1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Дунёни «забт этган» пластик

16:00 / 20.02.2023 2880 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўрта ёш юртдошларимиз ва ёши улуғларимиз жуда яхши эслашса керак: бундан 25–30 йил аввал кундалик эҳтиёжларимиз учун фойдаланадиган буюмларимизнинг асосий қисмини сирланган идишлару чиннилар, шиша ва ёғоч буюмлар, матодан тикилган халталар ташкил этар эди.


Қатиқ уй шароитида, қовоқ идишга ивитилган бўлса, «Тошкент» маъданли сувлари шиша идишларда ичилган, помидор, бодринг ва карам катта ёғоч бочкага тузланган...


Аммо вақт ўтиб, шиша идиш, ёғочли бочка, матоли халталар ўрнини пластик ва полиэтилен каби замонавий материаллардан ишлаб чиқарилган турли буюмлар: ерга тушса синмайдиган стаканлару ликопчалар, минглаб маиший жиҳозлар, ихчам елим халталар эгаллади. Тиббиёт анжомлари, шунингдек, компьютер ва бошқа техника воситалари ҳам асосан полимерлар оиласига мансуб материаллардан иборат бўлиб қолди.


Фойдаланиш учун нисбатан қулай ана шу буюм ва анжомларни қоидаларга зид равишда сақлаш, фойдаланиб бўлгач, нотўғри утилизация қилиш кўп ўтмай аянчли оқибатларни келтириб чиқиши аён бўлди.


Афсуски, мазкур материаллар одамлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатишдан ташқари тупроқ, сув ҳамда ҳавони, шунингдек, ҳайвонот ва наботот дунёсини ифлосланишига сабаб бўлмоқда.
Ахлат қутисига ташланган ҳар бир чиқиндининг зарарсиз ҳолга келиши, яъни ерга сингиб, бутунлай чириши, ҳаво ёки сувга аралашиб кетиши учун ой, йил, баъзан юз ва ҳатто бир неча минг йил талаб этилишини кўпчилик билмаса ҳам керак.


Аҳамиятли жиҳати, вазифасини ўтаб бўлиб бир чеккага улоқтирилган мана шундай буюмларнинг чириб йўқ бўлиш асносида ажралиб чиққан зарарли моддалар тупроқ, ҳаво ва сув таркибига аралашиб кетади. Натижада одамлар, жониворлар ва ўсимликлар ифлос ҳаводан нафас олишга, яроқсиз сувни ичишга мажбур бўлишади.


Ахлатга ташланган моддаларнинг чириш ва безарар ҳолга келишига оид маълумотлар кўп ҳолда лаборатория шароитида амалга оширилган илмий изланишлар натижасида олинади. Чириш иқлимга, яъни ҳавонинг совуқ-иссиқлигига, тупроқнинг хусусиятига, муҳитдаги мавжуд микроорганизмлар миқдорига боғлиқ. Бундан ташқари, материалнинг таркиби, тайёрланиш жараёнида унга берилган ишлов ҳам чиқиндининг чириш вақтига таъсир ўтказади. Масалан, бўялган ёки бошқа материал билан пластикни утилизация қилиш анча қийин кечади.


Энг ёмони, бутун дунёни «забт этган» пластик буюмлар инсон организмига ҳам «ҳужум» қила бошлади. Хусусан, 33–55 ёшли аҳоли ўртасида тадқиқот ўтказган германиялик олимларнинг маълум қилишича, пластик идишдан сув ичиб юрадиган, шунингдек, денгиз маҳсулотларини истеъмол қилган мазкур одамлар танасида 50–500 микрон (1000 микрон 1 миллиметрга тенг) ўлчамдаги майда пластик зарралари аниқланган. Ачинарлиси, бу ҳолат одамларнинг ўпка, ошқозон-ичак, буйрак ва жигар каби ички аъзоларида онкологик касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Ўз навбатида, пластик чиқиндилар ва бошқа кимёвий унсурлар билан ифлосланган сув ҳавзаларида яшайдиган денгиз жониворлари одамлар каби ана шу зарарли маҳсулотларни ўз таналарига қабул қилиб олмоқдалар. Тахминларга кўра, 2050 йилга бориб, дунё океанидаги пластик чиқиндилар оғирлиги уларда яшовчи балиқларнинг умумий вазнидан ошиб кетиши мумкин экан. 


Вазифасини ўтаб бўлганидан сўнг, табиат ихтиёрига топширилган ҳар бир чиқиндининг ер қаърига сингиб кетиши учун йиллар керак. Уммонга ташланган чиқитларни эса сув чирита олмагани сабаб уларнинг миқдори йил сайин кўпайиб бормоқда. Шундай экан, мазкур хатти-ҳаракатлари билан ўз оёғига болта ураётган, ўзи ва фарзандлари келажагига рахна солаётган инсониятни сергак тортишга, тегишли хулосаларни чиқарган ҳолда зарур чораларни кўришга чақириш керак. Ҳар биримиз атроф-муҳитни асраш, чиқиндиларни таснифлаш, уларни қайта ишлаш, полиэтилен пакет ҳамда бошқа пластик анжомлар ўрнини мато, қоғоз, картон ёхуд тез чирийдиган пластик материаллардан (бундай материаллар хомашёсига табиатда «ҳазм» бўлишни тезлаштирувчи буғдой, маккажўхори ва картошкага ўхшаш ўсимликлардан олинган крахмал қўшилади) тайёрланган буюмлардан фойдаланишга қаратилган чорловларга беэътибор қолмаслигимиз лозим. 


Чиқиндиларни қайта ишлаш ҳақида сўз юритар эканмиз, қуйидаги маълумотлар ҳам ўқувчида қизиқиш уйғотади, деб ўйлаймиз:
– бир тонна қайта ишланган газета қоғози (макулатура) 87 та катта дарахтнинг умрини асраб қолар экан;
– қайта ишланган ҳар бир тонна шиша туфайли қарийб 100 литр нефть тежаб қолинади;
– металл ва пластикни қайта ишлаш орқали ушбу маҳсулотни янгидан ишлаб чиқаришга нисбатан 95 фоиз энергияни тежаб қолиш мумкин.


Халқимизда «касални даволагандан кўра, уни олдини олган афзал», деган нақл бор. Шундай экан, хулоса ўрнида юртдошларимизга чиқиндиларни йўқотиш бугуннинг долзарб муаммосига айланганини яна бир карра эслатиб, улардан тежамкорликка эътибор қаратишларини сўраб қолардик. Табиатсевар ва халқпарвар тадбиркорларларимиз эса чиқиндилар, хусусан, ишлатилган пластик маҳсулотларни қайта ишлашга сармоя киритсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. 

Абдулҳамид Зайриев
«Ҳилол» журналининг 11 (44) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қалб ҳақида савол бўлиб қолган эди, дарҳол жавоб топиш учун маълумотлар излашга тушдик. Биз излаган бир қанча маълумотлар ичида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ давоми...

3046 16:11 / 09.01.2023
Ҳайвонот боғини томоша қилиб юрган меҳмонлардан бири филнинг оёғига боғланган кичкина ипга аҳамият бериб қолди. Шундай катта ҳайвонни кичкина ип тутиб турсая давоми...

2308 14:29 / 12 май
268. 282. Жаририйдан ривоят қилинади.Ким мўминни оч ҳолда учратиб, унга таом бериб тўйдирса ва сув бериб чанқоғини қондирса, албатта жаннат эшикларининг биридан давоми...

5636 11:00 / 03.07.2021
1980 йили Муҳаммад Содиқ Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасида ишлаш учун ариза топшириб, меҳнат фаолиятини шу даргоҳнинг ташқи ишлар бўлимида, таржимон давоми...

2470 15:38 / 02.07.2024
Аудиолар

213584 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132791 14:35 / 11.08.2021