1446 йил 17 жумадис сони | 2024 йил 19 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Иброҳим махдум

17:00 / 15.08.2022 2083 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулла Иброҳим махдум 1898 йили  Наманганнинг сўлим гўшаларидан бири Шўркент қишлоғида дунёга келдилар. Падари бузрукворлари мулла Муҳаммад Солиҳ охунд афанди, яъни мулла Сотти охунд куняси билан машҳур бўлган ўз даврининг машҳур олими, уламоси ва мударрисидирлар.

Мавлоно Иброҳим ёшлигидан ақлли, зийрак ва ўта шўх бола бўлиб улғайди. Қиблагоҳлари фарзандларининг таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратдилар. Иброҳимни ҳарчанд билимли, зиёли қилишга уринмасинлар, болаларча шўхлиги ва ўйинқароқлигини қўймасди.

Кунларнинг бирида Охунд афанди Иброҳимга: «Майли, ўқимасангиз ҳам, ҳеч бўлмаса ҳунар ўрганинг», дейдилар ва шаҳарнинг Ғишт кўприк даҳасидаги ҳунарманд (ҳозирда 15-сонли мактаб ўрнида бўлган) темирчи устага шогирд қилиб берадилар. Орадан икки кун ўтиб, мавлоно Иброҳим ҳунар ўрганиш учун ҳам илм-маърифат лозимлигини тушунади ва отасидан кечирим сўраб, бундан буён илмли, зиёли киши бўлишга ваъда беради. Мулла Сотти охунд эса шу ўринда қуйидаги «Ҳунар аз донеш, донеш аз хонеш», яъни ҳунар ўрганиш — билим орқали, билим эса — ўқиш, орқали бўлади, деган  ибратли нақлни кетирибдилар.

Яна бир куни Иброҳим махдум уйга кирсалар оталари сўрида китоб ўқиб ўтирган эканлар. Ҳа, ўғлим яхши келибсиз, бир бош яхши пишган узумдан олиб келинг бирга чой ичамиз, дея мутолаа қилаверибдилар. Иброҳим махдум чой дамлаб, дастурхонга нон, узум келтириб қўйгач, оталарининг мутолааларини тугашини кутиб ўтирибдилар. Шу вақт кўзлари узум бошидаги ғарқ пишган шингилга тушибди ва каллаларига отамни валий, кароматли зот дейишади. Агар шундай бўлса, мана шу узумнинг яхши пишган жойини  берармиканлар, дея болаларча хаёл қилибдилар. Бир вақт мутолаа қилиб ўтирган қиблагоҳлари китобдан нигоҳларини узмай, ўғлим сиз бошлаб тураверинг мен яна озроқ ўқийман, дебдилар. Сўнгра ним табассум билан ўғлим: «Узумнинг сарғайиб турган шингили ширин бўлади, шуни олиб енг дея айтибдилар. Мавлоно Иброҳим дилидан ўтказганларини оталари билганига ҳайрону лол бўлиб, ўтирган жойларида қимирлашга мажоллари қолмабди ва маҳаллаларидаги бир кишини «Отангизни кўнгилларини асло ранжитманг, қачон ҳузурларига чорласалар дарҳол лаббай денг, хизматларини қилиб, дуоларини олинг ва илмларидан баҳраманд бўлинг, у зот авлиёуллоҳлардандир», деган гапирган насиҳатомуз сўзларини эслаб, дарров қиблагоҳларини қўлларидан ўпиб, ота беодоблик қилибман дебдилар. Шу тариқа мавлоно Иброҳим ушбу воқеадан сўнг илм олишга астойдил киришган эканлар.

Хуллас, Иброҳим махдум илк таълимни ота-оналаридан оладилар. Тахминан тўрт ёшларида бир нўғой муаллимда (у кишини исми номаълум) «устози аввал» ва «муаллим ус-соний» дарсликларида сабоқ оладилар. Сўнгра, Сардоба даҳасининг машҳур Қуръон Карим ҳофизи, устоз Ғофир қоридан таълим олиб, ўспиринлик давриларидаёқ, ҳофизи Каломуллоҳ бўлиб етишадилар. Кейинчалик таҳсилни Наманганнинг машҳур мадрасаларидан «Ҳазрати Хизр» даргоҳидан олиб, араб, форс тилларини ва табобат илмини мукаммал ўрганиб, етук мулла ва фозил бўлиб етишадилар.

Падари бузрукворларининг кўпгина кароматлари ҳақида билган, гувоҳи бўлган мулла Иброхим махдум ота изидан бориб, кўп йиллар мобайнида руҳий камолот ҳосил қилиш мақсадида, пири муршидлар зиёратида ҳам бўлиб, уларнинг зикр халқаларида иштирок этиб, тариқат одоблариидан таълим олиб, илму ирфонда камол топдилар. Жумладан, ургутлик эшон халифа, ўратепалик Субҳонқулихон эшон сингари тариқат пешволари, шунингдек, дахбедлик махдум Аъзам авлодлари кабилар билан ҳамсуҳбат бўладилар. Наманганлик устоз уламолардан Абдуллатифхон, Довудхон ва Олимхон қори домлаларимиз кўпгина издиҳомларда Иброҳим махдумни дин, шариат ва тариқат илмида билимдон бўлганликларини кўп бора эътироф этишган.

Иброҳим махдумнинг ўғиллари Мусохон ака оталарини шундай хотирлайдилар: «Қиблагоҳим раҳматлик узоқ йиллар мамлакатнинг турли шаҳарларидаги масжидларда имом-хатиб бўлиб фаолият кўрсатдилар. Шу билан бир қаторда, илму ирфон тарқатишда, кундалик турмуш жараёнида учраб турадиган масалаларга шаръий ҳукмлар асосида жавоб беришда пешқадам эдилар. Ҳатто уйда бўлган вақтларида ҳам доим ақоид, мерос, никоҳ масалалари фатвоси ҳақида масала сўровчиларнинг кети узилмас эди.

Ҳазрат Иброҳим махдум 1963-1978 йиллари «шайх Исхоқ эшон» масжидида имомлик қилиб турган кезлари, жума намози мавъизаси асносида жамоатдан: «пишган узумларни заводга топшириш» хукми масаласи хусусида сўралган экан. Шунда Иброҳим махдум минбарда туриб «Ким узумни ҳаром ичкилик тайёрлаш учунлигини билиб туриб топширса, Аллоҳ ва унинг Расулига қарши чиққан  ва катта гуноҳ иш қилган бўлади», деб фатво берган эканлар. Муқтадийлар қаторида турган укалари Исхоқ махдум, ҳозир давлат одамлари келиб, акамни олиб кетади, деб жуда қўрққан эканлар. Исмоил махдум: «Ака! Худосизларнинг сиёсати халқни шунга мажбур қилиб қўйган. Бунақа масалаларда эҳтиёт бўлинг», деганларида, у зот шундай жавоб қилган эканлар. «Сенга илм бергандик, нега қавмингни гуноҳ ишдан қайтармадинг, дея Аллоҳ саволга тутса, у кунда нима деб жавоб бераман», дебдилар.

Авом халқни илму маърифатга чорлашда Иброҳим махдум билан боғлиқ бунга ўхшаш воқеаларни кўплаб келтирилади. Кўриниб турибдики, ул зот ўзларига берилган илм омонат эканлигини бир кун келиб унга жавобгар бўлишликларини жуда яхши ҳис қилганлар.

Ҳазрат Иброҳим махдум 1951-1952 йиллари Самарқанд шаҳридаги «хўжа Зудмурод» жоме масжидида, 1952-1966 йиллар орасида  Наманган шаҳридаги «Шайх Эшон» жомеъ масжидида имом хатиблик қиладилар. Шу орада Иброҳим махдум 1956 йили укалари Исмоил махдум билан Аллоҳнинг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж ибодатини адо этиб келадилар. 1958 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасида мударрислик қиладилар. 1961-1963 йилларда Андижон шаҳридаги «Девонавой» масжидида, 1963-1978 йиллар орасида эса яна «Шайх Исҳоқ Эшон» жоме масжидида имом хатиблик қилиб, халқимизнинг яхши-ёмон кунларида елкадош бўлиб, илм-маърифат улашдилар.

Имом хатиблик қилган даврларда ўша пайтдаги Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси бошлиги, муфтий Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохоннинг таклифлари билан Тошкентда ўтказилган бир неча диний анжуманлар ва халқаро диний қурултойларда сўзга чиқиб, соф араб тилида нутқ сўзлаганлар. У ерда ҳозир бўлган бутун дунёдан келган диний уламо ва меҳмонлар эътирофида бўлганлар.

Маълумотларга кўра, Иброҳим махдум узоқ йиллар «Чорсу» бозори яқинидаги атторлик дўконида рангчилик ва турли доривор гиёҳлардан малҳам тайёрлаб сотиш тижорати билан ҳам шуғулланганлар. Ҳузурларига келган беморларни турли доривор гиёҳлар ёрдамида даволаганлар. Ўзлари ҳам узоқ йиллар давомида кепаги ажратилмаган қора нон истеъмол қилганлар, чин иштаҳа бўлмасидан таом емаганликлари, шифо зулукни ва ҳижомани йилда икки бора доимий ўзларига лозим тутганликлари ҳақида фарзандлари яхши хотирлашади.

Ҳазрат Иброҳим махдум 1983 йил октябрь ойининг 25-санасида бу фоний дунёдан ўтдилар. У зоти шарифни ҳам «Мавлавий» қабристонида, падари бузрукворлари қабрлари яқинига дафн қилинган.

Ҳазрат Иброҳим махдум умрлари давомида 3 нафар аёл билан никоҳ қуриб, улардан 6 ўғил, 1 қиз фарзанд кўрганлар.

Аввалги заифалари Умринисо ойим Файзихон эшон қизлари бўлиб, улардан Сожидахон (1924-2010) пошша ва Аҳмадуллоҳ (1930-2003) исмли фарзанд кўрганлар.

Ўртанча завжалари Ҳалимахон (ваф.тах.1965) ойим Матмусса эшон қизларидан бўлса, Турсунали (1943-2010), Абдулҳамид (1948) исмли ўғилларни, кенжа аёллари Қутбинисо (1933-1999) ойим Умар Охунд домла қизларидан эса Мусохон (1967), Абдулбосит (1969) ва Абдулҳодий (1973) исмли фарзанди аржумандларни ўстириб вояга етказганлар.

Аввало, ўз йўлида мустақим тургувчи бандаларига инояти чексиз бўлган Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати, қолаверса падари бузрукворларининг дуолари шарофатидан Мулла Иброҳим махдум оталарига берган ваъдаларида собит қолиб, илмли, зиёли, ўз замонасининг забардаст олимларидан бўлиб етишиб, буюк ва гўзал дини Ислом хизматида бўлдилар.

Албатта, бундай бир қисқа рисолада улуғ инсонлар ҳаётлари тавсифини мукаммал ёритиб кўрсатиш имконияти йўқ. Шундай бўлсада, ул зоти бобаракотни ҳаёт йўллари биз авлодларга ибрат ва намунадир. У зотни Аллоҳ ўз ҳузурида муқарраб бандалари қаторида қилсин. Омин! [1]

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

 

 

 


[1] Мазкур маълумотлар  мулла Иброҳим махдум авлодларининг шахсий архивидан олинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Фарийд Божий Тунисий Дамашқдаги .АлФатҳул Исламий, маъҳадида дарс бераётган пайтлари эди. Бир куни тушларида шайхлари Абдулҳодий Харсани кўрдилар ва у давоми...

2839 13:00 / 26.12.2021
Шамсиддин қори Абдураҳим Саркор ўғли 1894 йил собиқ Наманган тумани Ғирвон қишлоғида дунёга келди. Бобоси мулла Холмат, калон бобоси эса мулла Маърайимдир. Бу икки давоми...

1782 11:39 / 28 февраль
Таваллуд санаси 21.07.137115.04.1952. Таваллуд ери Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилояти, Асака тумани, Ниёзботир қишлоғи. Миллати ўзбек. Дини Ислом. Ақидавий мазҳаби давоми...

4228 11:54 / 27.03.2017
Шайх Муҳаммад Нажиб Сирожиддин раҳимаҳуллоҳни Аллоҳ таоло кўзи ва қулоғида яъни, кўриш ва эшитишда икром қилган. Ҳатто умрининг охиригача бу аъзолари унга буткул давоми...

2343 19:00 / 28.12.2021
Аудиолар

137304 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7535 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57372 14:35 / 11.08.2021