1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Раҳматуллоҳ қори Обидов

13:24 / 24.01.2018 26840 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг уйларига ташриф буюрдик.


Раҳматуллоҳ қори Обидов

 ТАҚДИМ

Раҳматуллоҳ қори Обидов 1951 йили Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган. Илк сабоқни фақиҳ ва Қуръон ҳофизи бўлган отасидан олган. Ўн тўрт ёшида Қуръони каримни тўла ҳифз қилган. 1973-1978 йиллари Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олди ва тўрт йил мударрислик қилди. 1983 йили Тошкент Ислом институтини тугатиб, шундан буён Тошкентдаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидида имом-хатиб, 1999 йилдан Тошкент Ислом университетида проректор бўлди. Тошкент Давлат шарқшунослик институти араб филологияси факултети ва аспирантурасини тамомлаб, 2001 йили «Қуръони каримда Исо пайғамбар сиймоси» мавзуида номзодлик иши ёқлаган. «Аллоҳнинг гўзал исмлари ва Исми аъзам», икки жилдли «Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир», «Қуръон, тафсир ва муфассирлар» ва бошқа китоблари бор. 

Ёш Раҳматуллоҳ болалигиданоқ Қуръонга ошиқ бўлган. Отаси Қосим қори Миробидов дин илмидан яхшигина хабардор, Қуръон ҳофизи бўлгани учун ўғлига ҳам Қуръон ёдлатишга эрта киришади. Кейинчалик Раҳматуллоҳ қорининг ҳикоя қилишича, оталари фарзандига сабоқ беришда, айниқса Аллоҳнинг Каломини ёдлатишда қаттиқ турар, меҳрибон волидасининг ялинишларига қарамай, ҳатто уни томга чиқариб қўйиб, сабоғини ёд олиб бўлганидан кейингина нарвон қўйиб берар экан. Шу тариқа Раҳматуллоҳ ўн икки ёшида мураттаб қори бўлиб етишди.

Шундан кейин у 1973 йили ўша пайтдаги ягона диний билим юрти бўлмиш Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди. Қуръони каримни тўла ёддан билгани, тажвид илмини мукаммал эагаллагани мадрасада чуқур билим олишда нача қўл келди. 1978 йили мадрасани аъло баҳолар билан тамомлаган ёш қори Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг фармойиши билан шу мадрасада Қуръон қироати мударриси қилиб ишга олиб қолинди. Бу орада намозхонлар уни Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги Худойберди эшон масжидига имом-хатибликка тайинлашни талаб қилиб туриб олишади. Уларнинг талабини рад қила олмаган Раҳматуллоҳ қори ҳафтасига икки кунга Бухорога қатнаб мадрасада дарс берар, қолган кунлари эса масжид қавмига имомлик қиларди. У ишдан ажралмаган ҳолда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтига ўқишга кирди ва уни 1983 йили муваффақиятли тамомлагач, шу ўқув юрти талабаларига қироат ва тафсир фанларидан дарс беришга олиб қолишди.

Унинг қорилик маҳорати кундан-кунга юксалиб, халқ ичида “булбул қори” деган шарафли номга сазовор бўлди. Унинг хуш овозда қилган қироати қалбларни эритиб, эшитувчиларни ром қилар, қироат завқи-шавқидан Қуръоннинг маъносидан бехабар кишилар ҳам яйраб кетишарди. Наманганлик илм аҳлларидан бири шундай ҳикоя қилади: “Раҳматуллоҳ қори акамиз Кўкчада имом бўлиб турганларида ҳар йили рамазон ойида она юртлари Наманганга ташриф буюриб, Исмоил махдум масжидларида хатмга ўтиб берардилар. У кишининг келишини эшитган наманганликлар ана шу масжидга сел каби оқиб келишарди. Масжид биноси ва ҳовлисига одам сиғмай кетиб, унинг атрофидаги кўчалар ҳам Қуръон мухлисларига тўлиб кетарди. Ҳаракат бир зум тинмайдиган кўчалардан машина тугул, одам ҳам ўта олмай қоларди. Масжид атрофидаги ҳовлиларга эса Қори аканинг қироатларини эшитиш иштиёқида келган хотин-қизлар ҳам тўпланиб, қуръонхонликдан баҳраманд бўлишарди. Хуллас, ўша кунлари аҳли Наманган учун ҳақиқий Қуръон байрами бўларди”.    

Раҳматуллоҳ қорининг шуҳрати мамлакатимиз сарҳадларидан ташқарига чиқиб кетди. Уни дунёда ўтадиган Қуръон мусобақаларига таклиф қила бошлашди. У ана шу халқаро Қуръон мусобақаларида муваффақиятли қатнашиб, бир неча бор мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди, юртимиз қориларининг довруғини оламга ёйди. Масалан, 1978 йили Марокаш пойтахти Работда бўлган мусобақада 1-ўринни, 1991 йили Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлган Қуръон мусобақасида фахрли ўринни олди. 1995 йили Эроннинг Қум шаҳрида ўтказилган Қуръон мусобақасида Ўзбекистон вакили ва ҳакам сифатида иштирок этди.

Раҳматуллоҳ қори бутун умрини дин ишига, Қуръон тарғиботига бахшида қилди. У киши 1993-1998 йилларда Тошкент Давлат шарқшунослик институти араб филологияси“ факультетида таҳсил олди ва 2001 йили “Қуръони каримда Исо пайғамбар сиймоси” мавзуида илмий иш қилиб, ўзбек имомлари ичида биринчи “фан номзоди” бўлди. Бундан ташқари, олим Ислом тарихи, арконлари, Қуръони карим тафсири илмлари бўйича бир неча илмий китобларни ҳам таълиф қилдики, бу китоблар халқимизга динини танишда, маърифатини ўстиришда катта фойда берди. “Аллоҳнинг гўзал исмлари ва Исми аъзам”, “Муқаддас ойлар ва мустажоб дуолар”, икки жилдли “Пайғамбар тарихи исломият тарихидир”, Қуръон, тафсир ва муфассирлар”, “Иймон ва эътиқод” ва бошқа китоблари ана шулар жумласидандир. У “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” нашрга тайёрлаган тўрт жилдли Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўпламининг таржимонларидан биридир.

Булардан ташқари Раҳматуллоҳ қори Обидов одамларни амри маъруф ва наҳйи мункарга чорлаш, уларга динимиз асосларини ўргатиш, маърифатли қилиш ишига хизмат этувчи жуда кўп мақолалари, мунтазам чиқишлари билан матбуот ва телевидение орқали катта тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борди. Масалан, унинг жуда кўп нашрлар кўчириб босган “Аллоҳнинг зикри билан қалблар ором олур” сарлавҳали мақоласида шундай сатрларни ўқиймиз: “Зикрнинг луғавий маъноси Аллоҳни эслашдир. Аллоҳни кўп зикр этган банданинг қалби покланади, имони мустаҳкамланади, дуолари ижобат бўлади, ихлоси ортади.  Аллоҳга тасбиҳ, такбир, таҳлил айтиш, ҳамд, шукр келтириш, дуо ва салавотлар айтиш, Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот, садақа, ҳаж ва умра қилиш айни зикрдир. Аллоҳ таолонинг зикрини адо этиш учун зокир маънавий ва жисмоний жиҳатдан пок бўлиши керак...  Зикр ва дуо Аллоҳга тазарру бўлгани учун энг гўзал ҳолда, қиблага юзини бурган кўринишда, ҳақиқий муҳтож кишилардек, ялиниб-ёлворган ҳолда қилинса, ижобати яқинроқ, савоби улуғроқ бўлади. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам зикр ва дуо қилинса жоиз эканига Қуръон ояти ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида ҳужжат бор. Хулоса қилиб айтганда, зикр бирор ибодат ёки солиҳ амал қилаётган банданинг Аллоҳ билан қалбан боғлиқлигидир. Зокирлар эса, “...имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингларки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур” (Раъд сураси, 28-оят)”.

Раҳматуллоҳ қори 1999 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом университети ректорининг маънавият ишлари бўйича ўринбосари бўлди, 2001 йилдан буён эса шу ерда доцент бўлиб ишлади. У кўп йиллар Тошкентнинг Кўкча даҳасидаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидида, 2001 йилдан бошлаб эса Жўрабек жомеъ масжидида имомлик қилди. Шайх Зайниддин масжидида имомлик қилгани у масжидни бутунлай қайтадан таъмирлаш ишларини бошлаб юборди, бу ерда катта ободончилик ишларини ташкил этиб, ушбу ибодатхонани Тошкентнинг энг гўзал масжидларидан бирига айлантиришда бош бўлди.

Кейинги пайтда у киши оғир бетоблик сабабли жўшқин фаолиятдан узилиб қолган эса-да, аммо дин илмларини тарқатиш, дин ҳақида қайғуриш каби у кишига хос бўлган амаллардан узилгани йўқ. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ходими Исҳоқ Муҳаммад шундай ҳикоя қилади: “Динимизда ёши улуғларни, дуогўйларни, аҳли илмларни, айниқса Қуръони каримнинг ходимлари, ҳофизлари ва ҳомиллари бўлмиш устозларни зиёрат қилиш мақталган ишлардандир. Биз нафақат юртимиз, балки қўшни республикаларда ҳам ўзларининг гўзал қироатлари, роҳатбахш тиловатлари билан “булбул қори” деган номга сазовор бўлган устозимиз Раҳматуллоҳ қори Обидов домланинг зиёратларида бўлдик. Устозимиз бир неча ойлардан бери қаттиқ дардга чалиниб, ётиб қолган эдилар. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ҳозирда ўзлари мустақил ҳолда бемалол юра олаяптилар. Иншааллоҳ, тез кунларда мутлақо тузалиб, соғлом ҳолда яна Қуръони каримга кўп йиллар давомида баракали хизмат қилишларини тилаймиз”.  

Аҳмад МУҲАММАД

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Сирожиддин Жаҳонгировнинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқамиз.Сирожиддин ЖаҳонгировСаййид давоми...

6435 15:21 / 31.01.2018
Иноятхожа устози Муҳаммад Солеҳ даргоҳларига бориб, у кишидан шариат илмлари ва тариқат одобларини ўрганиб, илму ирфонда камол топади. Муҳаммад Солеҳ ҳазратлари давоми...

1424 19:00 / 10.12.2021
Исмоил ибн Абдуллоҳ ал Хузоий менга мана бу ривоятни айтиб берди.Басра аҳлидан, Муҳолаба уруғидан бўлган бир киши Бармакийлар даврида баъзи юмушлар билан давоми...

3332 17:02 / 24.12.2022
Бутунжаҳон мусулмон уламолари уюшмаси раиси, Доха динлараро мулоқот маркази раиси, Қатар университети Шариат ва исломшунослик факультети профессори Шайх Али давоми...

334 13:09 / 13 октябрь
Аудиолар

137657 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57721 14:35 / 11.08.2021