1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Жаннатга кириш учун 30 та сабаб

05:00 / 14.03.2017 9502 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мақолада бир қанча оят ва ҳадислар келтирилган бўлиб, уларда жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллар зикр қилинган. Албатта, жаннатга эришиш Аллоҳ таолонинг фазли билан бўлади. Биз зикр қилмоқчи бўлган амаллар эса, ушбу фазлнинг амалга ошишига сабаб бўлади. Аммо бу мазкур амалларни ким бўлишидан, қандай эътиқодда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсон қилса, жаннатга кираверади дегани эмас. Зеро, жаннатга мўмин одамгина киради. Кофир ёки мушрик бўлган кимса ўша амаллардан бирортасини ёки ҳаммасини қилса-да, унга заррача фойдаси тегмайди, асло жаннатга кирмайди. Чунки, Аллоҳ азза ва жалла Қуръонда шундай марҳамат қилган:

“Дарҳақиқат, Сизга ва Сиздан олдинги (пайғамбарларга) (шундай) ваҳий қилинган эди: “Қасамёд этаманки, агар мушрик бўлсанг, албатта, қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!” (Зумар, 65).

Бошқа бир оятда эса шундай дейилган: “(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби фойдасиз) қилиб қўйгандирмиз” (Фурқон, 23).

Шунинг учун ҳам солиҳ амалларни бажарувчининг қиладиган барча амаллари қабул бўлиши учун у мусулмон бўлиши шарт.

Амаллар қабул бўлишининг иккинчи шарти эса, ўша амал соҳиби ихлосли бўлиши лозим. Яъни, қилаётган солиҳ амалидан фақат Аллоҳнинг розилигини қасд қилмоғи керак. Амалларда ихлосдан оғиш ўша амалнинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади. Қуйидаги ҳадис бунга далил:

“Албатта, Аллоҳ таоло фақат холис қилинган ва Ўзининг розилиги кўзланган амалнигина қабул қилади”. Насоий ривояти.

Амал қабул бўлишининг учинчи шарти эса, шариат кўрсатмасига мувофиқ бўлишидир. Агар оят ва ҳадисларда собит бўлган кўринишда ибодат қилинмаса, бу ҳам ўша амалнинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади.

Энди ўша амалларни бирма-бир зикр қилишга ўтамиз.

1. Иймон.

2. Солиҳ амал.

Қуръони каримнинг қайси оятида “иймон” лафзи келган бўлса, албатта, “солиҳ амал” лафзи билан бирга келган. Иймон солиҳ амал билан бирга бўлсагина соҳибининг жаннатга киришига сабаб бўлади. Сўзимизга далил сифатида қуйидаги оятларни келтирамиз.

“Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар эса, айнан улар жаннат аҳлидирлар ва улар у ерда абадий қолувчилардир” (Бақара, 82).

 “Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун (жаннатда) неъмат боғлари бордир, у жойда мангу қолурлар. (Бу) Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. У Қудратли ва Ҳикматлидир” (Луқмон, 8-9).

“Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур” (Каҳф, 107).

“Албатта, Аллоҳ имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотларни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган (иш)ини қилур” (Ҳаж, 14).

“Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни Аллоҳ (жаннатдаги) остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларга киритур. Улар у жойда олтин билакузуклар ва марваридлар билан безалурлар, либослари эса ҳарир (ипак) бўлур” (Ҳаж, 23) ва ҳоказо.

3. Тақво.

Тақвонинг энг машҳур таърифи қуйидагича: Жалилдан (Аллоҳдан) қўрқиш, Танзилга (Қуръонга) амал қилиш, озга қаноат қилиш, кетиш кунига тайёргарлик кўриш.

Яна унинг мана бундай таърифи ҳам бор: Тақво – Аллоҳдан савоб умидида У зотга итоат қилиш, иқобидан қўрқиб маъсиятларни тарк қилиш.

Аллоҳ таоло шундай деб айтади: “Тақводорлар эса, албатта, (жаннатдаги) боғлар ва булоқлардадирлар” (Ҳижр, 45).

Бошқа бир оятда эса Роббимиз шундай деб марҳамат қилади:

 “Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз!” (Оли Имрон, 133).

Оятда жаннатнинг кенглиги нисбий маънода етти қават осмон ва етти қават ернинг энига тенг дейилган. Ваҳоланки, Еру осмонларнинг эни ёки бўйи деган тушунча йўқ. Лекин бу ерда ташбеҳ учун жаннатнинг эни Еру осмонлар кенглигини қўшгандаги ҳажмга тенг бўлса, унинг бўйи унданда узоқ масофани ташкил этиши муқаррар эканини таъкидлаш учун Аллоҳ таоло мисол келтирмоқда. Зеро, одамлар наздида бу дунёда уларга маълум бўлган энг катта кенглик – бу, Еру осмонлар орасидаги кенгликдир. Жаннат етти қават осмон билан Аршнинг ўртасида, дўзах эса, етти қават ернинг остида дейилиши ҳам нисбий таърифдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

 “Инсонларни энг кўп жаннатга киритадиган нарса тақво ва гўзал хулқ, энг кўп дўзахга киритадиган нарса эса, оғиз ва фарж”. Термизий, Ибн Можжа ва Аҳмад ривояти.

4. Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилиш.

Аллоҳ таоло оятда шундай дейди: “Кимки Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат этса, (У) уни остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритур” (Фатҳ, 17).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бош тортганлардан ташқари умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради”. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бош тортганлар кимлар?” деб сўрашди. У зот: “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади” дедилар. Бухорий ривояти.

5. Аллоҳ йўлида курашиш.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан қутқарадиган бир “тижорат”га далолат қилайинми? (Ўша “тижорат” шуки) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига имон келтирурсиз ва Аллоҳ йўлида молларингиз ва жонларингиз билан жиҳод қилурсиз. Мана шу, агар билсангиз, ўзларингиз учун яхши (иш)дир. (Агар шундай қилсангиз, Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ҳамда сизларни остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга ва абадийлик боғларидаги покиза масканларга киритур. Бу эса улкан ютуқдир” (Саф, 10-12).

Диний истилоҳга кўра “жиҳод” уч хил бўлади. Биринчиси – нафс билан курашиш; иккинчиси – шайтон билан; учинчиси – ёв билан курашиш. “Жиҳод” сўзи ҳамма вақт ҳам жанг ва уруш мазмунида эмас, балки жидду жаҳд, саъйҳаракат, ижтиҳод, кураш маъноларида ҳам келади. Қуръони карим оятларидаги “жиҳод” сўзи мазкур уч хил душман билан курашиш маъноларида келади.

6. Тавба.

Чин дилдан қилинган тавба олдинги гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади. Ҳадиси шарифда шундай келади: “Гуноҳлардан тавба қилувчи одам гуноҳи йўқ киши кабидир”. Ибн Можжа ривояти.

Қуръони каримда шундай дейилади: “Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар. Илло, имон келтириб, эзгу ишларни қилган зотларгина (бундан мустаснодир). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирор нарсада ноҳақлик қилинмас” (Марям, 59-60).

7. Аллоҳнинг динида истиқоматда бўлиш.

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Раббимиз – Аллоҳ, – деб, сўнгра (тўғри йўлда) устувор бўлган зотлар учун хавф йўқдир ва улар қайғу ҳам чекмаслар” (Аҳқоф, 13).

Истиқоматда бўлувчилар ҳақида турли фикрлар айтилган. Масалан, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Сўзи билан иши бир бўлган одамлар”, – десалар, Умар розияллоҳу анҳу: “Мунофиқлик қилмайдиганлар”, – деганлар. Усмон розияллоҳу анҳу: “Амални ихлос билан адо этувчилар”, – десалар, Али розияллоҳу анҳу: “Фарз амалларни бажариб юрувчилар” , – деганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу айрим саҳобалардан: “Мазкур “тўғри бўлиш” (арабчаси “истиқомат”) нима?” – деб сўраганларида, улар: “Гуноҳ қилмаслик”, – деб жавоб беришган. Шунда у зот: “Жуда қийин ишга айлантириб юбордингиз. Ундай эмас, балки иймон келтиргандан кейин қайта бут ва санамларга ибодат қилиб ширкка қайтмаслик”, – деб жавоб берган эканлар.

Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу дедилар: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга ислом динида бир гап айтингки, сиздан кейин ўша гап ҳақида бошқа ҳеч кимдан сўрамайин”, дедим. Шунда у зот: “Аллоҳга иймон келтирдим, деб айт ва истиқоматда бўл!” дедилар”. Муслим ривояти.

8. Аллоҳ розилиги учун илм талаб қилиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимки илм истаб йўлга тушса, Аллоҳ унга жаннатга борадиган йўлни осон қилиб қўяди. Бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда тўпланиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, ўзаро ўргансалар, уларнинг устларига сакина тушади, уларни раҳмат ўраб олади ҳамда уларни фаришталар ўраб олади ва Аллоҳ уларни ҳузуридагилар ичида зикр қилади. Кимнинг амали секин келса, насаби уни тезлата олмайди”. Муслим ривояти.

9. Масжидлар қуриш.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки Аллоҳ розилигини истаб масжид бино қилса, Аллоҳ ҳам унга жаннатда ўшанинг мислича уй қуриб беради”, деганларини эшитганман” дедилар. Бухорий ривояти.

10. Гўзал хулқ.

Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Мен ҳақ бўлса ҳам тортишишни тарк қилган кишига жаннат атрофидан бир уйнинг, ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган одамга жаннатнинг ўртасидан бир уйнинг, хулқи гўзал бўлган кишига эса, жаннатнинг олийсидан бир уйнинг кафолатини бераман”. Абу Довуд ривояти.   

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Инсонларни энг кўп жаннатга киритадиган нарса тақво ва гўзал хулқ, энг кўп дўзахга киритадиган нарса эса, оғиз ва фарж”. Термизий, Ибн Можжа ва Аҳмад ривояти.

Гўзал хулқ деганда кўплаб фазилатли хислатлар тушунилади. Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбар алайҳиссаломнинг хулқлари борасида гапираётганларида ўша хислатларнинг барчасини мухтасар қилиб: “У зотнинг хулқлари Қуръон эди” деганлар. Муслим, Аҳмад ва бошқалар ривояти.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломни мадҳ этиб шундай деган:

 “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам, 4).

“Буюк хулқ”нинг маънолари ҳақида турли  тафсирлар бор. Аввало хулқ бу ерда ўзининг асл маъносида ишлатилгани маъқул. Ҳадисда Расул алайҳиссаломнинг ўзлари: “Мен макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилганман”, – деганлар. Ҳақиқатан, Муҳаммад алайҳиссалом биринчи даражадаги комил инсон эканларига асло шубҳа йўқ.

Бошқача тафсир қилувчилар бу оятдаги “буюк хулқ”дан мурод – Қуръон ёки улуғ дин, яъни ислом дини деб изоҳлашга ҳаракат қилганлар.

11. Тортишишни тарк қилиш.

Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: “Мен ҳақ бўлса ҳам тортишишни тарк қилган кишига жаннат атрофидан бир уйнинг кафолатини бераман”. Абу Довуд ривояти.

12. Ёлғондан сақланиш.

         Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Мен ҳақ бўлса ҳам тортишишни тарк қилган кишига жаннат атрофидан бир уйнинг, ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган одамга жаннатнинг ўртасидан бир уйнинг, хулқи гўзал бўлган кишига эса, жаннатнинг олийсидан бир уйнинг кафолатини бераман”. Абу Довуд ривояти.  

13. Доимо таҳоратли юриш ва азон айтилгандан кейин 2 ракат нафл намоз ўқиш.

Абдуллоҳ ибн Бурайдадан, у киши оталаридан ривоят қиладилар: “Бир куни Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам тонг отгач Билолни чақирдилар ва унга: “Эй Билол, нима сабабдан мендан аввал жаннатга кирдинг? Мен кеча жаннатга кирганимда олд тарафимда сенинг оёқ товушингни эшитдим”, дедилар. Шунда Билол: “Эй Расулуллоҳ, қачон азон айтсам икки ракат намоз ўқиб оламан. Қачон таҳорат синдирсам, ўша заҳоти яна таҳорат қилиб оламан” дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом: “Демак, ўшанинг сабаби мана шудир” дедилар”. Термизий ва Ҳоким ривояти.

14. Намозларни адо этиш учун масжидга бориш ва келиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким эртами-кечми масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганида жаннатдан манзил тайёрлайди”, дедилар”.

Икки Шайх ривоят қилишган.

         15. Аллоҳ азза ва жаллага саждани кўпайтириш.

Робиъа ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунар эдим. Бир куни у зотга таҳорат учун сув келтирдим. Шунда у зот менга: “Сўра!” дедилар. Мен: “Сиз билан жаннатда бирга бўлишни сўрайман” дедим. У зот: “Бундан бошқачи?” дедилар. Мен: “Яна шуни сўрайман” дедим. Шунда у зот: “Кўп сажда қилиб менга ёрдам бериб тургин” дедилар”. Муслим ривояти.

16. Мабрур ҳаж.

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Ким ҳаж қилса, унда сўкиниб, беадаблик қилмаса, гуноҳ иш қилмаса, у ердан онасидан туғилган кунидагидек бўлиб қайтади”. Бухорий ривояти.

Яна Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”. Имом Аҳмад ва Табароний ривояти.

17. Ҳар бир фарз намоз ортидан “Оятал Курсий”ни ўқиш.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Ким ҳар бир фарз намоз ортидан “Оятал Курсий”ни ўқиса, ўзи билан жаннатга кириш ўртасини фақатгина ўлим тўсиб туради”. Насаий ва Ибн Сунний ривояти.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Истиғфорнинг саййиди: “Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқ. Сен мени халқ қилдинг. Мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг шарридан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Сенга гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас”, демоғингдир.

Ким уни ишонч билан наҳорда айтса-ю, ўша куни кеч киришидан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатлардан бўлур. Ким уни ишонч билан тунда айтса-ю, ўша куни тонг отишидан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатлардан бўлур”, дедилар”.

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Кўпчилик азизлар ушбу “Саййиди истиғфор” номи билан машҳур бўлган дуони ўқиб юришни одат қилишган. Ушбу дуони яхшилаб ёд олиб, ўқиб юришни ҳаммамиз одат килишимиз лозим.

18. Ҳар куни 12 ракат нафл намоз ўқиш.

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким бир кеча-кундузда 12 ракат нафл намоз ўқиса, унга жаннатда бир уй қурилади. Улар: пешиннинг фарзидан аввал 4 ракат, кейин 2 ракат, шомнинг фарзидан кейин 2 ракат, хуфтоннинг фарзидан кейин 2 ракат, бомдоднинг фарзидан аввал 2 ракат”. Термизий ривояти.

19. Саломни кенг ёйиш, таом улашиш, силаи раҳм қилиш ва кечаси намоз ўқиш.

Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Эй инсонлар, саломни кенг ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ҳамда одамлар ухлаётган пайтда намоз ўқинглар, хотиржам жаннатга кирасизлар”. Ибн Можжа ва бошқалар ривояти.

20. Рост гапириш, аҳдга вафо қилиш, омонатни адо қилиш, фаржни сақлаш, кўзни пастга қаратиш ҳамда қўлни тийиш.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Менга олти нарсага кафолат берсаларингиз, мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман. Улар: гапирсангиз рост гапиринг, ваъда берсаларингиз вафо қилинглар, омонатни адо этинглар, фаржларингизни сақланглар, кўзларингизни пастга қаратинглар, қўлларингизни тийинглар”. Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва бошқалар ривоят қилишган.

21. (Аёлларга тегишли). Беш вақт намозни адо этиш, рамазон рўзасини тутиш, фаржни сақлаш ва эрга итоат қилиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, шунисидан кир” дейилади”. Ибн Ҳиббон ривояти.

22. Учта қиз ёки сингилни боқиб, тарбия қилиш.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кимнинг учта қизи ёки синглиси бўлса, Аллоҳдан қўрқиб, уларнинг тарбиясига бош бўлса, мен билан жаннатда мана шундай бирга бўлади” деб кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларини бирлаштириб ишора қилдилар”. Абу Яъло ривояти.

23. Фарзандларнинг ўлимига савоб умидида сабр қилиш.

Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Кимки учта фарзандини йўқотганига савоб умидида сабр қилса, жаннатга киради”. Шунда бир аёл: “Агар иккита бўлсачи?” деди. У зот: “Иккита бўлса ҳам” дедилар”. Насаий ва Ибн Ҳиббон ривояти.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Қайси мусулмоннинг учта фарзанди балоғатга етмай вафот этса, Аллоҳ ўша фарзандларнинг ота-онасини улар сабабли жаннатга киритади”. Имом Аҳмад, Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари.

24. Етимпарварлик.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом дедилар: “Мен билан етимнинг кафиллигини олган киши жаннатда мана шундай бирга бўламиз” деб, кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб ишора қилдилар”. Бухорий ривояти.

25. Касалнинг ҳолидан хабар олиш ёки Аллоҳ йўлида биродарни зиёрат қилиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким касалнинг ҳолидан хабар олса ёки Аллоҳ йўлида биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи нидо қилиб дейди: “Яхши иш қилдинг, қадаминг пок бўлди, жаннатдан бир манзилга жойлашдинг”. Термизий ва Ибн Можжа ривояти.

Бошқа бир ҳадисда эса “Ким касални кўргани борса, то қайтиб келгунича жаннат боғларида юрган бўлади” дейилган. Муслим ривояти.

26. Икки хислатда бардавом туриш.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом шундай деганлар: “Икки хислат борки, қайси мусулмон ўша хислатларда бардавом турса, жаннатга киради. У иккиси осон, аммо уни қилувчилар оздир. Биринчиси, ҳар бир намоз ортидан 10 та тасбеҳ, 10 та ҳамд, 10 та такбир айтади. Булар тилда 150 та, тарозуда эса 1500 та бўлади. Иккинчиси, тўшакка ётиш олдидан 34 та такбир, 33 та ҳамд, 33 та тасбеҳ айтади. Булар тилда 100 та, тарозуда эса 1000 та бўлади”. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўллари билан ўшаларни санаб айтаётганларини кўрдим. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, қандай қилиб у иккиси осон-у, уни қиладиганлар оз?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Бирортангиз ухлаш учун ётганида шайтон келади-да, ўша зикрларни айтишидан олдин уни ухлатиб қўяди. Ўша шайтон намозда ҳам келади-да, ҳалиги зикрларни айтишидан олдин у одамнинг бошқа бирорта ҳожатини эсига солади” деб жавоб бердилар”. Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Ҳиббон ривояти.

27. Савдо-сотиқда бағрикенглик.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ сотиб олаётганда, сотаётганда, ҳукм қилаётганда, ҳукм қилинаётганда енгиллик қилган кишини жаннатга киритади”. Бухорий ва Насаий ривояти.

28. Қийналгандан кечиб юбориш.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом дедилар: “Бир одам вафот этди ва жаннатга кирди. Ундан “Нима амал қилардинг?” деб сўралди. У: “Мен одамлар билан олди-сотди қилар эдим. Қийналган одамни кўрсам, пулини кечиб юборардим” деди. Шу сабабли у мағфират қилинди”. Муслим ривояти.

Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Бир киши одамларга қарз берарди. Ходимига: “Агар қарзни тўлашга имкони йўқ киши келса, кечиб юбор. Зора шу ишимиз туфайли Аллоҳ ҳам бизнинг гуноҳимизни кечиб юборса” дер эди. У Аллоҳга йўлиқди. Аллоҳ унинг гуноҳини кечиб юборди”. Муслим ривояти.

29. Бир қанча солиҳ амалларнинг бир кунда бир мусулмонда жам бўлиши.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: “Бугун ким рўзадор ҳолда тонг оттирди?” Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. “Бугун ким жанозага қатнашди?” деб сўрадилар Пайғамбар алайҳиссалом. Яна Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. Набий алайҳиссалом: “Бугун ким мискинга таом берди?” деб сўрадилар. Бу сафар ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугун ким касални бориб кўрди?” дедилар. Бу гал ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Кимда ушбу нарсалар жам бўлса, албатта, жаннатга киради” дедилар”. Муслим ривояти.

30. Кўриш неъматидан маҳрум бўлингани учун сабр қилиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимнинг икки кўзи кетса, сабр-тоқат қилса ва савоб умид қилса, унга жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман”. Термизий ривояти.  

         Аллоҳ таоло барчамизга юқоридаги санаб ўтилган амалларни қилиб бориб, жаннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлишимизни насиб этсин. Омин! 

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар ғамгин бўлсангиз Бақара сурасининг 25оятини ўқинг Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга хушхабар берингки,улар учун жаннатда давоми...

3458 12:10 / 15.03.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. давоми...

4145 05:00 / 14.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Уч дуо мустажобдир. Мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отаонанинг давоми...

12995 05:00 / 13.03.2017
Қиш ойлари ўзининг салқинлиги, кечалари узоқ давом этиши, кундузлари қисқалиги билан ибодатга кўнгил қўйган ихлосли мўъминмусулмонлар учун ғанимат ҳисобланади. давоми...

3720 05:00 / 14.03.2017