1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

ФИТНАЛАРДАН ОГОҲЛАНТИРИШ

05:00 / 13.03.2017 3795 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир», деган.
Ушбу ояти каримадаги «фитна» сўзи бошқа оятлардаги каби синов ва бало маъноларини англатади. Қайси бир жамоада золимлар зулм қилганда бошқалар қараб турса, ҳамма–зулм қилганлар ҳам, қараб турганлар ҳам баробар балога гирифтор бўладилар.

«Зулм» деганда бир шахснинг иккинчи шахсга тажовуз қилишигина англанмайди, балки бу сўзнинг маъно қамрови кенг бўлиб, ҳамма ноҳақликлар, гуноҳлар унинг ичига киради. Хусусан, динни тарк этиш, Аллоҳнинг амрига юрмаслик катта зулм ҳисобланади. Қайси бир жамиятда ана шундоқ зулмлар содир этилса, ўша жамиятнинг барча аъзолари; зулм ишларни қилганларию, уларга бефарқ қараб турганлари биргаликда фитнага-оммавий бало-офатга гирифтор бўладилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтирган бандаларини бундан огоҳлантириб, ушбу хитобни қилмоқда:
«Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг».
Яна, эй зулм қилаётганлар ва уларга жим қараб турганлар:
«...билгинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир».
Албатта, зулмга қарши курашиш осон эмас. Лекин мусулмон одам, қийинчиликлар олдида тушкунликка тушмаслиги керак. Ихлос билан харакат қилса, Аллоҳнинг Ўзи ёрдам беради.

Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салам уйқудан юзлари қизарган ҳода уйғониб: «Лаа илаҳа иллаллоҳу. Батаҳқиқ, яқинлашган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой бўлсин! Бугун Яъжуж ва Маъжужнинг тўғонидан манабунча очилди», дедилар.
Суфён қўлини букиб тўқсон ёки юзни кўрсатди.
«Ичимизда солиҳлар туриб ҳалок бўламизми?» дейилди.
«Ҳа! Қачон фисқи фужур кўпайса», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Кишилар ичида фисқи фасод кенг тарқалса Аллоҳ таоло. уларни агар ичларида аҳли солиш кишилар бўлса ҳам ҳалокатга дучор қилар экан. Шунинг учун кўпчили бўлиб фисқи фасодга қарши туриш лозим.

Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси чўчиб уйғондилар ва: «Субҳаналлоҳи! Хазиналардан нималар нозил қилинди?! Фитналардан нималар нозил қилинди?! Ҳужралар соҳибаларини ким уйғотади?! Бу дунёда кийимли бўлганларнинг кўплари охиратда ялонғочдирлар», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келажакда бўладиган баъзи ишлар, фитналар ва ҳодисалар билдириб турилган. Бу сафар ҳам у зот уйқудан чўчиб уйғониб анашундоқ нарсалардан бир нечасини айтганлар:
«Хазиналардан нималар нозил қилинди?!»
Бунда келажакда мусулмонлар қўлига ўлжа тушадиган хазиналар, жумладан, Форс ва Рум империяларидан тушадиган хазиналар ҳақида сўз кетмоқда.
«Фитналардан нималар нозил қилинди?!»
Асосан, мусулмонлар орасида бўладиган, ҳазрати Усмонга қарши қўзғалган фитнадан бошланадиган фитналар ҳақида сўз кетмоқда.
«Ҳужралар соҳибаларини ким уйғотади?!»
Яъни, Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи мутоҳҳараларини.
«Бу дунёда кийимли бўлганларнинг кўплари охиратда ялонғочдирлар».
Бу дунёда бой бадавлат бўлиб турли туман қимматбаҳо ва чиройли кийимларни кийиб ўтганлар у дунёда гуноҳлари ва айблари туфайли аҳли маҳшар олдида шармандали равишда ялонғоч бўлиб қоладилар. Ҳар бир мўмин банда бу улкан ҳақиқатдан огоҳ бўлмоғи керак.

Оиша розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: «Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқуларида сесканиб тушдилар. Биз у ҳақида у зотдан сўрадик. Шунда у зот: «Ажабо! Умматимдан бир тўп кишилар Қурайшдан бўлган бир киши ила ушбу байтга беркиниб олмоқдалар. Токи очиқ ерга чиққанларида уларни ер ютди», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули Гоҳида йўл ҳам одамларни жамлаб қўяди», дедик.
«Ҳа! Уларнинг қасд қилган ҳам, мажбур бўлган ҳам, йўлда қолган ҳам бор. Уларнинг ҳаммаси бирга ҳалок бўлурлар. Аммо турлича қайта тирилурлар. Аллоҳ уларни ниятларига қараб қайта тирилтирур», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Фитна бўлганда ва унинг сабабидан ҳадокат келганда хўлу қуруқ ҳаммаси баробар ёнар экан. Ўша ҳалокат қасддан фитнага қўшилганни ҳам, мажбур бўлиб ноилож қўшилганни ҳам, йўловчини ҳам олиб кетар экан. Аммо бу дегани уларнинг ҳаммасининг оқибати бир бўлар экан-да дегани эмас. Вақти соати етиб қиёмат қоим бўлганда улар турли ҳолда қайта тириладилар. Бу дунёда иймонли, ибодатли ва амали солиҳли бўлганлар гўзал ҳолда, бошқалар эса бошқача ҳолда қайта тириладилар.
Шунинг учун одамлар ҳаммаси бузилиб кетиб бир ўзи қолганда ҳам мўмин банда Аллоҳ таоло.нинг айтганидан қолмаслиги лозим.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон Аллоҳ бир қавм устидан азоб нозил қилса. Ўша азоб уларнинг ичида ким бўлса ҳаммасига баробар етади. Сўнгра амалларига қараб қайта тирилтириладилар», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Оммавий азобга лойиқ бўлган қавмнинг ичида бўлган одам ким бўлишидан қатъий назар уларга қўшилиб мусибатга учрайди. Аммо бу одамлар айниса, нима қилайлик, замон шу экан-да, дейишга зинҳор баҳона бўла олмайди. Мўмин банда дунёда ёлғиз ўзи аҳли иймонни тамсил қилаётган бўлса ҳам Аллоҳ таоло.нинг айтганидан қолмаслиги керак. Чунки, унинг иймони, ибодати ва амали солҳи ҳеч қачон зое кетмайди. Агар ўзи нобакорлар жамоасига қўшилиб ҳалокатга учраса ҳам иймони, ибодати ва амали солҳи уни охиртда қутқариб қолади. Барча бандалар қайта тириладиган пайтда у гўзал ҳолатда қайта тирилади ва ўз мукофотини заррача камимаган равишда олади.

Аҳмаддан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Замон яқин бўладир. Амал ноқис бўладир. Ўта бахиллик илқо қилинур. Фитналар зоҳир бўлур. Ҳамда ҳараж кўпаюр», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули У недир?» дейишди.
«Қатл! Қатл!» дедилар».

Шарҳ: Бу ҳ-ш.да Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларидан кейин чиқадиган баъзи ҳолатлар ҳақида сўз кетмоқда.
«Замон яқин бўладир».
Бир вақтлар келиб вақтнинг баракаси қолмайди. Бир йил бир ойдек ўтиб кетади. Бир ой бир ҳафтадек ўтиб кетади ва ҳаказо.
«Амал ноқис бўладир».
Бир вақтлар келиб диний таълимотларга амал қилиш, амали солиҳ қилиш камаяди. Бу ишларга нисбатан дангасалик пайдо бўлади. Гап кўпайса ҳам иш камаяди.
«Ўта бахиллик илқо қилинур».
Бир вақтлар келиб одамлардан сахийлик кетиб бахил бўлиб қоладилар. Бахил бўлганларида ҳам ўта бахил бўладилар. Биров бировга бахил қилишни уят санамай қўяди.
«Фитналар зоҳир бўлур».
Бир вақтлар келиб одамлар ўртасида турли туман фитналар кўтарилади. Фитна кетидан фитна келаверади.
Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гапларнинг ортида яна бир нарсани қўшдилар:
«Ҳамда ҳараж кўпаюр», дедилар».
У зотни тинглаб турганлар бу сўзнинг маъносини тўлиқ англаб етишмади ва:
«Эй Аллоҳнинг расули У недир?» дейишди».
Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу саволга жавоб ўлароқ:
«Қатл! Қатл!» дедилар».
Бир вақтлар келиб одамлар орасида қатл кўпаяди.
Аммо шунга ҳам қарамай мўмин-мусулмон банда динини маҳкам тутмоғи лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Келажакда фитналар бўлур. Унда ўтирган тик тургандан яхшидир. Унда тик турган юргандан яхшидир. Унда юрган саъйи қилгандан яхшидир. Ким унга қизиқса ўзига тортади. Ким ундан паноҳгоҳ ёки қўрғон топса, у ила ўзини асрасин», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, фитнани сезган киши иложи борича ундан узоқда бўлишга ҳаракат қилмоғи керак.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, келажакда фитналар бўлур. Огоҳ бўлинг! бунда яна фитналар бўлур. Унда ўтирган юргандан яхшидир. Унда юрган саъйи қилгандан яхшидир. Огоҳ бўлинг! Қачон у нозил бўлса ёки воқеъ бўлса, кимнинг туяси бўлса уни лозим тутсин, кимнинг қўйи бўлса уни лозим тутсин ва кимнинг ери бўлса у ерини лозим тутсин», дедилар.
Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули Айтингчи, туяси, қўйи ва ери йўқ одам нима қилади?» деди.
«Қиличини олиб тош билан тиғига уради. Сўнгра қочишга қодир бўлса қочиб кетади. Эй Аллоҳим, етказдимми?! Эй Аллоҳим, етказдимми?! Эй Аллоҳим, етказдимми?!» дедилар.
Шунда бошқа бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули агар мажбур қилинсам ва мени икки сафга олиб борилса ёки икки гуруҳдан бирига олиб борилса ва бир киши мени қиличи билан урса ёки ўқ келиб мени қатл қилсачи?» деди.
«Унга ҳам ўзининг гуноҳи, ҳам сенинг гуноҳинг бўлади. Ҳамда у дўзах соҳибларидан бўлади», дедилар».
Муслим ва Аҳмад. ривоят қилган.
Шарҳ: Мусулмонлар орасида фитна чиққанда жуда ҳам хушёр бўлиш керак бўлади. Иложи борича ул фитнага аралашмаслик керак. Агар ҳайвонлари бўлса ўшаларни боқиш ила ўзини овутиб фитнадан четда бўлмоғи лозим. Ери бўлса, ерида ишлаб фитнага аралашмасин. Фитнада ишлатилиши лозим бўлган қурол ва асбоблари бўлса уларни йўқ қилсин.
Бировни ўшал фитнага мажбур қилиб аралаштирган одам ҳам ўзининг, ҳам ўша мажбур қилинган одамнинг гуноҳига қолади. Фатнада фаоллик кўрсатиб бошқаларни унга тортган одам дўзахи бўлади.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан : «Эй Аллоҳнинг расули Айтингчи, агар у менинг тепамга, уйимга бостириб кириб мени ўлдириш учун қўлини чўзсачи?» деди.
«Худди одамнинг қотил ўғлига ўхшаш бўл; «Агар сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармасман», дедилар»
. Аҳмад. ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Одамнинг икки ўғли бор экан, улар қурбонлик қилишибди. Бирларининг қурбонлиги қабул бўлибди. Иккинчиларининг қурбонлиги қабул бўлмапти. Шунда қурбонлиги қабул қилинмаган ўғил қурбонлиги қабул қилинганга ҳасад қилиб, кўра олмасдан, мен сени албатта ўлдираман, дебди. Инсон қалбига ҳасад кирганда шундай бўлади. Қурбонлиги қабул бўлмагани унинг яхши киши эмаслигига далолат эди. Қурбонлиги қабул бўлгани эса, иккинчи ўғилнинг яхши инсонлиги учун эди. Яхши одам доимо яхши бўлади. Ҳатто қийин ва шиддатли пайтларда ҳам, ҳаёти хавф остида турганда ҳам, яхшилигича қолади. У ўзига тажовуз қилиб турган шахсга қараб, хотиржамлик билан:
«албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади», деди.
Инсоннинг яхши амалларининг, жумладан қурбонлигининг Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлиши, амал эгасининг тақводор эканини англатади. Бу билан у ўзига суиқасд қилиб турган душманни ҳам тақводор бўлишга даъват этди. Кейин эса, янада хотиржамлик билан, биродарининг шаррини кесиш учун:
«Агар сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман», деди.
Ҳақиқий тақводор, Аллоҳдан қўрққан инсоннинг гапи шундоқ бўлади. У шу билан ёмонликнинг олдини олишга, ҳасадчининг ҳасад оловини совутишга ҳаракат қилмоқда.
«Мен, албатта, оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман», деди.
Яъни, менинг тутган бу йўлим сендан ёки ўлимдан қўрққанимдан эмас, балки бошқа бир инсонни ўлдириш гуноҳ бўлгани учун, Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолишимдан қўрққанимдан шундай қиламоқдаман, деди.
Бундан кейин эса, биродарини бу ишдан қайтариш мақсадида оқибат нима бўлишини ҳам эслатиб қўйди:
«Мен, албатта, менинг ҳам гуноҳимни, ўзингнинг ҳам гуноҳингни олиб кетишингни, шу сабабдан дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир», деди».
Яъни, агар сен Аллоҳдан қўрқмай мени ўлдирадиган бўлсанг, мени ўлдирганинг гуноҳини ҳам оласан ва олдинги қурбонлигингнинг қабул бўлмагани гуноҳини ҳам оласан. Гуноҳ устига гуноҳ қилган бўласан. Оқибатда сенга бериладиган жазо ҳам ортади ва дўзахга тушасан, деди.
Мусулмонлар орасида фитна чиққанда ҳам ўзини билган кишилар худди шунга ўхшаш йўлни тутишга ўтишлари лозимлигини ушбу ҳ-ш.дан ўрганиб оламиз.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: «Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қачон икки мусулмон қиличлари ила юзмаюз келсалар, иккиси ҳам аҳли дўзахдан бўлур», дедилар.
«Қотилку майли, мақтулга нима бўлади?» дейилди.
«У ўз соҳибини қатл қилишни ирода қилган эди», дедилар».
Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Шунинг учун ҳар қанча фитна бўлса ҳам икки мусулмон бир-бирига зинҳор қўл кўтармаслиги зарур.

Муслимнинг ривоятида: «Қачон икки мусулмоннинг бири ўз биродарига силоҳ кўтарса, иккиси ҳам жаҳаннам жари ёқасига боради. Агар улардан бири ўз соҳибини қатл қилса, унга иккиси ҳам баробар дохил бўлади», дейилган.
Шарҳ: Бир-бирига қарши силоҳ кўтарган икки муслмон ҳали урушни бошламасларидан туриб дўзахнинг ёқасига бориб қоладилар. Уларнинг дўзахга тушишилари учун жангни бошлашларининг ўзи кифоя қилади. Бошқа нарсанинг кераги йўқ.
Аҳмад. ва Термизийнинг ривоятида: «Албатта, келажакда фитна бўлур. Ул арабларни таг туби ила қирадир. Унинг қатл қилинганлари дўзахдадир. Унда тил қиличнинг ботишидан кўра шиддатлироқ бўлади», дейилган.
Шарҳ: Аслида фитнани оғзига кучи етмаган шаллақилар бошлайди. Тилга зеб берганларнинг касофатидан фитна қўзғалиб ҳаммани ўз домига тортади. Шунинг учун ҳам тил қиличнинг ботишидан кўра шиддатлироқ бўлади.

Аҳмаднинг ривоятида: «Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Ким мубтало бўлсаю сабр қилса, ҳасратдадир», дейилган.
Шарҳ: Демак, мусулмонлар орасида оммавий фитна бошланганда четда қолган киши бахтли киши бўлар экан. Фитнага аралашган одам ҳасратсиз қолмас экан.

Савбон розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, Аллоҳ менга ерни сиқимлаб кўрсатди. Бас, мен унинг машриқларию мағрибларини кўрдим. Албатта, умматимнинг мулки менга унинг сиқимлаб кўрсатилган жойигача етади. Менга икки канзни; қизилни ва оқни берилди. Албатта, мен роббимдан умматимни оммавий қаҳат ила ҳалок қилмаслигини ва уларнинг устидан ўзларидан бўлмаган душманнинг султонини ўрнатилмаслигини ва у уларнинг ҳовлиси ўртасини мубоҳ кўрмаслигини сўрадим. Албатта, роббим: «Эй Муҳаммад! Албатта, Мен бир қазони қилсам, уни рад қилиб бўлмас. Албатта, Мен сенга сенинг умматингни оммавий қаҳат ила ҳалок қилмасликни ва уларнинг устидан ўзларидан бўлмаган душманнинг султонини ўрнатилмаслигини ва у уларнинг ҳовлиси ўртасини мубоҳ кўрмаслигини бердим. Агар уларга қарши у(ер)нинг атрофидаги ёки атрофлари орасидаги шахслар жам бўлсалар ҳам. Ҳаттоки баъзилари баъзиларини ҳалок қилсалар ва баъзилари баъзиларини асир олсалар ҳам», деди», дедилар». Муслим Термизий ва Аҳмад ривоят қилган.
Ва икковлари: «Албатта, мен ўз умматимга залолатга кетказувчи имомлардан хавфсирайман. Қачон умматим устига қилич солинса, у ундан то қиёмат кунигача кўтарилмас. Токи менинг умматимдан баъзи қабилалар мушрикларга қўшилмагунича ва токи менинг умматимдан баъзи қабилалар бутларга ибодат қилмагунича қиёмат қоим бўлмас. Албатта, келажакда умматим ичида ўттизта каззоб чиқгай. Уларнинг барчаси пайғамбарлик даъвосини қилгай. Ҳолбуки, мен набийларнинг охиргисиман. Мендан кейин набий йўқдир. Менинг умматимдан бир тоифаси ҳақда устин бўлган ҳолларида бардавом бўлурлар. То Аллоҳнинг амри келгунча уларга қарши чиққанлар зарар етказа олмас», дейилган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида сўзлай туриб: «Ўшанда камонларингизни синдиринг. Ватарларингизни узинг. Уйларингиз ичларини лозим тутинг ва Одамнинг ўғли каби бўлинг», дедилар». Термизий ва Аҳмад. ривоят қилган.
Шарҳ: Муслмонлар орасида фитна туфайли чиқадиган урушда ишлатилиши лозим бўлган барча қуролларни йўқ қилиб ўша урушда қатнашмасликка ҳаракат қилиш керак экан. Одам отанинг икки жанжаллашиб қолган ўғлидан бири «Агар сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман» дегани каби иш тутиш керак экан.

Эй Аллоҳнинг расули Фитна вақтида одамларнинг яхшиси ким?» дейилди.
«Чорвасининг ичида унинг ҳаққини адо қилиб, роббисига ибодат қилиб юрган киши ва отини бошини тутиб душманни қўрқитиб, душман уни қўрқитиб юрган киши», дедилар».
Шарҳ: Мусулмонлар бир-бири билан фитна туфайли жангга киришганида бу фитнага қўшилмай ўзининг мол ҳолини боқиб ибодатини қилиб юрган ёки чегарада юртини ҳимоя қилиб турган кишилар энг яхши одамларга айланар экан.

Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўминга ўзини ўзи хорлаши ярашмас», дедилар.
«Қандоқ қилиб ўзини хорлайди?» дейишди.
«Ўзини тоқатидан ташқари синовга дучор қилиш билан», дедилар».

Шарҳ: Мўмин киши учун қўлидан келмаган ишга беҳуда уриниш ўзини ўзи хорлаш бўлар экан. Айниқса, фитнага аралашиш бу ишларнинг энг ёмони бўлади.

Али Аҳбон ибн Сойфий ал-Ғифорийдан ўзи билан бирга чиқишни талаб қилганда у: «Албатта, халилим, амакингнинг ўғли менга қачон одамлар ихтилоф қилсалар ёғочдан қилич тутишмни таъйинлаган эдилар. Батаҳқиқ, мен ўшани тутдим. Агар истасанг сен билан ўшани кўтариб чиқаман», деди.
Али уни тарк қилди».
Ушбу учтани Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Шу сабабдан баъзи саҳобалар Аҳбон ибн Сойфий ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан га ўхшаб ҳазрати Али билан Муовия розияллоҳу анҳудан нинг ораларидаги ихтилофда қатнашмаганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдурроҳман ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Ибн Умарнинг оёғи уюшиб қолди. Шунда бир киши унга .Ўзингга энг маҳбуб кишининг исмини айт,, деди. давоми...

3203 05:00 / 13.03.2017
Қуръони карим нозил бўлган кундан бошлаб то қиёмат кунига қадар инсониятни ожиз қолдиришда, ҳайрон қолдиришда, лол қолдиришда давом этаверади. Қуйида Қуръондаги давоми...

3262 12:15 / 15.03.2017
Ибодат баркамол неъмат берувчига баркамол қуллик қилишдир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таолодан бошқага ибодат қилиб бўлмайди. Ибодат қилинувчининг маърифати ҳосил давоми...

7247 05:00 / 14.03.2017
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қуйидагиларни гапириб берган экан Аллоҳнинг бандаларидан бир давоми...

12813 05:00 / 14.03.2017