1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Аллоҳни зикр қилишнинг фойдалари

12:09 / 15.03.2017 7491 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шунда марҳамат қилади: “Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман” (Бақара, 152).

Бу ерда ёд этиш “зикр” лафзи билан келган. Зикр эса, тил ва дил билан бўлади.

Аллоҳ таоло фаришталарни мақтаб шундай дейди: “Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳга) тасбеҳ айтадилар” (Анбиё, 20).

Агар банда зикрда бардавом бўлса, фаришталарнинг мақомига етиши мумкин.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоаҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Роббисини зикр қиладиган билан зикр қилмайдиганнинг мисоли тирик билан ўлик кабидир”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Сизларга амалларингизнинг энг яхшисини, Роббингиз ҳузурида энг покизасини, даражаларингизни кўтарувчироғини, олтин ва пулларни инфоқ қилишдан ҳамда душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришингиздан кўра яхшироғининг хабарини берайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа” дейишди. Шунда у зот: “Аллоҳ таолони зикр қилиш” дедилар. Имом Ҳоким ўзларининг “Мустадрак” китобларида бу ҳадиснинг исноди саҳиҳлигини айтганлар.

Аллоҳ таолони зикр қилишнинг қуйидаги фойдалари бор:

1. Раҳмонни рози қилади.

2. Шайтонни қувади.

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Албатта, шайтон Одам боласининг қалбига тумшуғини қўйиб туради. Агар банда Аллоҳни зикр қилса, узоқлашади. Агар зикрни унутса, унинг қалбини оғзига олади. Мана шу Ханноснинг васвасасидир”.

3. Ғам-ташвишни кеткизади.

4. Кенгчилик ва ҳурсандчилик бахш этади.

5. Юзни нурли қилади.

6. Ризқни жалб этади.

7. Аллоҳ ўша бандани яхши кўради.

8. Банда Аллоҳни яхши кўради, доим Унинг кузатиб турганини ҳис этадиган бўлади.

9. Қалбни тирилтиради, ғафлатдан уйғотади.

10. Банда билан унинг Робби ўртасидаги узоқлик йўқолади.

11. Зикр сабабли зокирнинг гуноҳлари кечирилади ва ёмонликлари ўчирилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Набий алайҳиссалом бир дарахт шохини ушлаб силкитдилар, барг тушмади, яна силкитдилар, яна барг тушмади, учинчи марта силкитганларида барглар дув-дув тўкилди. Шунда у зот: “Худди дарахт баргларни тўккандек “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулилаҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ”, “Аллоҳу акбар” хатоларни тўкади” дедилар”.

12. Қийинчилик пайтида Аллоҳнинг мадади келишига сабаб бўлади.

13. Хотиржамлик, раҳматнинг ўраб олиши ва фаришталарнинг эъзозига сабаб бўлади.

14. Зикр сабабли банда ғийбат, чақимчилик ва фаҳш сўзлардан қутилади.

15. Зокир қиёмат кунидаги афсус-надоматдан қутилади.

16. Хилватда йиғлаб қилинган зикр қиёмат куни банданинг арш соясида сояланишига сабаб бўлади.

17. Зикр Аллоҳни унутишдан қўрғондир.

18. Зикр мунофиқликдан қўрғондир.

19. У ибодатларнинг энг енгили, машаққати ози ва шу билан бирга қулни озод қилиш савобига тенг ибодатдир.

20. Зикр жаннатда ўша зокир учун экиладиган кўчатдир.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Исроъ кечаси Иброҳим алайҳиссалом билан кўришдим. У киши менга: “Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва уларга жаннат тупроғи пок, суви ширин маскан эканини хабар қилинг. Албатта, у кенг ва текисдир. Унинг ўсимлигу кўчатлари “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулилаҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ”, “Аллоҳу акбар”дир” дедилар”.  

21. Қалбни турли гуноҳлардан машғул қилади.

22. Қалбни иродали ва азму қарорли қилади.

23. Шайтонга қарши курашиш учун қалбни қувватли қилади.

24. Охиратга яқинлаштириб, дунёдан узоқлаштиради.

25. Зикр шукрнинг дастмоясидир. Зикр қилмайдиган банда шукр ҳам қилмайди.

26. Бандаларнинг Аллоҳга энг маҳбуброғи тили доим У зотнинг зикри билан намланадиганидир.

27. Зикр қалбдаги қаттиқликни юмшатади.

28. Зикр Аллоҳнинг раҳматига эриштиради.

29. Зокирга фаришталар истиғфор айтиб туришади.

30. Аллоҳ таоло Зокир бандаси билан фаришталарига мақтанади.

31. Зикр сабабли машаққатлар енгиллашиб, ишлар осонлашади.

32. Зикр туфайли Аллоҳ вақтга барака ато этади.

33. Хотиржамлик ва омонликнинг пайдо бўлишида зикрнинг катта таъсири бор. Қаттиқ қўрқаётган киши учун зикрдан кўра фойдалироқ нарса йўқ.

34. Зикр душманларга қарши курашда Аллоҳнинг ёрдами келишига сабаб бўлади.

35. Ер юзи ҳам устида зокир банда юрганидан фахрланади.

36. Зикр қулай ва енгил ибодатдир.

Масалан, йўлда, уйда, сафарда, ошхонада, ётоқда ва бошқа жойларда ҳамда хоҳлаган пайтда бемалол зикр қилиш мумкин.

37. Бошқа солиҳ амалларнинг лаззати зикрнинг лаззатига тенг кела олмайди.

38. Қалб фақатгина зикр билан хотиржам бўлиб, таскин топади.

Аллоҳ таоло айтади: “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” (Раъд, 28).

39. Банда зикр орқали ўзидаги камчиликларни англаб боради.

“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, ислом шариати менга оғирлик қиляпти. Шунинг учун менга бирорта амални айтинг, астойдил, қунт билан бажарайин” деди. У зот: “Тилинг доим Аллоҳнинг зикри билан намланиб турсин” дедилар”.

40. Зикр турли офатлар, касалликлар ва ёмонликлардан қўрғондир.

 Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Ким бирор касаллик билан оғриган кишини кўрса “Сенга теккан касалликдан менга офият берган ва яратган нарсаларининг кўпларидан мени ортиқ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, ўша касаллик унга тегмайди”.

41. Зокир Аллоҳ билан бирга бўлиш мақомини қўлга киритади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Бандам мени нима деб гумон қилса, мен шундайман. Агар мени бир жамоат ичида зикр қилса, у билан бирга бўламан ва у бандани унинг жамоатидан яхшироқ жамоат (фаришталар) ичида зикр қиламан”.

42. Зикр Аллоҳнинг азобидан қутилишга сабаб бўлади.

Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилдилар: “Банда Аллоҳни зикр қилишдан кўра азобдан қутқарадиган ҳеч бир амал қила олмайди”.

Савол: Нима учун Аллоҳни зикр қилиш тилга ва баданга енгил бўлса-да, машаққат билан адо этиладиган кўпгина ибодатлардан фойдалироқ ва афзалроқ ҳисобланади?

Жавоб: Чунки, Аллоҳ таоло бошқа ибодатларни ўлчовли қилган, қолаверса, уларга вақт белгилаган. Аллоҳни зикр қилишнинг ўлчови ҳам, вақти ҳам йўқ. Уни чексиз миқдорда кўпайтиришни буюрган.

Бу борада ушбу ҳадис ворид бўлган: Пайғамбар алайҳиссалом: “Қўрғонланинглар ва қалқонларингизни олинглар” дедилар. Шунда  саҳобалар: “Душмандан қўрғонланайликми, эй Аллоҳнинг Расули?” деб сўрашди. У зот: “Йўқ, душмандан эмас, дўзахдан” дедилар. Кейин: “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулилаҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ”, “Аллоҳу акбар” денглар. Чунки, булар қиёмат куни амалларнинг сараси, мағзи бўлади. Мана шулар боқий қолувчи солиҳ амаллардир” дедилар”.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг зокир бандаларидан қилсин, омин!

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик ва Аллоҳ буюрган диний эътиқодга иймон келтирмоқликдир. Қуръони давоми...

16970 05:00 / 14.03.2017
Аллоҳ таолонинг биз, бандаларга ато этган неъматлари беҳисоб, уларнинг саноғига етиш ҳам қийин. Аммо Парвардигорнинг бир неъмати ҳам борки, унинг нақадар давоми...

14069 19:15 / 20.06.2018
Қадар Аллоҳнинг сиридир. Қадарга ишониш, яъни яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси, хоҳиши, яратиши билан бўлишига ишониш иймоннинг бир шартидир. Ҳамма давоми...

3296 05:00 / 14.03.2017
Аллоҳ таоло .Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир,, деган.Ушбу ояти давоми...

3796 05:00 / 13.03.2017