1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Иймон заифлигининг 22 та кўриниши

12:08 / 15.03.2017 5075 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иймон заифлиги ҳозирги кунда мусулмонлар орасида кенг тарқалган мусибатдир. Кўпчилик инсонлар қалбининг қотиб кетаётганидан шикоят қилишади. Баъзан “Мен Қуръон ўқиб таъсирланмайман”, “Қалбим қотиб кетяпти”, “Ибодатларимда ҳаловат йўқ”, “Иймоним жар ёқасида тургандек”, “Осонгина гуноҳ қилиб қўйяпман” каби дардли саволларни бериб қолишади. Албатта, бундай муаммоларнинг содир бўлиши иймоннинг заифлашиши билан боғлиқдир.


Иймон қалбга тегишли нарса. Шундай экан қалбга доир мавзулар доимо долзарб ва муҳим бўлиб келган. Қалб тез ўзгарувчан бўлгани учун ҳам қалб деб номланган. Пайғамбар алайҳиссалом “Қалб ўзгариб тургани учун қалб деб номланган. Қалб худди дарахт шохига илиниб қолган патга ўхшайди. Шамол уни гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ағдаради” деганлар. Имом Аҳмад ривояти. 

Албатта, қалбни у ёқ, бу ёққа ағдариб турувчи Аллоҳ таолодир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта, Одам болаларининг қалблари худди битта қалбдек Раҳмоннинг бармоқларидан икки бармоғи орасидадир. У зот уларни хоҳлаган тарафига ағдаради” деганларини эшитдилар. Кейин Пайғамбар алайҳиссалом “Эй қалбларни бурувчи Аллоҳим, қалбларимизни Ўзингнинг тоатингга бургин” деб дуо қилдилар. Муслим ривояти. 

Қуйида иймон заифлигининг 22 та кўриниши билан танишишга ҳаракат қиламиз. 

1. Гуноҳлар содир этиш, ҳаром ишларни қилиш. 

Баъзи гуноҳкорлар битта гуноҳни доимий тарзда қилиб юради. Баъзилари эса, бир неча гуноҳларни қилади. Гўп гуноҳ қилиш инсонни ўша гуноҳларга улфат қилиб қўяди. Иш шу даражага бориб етадики, киши гуноҳларни ошкора қилишга ҳам ўтади. 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Гуноҳларини ошкора қилувчилардан бошқа барча умматим омонликдадир. Бир одам кечаси бир гуноҳни содир этиб, тонг отгач, Аллоҳ таоло яширган гуноҳини ўзи ошкор қилиб: “Эй фалончи, мен шу кеча шу-шу ишларни қилдим” дейди. Ваҳоланки, Роббиси унинг гуноҳини яширган эди. Тонг отганда эса, ўзи Аллоҳ яширган ўша гуноҳини ошкор қилади. Мана шу гуноҳни ошкора қилишдир” дедилар. Бухорий ривояти. 

2. Қалб қотганини ҳис этиш. 

Инсон ўз қалбининг тош каби қаттиқ ва силлиқ бўлиб қолагинини ҳис этса, шу иймони заифлашганининг аломатидир. У қалбдан бирор яхшилик ҳам чиқмайди, унга бирор яхшилик ҳам кирмайди. 

Аллоҳ таоло Қуръонда “Сўнгра, шундан (мўъжизаларни кўргандан) кейин ҳам дилларингиз қотди. Бас, улар (баъзи диллар) тош кабидир, балки ундан ҳам қаттиқроқдир” (Бақара, 74) деган. 

Қалби қотган инсон ўлимдан таъсирланмайди. Ўликларни кўрганда, жанозани кўрганда ҳеч нарсани ҳис қилмайди. Баъзан тобутни кўтариб қабристонгача боради. Маййит устига тупроқ ҳам тортади. Аммо таъсирланиш йўқ. Қабрлар орасида юрганда ҳам гўёки оддий тошлар ва дўнгликлар оралаб юраётгандек бўлади. 

3. Ибодатларни қалбидан ҳис этиб бажармаслик. 

Намозда, Қуръон тиловати пайтида, дуо қилаётганда ва бошқа ўринларда зеҳннинг қочиши, тадаббур, тафаккурнинг йўқолиши, қилаётган дуоларининг маъноларини ҳис этмай, кўр-кўрона, наридан-бери дуо қилиш шулар жумласидандир. Ҳадисда “Аллоҳ таоло ғофил, бепарво қалб соҳибининг қилаётган дуосини қабул қилмайди” дейилган. Термизий ривояти. 

4. Тоат-ибодатларга сусткашлик қилиш. 

Масалан, намоз ўқиганда ҳам дангасалик билан, қуруқ ётиб-туриш билан намоз ўқиш. 

Аллоҳ таоло мунофиқларни васфлаб шундай дейди: “(Улар) намозга турсалар ҳам дангасалик билан одамлар кўрсинга турадилар” (Нисо, 142). Бу оят остига ибодат вақти ўтиб кетса ҳам бепарво бўладиган, ажру мукофотларни қўлга киритишга интилмайдиганлар ҳам киради. Ҳаж қилиш фарз бўлган бўлсада, кейинги йилга суради. Жамоат намозидан орқада қолади. Пайғамбар алайҳиссалом “Бир қавм биринчи сафдан кеч қолишда давом этар эканлар, Аллоҳ ҳам уларни дўзахда орқада қолдиради” деганлар. Абу Довуд ривояти. 

Иймоннинг бу турдаги заифлиги қаторига намоз вақтидан ухлаб қолиб, уйғонганидан кейин виждони қийналмайдиганлар, одат қилган вазифасини бажармай ухлаб қолган ҳамда уларнинг қазосини бажаришга шошилмайдиганлар ҳам киради. Бундан ташқари масжидга эрта боришга уринмайдиган, жаноза, ийд, жумъа, истихора, таҳажжуд, тавба, зуҳо каби намозларни ўқишга интилмайдиганлар ҳам ушбу турга мансублардир. 

5. Бағрикенгликнинг йўқолиши. 

Юракнинг торлиги, арзимаган нарсага ҳам хафа бўлиб, сиркаси сув кўтармайдиган бўлиб қолиш, ҳадеб “уф-уф” деявериш, атрофидаги одамларнинг қилаётган ишларидан ҳам сиқилиш. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом “Иймон-сабр ва бағрикенгликдир” деганлар. Бошқа ҳадисда эса “Мўмин одам улфат бўлади, унга ҳам улфат бўлишади. Ўзи бошқалар билан улфат бўлмайдиган, бошқалар ҳам у билан улфат бўлмайдиган кишида яхшилик йўқ” дейилган. 

6. Қуръон оятларидан таъсирланмаслик. 

Яъни, ундаги ваъдалардан, ваъидлардан, буйруқлардан, қайтариқлардан, қиёмат васфларидан таъсирланмаслик. Қуръонни тинглашда малолланиш, Китобни тезроқ ёпишга интиқ бўлиш ҳам иймон заифлигининг аломатидир. 

7. Аллоҳнинг зикридан ғафлатда бўлиш. 

Зикрнинг оғир туюлиши. Қўлини дуога очса ҳам тезроқ юзига суртиб, дуони тугатишга интиқлик. 

Аллоҳ таоло мунофиқларни васф этиб шундай дейди “Ва Аллоҳни жуда кам эсга оладилар” (Нисо, 142). 

8. Аллоҳнинг ҳаром қилган ишлари содир этилганда ғазабланмаслик. 

 Чунки, қалбдаги ғайрат олови ўчган бўлади. Шу сабабли тана аъзолари ёмон ишни қилаётган одамни кўрганда, уни қайтаришга ожизлик қилади. Ғайрат олови ўчган қалб ўз соҳибини яхшиликка буюришга, ёмонликдан қайтаришга, Аллоҳ учун ғазабланишга ундамайди. Бундай одамнинг қалбидан яхшиликни севиш, ёмонликдан жирканиш ҳисси йўқолган бўлади. Олдида мункар иш содир этилса, индамай тураверади. Натижада ўша ёмонликни қилаётганга бериладиган гуноҳга бу одам ҳам шерик бўлиб қолади. 

9. Машҳурликни яхши кўриш. 

Масъулиятини ўйламасдан раҳбарликка, бошлиқ бўлишга қизиқиш. Мана шу нарсадан Пайғамбаримиз алайҳиссалом қайтарганлар. У зот: 

 “Сизлар раҳбарликка ошиқасизлар. Қиёмат куни шу ишинглар ўзларингиз учун надомат бўлади. Эмизувчи нақадар яхши, сутдан ажровчи нақадар ёмон” деганлар. Бухорий ривояти. 

Ҳадисдаги “эмизувчи” сўзи раҳбарлик, мансаб маъносидадир. Чунки, мансаб эгаси молу давлатга, обрўга, лаззатларга эга бўлади. “Сутдан ажровчи” эса ўша мансабдан кетиш маъносидадир. Яъни, мансабдан кетишига ҳасадгўйларнинг суиқасди, туҳмат билан ишдан олиб ташланиши сабаб бўлади. Қолаверса, қиёмат куни ундан ҳаққини талаб қилувчи ходимларни айимайсизми. 

Агар мансабга лойиқ бўлгани, ўша ишнинг мутахассиси бўлгани учун тайинланса, мансабга ўтиргандан кейин масъулиятни ҳис этса, бунинг ёмон жойи йўқ. Зеро, Юсуф алайҳиссалом ҳам лойиқ бўлганлари учун Миср хазинабонлигидан то Миср подшоҳлиги лавозимигача бўлган босқичларни босиб ўтганлар. 

Машҳурликни севишнинг яна бир тури мажлисларнинг тўрида ўтиришни яхши кўриш. Мажлисларнинг боши бу меҳроблардир. 

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Мана бу меҳроблардан сақланинглар” деганлар. Байҳақий ривояти. 

Шуҳратпарастликнинг яна бир кўриниши уйга кирганда, уйдагиларнинг унинг учун туришларини хоҳлаш. 

Пайғамбар алайҳиссалом “Кимки Аллоҳнинг бандалари унинг учун туриб, саф бўлишларини истаса, дўзахдан ўзига уй тайёрласин” деганлар. Бухорий ривояти. 

Бир куни Муовия розияллоҳу анҳу Ибн Зубайр ва Ибн Омир розияллоҳу анҳумонинг олдиларига чиққанларида Ибн Омир турдилар, Ибн Зубайр розияллоҳу анҳу эса, турмадилар. Шунда Муовия Ибн Омирга “Ўтир, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Кимки кишилар унинг учун саф бўлиб ўринларидан туришларини яхши кўрса, жойини дўзахдан тайёрласин” деганларини эшитганман” дедилар. Абу Довуд ривояти. 

Ҳа одамлар орасида бирор мажлисга кирганда, ўтирганлардан бири туриб унга жой бўшатишини хоҳлайдиганлар ҳам бор. Ваҳоланки, Пайғамбар алайҳиссалом “Ҳеч ким бир одамни турғазиб, унинг ўрнига ўзи ўтирмасин” деганлар. Бухорий ривояти. 

10. Бахиллик. 

Аллоҳ таоло ансорларни шундай деб мақтади: “Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадинадек) диёрда яшаган ва имонни сақлаганлар (ансорлар) эса ўзлари (ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суйгайлар ва дилларида уларга берилган нарса (ўлжалар) сабабли ҳасад сезмаслар ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар” (Ҳашр, 9). 

Бу ояти каримада мадиналик мусулмонлар қанчалик олийҳиммат, мурувватли ва сахий эканлари таъриф этилган. Ўзлари муҳтож бўла туриб, нарсаларини ўзга муҳтожларга эҳсон қилиш (“ийсор”) саховат ва карамнинг энг юқори чўққисидир. Аллоҳ таоло оятда бахилликдан сақланган кишиларгина нажот топишларини баён қиляпти. Албатта, бахиллик иймон заифлигидан пайдо бўладиган касалликдир. 

Пайғамбар алайҳиссалом “Бахиллик ва иймон ҳеч қачон бир қалбда жам бўлмайди” деганлар. Насоий ривояти. 

Ҳа, иймон заифлиги бахилни бировга бир тийин бермайдиган қилиб қўяди. Хатто бир биродари муҳтожликдан қийналаётганини кўриб турса ҳам, ёрдам беришга имкони бўлса ҳам ёрдам қўлини чўзишни хоҳламайди. 

Аллоҳ таоло ундайлар ҳақида “Эй, сизлар! Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш учун чақирилмоқдасиз. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, фақат ўз зарарига бахиллик қилур. Аллоҳ Ғаний (бой), сизлар эса фақирдирсиз. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) бош тортсангиз, У (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўяр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, (балки Аллоҳга итоат қилурлар)” (Муҳаммад, 38) деб марҳамат қилган. 

11. Инсон ўзи қилмайдиган нарсаларни бошқаларга гапириши. 

Аллоҳ таоло “Эй, имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир” (Саф, 2-3). 

Шубҳасиз, бу нифоқнинг бир туридир. Кимнинг сўзи амалига тескари бўлса, у Аллоҳнинг наздида ёмонланган, инсонлар наздида эса ёмон кўрилгандир. Дўзах аҳли қиёмат куни ўзларининг дўзахга тушиш сабабларини айтиб берадилар. Яъни улар: “Биз дунёда одамларни яхшиликка буюриб, ўзимиз ўшани қилмас эдик. Ёмонликдан қайтариб, ўзимиз ўшани қилар эдик” дейишади. 

12. Бошқаларга етган мусибатдан ҳурсанд бўлиш.
13. Ишларнинг гуноҳ ёки гуноҳ эмаслигига эътибор қаратиб, макруҳларга парво қилмаслик. 

Фақат ҳаром амаллардан четланиб, макруҳларга бепарво бўлиш охири инсонни ўша ҳаром амалларга ҳам журъатли қилиб қўяди. 

Пайғамбар алайҳиссалом “Худди бировнинг қўриқхонаси чегарасида қўйини боқиб юрган кишининг қўйларидан баъзиси ўша қўриқхонага ҳам кириб кетганидек, ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушибди” деганлар. Муслим ривояти. 

Ваҳоланки, гуноҳнинг катта-кичигига эмас, гуноҳ қилинаётган Зотга қараш керак. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Мўмин ўз гуноҳини устига қулаб тушадиган тоғ деб билиб, ундан қўрқиб туради. Мунофиқ эса, ўз гуноҳини бурнига қўнган пашша деб ўйлаб, “кишт” десам учиб кетади деб ўйлайди” деганлар. Бухорий ривояти. 

14. Кичик яхшиликларни менсимаслик. 

Пайғамбар алайҳиссалом “Ҳеч бир яхшиликни паст санама. Челагингдаги сувни сув сўровчининг идишига қуйиб бериш бўлса ҳам, биродарингга очиқ юз билан гапириш бўлса ҳам” деганлар. Аҳмад ривояти. 

Сув олиш учун қудуқ бошига келган одамнинг идишига челакдаги сувни қуйиб бериш, кўринишидан кичик бўлса ҳам, аслида, Аллоҳнинг розилиги, мағфирати ўша амалда бўлиши мумкин. Дўстингизга кулиб, очиқ юз билан кўринишингиз, суҳбатлашишингиз ҳам кичик кўрингани билан Роббимизнинг розилиги ўша амалда бўлиши мумкин. 

Бундан ташқари масжиддаги тупукни тозалаш, йўлдаги тикон, тош, шох-шабба ва ҳоказоларни олиб ташлаш ҳам худди шундай ишлардандир. 

 Пайғамбар алайҳиссалом “Ким мусулмонлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташласа, шу иши учун унга бир ҳасана ёзилади. Кимга ҳасана ёзилса, жаннатга киради” деганлар. Бухорий ва Табароний ривояти. 

15. Мусулмонларнинг муаммолари билан қизиқмаслик. 

Улар билан елкама-елка турмаслик. Бошқаларнинг мусибатга учраётганини кўриб ҳам ёрдамга шошилмаслик, фақат ўзининг соғ-саломат юрганини ўйлаш. 

Пайғамбар алайҳиссалом “Албатта, бир мўмин бошқа мўминлар билан танадаги бош каби муносабатда бўлиши керак. Бутун тана бош оғриганида безовта бўлганидек, мўмин ҳам бошқа мусулмонларнинг мусибатларига шерик бўлиши керак” деганлар. Аҳмад ривояти. 

16. Исломий биродарлик риштасининг узилиши. 

Албатта, ушбу узилишга гуноҳлар сабаб бўлади. Гуноҳ қилувчи инсондан ҳамма аста-секин узоқлаша бошлайди. Ўша гуноҳ қилувчи бошқа одамларнинг қалбларидан ҳам секин-аста тушиб боради. Натижада, одамлар орасида яккаланиб, қадри, обрўси тушган ҳолда, танг ҳаётда яшайди. Мана шу тарзда мўминларнинг биродарлигини ва Аллоҳнинг мудофаасини қўлдан бой беради. Зеро, Аллоҳ таоло иймон келтирганларни мудофаа қилади. 

17.  Диннинг хизмати учун масъулиятни ҳис этмаслик. 

Иймони заиф одам ўз динининг ривожи учун саъйи ҳаракат қилмайди. Саҳобалар исломга кирганлари заҳотиёқ масъулиятни ҳис қилиб, динни ёйишга бел боғлар эдилар. Масалан, Туфайл ибн Амр розияллоҳу анҳу исломга кирибоқ, ўз қавмларини даъват қилиш учун жўнадилар. Бугунги ривожланиш замонида ҳамма қўлидан келганича ислом динига хизмат қилиш чорасини излаши керак. Кимдир дуоси билан, кимдир пули билан, кимдир кучи билан, кимдир сўзи билан, хуллас ҳамма ўз имкониятидан келиб чиқиб динни ривожи учун қайғуриши, елиб-югуриши лозим. 

Ямома аҳлининг раиси Сумома ибн Уссол розияллоҳу анҳу асир тушганларидан кейин олиб келиниб, масжид устунига боғлаб қўйилди. Пайғамбар алайҳиссалом у кишига исломни таклиф қилдилар. Аллоҳ таоло у кишининг қалбларига нур ато этиб, мусулмон бўлдилар. Дарҳол умрага жўнадилар. Маккага етиб боргач, Қурайш кофирларига қарата: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам изн бермагунларича Ямомадан сизларга бир дона ҳам буғдой келмайди” дедилар. Бухорий ривояти. 

Бу ҳам динга хизмат қилиш эди. Ўша саҳобий қўлидан келган ишни қилган эди. У пайтларда Маккага буғдой Ямомадан келтирилар эди. У мусулмон бўлгач, ўша буғдойнинг хатто бир донаси ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг изнларисиз келмайдиган бўлди. Бу Қурайш кофирларини иқтисодий қамал қилиш, чеклаш эди. Чунки, унинг иймони қўлидан келадиган мана шу ишни қилишга ундаган эди. 

18. Мусибатга учраганда қўрқиш. 

Бошига мушкул тушган одам оёқлари қалтираб қўрқса, мўътадиллигига халал етса, зеҳни чалғиса, кўзи олазарак бўлса, довдираб қолса, энди нима қиламан дегандай ҳайрон бўлса, гўёки бу муаммодан чиқадиган эшик йўқ деб тасаввур қилса, уни ғам ва хафалик қамраб олса, бу иймон заифлигининг аломатидир. Агар иймони кучли бўлганида ҳар қандай вазиятда ҳам сабот билан туриб, барчаси Аллоҳнинг синови эканлигини англаган бўларди. 

19. Беҳуда талашиб-тортишишни кўпайтириш. 

Чунки, илмсиз, саҳиҳ мақсадсиз тортишиш кишини тўғри йўлдан узоқлаштиради. Бугунги кунда кўп одамларнинг тортишадиган мавзуларига эътибор берсангиз, кўпи беҳуда нарсалардан иборатдир. Улар илмсиз, ҳужжатсиз бир-бирлари билан тортишаверадилар. Ушбу ёмон хислатни тарк этишга мана бу ҳадис кифоя қилади: “Мен ҳақ бўлса ҳам тортишишни тарк қилган кишига жаннат атрофидан бир уйнинг, ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган одамга жаннатнинг ўртасидан бир уйнинг, хулқи гўзал бўлган кишига эса, жаннатнинг олийсидан бир уйнинг кафолатини бераман”. Абу Довуд ривояти. 

20. Дунёга боғланиш, у билан ўралашиб қолиш. 

Агар инсондан бир миқдор мол-дунёси кетса, масалан, молидан, обрўсидан, мансабидан, шинам уйидан ажралса шунга қалбида эзилиш, сиқилиш пайдо бўлса, бу нарса дунёга боғланиб қолганлигининг аломатидир. Дунёга боғланиш аста-секин қалбда ҳасад касаллигини пайдо қилади. Кейин инсон ўзидан кетган молга эмас, балки, бошқага келган молу давлатга сиқиладиган бўлиб қолади. Ўша молу давлатнинг эгасидан кетишини ва ўзига келишини истайдиган бўлиб қолади. Бу айни ҳасаддир. 

Пайғамбар алайҳиссалом “Банданинг қалбида иймон ва ҳасад жам бўлмайди” деганлар. Абу Довуд ривояти. 

21. Гапираётганда фақат ўзининг гапларини гапириш. 

Яъни, инсон гапираётганда, амру маъруф, ниҳий мункар қилаётганда Қуръондан оят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис, салафи солиҳлардан чиройли ҳикмат қўшмай, фақат ўзининг гапларини гапиравериши ҳам иймон заифлиги аломатидир. 

22. Нафсга кўп аҳамият қаратиш. 

Яъни, вақтида, тўйиб овқатланиш, ташқи кўринишга катта эътибор қаратиш, чиройли либослар сотиб олиш, хашаматли уйларда яшаш, мана шу ишларга кўп мол ва вақтни сарфлаш ҳам иймоннинг заифлашиб қолганини билдиради. Ваҳоланки, қўшниси ёки бир биродари очликдан қийналиб ётса, касалликдан тузалиш учун дори-дармонга пул тополмаса-ю, ўзи тўкин ҳаётда яшаса, бу мўминликка тўғри келадиган иш эмас. Бундай инсон охири бориб ортиқча дабдабали ҳаётда яшашга ўрганиб қолади. 

Пайғамбар алайҳиссалом Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида “Дабдабали ва тўкин-сочин ҳаётдан сақлан. Чунки, Аллоҳнинг бандалари тўкин-сочин ҳаётда, ҳузур-ҳаловатда яшовчилар эмас” деб васият қилганлар.    

Аллоҳ барчамизнинг иймонимизни кучли, мустаҳкам, собит иймон қилсин. У зотнинг ҳузурига ҳам қувватли иймон соҳиби бўлиб боришимизни Ўзи насиб этган бўлсин. Омин! 


Нозимжон Ҳошимжон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни етти нарсага амр қилдилар, етти нарсадан қайтардилар. Бизни жанозаларга давоми...

3853 05:00 / 13.03.2017
Хамрга қарши олиб борилган ишлар фақат Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари билан кифояланмаган. Жамиятнинг барча аъзолари бу давоми...

2569 05:00 / 13.03.2017
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қадар жойида туриб, қадардан қочадиган кишига ҳайронман. Биродарининг кўзидаги ҳасни кўриб, ўзининг кўзига шохни давоми...

2671 05:00 / 13.03.2017
Молдунё одамларни синаш учун берилган. У ёмонликка ҳам, яхшиликка ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бойликка эришган киши Аллоҳнинг розилигига муяссар бўлиш учун бойликни давоми...

2710 05:00 / 13.03.2017