1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Соғуний соғинчи (биринчи мақола)

16:30 / 19.08.2021 2984 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўз замонасида эъзозланган одам орадан йиллар, асрлар ўтиб авлодлари томонидан ҳам ҳурмат қозониши табиий. Ёзиб қолдирган ўгитлари, ҳикматлари, тарихлари, ибратлари – китоблари ўқилиши ва улардан ҳосил бўлган савоблар руҳларига етиб бориши ҳам ҳақиқат.

Ватан ва миллат қайғуси, шахсий манфаатларидан кечиб, камолот сари юксалиб, бошқаларни ўз ғоялари ортидан эргаштирган шахслар тўғрисида гап кетганида улкан аллома Алихонтўра Соғуний (1885 – 1976) сиймоси кўз олдимга келади. Ҳазратни бугунги маърифатли ўқувчи, журналхонга қайта таништиришга зарурат йўқ. Аммо алломанинг ҳикматларга йўғирилган фикрларини, кўнгил дафтарини қайта варақлаш, такрор эслаш ва бундан ибратланишга эҳтиёж бор, албатта. Зеро, истиқлолнинг дастлабки йилларида кўп минг нусхада босилган «Тарихи Муҳаммадий» асаридан динимиз ҳақиқатини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларини ўқиб-билиб олган одамларнинг ҳали шу кунга довур кўнгил кўзлари нурли, фикрлари очиқ ва тиниқ. Айни дамда «Туркистон қайғуси» асарининг қўлёзмасини ўқиганлар ҳам Ҳазратнинг чўнг дардини англаган, тушунган, у зот билан баравар мунгланиб инграшган ва яхши кунлар келишига умидлар боғлаган бўлишса не ажаб! Қуёшнинг бир кун келиб чиқиши, вақти етиб тақдир шамоли қора булутларни четга суриши табиий. Ҳақиқат қуёши порлаган кунларда Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг боши узра нур таралди, безовта руҳи ором олди ва шодланди.

Алихонтўра Соғуний қайғуси – бу Ватан қайғуси. Замонавий билимларни эгаллаш, мамлакатнинг қудрати, шижоат, орият, бошқаларга бўйин эгмаслик дарди бор эди у зотнинг. Алихонтўра Соғуний қайғуси – бу озодлик, бирдамлик, ҳаққоният, адолат ва маърифат қайғусидир. Мустабид шўро тузуми кўнгил кўзи очиқ ҳар қандай миллат зиёлисининг боши узра қиличини қайраб турган бир маҳалда она тил, Ватан ва миллат тақдирини ўйлаб, куйиниб: «Қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламаёқ, инсоний ҳуқуқларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина ватанларида эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзасидан йўқолишига мажбур бўладилар», деган эди. Ватан ўтмишининг шонли саҳифаларидан келажак авлодга сабоқ беришни ўйлаган аллома ўз миллий қиёфасини йўқотиш йўлига кирган халқ учун «тарих илми балиққа сув ўрнида бўлиши»ни юрак-юракдан ҳис қилади. Туркистонни, унинг тарихини, бу заминда истиқомат қиладиган барча қавмларни чин дилдан яхши кўрган, унинг забун ҳолини кўриб, «дардли сўзлари қонли кўз ёши»га қўшилиб қоғозга тушади. Ҳазратнинг хотиралар, сабоқлар, ҳикматлар, қайғу, армон, орзу ва умидлар жамланган «Туркистон қайғуси» шу зайлда (1966 – 1973-йилларда) майдонга келади. Дунёда миллатлар бир-бирининг таркибига сингиб, йўқолиб кетишини башорат қилаётган ҳукмрон мафкура карчалонларининг манфур ниятларини теран англаган бу зот миллий ҳис-туйғу, миллий тил, диний тарбия борасида чуқур ўйга толади. Музаффарияти билан мақтангувчи бийрон тилларга қарши дудуқланган мазлум тиллар ноилож имраниши мумкин, бироқ таслимиятга йўл йўқ. Таслимият – миллий фожиа, таслимият – миллат йўқлиги. Тил кетса, миллатнинг барча маданий қадриятлари барбод бўлади. Маънавий устунлари қўпориб ташланган миллат ўлади. «Агар биз тил-адабиётимизни кенгайтириб, унинг қадр-қимматини ошириб, бошқа маданий тиллар даражасига етқизур эканмиз, мана бу чоғда миллатимиз, миллий ҳиссиётларимиз доимий равишда ўсиб сақланғусидир». Соғуний англаган ҳақиқат тезиси бу.

Бир томондан маданий либосини кийган босқинчи аждаҳонинг ҳийла-найрангларини англаш учун очиқ фикр, теран мушоҳада, ҳаёт тажрибаси лозим. Мардлик, шижоат, жасорат – булар Алихонтўра ҳазратлари табиати ва руҳиятига хос фазилатлар. Хурофотдан, жаҳолатдан, инқироздан қутулиш учун бу фазилатлар ўзини, ўзлигини танига ҳар бир инсон учун жуда муҳим. Зеро, Соғуний ҳазратлари миллатнинг замонга мос юксалиши, дунёдаги бошқа бирор қавмдан кам бўлмаслиги ва бошқалар бўйинтуруғи остида эзилмаслиги учун бирдамлик-иттифоқлик, илм-ҳунар ва душман қаршисида ўлимдан қўрқмасликдан сўз очади. Илмсизлик, қўрқув, онгсизлик, фикрсизлик, миллий туйғусизлик, душманнинг кимлигини англамаслик, ўз Ватани ҳимоясини ўйламаслик – бунинг оқибатида хайр йўқ: давлатлар инқирозга учрайди, миллат бўйнига қуллик кишани тақилади, Ватан хорликка юз тутади. Бу ҳақиқат Алихонтўра Соғуний юрагидаги чўнг дард ва алам эди. «Онги очилмаган, билимсиз бир миллат ўз душманлари олдида кушхонага ҳайдалган бир тўп ҳайвондан ҳеч қандай айримаси йўқдир. Инсоннинг ўзига энг яқин ҳалокатлик душмани онгсизлик, илмсизликдир». Аслида улуғ бир илоҳий ҳақиқат шуки, билганлар билан билмаганлар ҳеч қачон баравар бўла олмайди. Улар фарқли, икки хил дунёқарашга, фарқли ҳаёт тарзига эга одамлар. Онгу тафаккури илм нури билан ёришган инсон яхшини ёмондан, оқни қорадан, дўстни душмандан, ҳалолни ҳаромдан, тараққиётни таназзулдан фарқлайди. Ҳамма замонларда бир муддат ялқовланган, лоқайдлашган, ҳушёрликни қўлдан берган одамларга оғзини очиб турган жаҳолат аждаҳоси хавф солади. Дунёда бошқалар ичига ютилишдан эҳтиёт чорасини кўрадиган миллат ҳамиша илм-фан билан қуролланади; миллий ҳиссиёти билан бирга «ўз она тилларини жон ўрнида асрашлари лозим» бўлади.

Айни дамда Алихонтўра Соғуний диний тарбияга урғу беради. Худосизликни тарғиб қилган «большевик ҳукумати» диндорларга ҳужум қилди, асоссиз равишда туҳматлар билан ҳибсга олди, зиндонларга ташлади. Алихонтўра Соғуний золимларнинг бундай зулмига жим қараб туриши мумкин эмас эди. Чунки олимнинг «сукут қилиб қараб туриши ўз динига хиёнат қилиш» саналади. Гарчанд отаси бу ишни хуш кўрмаган бўлса ҳам, шўроларнинг даҳриёна тарғиб-ташвиқлари аста-секин авжига минаётган бир паллада Тўқмоқ шаҳридаги катта масжидда имомлик қилади; ваъз ўқийди. Амри маъруф, наҳйи мункар билан машғул бўлади. Минглаб одамларнинг айнан кўнглидаги ғам-ташвишларига шерик бўлиб, уларни шижоатга чақиради. Онгсизлик офатларидан, сиёсий кўрлик оқибатларидан одамларни огоҳлантиради. Ҳукмрон тузум корчалонлари оловли панжаси билан беозор халқ ҳуқуқларини куйдириб, ўзлари ўйлаган йўриғига юритиш пайида бўлган бундай мураккаб мафкуравий муҳитда Соғуний ўз уринишлари билан ловиллаб осмонга ўрлаган оловни ўчириш учун «тумшуғида сув ташиган қалдирғоч каби» эътиқодига садоқат йўлидан боради. Аллома фикрига кўра «дунёда яшаган ҳар бир кишининг энг аяшга лойиқ, қизғаниб сақлайдиган беш нарсаси бордир. Биринчи – жони, кейингилари – дини, моли, оиласи, она Ватанидир». Бунинг учун жонбозлик, ўз она Ватанини қўриқлаш учун «ёнар ўтдек ботир юракли жонфидо» йигитлар лозим.

Соғунийнинг дарду ҳасрати, ғам-қайғуси дин ва ўзлик, илм-ҳунар ва она тил, Ватан ва одамийлик, миллат ва «мен»лик қайғуси эди. Таъкидлашига кўра, одамлар ҳамиша ўзларининг ичидан етишиб чиққан оқил, доно, одил, миллий ҳиссиётли сиёсий арбобларга муҳтож бўлади. Акс ҳолда бунинг мисоли ҳашаматли ва замонавий бир бино қуриш учун асбоб-ускуна, хом-ашё, тарҳ – барча-барчаси мавжуд бўлса-ю, «муҳандис, тажрибали ишчи-усталар» бўлмаса, режанинг амалга ошмай, бинонинг бунёд бўлмай қолиш манзарасига ўхшайди. Дунё бойликларини қўлида жамлашни, бировлар юртини эгаллаш ва унга эгалик қилиш ниятида бўлган босқинчи кучли, нисбатан оқил, ҳийлагар, фитначи бўлади. Эгаллаб олган ҳудудларини ўз қўлида ушлаб туриш учун ўша ерли халқнинг миллий қадриятларига болта уради, тарихини, эътиқодини, аждодларидан ўтиб келаётган удумларини, тили ва адабиётини унуттиришга уринади. Болаларини оталарга, қизларини оналарига қарши қўяди; оила, маҳалла, эл-юрт бутунлигини парчалайди. Зарур бўлса, ХХ аср тарихи бир неча бор кўрганидек, оддий одамлар устига атай очлик, муҳтожлик офатларини ёғдиради. «Итингни оч сақла, ортингдан эргашсин» деган халқ мақолини одамлар тилидан олиб, ўзларига қарши қўллайди. Ҳеч ким кутмаган иқтисодий-озуқавий муҳтожлик сиёсатига куч беради. Золим ҳамма вақт мазлумларни куч ва қурол, фитна ва ҳийла билан ўз қўллари остида ушлаб туриш пайида бўлади. Ўтган асрдаги мазлумлар, хусусан, асоратда қолган Туркистон аҳлининг кучлари золимлар билан тенг бўлмаганини «тоғ остида қолган чигиртка»га ўхшатиб, Соғуний надомат билан ёзади. Қолаверса, босқинчилар маҳаллий халқ ичидан чиққан амалпараст-сотқинлардан фойдаланади; уларга мансаб-мартаба, унвону мукофот, мол-мулк ваъда қилиб, ўз Ватанига, ота-онасига қарши ишлатади. Туркистон тарихида чор босқинчилари ҳам, тенглик-тотувлик, ободлик тўғрисида ёлғон ваъдалар берган большевиклар шундай ҳийлакор-найрангли сиёсат юритди. Натижада эрк-ихтиёридан ажралган миллат бурни «ерга ишқаланган ҳолда ҳайвондек ишлаб, қуллардек қийналиб» кун кечирди.

«Соғуний, бағринг эзилди, бу Ватаннинг дардида

Ким билур, бу дардима дармон топилар бормикин?» 

«Туркистон қайғуси»да шундай мунгли ҳақиқатлар баёни бор.

Зиё аҳли, олиму уламолар бошқаларга ўрнак, ўз ҳаёт йўли, амалий фаолияти билан бошқаларга намуна бўлиши лозим. Олим ўхшаган мунофиқнусха кимсаларнинг амалсизлиги, такаббурлиги, манфаатпарстлиги, ёлғончилиги, порахўрлиги – миллат устига ёғилган балойи офатдан бошқа нарса эмас. Олимлари бузилган ўлканинг келажаги барбод бўлади; жамият елкаси устида турган бош айниган бўлади. Адашган олимлар одамларни адаштиради. Суврат билан сийрат зидлашади: оппоқ кўйлак – қоп-қора кўнгил, файласуфона қиёфа – бўм-бўш мия, кўркам бўйинбоғ – ўпқонмисол томоқ, заррингирдли кўзилдирик – нурсиз кўз, сочсиз бош – бошсиз лош... Ваъда бериб вафо қилмайди; балойи нафс кўйида ҳаром ўлган эшак этини емоқ учун фатво беради; сўнгра бир қарасангиз ойнайи жаҳонга чиқиб ҳалолликдан маъруза ўқийди. Соғунийнинг аламли дардлари дарёнинг шу оқимига тегишли: «Ҳиммати ўзидан ошмаган олимларнинг бутун қилган ҳаракатлари – ҳайвонларча қорин тўйғазишгагина боғланган бўлиб, улар иродасиз, инсон суратлик жониворлардир. Тилларини унутиб, муқаддас динларини ҳаммадан илгари ташлаган ҳолда, улар илон оғзига келган қуёндек ютилишга яқин турадилар». Начора, бу яқин ўтмиш манзараси, аччиқ бўлса ҳам, айнан шу ҳодисаларни ҳақиқат суврати ўлароқ тасдиқлашга мажбурмиз. Аслида, узундан узоқ йўллар, муҳташам бинолар, ҳайбатли тоғлар, басавлат чинорлар, Ой ва Қуёш бундан ҳам баттарроқ ҳақиқатларни сўзлаб беришади агар уларга тил битса. Буқаламун замон шамоли, мусиқа ва об-ҳавосига қараб тўнларини ўзгартириш билан машғул бўлган кўпгина буқаламун олимларининг, афсуски, фитрати шундай эди. Начора?!

(Давоми бор)

Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим

«Ҳилол» журналининг 8(29) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зиёратrdquo рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Фозилхўжа Содиқхўжаевнинг уйларига ташриф буюрдик. Сиз азизлар билан Фозилхўжа домланинг ибратли давоми...

6083 16:13 / 07.12.2017
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Сирожиддин Жаҳонгировнинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқамиз.Сирожиддин ЖаҳонгировСаййид давоми...

6434 15:21 / 31.01.2018
Қарийб бир аср умр кечирган ҳофизи Каломуллоҳ Жаъфар қори 1890 йил Наманганнинг қадимий гўшаларидан бири Уйчи тумани, Ёркатак қишлоғида дунёга келди. Қиблагоҳи давоми...

2462 23:00 / 18.11.2022
Биз хотирламоқчи бўлган мулла Абдураҳим домла 1900 йил Тўрақўрғоннинг Найманча қишлоғининг маърифатли хонадонларидан бирида дунёга келди. Отаси мулла Абдураҳмон давоми...

2583 14:00 / 13.08.2022
Аудиолар

137637 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57703 14:35 / 11.08.2021