1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

19-боб. Ота-онага ўлимларидан сўнг яхшилик қилиш

11:52 / 02.01.2019 3784 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Усайддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтганларидан кейин қиладиган яхшилик қолдими?» деб сўради.

«Ҳа! Тўрт хислат қолди: уларга дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, уларнинг аҳдига вафо қилиш, уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш», дедилар».

Шарҳ: Аслида вафот этган одамнинг бу дунёда қилган амаллари асосида охиратдаги мақоми белгиланади. Унинг заррача яхшилиги ёки ёмонлиги бўлса ҳам ҳисобга олинади. Аммо Аллоҳ таоло уммати Муҳаммад алайҳиссаломга раҳм кўрсатиб, уларнинг ўлимларидан кейин ҳам ортларидан савоб етиб борадиган этиб ва уларнинг охиратдаги мақом ҳамда даражаларининг ортиб боришига йўл очиб қўйган.

Ушбу ҳадиси шарифда ана шу йўллардан тўрттаси кўрсатилмоқда.

Фарзанд ота-онаси тириклигида уларнинг хизматини қилиб, розилигини олиб, яхшиликлар қилиб ўтишга тарғиб қилинади. Лекин ота-она вафот этганидан кейин ҳам, ушбу ҳадисда келган таълимотга биноан, уларга тўрт хил яхшилик қилса бўлар экан.

1. Дуо қилиш.

Ота-оналарнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб дуо қилиш фарзанднинг ота-онасига уларнинг вафотларидан кейин қиладиган яхшиликларидандир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, хайрли амалларига қўшилиб туради. Худди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

2. Истиғфор айтиш.

Аллоҳ таолодан ота-онасининг гуноҳини кечишини сўраб истиғфор айтиш. Фарзанд ўтиб кетган ота-онасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиб турган бўлади.

Ўтиб кетган ота-онасига мағфират сўрайдиганларнинг энг яхшиси намозхонлардир. Намозхон ҳар намозининг охирида, дуо қабул бўладиган бир мақомда, салом беришдан олдинги дуосида ота-онасига мағфират сўрайди.

3. Ота-онанинг аҳдига вафо қилиш.

Ота-она ким биландир аҳд тузган бўлса, берган ваъдаси бўлса, мажбуриятлари бўлса – шуларнинг ҳаммасини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам ота-онанинг орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига кирар экан. Худди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

4. Ота-онанинг дўстлари, яқин кишилари ва қариндошларини икром қилиш.

Шу йўл билан ҳам фарзанд ота-онасига улар ўтиб кетгандан кейин ҳам яхшилик қилиши, орқаларидан шундай савобларни етказиб туриши мумкин экан. Бу билан худди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон фарзандлар ота-оналарига уларнинг вафотидан кейин ҳам яхшилик қилиш ҳаракатида бўлишлари кераклиги.

2. Ота-онага уларнинг ўлимидан кейин ҳам яхшилик қилиш мумкинлиги.

3. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига дуо қилиб туриши кераклиги.

4. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига истиғфор айтиб туриши кераклиги.

5. Фарзанд вафот этган ота-онаси аҳдига вафо қилиб туриши кераклиги.

6. Фарзанд вафот этган ота-онасининг дўстлари, яқинлари ва қариндошларига яхшилик қилиб туриши кераклиги.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Отаонага яхшилик қилиш фарзанд учун кўплаб яхшиликларнинг манбаидир. Отаонага яхшилик қилиш ила эришиладиган яхшиликлар бу дунё ва охиратнинг яхшиликларидир. давоми...

2898 15:20 / 10.05.2024
Убода ибн Валид ибн Убода ибн Сомитдан ривоят қилинади.Отам билан ансорий саҳобалар яшайдиган жойга улар ўлмасларидан олдин илм олиш ниятида бордик.Биринчи давоми...

2326 11:02 / 31.08.2020
49. Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади.Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқиб.Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан давоми...

2824 16:10 / 14.02.2019
95. Абу Саъиддан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди,, дедилар,.Шарҳ Бу ҳадис юқорида ҳам шарҳлаб ўтилди. Албатта, ушбу давоми...

2589 13:30 / 30.07.2019
Аудиолар

230199 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148777 14:35 / 11.08.2021