўринади. Лекин Катрин Синоияга қулоқ осинг:

“Юзингни қаёққа бурсанг ҳам, черков ходимигами, епископгами ёки бошқа дин одамигами ёхуд турли диний тоифаларгами, паст табақадаги роҳибу олий табақасидагигами, ёшигами, қарисигамии барибир, албатта, ёмонлик ва разолатдан бошқа нарсани кўрмайсан. Бурнинг жирканч одамий хатолар ҳидини ҳидлайди. Уларнинг барчаси ақли паст, очкўз ва бахилдирлар. Улар руҳий тарбиядан ортда қолганлар. Қоринларини ўзларига илоҳ қилиб олганлар. Улар шовқин-суронли маросимларда еб-ичиб ахлатхоналарда ағанаб ётадилар. Ҳаётларини фисқу фужур билан ўтказадилар. Болаларига фақиру фуқароларнинг молларини егизадилар. Диний хизматлардан қамоқдан қочгандек қочадилар”.

Албатта, христиан дини черков арбобларнинг барчаси шуларга ўхшайди, дейиш инсофдан эмас. Уларнинг ичида ўз ақийдаларига мувофиқ яшаганлари ҳам бор. Аммо черков арбобларининг аксар ҳолати юқоридаги иқтибосларда келган ҳолатдир.

Ўша пайтларда черков дини тарқалган барча ҳудудларда, оврўпаликларнинг ўз таъбирлари билан айтилганда, “зулматли асрлар” ўзининг қоп-қора зулмати ила ҳаётнинг барча соҳасининг қамраб олган эди. Бу асрлар ва ҳудудларнинг сиймоси жаҳолат, қолоқлик, саводсизлик, зулм, истибдод инсон зотига ор ва номус бўлган нарсалардан иборат сиймо эди.

“Олам ва одам, дин ва илм” китобидан       

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Эслатма Бу мақоладаги фикрлар мусулмон олимлари тарафидан эмас, балки ўзлари насроний бўлган инжилшунос олимлар тарафидан билдирилгандир. Китобни ўз қўли билан давоми...

3323 17:10 / 25.04.2019
1248ndash1250 Ўн йиллик тинчлик сулҳи муддати тугаши билан салбчилар мусулмонларга қарши бир неча бор ҳужумлар уюштирдилар. 1239 йилда Фаластинда Наварра қироли Тибо I давоми...

1245 11:25 / 04.11.2023
Уйғониш даврига келиб аёлларнинг ҳаёт сарҳадлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Хотиржам, маърифатли, ҳур фикрли, жамиятда жилва қилиб турган, санъатга шайдо, давоми...

1406 15:33 / 20 апрель
Қадимдан беморларга қарайдиган, уларни даволашга уринадиган шахсларнинг масъулияти ҳақида тортишиб келинган.Кўпчилик ҳолатларда табибларнинг масъулиятига давоми...

2145 14:00 / 25.04.2021