1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мулла Абдулқодир қори

12:44 / 11.01.2023 2064 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулла Абдулқодир қори 1888 йил Тожикистоннинг Ўратепа шаҳрида таваллуд топди. Эндигина уч ёшга тўлган вақтда, ҳазрат Абдулқодирнинг ота-онаси Наманган шаҳри «Сўфизода» гузари, собиқ «Махзум» маҳалласига келиб, қўним топишади. Қиблагоҳи Юсуфхон махдум илмли, зиёли кишилардан бўлиб, халқ орасида уста дурадгор сифатида танилган. 

Мулла Абдулқодир домла дастлабки таълимни оилада, ота-онасидан олади. Кейинчалик, илмни такомилига етказиш мақсадида 1900 йили Бухорога бориб «Мир Араб» мадрасасига ўқишга киради. У ерда машҳур мударрис ва фозиллардан таълим олиб, етук мулла ва қори бўлиб етишади.

1915 йил таҳсилни якунлаб, Наманганга қайтиб келади ва ҳофизи Каломуллоҳ Абдулғофир қори домлада Қуръони Каримнинг такрорини пухта қилгач, устознинг фотиҳаларини олиб, диний соҳадаги фаолиятини бошлайди.

Мулла Абдулқодир қори уйланиб, фарзандлик бўлади. Оила тебратиш мақсадида, ота касби дурадгорчилик қилади.

Маълумотларга кўра, ҳазрат қори домла Наманган шаҳридаги мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари учун яшиқ тайёрлаш цехида ўттиз йилдан ортиқ вақт фаолият олиб боради. Қолаверса, 1947 йилгача «Ғариб»[1] номли масжидда имом бўлиб, маҳалла аҳлнинг яхши-ёмон кунларида елкадош бўлиб хизматда бўладилар.

Мулла Абдулқодир қори домла 1968 йили Бухорода таълим берган устозлари, ҳамдарс қадрдон биродарларини кўриб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишга отланадилар. Сафарга маҳалладош қўшнилари Ҳомидхон (1921-2016) ҳожи (Солижонов)нинг «Победа» машиналарида жўнашади. Ёнларига ҳамроҳ бўлиб Жалол қори ва яна бир дўстлари қўшилади. Йўлда Самарқандда тўхтаб, мулла Абдулқодир домланинг ҳамдарслари хонадонида бир кеча тунашади. Эртасига саҳар туриб йўлда давом этмоқчи бўлиб, кўчага чиқишса, келган машиналари йўқ эмиш. Ҳайрон бўлиб бир-бирларига қарашибди. Маълум бўлишича, ярим тунда кўча ўғрилари уловни олиб қочиб кетган экан. Ҳазрат Абдулқодир домла маъюс ҳолда қўлларини кўтариб: «Эй Парвардигор, Ўзинг ҳар нарсага қодирсан. Ўғриларга инсоф ва тавфиқ бергин», - дея дуо қилибдилар ва сўзларида давом этиб: «Худо хоҳласа, ўғрилар ўзи машинамизни олиб келиб, қилган ишларига пушаймон бўлиб узр сўрашади», - дебдиларда ҳамроҳлари билан бошқа Самарқандлик дўстларини кўргани боришибди. Хонадон соҳиби қўярда қўймай, бир кеча меҳмоним бўласизлар дея олиб қолибди. Эртаси куни эрталаб, Бухорога йўл олмоқчи бўлиб дарвоза олдига чиқишса, йўқолган машиналари турганмиш. Улар кўзларига ишонмай қотиб қолишибди. Бир пайт икки барзанги йигит Абдулқодир қори домлани олдиларига келиб: «Ҳазрат, Аллоҳ йўлида биз гумроҳларни кечиринглар, тавба қилдик, бундан буён ўғирлик қилмай, ҳалол меҳнат қилиб кун кўрамиз», - дейишибди. Шунда Абдулқодир домла ва шериклари, «Аллоҳ қалбингизга ҳидоят солгани рост бўлсин», - дея дуо қилишибди. Шу тариқа мулла Абдулқодир домланинг Самарқанд ва Бухоро сафарлари икки адашган инсонни ҳидоятга келишига сабаб бўлган экан.

Ҳазрат Абдулқодир қори домланинг диний фаолиятлари асосан мустабид тузуми даврига тўғри келади. Бу даврда диний илм олиш, илм бериш игна билан қудуқ қазишдек мушкул ва қийин бўлса-да, мулла Абдулқодир қори домла кўпларга илм-маърифат тарқатди.

Хабарларга кўра, у зот узоқ йиллар «Махзум» маҳалласидаги «Ғариб» масжидида ва Заркент бозори ҳудудида жойлашган «Панжара» масжидларида Рамазон ойларида хатми Қуръонларга ўтиб, ибодатгўйлар хизматида бўлганлар. Қолаверса, иймон-эътиқодли халқимизнинг хонадонларида ҳам ками уч, кўпи етти кунлик хатми Қуръонлар қилиб, таровеҳ намозларида имомликка ўтиб берган эканлар.

Тартибли ва нозиктаъб мулла Абдулқодир қори домла 1973 йил бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар. Уларнинг ҳам дафнлари шаҳарнинг эски «От бозори» қабристони ҳозирги «Мангулик» мозорида бўлди. Ҳазрат Абдулқодир қори домла умрлари давомида икки марта турмуш қурдилар. Аввалги заифалари тўғрисида маълумотимиз йўқ. Бироқ ундан Олимхон (1934-1994) исмли ўғиллари бўлган. Иккинчи аёллари Ҳамидахон (1921-1971) ойим Абдулғофир қизлари бўлиб, улардан Комилжон (1946-2015), Собиржон (1951-2015), Ёқубжон (1956) исмли ўғиллари ҳамда Ҳабибахон (1948) исмли қизлари бўлган. Ҳазрат қори домла Ҳамидахон ойимнинг аввалги турмушларидан бўлган қизлари Барирахон (1940-2006, Мастурахон (1943-2019) аяларни ҳам ўз фарзандларидек тарбиялаб вояга етказдилар.[2]

Истиқлол йилларига яқин Ҳомидхон (Солижонов) ҳожи ота уйларида катта эҳсон дастурхони ёзилди. Унга шаҳарнинг улуғ зотлари, машҳур уламо ва ҳофизи Қуръонлар шунингдек, муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам ташриф буюрдилар. Эҳсон асносида Абдулғофир қори ўғиллари Ҳомидхон қори ва Абдурауф ҳожи домлалар маҳалла аҳли ёрдами билан ҳашар йўли орқали шу ҳудудда жоме масжид қуриш ва масжидга «Мулла Абдулқодир» қори домла номларини бериш таклифи билан чиқишди. Бу таклиф кўпчиликка маъқул бўлиб, шу куни масжидга илк тамал тоши қўйилиб, уни қуришга киришилди. Шу тариқа «мулла Абдулқодир» шарафларига бунёд этилган жоме масжиди шу йилдан намозхонларга хизмат қила бошлади. Масжид ҳозирда ўзининг файзи футуҳи ва жамоати билан бошқа масжидлардан ажраб туради. Аллоҳ Абдулқодир қори домлани раҳмати илоҳийсига олсин. Омин!

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов



[1] Мазкур масжид Домлажон (1847-1916) мағзум бошчиликларида 1873 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган. 1947 йилгача масжид фаолият олиб борган. Кейинчалик, давлат томонидан тўртта оилага, иккиси рус ва иккиси татар миллатига мансуб кишиларга яшаш учун уй қилиб бериб юборилган.

 

[2] Ушбу маълумот мулла Абдулқодир қори домланинг ўғиллари Ёқубжон  ва набиралари Обидхон ҳожи акалар билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Саъид ибн Абдуллатиф Фуда ndash ақоид калом, мантиқ ва усулулфиқҳ илмлари соҳасидаги етук олимдир. Шайх Саъид 1967 йили Фаластиннинг Ҳайфа шаҳрида туғилган, давоми...

3284 10:47 / 29.02.2020
Зиёратrdquo рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Фозилхўжа Содиқхўжаевнинг уйларига ташриф буюрдик. Сиз азизлар билан Фозилхўжа домланинг ибратли давоми...

6083 16:13 / 07.12.2017
Имом, ҳофиз, ривоятлари собит Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али ибн Ҳамдон Хуросоний. Илм талабида юрт кезганлар.Ҳоким ибн Баййиъга шогирд тушганлар ва таҳсил давоми...

1461 11:00 / 17.01.2021
Мавлоно Абдулваҳҳоб қори 1907 йил, Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Оғлуқ маҳалласи ҳозирги Қўқон кўчасида Баҳодир қори хонадонларида таваллуд топди.Отаси давоми...

2547 17:00 / 28.03.2022
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57701 14:35 / 11.08.2021