1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маишатлари

05:00 / 14.03.2017 3320 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Оли Муҳаммад алайҳиссалом Мадийнага келганларидан бошлаб, то қабз қилингунларича кетма-кет уч кеча тўйиб буғдой таом емаганлар», дедилар».


Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари учун камтарона ҳаётни ихтиёр қилганлари ҳақида ҳамма тўла ва баркамол маълумотга эга. Аллоҳ таолонинг элчиси ўлароқ, у зот ўзлари яшаб турган жамиятдаги оддий аҳолидан иқтисодий жиҳатдан устун бўлишни ўзларига эп кўрмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларининг ҳам ана шундай ҳолатда яшашларини хуш кўрганлар. Чунки жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари ҳам у зот билан биргаликда мўмин-мусулмонлар оммаси учун ўрнак эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига Аллоҳ таоло томонидан мўъжиза тариқасида тоғлар ёки бошқа нарсаларнинг тилло,а айланиб қолишини истамадилар. У зот ўзларига фақат ҳалол йўллар билан келган мол-дунёни ҳам мўмин-мусулмонлар оммаси билан баҳам кўрдилар. Бу борадаги ҳадиси шарифлар, саҳобаи киромларнинг сўзлари ва бошқа маълумотларни ўрганиб чиққанимиздан кейин биз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халқ оммасидан ажралишни, ўзлари учун дунёвий имтиёз бўлишини истамаган эканлар, У зот ўзлари яшаб турган мусулмон жамиятининг оддий кишилари билан баробар ҳолда яшашни ихтиёр қилган эканлар», деган хулосага келамиз.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилганларида токчамда жигари бор зот ейдиган бирор нарса йўқ эди. Илло, бир токчамда озгина арпа бор эди. Мен ўшандан еб турдим. У жуда ҳам узоққа етди. Бас, уни тортган эдим, тугаб қолди», дедилар».

Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилишган

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссаломнинг камтарона ҳаёт кечирганлари билан бир қаторда у зотнинг мўъжизалари ҳам намоён бўлмоқда. У зотдан қолган озгина арпа узоқ вақт тугамай, Оиша онамизга таом бўлиб тураверган. Аммо у киши ўша арпани тортиб кўрганларида, у тугаб қолган.


Муслим ва Термизийнинг ривошпида:

«Оли Муҳаммад алайҳиссалом У зот қабз қилингунларича арпа нонга икки кун кетма-кет тўймадилар», дейилган.

Шарҳ: Ўша пайтда Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари қанчалар оғир иқтисодий ҳолатда бўлганларини доимо эслаб юрмоғимиз, йўқсилларимиз улардан ўрнак олмоғимиз, борларимиз яна ҳам кўпроқ шукр қилиб, ҳожатмандларга иқтисодий ёрдам беришни йўлга қўймоғимиз лозим.


Муслимнинг ривоятида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Аммо бир кунда икки марта нон ва зайтга тўймадилар», дейилган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Ой ўтиб кетарди. Аммо уйимизда олов ёқилмасди. Хурмо ва сув бўларди, холос. Илло, озгина гўшт берилиши мумкин эди», дедилар».

Шарҳ: Бу ривоятлар ҳам олдинги ривоятларнинг маъноларини таъкидлаб келмоқда.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«У киши Урвага:

«Эй синглимнинг ўғли, биз икки ойда уч марта ҳилолни кўрардик. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида олов ёқилмаган бўларди», дедилар.

«Нима билан яшар эдинглар?» дедим.

«Икки қора нарса: хурмо ва сув ила. Илло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ансорий қўшнилари бор эди. Уларнинг соғиб ичишга бериб турадиган ҳайвонлари бор эди. Ўшалардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам бериб турар эдилар. У зот бизга ўшандан ичирар эдилар», дедилар».

Иккисини икки шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссаломнинг оила аъзолари ҳам ўша вақтдаги мусулмонлар жамоасининг бир бўлаги ўлароқ, қийин иқтисодий аҳволда яшаганларини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олиш мумкин. Шу билан бирга, мусулмонлар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига ёрдам беришга қодирлари ҳам бор экан. Бу ҳадиси шарифдан ўрганиб, имкони борлар бечораларга иқтисодий ёрдам беришни йўлга қўйишлари зарур.


Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг олдиларига борганимизда у кишининг новвойлари турган эди. Бас, у: «Енглар! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳга етишгунларича юмшоқ нонни ва тоблаб пиширилган қўйни ўз кўзлари билан кўрганларини билмайман», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги фақирона яшаш ноиложликдан бўлганини англаб олишимиз мумкин. Чунки ўн йил давомида Пайғамбар алайҳиссаломнинг хизматларида ҳозиру нозир бўлган улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу кейинчалик ўзларига новвой тутиш даражасигача етган эканлар. Кишиларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иқтисодий ночорлик ҳолларини эслата туриб, уларга юмшоқ нонларни тановул қилишни амр қилмоқдалар. Агар фақир бўлмоқ Исломнинг талаби бўлганида, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалар Пайғамбар алайҳиссалом даврларидаги иқтисодий ҳолдан бошқасига рози бўлмас эдилар. Аллоҳ таоло берса, ҳалол йўл билан турмушни яхшилаш керак. Шу билан бирга, ғурурга кетмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларини ҳам эслаб туриш зарур.


Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Сизлар истаган таом ва шароб бор эмасми? Батаҳқиқ, мен Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг паст навли хурмодан қоринларини тўйғазадиганини топа олмай юрганларини кўрганман», деди».

Термизий ва Муслим ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ривоятда баъзи кишилар томонидан ношукрликни сезган саҳобий Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳунинг уларни койиганлари ҳақидаги маъно келмоқда. Турмуши етарли даражада ўтиб турган киши бойларнинг ҳолига боқмасдан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳолларига боқса, ўзи учун яхши бўлади.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча кечаларни оч ўтказар эдилар. У зотнинг аҳллари кечки таомни топмас эдилар. Уларнинг кўпроқ нонлари арпа нон бўлар эди», деди».

Шарҳ: Бу ҳол ҳам барча мўмин-мусулмонларнинг ёдларидан чиқмаслиги лозим.


Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимиздан (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар», деди».

Шарҳ: Албатта, саҳобалари очликдан қоринларига тош боғлаб юрган бир пайтда Пайғамбар алайҳиссалом қоринлари тўқ бўлишини ўзларига эп кўрмас эдилар.


Муҳаммад ибн Сирийн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайранинг олдида эдик. Унинг устида мишиқ ила бўялган икки каноп кийим бор эди. У улардан бирига бурнини артди-да:

«Воҳ, воҳ! Абу Ҳурайра бурнини канопга артяпти-я! Бир вақтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари билан Оишанинг ҳужраси орасида очликдан ҳушимдан кетиб, йиқилиб ётардим. Баъзилар келиб мени, жиннимасмикан, деб бўйнимга оёғини қўйиб кўрарди. Ҳолбуки, мен жинни эмасдим. Бу очликдан бошқа нарса эмасди», деди».

Шарҳ: Абу Ҳурайра энг қашшоқ саҳобалардан эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом вақтларидаги ҳолларини у кишининг ўзлари гапириб бермоқдалар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтганларидан кейин, иқтисодий ҳолатлари яхшиланганда Абу Ҳурайра ўзларига икки бўялган кийимни бирданига кийишни ҳам эп кўрган эканлар. Шу ҳам қашшоқликни ихтиёр қилиш, қашшоқ бўлишга интилиш Ислом талаб қилган нарса эмаслигига далилдир.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйранинг устида ухладилар. Бас, У зот турганларида у ёнбошларига ботиб кетган эди. Шунда биз:

«Эй Аллоҳнинг Расули, агар сизга (юмшоқ тўшак) олганимизда», дедик.

«Менинг дунё билан нима ишим бор. Мен билан дунё худди дарахт соясида дам олган, сўнгра тарк қилиб кетган кишига ўхшайди», дедилар».

Ушбу тўртовини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча учун зоҳидлик намунаси бўлганлари маълум ва машҳур. Бўйранинг устида ухлашлари ва у ёнбошларига ботиб изи чиқиб қолиши оддий ҳақиқат бўлганлиги ҳам сир эмас.

Аммо ушбу оддий ҳақиқат деб айтилаётган ҳолат баъзида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига ҳам ноқулай туюлар эди. Ана шундай пайтларда улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларича турли таклифларни қилишарди. Бу сафар ҳам У зотнинг тагларига бўйранинг ўрнига юмшоқ тўшак солиб беришни таклиф қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу адлайҳи васаллам ўзларининг бу дунё ма-тоҳларига нисбатан бўлган ҳақиқий муносабатларини баён қилиб:

«Менинг дунё билан нима ишим бор. Мен билан дунё худди дарахт соясида дам олган, сўнгра тарк қилиб кетган кишига ўхшайди», дедилар».

Одатда, дарахт соясига ўтирган одам бир зум ҳордиқ чиқариш учун ўтиради. У ерда абадий қолиш ёки умрининг бирор босқичини ўтказиш учун эмас. Бир зум нафас ростлаш, соядан баҳраманд бўлиш учунгина ўтиради. Шунинг учун у ерга юмшоқ тўшак ҳам солмайди, бошқа қулайликларни муҳайё қилишга ҳам уринмайди. Агар бу каби ишлар қилинса, бошқалар кулиши ҳам мумкин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ҳам бу дунё шундай бўлган. У зот ўзларини бу дунёда худди дарахтнинг соясига бир оз салқинлаш мақсадида ўтирган кишидек тутганлар.


Саъд ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен араблардан биринчи бўлиб Аллоҳнинг йўлида ўқ отган кишиман. Мен ўзимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жанг қилганимда ҳулба ва самурдан бошқа таомимиз йўқ ҳолда кўрганман. Ҳаттоки, худди қўйнинг қумалоғига ўхшаш нарсани қўяр эдик. Сўнгра Бани Асад мени динда айблайдиган бўлиб қолди. Ундоқ бўладиган бўлса, ноумид бўлибман ва амалим зое кетибди», деди».

Термизий ва Бухорий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ҳулба — саҳрода ўсадиган ўсимликнинг уруғи. Самур — дарахтнинг номи.

Куфа аҳлидан бир гуруҳи ўзларига амир бўлиб турган Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни айблаб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга шикоят қилдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу шикоятни текшириш учун ўз тафтишчиларининг энг машҳури Муҳаммад ибн Масламани юборади ва Саъднинг ўз ҳузурига келишини амр қилади. Саъд розияллоҳу анҳу ўрнига бошқа одамни қўйиб, ўзи Мадийнага йўл олади.

Саъд ибн Абу Ваққоснинг устиларидан қилинган шикоятнинг ўзи кулгули эди. Шикоятчилар у намозни яхши ўқимайди, дейишган эди.

Саъд ибн Абу Ваққос бу гапни эшитиб, кулдилар ва:

«Аллоҳга қасамки, мен уларга Расулуллоҳнинг намозларини ўқиб бераман. Аввалги икки ракъатни узун, кейинги икки ракъатни қисқа ўқийман», дедилар.

Кейин Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ушбу ривоятда келаётган гапларни айтдилар.

Бу нарсадан Саъд ибн Абу Ваққос қаттиқ ғазабландилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Хафа бўлма, бориб ишингни қилавер», деб қанча ёлворсалар ҳам, кўнмадилар ва:

«Нима, мени намозни яхши ўқимаслигимни даъво қилган қавмнинг олдига қайтиб боришимга амр қиласанми!?» деб туриб олдилар.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда, ўзлари чиқмайдиган ва у зотни биров кўрмайдиган бир соатда чиқдилар. Бас, у зотнинг ҳузурларига Абу Бакр розияллоҳу анҳу келди. Шунда у зот:

«Эй Абу Бакр, сени нима олиб келди?» дедилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратгани ва у зотнинг юзларига назар солгани чиқдим», деди.

Кўп ўтмасдан Умар ҳам келди. Бас, у зот:

«Сени нима олиб келди, эй Умар?» дедилар.

«Очлиқ эй Аллоҳнинг Расули», деди.

«Мен ҳам ўша нарсадан баъзисини татидим», дедилар.

Улар Абу Ҳайсам ибн аттаййиҳан ал-Ансорий манзилига бордилар. У хурмоси ва қўйлари кўп одам эди. Унинг хизматчилари йўқ эди. У уйда йўқ экан. Бас, унинг хотинига:

«Соҳибинг қани?» дейишди.

«Бизга чучук сув келтиргани кетдилар», деди.

Кўп ўтмай Абу Ҳайсам бир кўзани кўтариб келиб қолди. Уни ерга қўйди. Кейин Набий алайҳиссаломни қучоқлаб, у зотга ота-онасини фидо қила бошлади. Сўнгра уларни боғига олиб борди. Уларга ўтиргани тўшак солди. Кейин хурмозорига бориб, бир шох ҳўл хурмо олиб келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бизга ҳўл хурмодан жамлаб (териб) берсанг бўлмайдими?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз ҳўлидан ҳам, бошқасидан ҳам хоҳлаганингизни танлаб олишингизни истадим», деди.

Бас, улар еб, ҳалиги сувдан ичдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мана шулар, нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, қиёмат куни сизлардан сўраладиган неъматлардандир - соясалқин, яхши хурмо, совуқ сув», дедилар.

Абу Ҳайсам уларга таом қилиш учун жўнаб қолди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Зинҳор сути борни сўймагин», дедилар.

У уларга улоқча ёки такачани сўйди. Кейин уни уларга келтирди. Улар едилар. Кейин Набий алайҳиссалом:

«Ходиминг борми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Бизга асирлар келганда боргин», дедилар.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки асир келтирилди. Учинчиси йўқ эди. Абу Ҳайсам у зотнинг ҳузурларига келди. Набий алайҳиссалом унга:

«Иккисидан бирини танла», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга ўзингиз танлаб беринг», деди.

Шунда Набий алайҳиссалом:

«Маслаҳатчи омонат топширилган одамдир. Мана буни ол. Мен унинг намоз ўқиётганини кўрдим. Унга яхши қарашларини тайинла», дедилар.

Абу Ҳайсам хотинининг олдига борди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапларнинг хабарини берди. Шунда у:

«Сен буни озод қилмагунингча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларига ета олмайсан», деди.

«У озоддир!» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ қай бир набий ва расулни юборса, албатта, унинг икки хил гумаштаси бўлади. Унга амри маъруф ва наҳйи мункар қиладиган гумашта. Унга ёмонлик етказишда камчиликка йўл қўймайдиган гумашта. Ким ёмон гумаштадан сақланган бўлса, батаҳқиқ, сақланган бўлади», дедилар».


Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида ҳеч ким йўқ пайтда ёлғиз ўзлари кўчага чиққанлари.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг юксак одоблари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бўлган олиймақом эҳтиромлари.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг тўғрисўзликлари. У киши ҳеч нарсани яширмай, очликдан кўчага чиқишга мажбур бўлганларини айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ баъзи саҳобаларнинг егани нарса топа олмаган ҳоллари бўлгани.

Шу билан бирга, саҳобалари ичида Абу Ҳайсам розияллоҳу анҳуга ўхшаш бой-бадавлат саҳобалар ҳам бўлганлиги.

Саҳобия аёлларнинг Абу Ҳайсам розияллоҳу анҳунинг аёлларига ўхшаш меҳмондўст бўлганликлари.

Абу Ҳайсам розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан бўлган чексиз муҳаббатлари.

Меҳмон мезбоннинг баъзи нарсаларидан сўраши мумкинлиги.

Улуғ зотларга, ўзингиз танлаб олинг, демоқ ҳам одобдан эканлиги.

Қиёмат куни соясалқин, мева-чева ва совуқ сувнинг ҳам ҳисобини бериш борлиги.

Сутли ҳайвонни сўйиш дуруст эмаслиги.

Бошлиқ ҳиммат кўрсатган кишини мукофотлаши яхши эканлиги. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳайсам розияллоҳу анҳуни кўрсатган ҳиммати учун ходим ила мукофотладилар.

Улуғ кишиларга бирор нарсани, сиз танлаб беринг, демоқ одобдан эканлиги.

Маслаҳат сўралган одам омонат топширилган одам каби эканлиги. Худди омонатга хиёнат қилинмаганидек, маслаҳатда ҳам хиёнат қилмаслик керак.

Намозхонлик улуғ сифат эканлиги. Пайғамбар алайҳиссалом икки ходимдан бирининг намоз ўқиганини кўрганлари учун мадҳ қиддилар.

Исломда эрни йўлга солишда хотиннинг ўрни катта эканлиги олий баҳоланиши. Абу Ҳайсам розияллоҳу анҳунинг хотинлари ўз эрларига унча-бунча эркаклар бера олмайдиган олиймақом маслаҳатни бердилар. Бу маслаҳат юзасидан Пайғамбар алайҳиссалом ҳамма учун дарс бўладиган ажойиб бир ҳадис айтдилар.

Киши ўзининг гумаштаси — ҳар бир ишда маслаҳатлашадиган одами яхши бўлиши учун ҳаракат қилмоғи лозимлиги.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Уларга очлик етди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бир донадан хурмо бердилар».

Шарҳ: Бу ривоятда очарчилик пайтида кўрилиши лозим бўлган чоралардан бири ҳақида сўз кетмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга бир донадан хурмо бўлиб бердилар. Бошлиқлар ана шундай бўлмоғи зарур.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, ҳеч ким қўрқитилмаганда, Аллоҳнинг йўлида қўрқитилдим. Ҳеч кимга озор берилмаганда, мен Аллоҳнинг йўлида озорга учрадим. Бошимдан ўттиз куну кеча ўтганда ҳам мен билан Билол иккимизнинг жигари бор жонзот ейдиган таомимиз бўлмаган ҳоллари бўлди. Илло, Билолнинг қўлтиғи беркитган нарса мустасно», дедилар».

Шарҳ: Албатта, бу ривоятда васф қилинаётган ҳолат Исломнинг даслабки пайтларида бўлган. Вақт ўтиши билан бу ҳолат тамоман яхши тарафга ўзгарган.


Саҳл розияллоҳу анҳуга:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам соф оқ нон еганмилар?» дейилди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга рўбарў бўлгунларича соф нонни кўрмаганлар», деди.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида сизларнинг тозалагичларингиз бормиди?» дейилди.

«Бизнинг тозалагичларимиз йўқ эди», деди.

«Арпани нима қилар эдингизлар?» дейилди.

«Уни пуфлар эдик. Ундан учган нарса учиб кетар эди. Сўнгра уни сувга ивитиб, хамир қилар эдик», деди».

Ушбу тўрттани Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида У зот бошлиқ мусулмонлар ўта камбағал ва содда ҳаёт кечирганлар. Улар ниҳоятда камбағал бўлганлари учун соф оқ нон ейиш имконига эга бўлмаганлар. Улар ўта содда ҳаёт кечирганларидан донни пуфлаб тозалашган. Донни тозалайдиган мосламалар ҳам кейинчалик чиққан.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамлар билан муносабатларда .Виждонинг борми, виждонингга қарши борасанми,, .виждонсиз, деган гапларни кўп эшитгансиз. Шунда .Виждон ўзи нима, деган савол давоми...

8841 12:22 / 15.03.2017
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Парвардигорингиз Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун дуоларингизни ижобат қилайrdquo ndash дедиrdquo Ғофир, 60 деб марҳамат қилган. Бошқа бир давоми...

4192 05:00 / 14.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади Менинг ушбу масжидимга, Масжидул давоми...

6132 05:00 / 13.03.2017
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари У зотга, тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда, деб одам юборди. У зот давоми...

4155 05:00 / 13.03.2017