1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Аллоҳ таолонинг «ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик» деган қавли ҳақида

16:37 / 23.01.2018 4948 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Бухорий биринчи бобни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китоби Қуръони Каримдаги бир ояти карима билан номладилар. Бошқа муҳаддисларнинг ҳам одатлари шундай – ҳар бир бобни бошлашдан аввал ана шу бобга тааллуқли бирор оят келтиришади.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада: «Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик», деган. Бундан эса ушбу боб ота-онага яхшилик қилиш тўғрисида экани маълум бўлади.

Имом Бухорий мусулмон одоби – маданияти, яъни махлуқотлар ва аввало инсон зоти билан бўладиган муомала одоби рўйхатининг энг аввалида ота-онага яхшилик қилиш бобини очиш ила Ислом динининг бу масалага қанчалар аҳамият билан қарашини аён этганлар.

Қуръони Каримда ота-онага яхшилик қилиш қанчалар олиймақом иш эканини баён этувчи оятлар кўплигини ҳозирги кунда мусулмон бўлмаган кишилар ҳам яхши биладиган бўлиб кетди.

Биз мазкур оятларнинг ҳаммасини келтириб ўтирмасдан, фақат имом Бухорий ушбу бобга сарлавҳа қилиб олган оят бўлагининг қисқа тафсирини тақдим этамиз.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида айтади:

«Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик» (8-оят).

Ота-она ҳар бир инсон учун ниҳоятда мўътабар, ҳар қанча эъзозга лойиқ кишилардир. Ислом дини, ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради. Дунёда Исломчалик ота-онанинг ҳурматини юқори қўйган таълимот, тузум йўқдир.

Ота-она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам, ким бўлишларидан қатъи назар, уларга яхшилик қилиш мусулмон фарзанднинг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандлик вазифаси ҳисобланади.

1. Бизга хабар берган Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Ҳомид ибн Ҳорун ибн Абдулжаббор Бухорий бўлиб, у Ибн Наёзикий исми ила маъруфдир. Унинг олдида (китобни) ўқиб ўтказганимиздан сўнг иқрорлик ила ижозат берган. У ҳузуримизга ҳожи ўлароқ уч юз еттинчи сананинг Сафар ойида келди.

У: «Бизга Абулхайр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Жалил ибн Холид ибн Ҳурайс Бухорий Кирмоний Абқасий Баззор уч юз йигирма иккинчи санада хабар берган», деди.

У: «Бизга Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Жўъфий Бухорий ҳадис айтган», деди.

У: «Бизга Абулвалид ҳадис айтди», деди. У: «Бизга Шўъба ҳадис айтди», деди. У: « Валид ибн Айзор менга хабар берди», деди. У Абу Амр Шайбонийнинг «Бизга мана бу ҳовлининг эгаси ҳадис айтган» деб, Абдуллоҳнинг ҳовлисига ишора қилганини айтди.

У айтдики:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Аллоҳ азза ва жалла учун энг маҳбуб иш қайси?» деб сўрадим.

«Вақтида ўқилган намоз», дедилар.

«Ундан кейин қайсиниси?» дедим.

«Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар.

«Ундан сўнг қайсиниси?» дедим.

«Сўнгра Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилиш», дедилар.

Ана шуларни айтдилар. Агар яна сўрайверсам, жавоб бераверар эдилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг санадида Имом Бухорийдан олдин икки кишининг исмлари тўлиқ зикр қилинмоқда. Улардан имом Бухорийга яқин турганлари у кишидан «Ал-Адаб ал-муфрад» китобини бевосита ривоят қилган шогирдларидир. У кишидан кейин биз учун биринчи бўлиб исмлари зикр қилинаётган шахс имом Бухорийнинг шогирдларининг шогирдидир. Ана ўша набира шогирднинг қўлёзмаси бизнинг вақтимизгача етиб келган ва у баъзи матбааларда чоп қилинган.

Демак, бу китоб бизга етиб келишида хизмат қилган учта силсиланинг вакиллари бор.

Имом Бухорийдан Абулхайр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Жалил ибн Холид ибн Ҳурайс Бухорий Кирмоний Абқасий Баззор уч юз йигирма иккинчи санада китобни тўлиқ ўқиб, ривоят қилишга ижозат олган.

Кейин у киши ўзининг Ибн Наёзикий исми ила маъруф ва машҳур бўлган шогирди Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Ҳомид ибн Ҳорун ибн Абдулжаббор Бухорий олдида «Ал-Адаб ал-муфрад»ни ўқиб ўтказганидан сўнг ижозат берган.

Бу иш Баззор уч юз еттинчи сананинг сафар ойида ҳожи бўлиб келганида амалга ошган. Ана шу қўлёзма бизнинг давримизгача етиб келган.

Имом Бухорийнинг кунялари Абу Абдуллоҳдир. (Араб тилида бош фарзанднинг ёки бирор кишининг исми олдига «Абу»ни қўйиб, «фалончининг отаси» деб чақириш «куня» дейилади.)

Имом Бухорийнинг ўз исмлари Муҳаммад, оталарининг исми Исмоил, боболарининг исми Иброҳим, катта боболарининг исми Муғийра, бобокалонларининг исми Аҳнаф. Аслида бу катта бобонинг мусулмон бўлмасдан олдинги исми Бардизбаҳ бўлган. Исломни қабул қилганидан кейин Аҳнаф деб ўзгартирилган.

Имом Бухорийнинг Жўъфий деган нисбатлари ҳам бор, чунки у кишининг Бухородаги қабилалари Ямандан келган Жўъф қабиласи билан дўст тутинишган. Имом Бухорийнинг катта боболари Жўъф қабиласининг одамлари ёрдамида, уларнинг даъвати ила Исломга кирганлар. Мана шу сабабларга кўра имом Бухорийнинг катта боболаридан бошланган авлодлари Жўфий лақабини олган.

Баъзи бир доираларда буни тушунмасдан, имом Бухорий яманлик экан, деб юрганлар ҳам бор. Айниқса баъзи яманликлар бу гапни кўп такрорлашади. «Бу кишини Жўъфий дейишади, Жўъф кабиласи эса Яманда, демак, имом Бухорий Бухорога Ямандан бориб қолган экан», деган гапларни айтишади. Бу гаплар илмий ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Аниғи шуки, имом Бухорийнинг қабиласи, яъни оилалари Жўъф қабиласидан келиб, Бухорода Исломни тарқатиш билан машғул бўлган кишилар билан ошно тутинган, оға-ини бўлган.

Имом Бухорий ўзларига ҳадис кимлар орқали етиб келган бўлса, ана шу кишилардан ҳар бирининг исмларини келтирадилар. Биз эса фақат биринчи ровийнинг, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган саҳобийнинг исмларини ўрганиш билан кифояланамиз.

Матнда айтилишича, Шайбоний лақабли бир киши ёнида ўтирган одамларга қўли билан кўрсатиб, «Бизга мана бу ҳовлининг эгаси ҳадис айтган», деган эканлар. Ана шу уйнинг эгаси эса Абдуллоҳ экан.

Кези келганда шуни айтиб ўтиш керакки, ҳадис китобларида Абдуллоҳ дейилиб, кимнинг ўғли экани айтилмаса, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу назарда тутилган бўлади. Муҳаддислар гапни чўзмаслик учун Абдуллоҳ деб кетаверишга иттифоқ қилишган. Қаерда «Қола Абдуллоҳ», «Ҳаддасана Абдуллоҳ» дейилса, Абдуллоҳ ибн Масъуд назарда тутилган бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд улкан саҳобийлардан, энг дастлабки иймонга келган кишилардан бўлиб, Набий алайҳиссолату вассаломдан жуда кўп ҳадис ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифда намоз ўқишдан кейинги энг афзал иш ота-онага яхшилик қилиш экани таъкидланмоқда, ҳатто Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилишдан ҳам устун қўйиляпти. Мана шундан биламизки, ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматини бажариш, уларни улуғлаш шу қадар буюк бир иш экан.

Исломда намоз диннинг устуни эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Ана шу динимизга устун бўлган намоз ибодатидан кейин энг афзал ишлардан бири ота-онага яхшилик қилиш экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Илмли кишидан Аллоҳ таолога маҳбуб ишларни сўраб ўрганиш яхши иш экани.

2. Фарз намозларни ўз вақтида ўқиш жуда фазилатли, Аллоҳ таолога энг маҳбуб иш экани.

2. Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади:

«Роббнинг ризоси ота-онанинг ризосидадир. Роббнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир».

Шарҳ: Бу ҳадисда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг гаплари келтирилмоқда. Баъзи вақтларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эмас, саҳобалар тилидан айтилган муҳим маънодаги гаплар ҳадис китобларимизда келтирилаверади. Чунки саҳобалар бундай гапларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитишмаса, ўзларидан айтишмайди.

Бизда «Ота рози – Худо рози» деган гап бор. Худди мана шу халқ сўзи биз ўрганаётган ҳадиснинг таржимасидир. Роббнинг розилиги волид, яъни ота-онанинг розилигидадир. Аллоҳ таолонинг норозилиги эса ота-онанинг норозилигидадир.

Демак, ким Аллоҳ таолони рози қилишни истаса, ота-онанинг розилигини олишга ҳаракат қилиши керак экан. Ким Аллоҳ таоло мендан норози бўлмасин, деса, ота-онасини норози қилмаслик учун ҳаракат қилиши керак экан.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таомланишнинг бир қисми бўлмиш ичимлик ичиш ҳам инсоннинг доимо ҳожати тушиб турадиган ишлардан биридир. Ичимлик ичишда одам боласининг маданияти, одоби намоён давоми...

8103 06:02 / 03.09.2018
Экин, кўчат экканда динимизда ваъда қилинган улуғ ажр савобга эга бўлиш учун қуйидаги шартларга риоя қилиш даркорНиятни тўғри қилиш.Фақат дунёвий манфаат кўришни давоми...

4848 15:30 / 24.03.2018
372. Қубайса ибн Жобирдан ривоят қилинади.Умар шундай деди.Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди.Ким бировни кечирмаса, у ҳам кечирилмайди.Ким бировни афв давоми...

4338 18:59 / 01.03.2018
679. Абу Умомадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Шунда у зот кўп дуо қилдилар. Уни ёдлай олмадик..Биз ёд олмаган дуони давоми...

5420 19:44 / 26.04.2018
Видеолар

2717 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

135109 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55385 14:35 / 11.08.2021