1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Кўзни ҳаромдан тийиш

12:08 / 15.03.2017 3627 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир” (Нур, 30). 

Ушбу ояти каримада зинодан сақланишнинг энг бош омили–номаҳрам аёлларга эркакларнинг шаҳват назари билан қарашлари ман қилинмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмин эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан тийишга ва фаржларни зинодан сақлашга буюришни амр этмоқда.

Бу дегани, эркак киши аёлнинг қорасини ҳам кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари қарамасин, деганидир. Мисол учун, бир номаҳрам аёлга назари тушиши билан бошқа томонга кўзини бурсин, унга қараб туравермасин, қараши шаҳват назарига айланиб кетмасин, деганидир. Чунки аёл кишига бир муддат давомий қараш эркак одамда шаҳвоний туйғуни қўзғотади. Шаҳват билан қараш зинога олиб бориши ҳам мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса, уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради».

Мусулмон эркак номаҳрам аёлга қайта-қайта қарамаслиги лозим.

Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма! Биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир», деганлар.

Дарҳақиқат, биринчи назарда зарур мақсад ҳосил бўлади. Аммо кетма-кет қараш, аввал айтилганидек, шаҳват қўзғотади.

Шунингдек, бехосдан назар тушиши ҳам гуноҳ эмас.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ал-Бажарий розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бехосдан тушган назар ҳақида сўраган эдим, кўзимни бошқа томонга буришни амр қилдилар», деганлар.

Исломда эркаклар номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарилибгина қолмай, балки бу амрга риоя этганлари учун ажру савоб ва маънавий мукофотлар ҳам ваъда қилинади.

Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.

Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир мусулмон бир аёлнинг гўзалликларига назари тушсаю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», деганлар.

Эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан қайтарувчи ушбу оятни нотўғри талқин қилиб, Аллоҳ эркакларни аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарган, аёллар ўзларини авайлаб, шарҳий кийимда юришга амр қилинмаган, дейиш мутлақо нотўғридир. Чунки аёлларнинг ҳижобда юришлари лозимлиги ҳақида бошқа оятларда ҳукм бор.

Номаҳрам аёлларга назар солмаслик ҳақидаги амрдан бир неча ҳолатлар истисно қилинган. Масалан, бир одам уйланмоқчи бўлса, у аёлга назар солиши нафақат мумкин, балки мустаҳабдир.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Уни кўрдингми?» деб сўрадилар. Мен: «Йўқ», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен уни кўргин, бу, албатта, ораларингизда яқинлик ҳосил қилади», дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи бўлган кишига: «Сен уни кўргин, ансорийларнинг кўзларида бир нарса бўлади», деганлар.

Имом Аҳмад Абу Ҳумайддан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтангиз бир аёлга уйланмоқчи бўлса, унга назар солмоғида гуноҳ йўқдир, чунки у уйланмоқ ниятида назар солади», деганлар.

Шунингдек, жиноятчини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказаётган шахслар ҳам шу мажбурият юзасидан аёл кишининг юзига қараса бўлади.

Қози хусумат билан ёки гувоҳлик учун келган аёлга ҳукм чиқариш мақсадида вазифа юзасидан қараса, мумкин. Табиб ҳам тиббий мақсадларда қараса, жоиз. Албатта, бу ҳолатларда синчиклаб қараш ҳақида сўз кетмоқда.

Ояти каримадаги «ва фаржларини сақласинлар» ибораси фақат фаржни зинодан сақлашни эмас, бошқа ҳаром нарсалардан ҳам, жумладан, бошқаларнинг назари тушишидан ҳам сақлашни ўз ичига олади. Аввало, бировнинг авратига қарашдан кўзни тийиш керак. Фақат эркакларнинг хотинларнинг аврат жойларига қараши тақиқланаётгани йўқ, балки эркак эркак кишининг авратига, аёл аёл кишининг авратига қараши ҳам ман этилмоқда.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эр киши эр кишининг авратига назар солмайди, аёл киши аёл кишининг авратига назар солмайди», деганлар.

Имом Абу Довуд Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам сонига назар солма», деганлар.

Шу ўринда ўз-ўзидан, эркак кишининг қайси жойлари аврат ҳисобланади, деган савол келиб чиқади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг аврати киндигидан тиззасигача эканини айтганлар. Мусулмон эркак киши авратини бошқаларга кўрсатмаслиги лозимдир.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда саҳобалардан Журҳад ал-Асламий: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан ўтирган эдилар, сонимнинг очиқ турганини кўриб: «Сон аврат эканини билмайсанми?!» дедилар», деб айтганлар.

Шунингдек, киши ўзи ёлғиз қолганида ҳам ялонғоч бўлиб юриши яхши эмас.

Имом Термизий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар, чунки фақат қазои ҳожат ва аҳлига яқинлашиш пайтидагина ажраладиган зотлар сизлар билан доимо биргадирлар».

Яъни, фаришталар доим сизлар билан бирга, улардан уялинг, деганлар.

Имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр этилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз хотининг ва чўрингдан бошқасидан авратингни беркит», дедилар. Бир сўровчи: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар бир киши ўзи холи бўлса-чи?» деб сўради. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таборака ва таоло ундан ҳаё қилмоққа ҳақлироқдир», дедилар. 

Кўзини номаҳрамлардан тийган инсон қуйидаги фойдаларни қўлга киритади:

1. Аллоҳнинг амрига бўйинсунган бўлади. Зеро, бу нарса банданинг дунё ва охиратдаги энг буюк бахтга эришишининг асосий омилидир. Банда учун дунё ва охиратда Роббининг буйруқларига итоат этишдан кўра фойдалироқ нарса йўқ. Дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтга эришган инсон У зотнинг амру фармонига итоат қилиб эришади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтсизликка учраган инсон У зотнинг амру фармонларига итоатсизлик қилгани учун бахтсизликка учрайди. 

2. Шайтоннинг заҳарли ўқи қалбига етишидан қутилади. Эҳтимол, номаҳрамга ушбу қараши туфайли ҳалокатга кетиб қолар. 

3. Кўзни ҳаромдан ва номаҳрамларга қарашдан тийиш қалбга Аллоҳ билан дўст бўлиш, У зот билан доим бирга бўлиш ҳиссини беради. Чунки, кўзни тизгинсиз қўйиб юбориш қалбни Аллоҳдан узоқлаштиради. Банда учун кўзини тизгинсиз қўйиб юборишидан кўра зарарлироқ бало йўқ. Бу бало банда билан Роббиси ўртасида парда пайдо қилади. 

4. Кўзни тийиш қалбни қувватли ва ҳурсанд қилади. Кўзни тиймаслик эса, қалбни заиф ва маҳзун қилади. 

5. Кўзни тийиш қалбга нур бахш этади. Кўзни тиймаслик эса, қалбни қоронғулик, зулмат қоплаб олишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло кўзни тийиш ҳақидаги оятнинг орқасидан “нур” оятини, яъни “Аллоҳ осмонлар ва Ернинг «нури»дир” (Нур, 35) оятини зикр қилди. 

6. Кўзни тийиш бандага фаросатни бахш этади.  Бу фаросат орқали банда ҳақ билан ботил орасини, рост билан ёлғон орасини ажратадиган бўлади. Шоҳ ибн Шужоъ Кирмоний айтадилар: “Ким суннатга эргашиш билан ташқи томонини, доимий муроқаба билан ички томонини обод қилса, кўзини ҳаромлардан, нафсини шаҳватлардан тийса, ҳалол ейишга одатланса ҳеч қачон фаросати хатога йўл қўймайди. Отам Шужоънинг фаросати ҳеч қачон хатога йўл қўймас эди”. Яъни, жуда фаросатли киши эди. 

7. Кўзни тийиш қалбга сабот, шижоат, қувват бахш этади. Аллоҳ у бандасининг қалб кўзини очиб қўяди. Манбаларда шундай дейилган: “Ҳавойи нафсига хилоф қилувчи инсоннинг соясидан ҳам шайтон қўрқиб қочади”. Ким азизликни истаса, уни Аллоҳга итоат қилиш, У зотни доим зикр қилиш билангина топади. 

8. Кўзни тийиш шайтоннинг қалбга кирадиган эшикларини беркитади. Чунки, шайтон назар орқали қалбга киради. Шайтон бошқа гуноҳлардан кўра назар орқали қалбга осонроқ киради. Кейин ўша шайтон у банданинг кўзига қараётган ҳаром нарсасини чиройли, зарарсиз қилиб кўрсатади. Натижада ўша банда унга қайта-қайта қарайди. Қайта-қайта қараш эса банданинг қалбидан ўша нарсанинг чуқур жой олишини таъминлайди. Кейин банда кўрган нарсасини доимо ўйлаб юрадиган бўлиб қолади. Мана шу қалбнинг Аллоҳдан бошқага чалғиши, ўша билан машғул бўлишидир. 

Ҳаром нарсанинг фикрини қалбга эсон-омон олиб кирган шайтон, энди унга нисбатан қалбда шаҳват оловини ёқади. Бу олов ўчиб қолмаслиги учун унга турли гуноҳларни ўтин қилиб ташлаб туради. Охири бечора банда поғонами поғона гуноҳларни содир этиш билан қалбидаги шаҳват оловини сўндириш, қондириш истагида зино деб аталмиш оғир жиноятни содир этади. Бир лаҳзалик лаззатни деб бир умрлик афсус-надоматга қолади. 

9. Кўзни тийиш қалбни ўзи устида ишлашга, ўзини ислоҳ қилишга имкон беради. Кўзни тиймаслик эса қалбни банд қилади. Бунинг натижасида ўша инсон қалбига ўрнашган нарсанинг хаёли билан юриб, ўз қалбидан ғафлатда бўлади, уни ислоҳ қилишга ва бошқа барча хайрли ишларни бажаришга имкон топа олмайди. Чунки, бу пайтда у қалбида ўрнашган хаёл билан юрган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф, 28). Демак, кўзни тиймаслик мана шу уч нарса: қалбнинг Аллоҳ зикридан ғофил бўлиш, ҳавойи нафсига эргашиш ва барча ишда исрофга, гуноҳга йўл қўйишни ҳам келтириб чиқарар экан. 

10. Қалб билан кўз орасида ўзаро боғлиқлик, ўзига хос бир кўприк бор. Иккисини бир-биридан ажратиб бўлмайди. Қалб солиҳ бўлса, кўз ҳам солиҳ, қалб бузуқ бўлса, кўз ҳам бузуқ бўлади. Кўз тўғри бўлса, қалб ҳам соф бўлади, агар кўз тизгинсиз бўлса, қалбга ҳам турли ифлослик ва бузуқликлар сизиб киради. Бундай қалб худди ахлат ва бошқа ифлос нарсалар ташланадиган челакка ўхшайди. Тизгинсиз кўз туфайли кирланган қалбга Аллоҳ назар солмайди. Ундай қалб эгаси Аллоҳни таниш, Аллоҳни севиш ва Аллоҳ сари юзланиш ҳиссидан бутунлай узоқда бўлади. Чунки, у инсоннинг қалби бу ҳис-туйғуларнинг зидди билан тўлиб тошгандир.  

Аллоҳ барчамизни кўзини ҳаромда тўсадиган, қалби пок, доимо охиратни ўйлайдиган бандаларидан қилсин, омин! 


“Тафсири Ҳилол” ва “Ал-Жавабул Кофий” 

китоблари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қиш ойлари ўзининг салқинлиги, кечалари узоқ давом этиши, кундузлари қисқалиги билан ибодатга кўнгил қўйган ихлосли мўъминмусулмонлар учун ғанимат ҳисобланади. давоми...

3697 05:00 / 14.03.2017
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг ҳижрий 1430 йил 12 жумадус соний, мелодий 2009 йил 5 июнда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. давоми...

3065 12:24 / 15.03.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Оли Муҳаммад алайҳиссалом Мадийнага келганларидан бошлаб, то қабз қилингунларича кетмакет уч кеча тўйиб буғдой таом давоми...

3311 05:00 / 14.03.2017
Атийя асСаъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Банда токи зарари бор нарсадан эҳтиёт бўлиш учун зарари йўқ нарсани тарк давоми...

2709 05:00 / 13.03.2017