1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Христиан дини тарихига бир назар (биринчи мақола)

15:04 / 03.09.2020 12110 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исо алайҳисалом туғилган йилларда Фаластин Рим империяси таъсири остида эди. Яҳудийлар турли мазҳабларга бўлиниб кетишган, диний масалалар даромад воситасига айланиб улгурган эди. Қуддусдаги муқаддас ибодатхона эса тижорат масканига айлантирилган, диндаги шаклчилик самимиятни тамоман бўғиб қўйган эди. Яккахудо эътиқодига эга яҳудийлар, бутпараст римликларнинг қўлидан қутилиш йўлларини излашар эдилар. Бунинг учун бир қутқарувчи, Масиҳни интизорлик билан кутиб турган эдилар. Исо алайҳисалом ана шундай бир вазиятда ўртага чиқди.

У инсонларни тўғри йўлга, ҳақиқатга эргашишга чақиради. Лекин ҳаворийлардан ташқари жуда кам сонли кишилар унга иймон келтиришади. Яҳудийларнинг Исо алайҳиссалом устидан Рим империясига қилган шикоятлари ва гиж-гижлашлари сабаб бўлиб, «Хоч (чармих) воқеаси» содир бўлади.

Исо Масиҳдан cўнг иймон келтирувчилар сони шиддат билан орта бошлайди. У зотнинг таълимотларига нисбатан эътибор халқ томонидан кучая бошлагач, яҳудийларнинг фитна ва гиж-гижлашлари туфайли янги динни қабул қилганларга нисбатан Рим империясининг ҳам зулм ва тазйиқи зўраяди. Исо алайҳиссаломдан бир муддат вақт ўтгач, иймон келтирганлар бир жойга тўпланишади. Улар ўзларини «христианлар» дея номлайдилар. Христианлик шу инсонлар воситасида бошқа диёрларга ёйила бошлайди. Лекин Авлиё Павелнинг христиан бўлиши бу жамоатга янги бир шижоат бағишлаган бўлса-да, ўз навбатида фикрий ажралишлар ва уларнинг иккига бўлинишларига сабаб бўлади. 49-милодий санада ҳаворийлар ва Исо алайҳиссаломнинг яқинлари бир жойга тўпланишиб, динга оид муҳим масалаларни муҳокама қилишади. Бу йиғилиш тарихда «Ҳаворийлар консили (собори)» дея шуҳрат топган. Ихтилофларнинг асосини, янги христиан бўлганларнинг яхудий дин анъана ва одатларига тобеъ бўлиш – бўлмасликларига доир бир қанча масалалар ташкил этарди. (Чунки христиан дини то ўз таълимотлари изига тушиб кетгунича ва алоҳида бир дин сифатида танилгунича, яҳудий дин ҳукмларига тобеъ сифатида фаолият олиб борган).

Бу илк консилда ҳаворий Павелнинг ҳам Исо алайҳиссалом томонидан вакил эканлигига қарор қилинади. Шундай қилиб, Павел кейинги христианликдаги жойини олиши билан бир қаторда, Исо алайҳиссаломнинг илоҳ қилиб олинишигача олиб борувчи, унинг табиати билан боғлиқ мавзулар эшигини очиб беради. Павелга қарши чиқувчиларнинг бошида «ҳаворийлар раиси» Пётр ва «эбионитлар»нинг раиси Яқублар бор эди.

Бу илк «яҳудий-христианлар», бошқа христианлардан ўзгача хусусиятларга эга эдилар. Улар, христианликни яҳудийлар орасида ёйишни мақсад қилиб олган эдилар. Бу диннинг яҳудийлардан ташқарига ёйилишини хоҳламас эдилар. Шу сабабга кўра, яҳудий диний анъаналаридан баъзиларини, янги дин билан бирга олиб боришар эди. Яҳудий анъаналаридан сақлаб қолганлари ва давом эттирганлари орасида эса тавҳид ҳам бор эди.

Рим императори Нерон 64-йилдаги Рим ёнғинида маънавий ҳолда христианларни айбдор, деб топади. Шу туфайли христианларга нисбатан шиддатли бир тазйиқ ва зулм даври бошланади. Павел ва Пётрлар, Римда ўлимга ҳукм этилади (Павел ва Пётрнинг Рим черковини қуришлари, ўша ерда ўлишлари масаласида христиан мазҳаблари орасида турли хил мулоҳазалар бор). Рим тангриларга ҳурмат кўрсатмаган христанлар ҳибсга олинади ва азоб-уқубатга дучор этилиб, ўлдирилади. Шунга қарамасдан христианлик шиддат билан ёйила бошлайди ва II-аср охирларига бориб, Олд Осиёдан то Жанубий Галлия (Европа) гача бўлган каттагина майдонга ёйилади. Бу ривожланишдан, табиий равишда Рим империяси ҳам таъсирланади. Вазият шу тарзда давом этиб, 313-йилда император Константиннинг христиан бўлиши билан христианларга нисбатан бир юмшоқлик даври бошланади. Шундай қилиб христианлар, эркин ва бемалол шаклда эътиқодларини ёя бошлайдилар.

Шунинг билан бир қаторда юқорида зикр қилинган христианлар орасидаги ихтилофли жиҳатларга янгилари ҳам келиб қўшилади. Ривоятшунос ва тарихчилар, Рим императори Константиннинг милодий 325-йилда христиан оламидаги барча черковлардан вакилларни Никея консилига чақирганлигини билдирадилар. Унинг бу йиғилишдан мақсади Масиҳга нисбатан христианлар эътиқоди (иймон-эътиқод масалалари) ни белгилаб бериш ва бу масалани узил-кесил ҳал қилиш бўлган. Ўзи эса бу борада Масиҳнинг илоҳлигини айтувчиларга нисбатан мойилроқ бўлган. Шу сабабли ҳам ўз раъйига қўшилувчи 318 та епископни танлаб олган ва улар билан алоҳида мажлис ўтказган. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, Константиннинг ўзи ана ўша йиғилиш ўтказилаётган бир пайтда, ҳали христианликни қабул қилмаган эди. Юқорида ишора қилинган фикрга ўз мойиллигини билдирган ва христианликни ўша пайтда ўзи эътиқод қилувчи васанийлик (кўпхудолик) ка яқинлаштирган. Мана шу даврда Рим ва Юнон давлатлари худоси бўлмиш Митрага эътиқод, Рим империясининг кўпчилик жойларида кенг тарқалган эди.

Бу борада Мистер Жон Робертс: «Митра дини Римликларнинг христианликни қабул қилишлари билан ўлмади, балки христианлик шаклига кирди, қиёфа ўзгартирди», деган эди. (Ал-Мийзан фий Муқоранатил Адён\ Ҳақоиқ ва васоиқ\ Муҳаммад Иззат ат-Таҳтовий\ Байрут-1993\ 106-107 бетлар).

Бу йиғилишда жам бўлганлар Исо алайҳиссаломнинг илоҳлиги мавзусида каттагина ихтилофга тушиб, император Константинга ёқадиган фикрга иттифоқ қила олмаганлар. Шу пайтда Константин ўз фикрги қўшилувчи, Исо алайҳиссаломнинг илоҳилиги ва таслис эътиқодига ҳамфикр бўлган 318 та епископни танлаб олиб, улар билан алоҳида йиғилиш ўтказиб, баъзи бир хос қарорларни чиқарган. Қадим христин тарихчиларидан бири шундай ҳикоя қилади:

«Константин 318 та руҳонийни танлаб олиб хос йиғилиш ўтказди ва уларнинг ўртасига ўтириб, узуги, қиличи ва хассасини олади ҳамда уларга қарата улоқтириб: «Бугун мен сизларга, иймон келтирганларни ва диннинг фойдаси учун мамлакатнинг турли бурчакларида қилишингиз керак бўлган барча ишларни амалга оширишга буюраман», дейди. У ердагилар императорни бу «яхшилиги», ташаббуси ва дин учун бўлган «ғамхўрлиги» учун олқишлашади, қиличини белларига осиб олишиб: «Христианликни бажо келтир ва ундан бошқасини йўқот», дея ҳайқиришади...»

Константиннинг ташаббуси билан Никея йиғилишида чиқарилган қарорлар қуйидагилардан иборат эди:

-Масиҳнинг илоҳлиги ва таслис эътиқодининг қарор топиши ҳақидаги хос қарор.

-Масиҳнинг инсон эканлигини айтувчиларни кофир, деб эълон қилиш ҳақидаги иттифоқ.

-Арюсни, агар у Масиҳнинг оддий инсон эканлиги ва илоҳ эмаслиги фикридан қайтмаса, уни кофирга чиқариш, черков ишидан четлатиш ва қувғин қилиш ҳақидаги келишув.

-Масиҳнинг илоҳ эмаслиги фикрига асосланган барча китоб ва рисолаларни ёқиб юбориш ва уларни ўқишдан оммани қайтариш. Таслисга ишонмасдан тавҳидга чақирувчи фирқалар китоблари, Масиҳнинг оддий инсон эканлигини эътироф этувчи ёки фақатгина пайғамбарлигини талқин қилувчи китоблар шулар жумласига киради. (Ал-Мийзану фий Муқоранатил Адён/ Ҳақоиқ ва васоиқ/ Муҳаммад Иззат ат-Таҳтовий/ Байрут-1993/ 147-148 бетлар).

Изоҳ:

Ҳаворийлар Исо алайҳиссаломнинг яқин ёрдамчилари бўлиб, улар аслида балиқ овлаш билан шуғулланар эдилар. Уларга мўъжизалар кўрсатилгач, иймон келтириб доимо Исо алайҳиссаломнинг хизматида бўлишган. Уларнинг кийимлари оқ рангда бўлгани ёки диллари пок бўлгани учун уларга Ҳаворийлар дейилган. Зеро, араб тилида «ҳавор» сўзи оқ рангни билдиради.

(Давоми бор)

Islom.uz сайти

Мавзуга оид мақолалар
Кейинроқ аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабининг бошқа уламолари, имом Мотуридий ва Ашъарийларнинг издошлари бу ишни давом эттирдилар. Кучли ҳужжат ва далиллар давоми...

1480 09:14 / 22 февраль
Мусулмонларнинг энг кўзга кўринган физик олимларидан бири 1029 йилда вафот топган Ҳасан ибн Ҳайсам ёруғлик илмини кашф қилган олим ҳисобланади. У ўзининг илмий давоми...

2727 11:00 / 14.03.2020
Инглиз профессори С. Э. М. Жоуд шундай деган эди .Албатта, табиий фанлар бизга олиҳаларга муносиб бўлган қудратни бериб қўйган. Биз эса улардан ёш болалар ва давоми...

1262 14:34 / 15 август
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг сураларидан бирини қалам билан қасам ичиб бошлаган. Бунда қаламнинг аҳамиятига ишора бор. Қалам доимо илму маърифат воситаси, рамзи давоми...

5248 18:23 / 26.01.2020