1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Итоатга ёппасига киринг. Бу Аллоҳнинг топшириғи

16:26 / 24.01.2018 3806 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Замонлар ўтиши билан равшанлиги ортиб, у ер-бу ерда янгиланиб тураётган ҳодисалар туфайли тасдиқланиб борадиган Қуръоний ҳақиқатлардан бири Қуръоннинг фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда у кишининг атрофидагилар учун ёки улардан кейинги авлодлар учунгина нозил бўлмаганлигидир.
Қуръон барча макон ва замондаги одамлар учун туширилган.
Қуръон турли ҳодиса ва эврилишлар жараёнида инсонларга ҳамроҳ бўлиб уларнинг турли муаммоларини ҳал қилишда йўл кўрсатиш учун келган.
Қуръоннинг ҳақиқатда Аллоҳнинг каломи эканига ҳамда бошқа махлуқотларнинг сўзи эмаслигига далил бўладиган очиқ ҳақиқатларнинг кўпини учратмоқдамиз.
Келинглар, мулоҳаза билан фикр юритиб бизларга аламли ҳодисаларни васф қилиб берадиган ва бошимиздан ўтказаётган вақт оралиғида қилинаётган жиноятларни аниқлаб берадиган ушбу оятларга қулоқ тутайлик. Жиноятларни содир этувчиларга Аллоҳ субҳанаҳу таолонинг баёноти орқали қаратилган қаттиқ огоҳлатириш ҳақида бир ўйлаб кўринглар. Кейин барчага Аллоҳ азза ва жалланинг қандай буйруқ бергани ҳамда жиноятчи ва жабрланувчига қандай амр қилгани ҳақида синчиклаб қаранглар. Аллоҳ азза ва жалла айтаётган ушбу сўз ҳақида чуқур мулоҳаза қилиб кўринглар:

Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлари бор. У қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ ҳам қилади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчидир. Ва бурилиб кетганда, ер юзида бузғунчилик қилиш ҳамда экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳаракат этадир. Аллоҳ эса бузғунчиликни суймас. Қачон унга: «Аллоҳдан қўрққин», – дейилса, кибру ҳавоси уни гуноҳга етаклар. Жаҳаннам унга етарлидир. У қандай ҳам ёмон ётоқ!” (Бақара, 204–206).

«Эй имон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир. Агар очиқ-ойдин ҳужжатлар келганидан кейин ҳам тойилсангиз, билинг­ки, албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир». (Бақара, 208–209).

 

Ушбу оятларни кўрдингизми, улар Расулуллоҳ замонларида бўлган муаммони ечиб берадими?! Аллоҳнинг баёноти айтган сифатлар билан сифатланган кишилар Расулуллоҳнинг замонларида ёки улардан кейинги тобеъинлар ёки табаъ тобеъинлар даврларида бўлганми?!
Улар ўзларининг мўмин ва мужоҳид эканликларига Аллоҳни гувоҳ қилиб, кейин ер юзида экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳамда бузғунчилик ва одам ўлдириш учун ҳаракат қилганларми? Ўша замонларда шу ишларни қиладиган кишилар бўлганми?
У ерда Аллоҳнинг баёноти зикр қилган сифатга мувофиқ келадиган кишилар мутлақо бўлмаган. Шунинг учун тафсирчи олимларнинг ҳаммалари ушбу илоҳий сўз, яъни Аллоҳ азза ва жалла васф қилган сифатдаги одамлар ҳамда уларга қарата Аллоҳ томонидан айтилган гаплар кейин келадиган кишилар учун айтилган эканига ижмо (қарор) қилганлар.
Шундай экан, мен ўзим ва сизларнинг номингиздан, қилаётган ишларига сирни ҳам, махфийни ҳам билгувчи яратган Мавлоларини гувоҳ қилаётганларга ва ўзларини мўминлар, балки мужоҳидлар деб ҳисоблаб, қилаётган бу қилмишлари билан ўзларини Аллоҳга яқинлашаётган кишилардан эканига гувоҳлик бериб Аллоҳ буюрган нарсага тескари иш қилаётган ва бу ишлари билан таназзулга юз тутаётганларга мурожаат қиламан.
«Ва бурилиб кетганда, ер юзида фасод учун ҳаракат этади».
Ҳа шундай, Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниб бузғунчиликдан тийилиш ўрнига фасод учун ҳаракат қилади. У ҳол тили билан ёки ўз сўзи билан: «Бизнинг ишимиз ҳаракатланаётган жиҳодимизда, гарчи биз қайтарилган бўлсак-да, ер юзида фасод қилишга чуқурроқ киришамиз» – дейди.
«Ва бурилиб кетганда, ер юзида фасод учун ҳамда экин ва наслни ҳалок қилиш учун ҳаракат қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас». 


Уларнинг бири айтади: «Биз мужоҳидлармиз, жиҳодимиз Аллоҳнинг баёноти айтаётган нарсага тескари боришда кўзга ташланади, жиҳодимиз экинларни пайҳон қилишимизда, ўсимликларни ёндиришимизда, озуқаларни ўғирлашимизда, уйларни вайрон қилиб бегуноҳ одамларни сўйишимизда ўз аксини топади, мана шу бизнинг жиҳодимиз, бундан кейин Аллоҳнинг баёноти нима деса деяверсин».
Уларга: «Нима учун қалбингиздаги нарсага Аллоҳни гувоҳ қилиб, ушбу гувоҳ қилган нарсангизга тескари ишлар билан шуғулланаяпсизлар? Нима учун?» дейишимиз керак.
Сизларга диндан олдин мантиқий савол бераман, ақлга ёндашиб савол сўрайман. Аллоҳ Роббингиз эканига, сизларни яратганига ва сизлар Аллоҳ азза ва жалланинг қўл остидаги қуллари эканингизга ҳақиқатда имон келтирганмисиз? Оламлар Роббиси олдида ҳамма одамлар ҳисоб учун турадиган кунда сиз ҳам туришингизга имонингиз борми? Агар шундай бўлса, нима учун қалбингиздаги нарсага гувоҳ қилаётган илоҳингиз буйруғига қарши чиқаяпсиз?
Мен қўлларига қурол олиб ватанига ва ушбу ватандаги балки ушбу давлатдаги ўзларининг бир бўлаги бўлган ўз фарзандларига қарши жиҳод эълон қилганларга мурожаат қиламан. Мен бу мурожаатни бир жойдан иккинчи жойга сакраб ўтаётган меҳмонларга айтаётганим йўқ, чунки уларга бахт кулиб боқса ёки бирор кулфат етса, инларига ва узоқдаги уяларига қайтиб кетаверадилар. Мен шу юртнинг бир бўлаги бўлган дўстларга қарата айтаяпман.
Кўҳна замонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир», деганлар.
Агар нишон бу ерни йўқ қилиш, бу давлатни тугатиш ва сиёсий харитадан Сурия номини ўчириб ташлаш бўладиган бўлса, унда насиҳатим шуки (насиҳатимни ˝дин насиҳатдир˝ деган иборага таянган ҳолатда айтмайман, насиҳат манбаси дин томонидан бўлса, эҳтимол, сизлар қулоқ солмаслигингиз мумкин, лекин мен ақл тарафдан ёндашиб айтаман), сизлар ҳаракат қилаётган нарса амалга ошса, бу қисмат алангасида, энг аввало, ўзингиз ёниб кетасизлар.
Агар бу шахар, бу давлат йўқ қилинса, тез орада унинг номи дунё харитасидан ўчади, тез орада давлатларга эмас, балки бир-бирини сўйиб ўлдирувчи гуруҳларга айланади. Аланга кучайгандан кучайиб, ҳеч пасаймайди. Ҳа шундай, чўғ аланга олиб ўчмайди. Ана шу алангада биринчи бўлиб ўзингиз ёнасиз.
Огоҳ бўлинглар ва билиб қўйинглар, катта алангани келтириб чиқараётган шу кичкина чўп ушбу аланга режасида, энг аввало, ўзи куйиб кетади.
Гапларимни яхшилаб эшитиб олинг.
Билиб қўйингки, сизларни қувонтирган ёки бир муддат хурсанд қиладиган чўнтагингизга йиғаётган долларларингиз қуёш нури остида қолган қор каби эриб йўқ бўлиб кетади. Тез орада қуруқ қўл билан қоласиз ва чўнтагингизни кавлаб ҳеч нарса топа олмайсиз.
Тез орада ўзингиз сафарбар қилинган нарсада сизнинг тинчингизни энг аввал ёққан киши кимлигини биласизлар.
Бас энди, муносабатларингиз ва ҳаракатларингизни муҳокама этишингиз лозим бўлган ушбу онда тафаккурга мурожаат қилмайсизми?
Мен бу гапларни ўз фарзандларимизга айтаман, ушбу шаҳарнинг, ушбу ватаннинг бир бўлаги бўлган кишиларга қарата айтаман.
Мен бу сўзимни денгизлар ортидан юборилган, эҳтимол, қаерга йўл олганларини ҳам билмайдиган, узоқ ўлкалардан келганларга қарата айтаётганим йўқ. Улар бу ерни ўзлари учун машқ майдонлари эканини биладилар ва ўзларига вазифа қилиб олган топшириқларини ҳам биладилар, мен уларга гапираётганим йўқ, уларнинг қисмати Аллоҳга ҳавола, мен бу гапларни ўз фарзандларимизга қарата айтаяпман.
Нима учун узоқ ва яқиндаги душманга муносиб муомалани олдингизга қўясиз? Нима учун унинг нағмасига ўйнайсиз? Агар иш у хоҳлаганидек якун топса, бориб ўз курсисига ўтиради, бўлган ишдан хурсанд бўлиб кечаси ўйнаб, кундузи маст бўлади. Лекин сизларнинг қисматингиз нима бўлади? Сиз ҳалокатга юз тутасиз. Ушбу ҳақиқатни яхши тушуниб олишингиз лозим.
Биз ватан демоқдамиз. Мен дин дейман, Аллоҳнинг буйруқларига боғланишни айтаман. Мен юрт, ватан қийматини инкор этолмайман, лекин шуни билингларки, ватаннинг барчаси Аллоҳнинг мулкидир. Уни яратган ва бизни унда турғазиб қўйган зотнинг мулкидир. Аммо бизлар бу юртларга ўринбосар қилиб юборилганмиз. Биз Аллоҳнинг ери бўлган ушбу муборак юртнинг ворислари ва омонатдор меросхўрларимиз. Инсонни Аллоҳнинг ўринбосари экани тўғрисида Қуръонда келган кўплаб оят-далилларни билмайсизларми? Инсон қайси ишда Аллоҳнинг ўринбосари қилиб юборилган? Уларни турғазиб қўйган ерни ҳимоя қилишда, Аллоҳ эҳтиром кўрсатиб уларга берган ризқ ва озуқаларни ҳимоя қилишда ва ораларида адлолат мезонини ўрнатишда ўринбосар қилиб юборилгандир.
Аллоҳ айтади:
«Осмонни баланд кўтарди ва тарозуни ўрнатди. Тортишда ҳаддан ошмаслигингиз учун. (Агар ушбу тарозуни Ислом дини, Қуръон китоби, Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбари орқали ўрнатмаганида, адолат мезони бузиларди, ҳақдан ботил устун келарди. Ер юзини фисқу фасод босарди.)
Адолат ила ўлчанг ва тарозудан уриб қолманг».
(Роҳман, 7-9).
Албатта, ватанни улуғлашимиз уни муҳофаза қилиш йўлида Аллоҳнинг буйруғига бўйсунишимиздир. Буни яхши билиб олинглар.
Аммо дўстларимиз ортга бурилиб Аллоҳнинг буйруғи ва қайтариғидан юз ўгирсалар, харакатларини  Аллоҳ учун қилиш  ўрнига Аллоҳнинг душманларига ёрдам беришда давом этсалар, Аллоҳнинг динига хизмат ўрнига Аллоҳнинг душманларига хизмат қилишда қатъий бўлсалар, мен уларга Аллоҳнинг Китобидаги ушбу оятни эслатаман:
«Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми? Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб ёлғонга қасам ичурлар». (Мужодала,14).
Бу сўзлар Расулуллоҳнинг саҳобаларига айтилган деб ўйлайсизларми? Бу сўзлар Расулуллоҳ замоналаридаги мунофиқларга қарата айтилган деб биласизларми? Ёки улардан кейинги тобеъинларга айтилган деб ўйлайсизларми. Ақлингизни ишлатинглар, ўзингизга келинг.
Ҳаққа қайтиш мақталган энг тўғри иш. Гуноҳига тавба қилувчи киши гуноҳи йўқ киши кабидир. Бандаларининг тавбасидан Аллоҳ хурсанд бўлади. Бу хурсандчиликка тенг келадиган бошқа бирор хурсандчилик йўқ.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

 

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан.
11 январ, 2013йил.

Тошкент шаҳар Эшонгузар жоме масжид имом хатиби 

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўтган ҳафта сизларга муҳим бир масала ndash қалбнинг дунёга муҳаббат қўйиши ва бунинг оқибатида пайдо бўладиган ҳалокатли асоратлар ҳақида гапириб берган эдим. Ва давоми...

4394 16:42 / 02.12.2017
Зикрни унда Аллоҳ билан ҳозир бўлмаганинг учун тарк қилма Чунки У Зотнинг зикри йўқлигидаги ғафлатинг Унинг зикри борлигидаги ғафлатингдан оғирроқдир. Шоядки, У давоми...

6765 19:16 / 08.08.2017
Тўртинчи тақсим5. Ибодат ғийбати. Ибодатларни ғийбат қилиш деганда ундаги нуқсон ва камчиликларни гапириш, масалан, фалончи намозни яхши адо қилмайди ёки таҳажжуд давоми...

3742 19:39 / 19.01.2018
Ким У Зотга Ундан орзу қилаётган нарсаси учун ёки уқубат келишини тоати ила ўзидан даф қилиш учун ибодат қилса, У Зотнинг сифатлари ҳаққини адо қилмаган давоми...

4658 19:07 / 11.02.2018