1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Араб тили икки дунё саодатига элтувчи тил (биринчи мақола)

19:21 / 22 май 2652 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тили генеалогик (келиб чиқиш) таснифга кўра, сомий-хомий тиллар оиласининг сомий тиллар гуруҳига мансуб бўлиб, бу гуруҳга яна иврит (яҳудий), ойсор, амҳар ва хорари тиллари киради.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бугунги кунда расман жаҳоннинг 20 дан ортиқ мамлакатида давлат тили сифатида қўлланиб келинаётган замонавий араб (адабий) тили Қуръони Карим тили бўлмиш классик (мумтоз) араб тили асосида шаклланган.

Аммо араб миллатига мансуб аҳоли ва араблашган халқларнинг аксарияти кундалик ҳаётларида фойдаланадиган сўзлашув тиллари замонавий (адабий) араб тилидан, ўз навбатида, ҳар хил минтақаларда яшовчи арабларнинг шева-лаҳжалари бир-биридан фарқ қилади. Бу тафовут айрим ҳудудларда шу қадар каттаки, олис қишлоқларда яшовчи одамлар ўз давлатининг расмий тилини базўр англаши, ҳатто баъзида тушунолмай қолиши ҳам мумкин.

Тилшунослар, бу мураккаб ижтимоий муаммонинг келиб чиқишига қуйидаги омиллар сабаб бўлганини таъкидлайдилар.

Аввало, араб адабий тилининг асоси бўлган Қуръони Карим Ҳижоз арабларининг Қурайш қабиласи тилида нозил бўлгани кўпчиликка маълум. Айни ўша замонда Арабистон яриморолининг бошқа ҳудудларида яшовчи араб қабилалари қурайшликларникидан фарқ қиладиган тилларда сўзлашишган. Йиллар давомида бошқа лаҳжалар – тиллар ривожининг умумий қонуниятларига кўра ўзгариб борган. Оқибатда, ўртадаги фарқ одамлар бир-бирини тушунмайдиган даражада бўлиб кетган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, араб тили ҳозирги кунда қуйидаги уч хил кўринишга эга деган хулосага келиш мумкин:

1. Классик араб тили – Қуръони Карим, ҳадиси шарифлар, шунингдек, Исломгача бўлган «жоҳилия» ва илк Ислом даври адабиёти тили;

2. Ҳозирги замон араб адабий тили – классик тил асосида ривожланган, замонавий тараққиётни ўзида акс эттирган, ҳамма араб давлатлари томонидан расмий тил сифатида эътироф этилган тил;

3. Араб дунёсининг ҳар бир минтақасига хос бўлган жонли сўзлашув тили – лаҳжалар ва шевалар.

Маълумки, Қуръони Каримнинг араб тилида нозил бўлиши ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз суннатларини шу тилда баён қилганлари сабаб араб тили «икки дунё саодатига элтувчи тил» деб эътироф этилган.

Қуръоннинг араб тилида нозил бўлгани Аллоҳ таолонинг каломида ҳам бир неча ўринларда зикр қилинган: «Ана шундай қилиб, сенга Уммул қуро(Макка)ни ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учун, у ҳақда ҳеч шубҳа йўқ жамлаш Кунидан огоҳлантиришинг учун арабий Қуръонни ваҳий қилдик» (Шуро сураси, 7-оят).

Шу ўринда «Қуръон нима учун айнан араб тилида нозил бўлган?» деган савол туғилади.

«Аввалги пайғамбарларга китоблар бошқа тилларда нозил бўлган. Яъни уларга бошқа тилда ваҳий келган, – дейди ўз маърузасида мазкур саволга жавоб берган Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид. – Маълумки, олдинги пайғамбарлар алоҳида қавмларга жўнатилган. У босқич ўтганидан кейин Аллоҳ башарият учун ягона шариат бўлишини истади. Ўзининг каломини инсонларга етказишда араб тилидан муносиброқ тил йўқ эди. Аллоҳнинг Ўзи билиб, Қуръони Каримни араб тилида нозил қилиб қўйган. Нега ҳамманинг тилида нозил қилмаган? Чунки битта тилдаги сўзни иккинчи тилда ифодалаб бўлмайди! Қуръон нега бошқа тилларга таржима қилинмаяпти? Чунки араб тилидаги бор хусусият бошқа тилларда мавжуд эмас. Бошқа тиллар Қуръонни нозил қилишга ярамайди. Аллоҳ ўз каломини энг яхши тилда нозил қилди. Маъносини таржима қилиб, ўрганиб, амал қилиш мумкин. Лекин, сўз Аллоҳники бўлиши учун у араб тилида қолиши керак. Негаки, бошқа тилга ўгирилса, асл маъноси чиқмайди. Масалан, ўзбек тилида «туёғингни шиқиллат» деган гап бор. Буни бошқа тилга қандай қилиб таржима қиласиз? Сўзма-сўзми? Бунинг иложи йўқ. Бу сўзлардан эмас, бошқа сўзлардан фойдаланишга мажбур бўласиз...»

Ўз навбатида, Қуръони Каримда келган оятнинг аксарият ҳолда бир эмас, учта ёки тўртта маъноси бўлишини айтиб ўтиш лозим. Бу ҳолатда, ҳарчанд ҳаракат қилманг, бошқа тилга бу маъноларнинг барини кўчира олмайсиз.

Шу боис, Муқаддас Китобни тўғри тушуниш, уни англаш учун араб тилини ўрганишнинг, хусусан, сарф ва наҳв қоидаларининг аҳамияти беқиёсдир. Зеро, араб тилини билмаслик эмас, аксинча билиб, ундан фойдаланаётганда ҳар хил хатоларга йўл қўйган инсонлар маломат қилинган.

 

Илм-фан ва халқаро алоқалар тили

Классик араб тили ислом байроғи остида Яқин ва Ўрта Шарққа, Марказий Осиё (Мовароуннаҳр ва Хуросон) ҳамда Африканинг кўп қисми, у ердан Европа жануби-ғарбига тарқалди. Кейинчалик, ушбу улкан ҳудуднинг халқаро алоқалар, савдо ва билим тилига айланди. Бу тилда давлат дастурлари олиб борилди ва асарлар ёзилди. Натижада минтақада маданият, дин, илм-фан ва технология, санъат ва меъморчилик тараққий этди. Географик кашфиётлар амалга оширилиб, давлатлараро савдо алоқалари ривожланди.

«Араблар муқаддас ислом динини, шунингдек, урф-одатлари ва миллий қадриятлари, меъморчилиги, тили ва илм-фанни энг қадимги цивилизация ўчоқлари – Миср, Рум (Византия), Эрон, Ҳиндистон ва Хитойнинг бир қисмига тарқатиб, ҳатто Шарқ маданиятига бегона бўлган юрт вакиллари, асосий мақсадлари босқинчилик қилиш бўлган мўғулларни ҳам бўйсундирдилар, – дейди бу борада франциялик жамиятшунос (социолог) олим, XIX асрда «Араб цивилизацияси тарихи» асарини ёзган Гюстав Лебон. – Дунё аҳли бир неча минг йиллик тарих давомида жуда кўп цивилизацияларнинг шоҳиди бўлди. Лекин ҳеч қайси халқ дунё тамаддунига арабларчалик ўз таъсирини ўтказа олмаган».

Дарҳақиқат, ўша пайтда араб тилида кимё, астрономия, математика, тиббиёт, фалсафа фанлари бўйича асарлар ёзиб, изланишлар олиб борган Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний каби аждодларимиз дунё маданиятига ўз ҳиссаларини қўшган бўлсалар, Маҳмуд Замахшарий, Имом Бухорий, Имом Термизий каби уламолар ислом дини хизматида бўлиб, араб тили ривожи йўлида кўп тер тўкдилар. Бу эса аждодларимиздан қолган ниҳоятда бой илмий-адабий меросни халқимизга етказишимиз, фарзандларимиз онгига сингдиришимиз учун ҳам араб тилини ўрганишни тақозо қилади.

Тарихдан маълумки, жамиятда бирор йирик ҳодиса – тарихий воқеа юз бериши учун, хусусан, бирор илм-фаннинг вужудга келиши учун даставвал шунга зарурат, сўнгра шунга имкон берадиган шарт-шароит керак бўлади. Араб тилшунослиги илмининг, хусусан, унинг сўз ва жумлалар таркибини ўрганадиган қисми – наҳву сарфнинг шаклланиб, ривожланиши ҳам бундан мустасно эмас. Аксар олимлар: «Араб тилининг грамматикаси, яъни наҳв илмининг пайдо бўлиб, ривожланиши ислом дини юзага келиши ва шаклланиши билан бевосита боғлиқдир, чунки араблар исломдан олдин бундай қоидаларга муҳтож бўлмаган. Бунга қисман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида ва хулафои рошидин замонларида содир бўлган баъзи воқеалар сабаб бўлган» деган фикрни илгари сурганлар.

 

Мўъжизавий тил

Араб тилининг ажралмас қисмига айланган наҳв илмининг юзага келиш омиллари ҳамда унинг асосчилари бўйича турли манбалар келтирилади. Таниқли олим Абул Асвад Дуалий билан содир бўлган воқеа наҳвнинг пайдо бўлишига сабаб, деган фикр шулардан биридир.

Ривоят қилинишича, Абул Асвад Дуалий (ҳижрий 69 йилда вафот этган) кунлардан бир кун тунда қизи билан уйининг айвонида турганида, фарзанди осмонга ажабланган ҳолда қараб: «Эй ота, осмон нима сабаб шундай гўзал экан?!» (Ма ажмалас самаи!) дейди. Ота қизининг ҳайратини кўриб: «Эй қизим, (бу гўзаллик) юлдузлар ҳисобига» дея саволига жавоб беради.

Бу гапларни эшитган қиз: «Ота, мен сизга савол бермадим, балки ҳайратимни изҳор этгандим» дейди.

«У ҳолда жумла охиридаги сўзни оғзини очиб (фатҳа билан якунлаб) «Осмон нақадар гўзал!» (Ма ажмалас самаа!) дейишинг керак эди», дейди.

Шу воқеадан кейин Абул Асвад Дуалий ўша давр халифаси ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга араб тилини тўғри ўқиш ва талаффуз қилишга ёрдам берадиган қоида ва йўриқлар мажмуасини тузмоқчи эканини айтади. Бу Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳуга маъқул келиб, у зот Дуалийга: «Мазкур йўриқномани «Сўз – исм ё феъл, ё ҳарф бўлади ва ҳоказо» деб бошлашинг мумкин, дейди. Абул Асвад ад-Дуалий ўша «ҳоказо» («наҳв» сўзи ўзбекчага таржима қилинганида «ҳоказо» маъноси келиб чиқади)ни ишлаб чиқади ва ўшандан бери араб тилининг асосий қонун-қоидалари илми наҳв деб юритилади. Маълумотларда келишича, Абул Асвад ад-Дуалий ушбу воқеалардан бироз ўтгач Ироққа кўчиб кетиб, у ерда наҳв илмини такомиллаштириш ва кенг тарқатиш йўлида илмий изланишлар олиб боради.

«Кейинги вақтда юртимизда араб тилини ўрганувчилар сони ошиб бормоқда, – дейди «GRAND TA’LIM» маскани ўқитувчиси Муҳаммад Юсуф Онарбаев. – Нимага десангиз, Қуръон тили бўлмиш араб тили ҳам Аллоҳ каломи каби мўъжизадир. Араб тили жуда бой, фасоҳатли тил ҳисобланади. Сўзимиз исботи сифатида, мазкур тилда биргина туяни ифодалайдиган юзлаб сўз борлигини айтиб ўтиш жоиз. Араб тилида «туя» «жамал» дейилади. Ана шу туяни ифодалаш учун нимага юздан ортиқ сўздан фойдаланиш керак бўлиб қолди? Бунга зарурат борми ўзи? Лекин яхшилаб аҳамият берсак, ҳар бир сўзга адолатли (ҳаққоний равишда) таъриф берилганига гувоҳ бўламиз. Масалан, «эгасининг сут соғиб олишига қўйиб бермайдиган туя» – бир сўз билан, «қари туя» бошқа сўз билан, «оппоқ туя» бошқа бир калом билан ифодаланади. Яъни, бир нарса ёки ҳолатни бир неча сўз билан эмас, биргина сўздан фойдаланган ҳолда ифодалаш араб тилига хосдир. Шунинг учун ҳам, тилшунослар араб тилига саноқли сўзлар билан чуқур маъноларни англата оладиган ўзига хос тил сифатида таъриф берадилар. Араб тили жуда мураккаб тил бўлиб, барча тиллар орасида энг балоғатли тил сифатида тан олинган. Тушунарлироқ бўлиши учун дунёнинг энг оммабоп тили – инглиз тили 500 000 (беш юз минг) сўздан иборат луғатга эгалиги, араб тилида эса 12 000 000 (ўн икки миллион) та сўз борлигини айтиб ўтиш мумкин. Яъни, Аллоҳ таоло бизга нима демоқчилигини тушунтириш учун кўп маъноли араб тилини танлаган.

Шу ўринда, бугун инглиз тили ахборот алмашинувида кенг қўлланиладиган тил сифатида фойдаланилаётгани каби, бундан 1400 – 1500 йил аввал араб тили шундай вазифани бажарганини айтиб ўтиш жоиз. Зеро, Шарқ Уйғониши даврида деярли барча асарлар араб тилида ёзилган ёхуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда араб тилига таржима қилинган.

«Сир эмас, араб тилини ўрганиш анча вақтни талаб қилади. Лекин Аллоҳнинг фазли билан, шунингдек, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланган ҳолда ҳамма соҳа қатори араб тилини ўрганишни ҳам бироз осонлаштириш мумкин, – дейди arabic.uz лойиҳаси асосчиларидан бири Анвар Аҳмад. – Фикримча, бундан бир неча аср аввал уламоларимиз томонидан ёзилган араб тили китобларини ўқимай мазкур тилни ўрганиш бироз қийин кечади. Ҳозирги пайтда тил марказларида араб тилини ўрганиб, газета-журналларда чоп этилган, интернетда берилган мақолаларни ўқишингиз мумкин. Лекин чуқур ўрганаман десангиз, бевосита ўша – қадимда ёзилган китобларга мурожаат қилмай иложи йўқ.

Араб тили қандай ўқитилса, ўқувчи уни тезроқ, осонроқ қабул қилади? Аждодларимиз қаламига мансуб китобларнинг аксарияти араб тилида ёзилган. Масалан, Имом Бухорийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ»ини олайлик. Буюк муҳаддис тўплаган ҳадисларнинг ҳаммаси – араб тилида. Термизий, Мотуридийлар ҳам араб тилида ижод қилишган. Араб тили қонимизда бор, десак янглишмаймиз. Бунинг учун тилни курсларда енгил ўргансалар бўлади. Лекин ҳақиқий мутахассис бўлиб етишиб чиқаман деган тил ўрганувчилардан кўпроқ нарса талаб қилинади. Улар араб тилини 10 – 15 йил ва ундан ортиқ вақт давомида ўрганадилар. Кўп йиллик тажрибаларимиздан келиб чиққан ҳолда, араб тилини осон ўргатадиган дастурлар ишлаб чиқдик. Араб тилининг асосий иккита: наҳв ва сарф деган бўлаги бор. Ана шу икки йўналишдаги қоидалар мажмуи алоҳида-алоҳида ўрганилади. Сарфда 22 боб  мавжуд бўлиб, унда, шунингдек, феълни туслаш қоидалари ҳам бор. Ҳар бир феъл замон, сон ва шахсда тусланиб, жами 192 та кўринишга эга бўлишини ёдлаб олиш зарур. Шунда ўша қолипларга хоҳлаган феълингизни қўйиб ишлатаверасиз.

Наҳв (қўшимчалар) фанида 44 та қоида мавжуд. Араб тилида сўз охиридаги қўшимчаларнинг ўзгаришига сабаб бўладиган 4 та келишик бор. Улар марфуъ (бош келишик), мансуб (тушум келишиги), мажрур (қаратқич келишиги) ва мажзум (шарт майли). Ана шу келишикларда келган сўзлар фатҳа, замма, касра ёки сукун билан тугаши билан фарқланади.

Араб тили қоидалари шаклланиб бўлган. Юқорида тилга олинган барча қоида тўрт вараққа сиғдирилди. Уларни ўргансак, ёд олсак бўлди. Бу қоидаларни ишлаб чиқишда аввало Қуръонга, Ҳадисга ва жоҳилият давридаги шеърларга эътибор қаратилган. Устозлар шуни тўғри, чиройли қилиб етказиб берса, талаба тўғри қабул қилиб, ўзлаштирса бўлди.

«Катталардан кўра болаларга таълим бериш, айниқса, уларга хорижий тилни ўргатиш нисбатан қийинроқ, – дейди Муҳаммад Юсуф Онарбоев. – Муҳими, болага тилни мажбурлаб ўқитиш керак эмас. Уларга бунинг учун қулай муҳит, шароит яратиб бериш лозим. Болалар қалбида ўйинлар, совғалар, яхши гаплар билан илмга нисбатан қизиқиш уйғотиш, бошқача айтганда улар қалбида олов ёқиш керак. Шунда бола ўша чўғ билан илм олишга талпинади, тил ўрганишга ҳаракат қилади. Илм озиқ-овқатга ўхшайди, овқатни еймиз, ҳазм қиламиз, ҳазм қилинган овқатнинг маълум қисми танамизга сингади. Бунинг учун эса вақт керак. Илмни ўзлаштириш учун ҳам муддат керак бўлади. Илм олишда шошмаслик лозим. Уч-тўрт ой ўрганиб, «натижа бўлмади-ку» дея дарс қилишни тўхтатиб қўйиш керак эмас. Араб тили кўпчиликка кўринганидек қийин эмас, бу жуда осон тил. Бошқача айтганда бу тил мураккаб ва мукаммал тил бўлса-да, Аллоҳ уни (ўрганишни) осон қилиб қўйган!

(Давоми бор)

Шуҳрат Хўжаев

«Ҳилол» журнали 10(55) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу битим йил ой кундажой номида Ф.И.Ш. туғилган сана, ой, кун, жинси, яшаш жойи паспортга мувофиқбундан кейин сотувчи деб юритилади ва Ф.И.Ш. туғилган сана, ой, кун, давоми...

5546 17:43 / 29.03.2018
350. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир одам қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига бир фариштани юборди. У.Қаерга давоми...

5175 14:00 / 15.05.2021
Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтади.Эй Аллоҳнинг Расули, ер юзида қайси масжид биринчи бўлиб қурилган, дедим. У зот .Масжидул Ҳаром,, дедилар. .Кейин қайси, дедим. У зот давоми...

3881 12:40 / 24.05.2021
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Ахборун нисо, номли китобида шундай зикр қилади .Айтишларича, Ҳажжож ибн Юсуф золим Абдурраҳмон ибн Ашъасни қатл қилиб, унинг давоми...

2537 09:00 / 09.03.2023