1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Аҳнаф ибн Қайс - «Мен узоқ сафарга тайёргарлик кўряпман»

10:57 / 24.05.2023 2198 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Аҳнаф шарафдан қочар, лекин шараф унинг ортидан қувлар эди».

Холид ибн Сафвон.

Тўлиқ исми ва таваллуди:

Аҳнаф ибн Қайс ибн Муовия ибн Ҳусайн ибн Ҳафс ибн Убода ибн ан-Низол ибн Мурра ибн Убайд ибн ал-Ҳорис ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Зайд Манот ибн Тамим Абу Баҳр ат-Таймий ас-Саъдий. Аҳнаф ибн Қайс ҳижратдан 3 йил аввал Наждда Ямоманинг ғарбида туғилган. У зотга отаси Заҳҳок исмини қўйган. Баъзи манбаларда исмини Сохр деб келтирилади. Лекин оёғида қийшиқлик бўлгани учун одамлар Аҳнаф[1] деб атаганлар ва шу ном билан машҳур бўлган.

Беморлиги:

Аҳнаф ибн Қайснинг икки оёғида эгрилик ва қийшиқлиги бор оқсоқ, кўз қорачиғи бир томонга тортган ва яна бошқа касаллиги ҳам бўлган.

“Сияру аъламин нубало” китобида келтирилишича, Ижлий айтади: “Аҳнаф басралик бўлиб, сиқа, ўз қавмининг саййиди эди. Унинг кўз қораси бир томонга оғган, оёғида эгрилик бор, хунук, бўйи паст, камгина соқолли киши эди. Умар розияллоҳу анҳу уни бир йил синади ва бир куни “Аллоҳга қасамки, бу қавмининг саййиди” деди”.

Абдулмалик ибн Умайр айтади: “Аҳнаф Мусъаб билан бирга Куфага бизни олдимизга келди. Мен унчалик айбланадиган сифатга эга кишини кўрмаганман. У паст бўйли, боши кичик, тишлари устма-уст киришган, ияги эгик, юзи бўртиб турган, кўз қораси оғган, соқоли сийрак, оёқлари эгри эди. Агар сўзласа, ўзидан улуғвор бўлиб кетар эди”.

Муғийра айтади: “Аҳнафнинг бир кўзи кўрмай қолган эди. Бу ҳақида ўзи шундай деди: “Кўзим кўрмай қолганига қирқ йил бўлган. Лекин бирор кишига бу ҳақда шикоят қилмаганман”.

Илм йўли:

Аҳнафнинг отаси Қайс ибн Муовия ўртаҳол киши бўлган. Отаси вафот этгач, Аҳнаф ибн Қайс етимликда ўсди. Унинг ёшлигидаёқ иймон нури қалбига ўрнашиб, Ислом билан шарафланди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан бир неча йил олдин Аҳнаф ибн Қайс яшайдиган қабилага Исломга даъват қилиш учун бир гуруҳ саҳобаларни жўнатганлар. Саҳобалар у ерга етиб бориб, қавмни Исломга даъват қилдилар. Лекин одамлар иккиланиб, бир-бирларига қараб жим ўтиришарди. Шунда ўша ерда катталар орасида ўтирган ёш Аҳнаф ибн Қайс сўз қилиб: “Эй қавм, нима бўлди сизларга, сизларни бир оёқни олдинга кейингисини орқага ташлаётганингизни кўряпман?!

Аллоҳга қасамки, булар сизларга келган элчиларнинг энг яхшиси. Улар сизларни гўзал ахлоққа чақириб, пасткашликдан қайтаряптилар. Аллоҳга қасамки, улардан фақат яхшиликни эшитдик. Ҳидоятга чақираётганларга эргашинг, дунёда ҳам охиратда ҳам ютуққа эришасиз. Қавм унинг сўзини эшитиб, у билан бирга Исломни қабул қилишди.

Орадан бир неча кун ўтиб қавм ичларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига элчиларни юборишди. Аҳнаф ибн Қайс ёш бўлгани учун улар билан боролмади ва саҳобалик мақомини тополмади. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг розиликлари ва дуоларига эришди. Бу ҳақда ўзи шундай дейди:  “Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Байтуллоҳни тавоф қилаётган эдим. Бир таниш киши келиб, қўлимдан ушлади ва: “Сенга бир хушхабар айтайми, деди. Мен: -ҳа, айт, дедим. У: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени сенинг қавмингга Исломга даъват қилишлигим учун жўнатганларини ва қавмингга Исломни таклиф қилганимни эслайсанми? Ўшанда сен айтадиганингни айтгандинг, деди. Мен: -Ҳа шундай, дедим. У: - Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб, сени гапларинг ҳақида сўзлаб берган эдим.  У зот: “Аллоҳим, Аҳнафни мағфират қилгин” деб дуо қилганлар, деди”.

Аҳнаф ибн Қайс ушбу воқеани эслаб: “Қиёмат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга қилган дуоларидан кўра умидлироқ бирор бир амалим йўқ” дер эди.

Аҳнаф ибн Қайс болалигиданоқ катталар мажлисида ўтириб, суҳбатларида қатнашар эди. Исломни қабул қилгач, саҳобаларнинг ҳузурларига шошилди. Хусусан, унинг илм олиши ва ахлоқи шаклланишида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг таъсирлари катта бўлди. У зотнинг мажлисларида ҳозир бўлиб, ваъзларини тинглаб кўп сабоқ олди. Бир куни ундан “шунча ҳикмат ва виқорни қандай ҳосил қилгансиз” деб сўралди. Мен уни Умар ибн Хаттобнинг ушбу сўзларини эшитганман” деди.

- Ким ҳазиллашаверса, ўша нарса билан енгил саналади.

- Ким нимани кўпайтирса, ўша билан танилади.

- Кимни гапи кўп бўлса, тойилиши кўп бўлади.

- Ким кўп тойилса, ҳаёси камаяди.

- Кимни ҳаёси камайса, тақвоси камаяди.

- Кимни тақвоси камайса, қалби ўлади.

Аҳнаф ибн Қайс ҳазрати Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абу Зарр Ғифорий, Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумлар ва саҳобалардан ҳадис ривоят қилган.

Ундан эса, Умар ибн Жаван, Ҳасан Басрий, Урва ибн Зубайр, Толқ ибн Ҳабиб, Абдуллоҳ ибн Умайра, Язид ибн Шиҳҳир, Хулайд Асорий ва бошқалар ҳадис эшитишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рафиқул аълога рихлат қилганларидан сўнг Мусайлама Каззоб одамларга фитна қила бошлади. Ҳатто баъзилар Исломдан қайтиб кетди. Аҳнаф ибн Қайс амакиси Муташаммас билан унинг гапини ўзидан эшитгани, кўришишлик учун боришди. Ўша пайтда Аҳнаф ёш йигит эди. Мусайламани олдидан чиқишганда амакиси ундан: “эй Аҳнаф, анави одам ҳақида нима дейсан?” деб сўради. Аҳнаф: “Уни Аллоҳга ва одамларга ёлғон тўқийдиган ёлғончи деб биламан” деди. Амакиси ҳазиллашиб: “Агар олдига бориб сени ёлғончи деганингни айтсам қўрқмайсанми?” деди. Аҳнаф: “Унда унинг олдида қасам ичамиз, сиз ҳам мен ёлғончи деганимдек, уни ёлғончи эмаслигига қасам ича оласизми?” деди. Шунда иккалалари кулишишди ва иймонларида собит туришди.

Аҳнаф ибн Қайс ўзининг вазминлиги ва ҳалим[2]лиги билан араблар орасида зарбулмасал қилинади. Бир куни Амр ибн Аҳтам бир кишини Аҳнафни ёмон сўзлар билан сўкиб, шаънини булғашга ундайди. У Аҳнафни қаттиқ ҳақорат қилади. Лекин Аҳнаф ибн Қайс сукут қилиб, унга гапирмайди. Сўконғич киши унинг жавоб қайтармай, жим туришини кўриб, бармоғини тишлаб: “Э воҳ, қандай шармандалик, Аллоҳга қасамки, менинг пасткашлигим туфайли у менга жавоб қайтармади” дейди.

Кунларнинг бирида Аҳнаф ибн Қайс Басра яқинида йўлда ёлғиз кетаётган эди. Биров уни қўпол, фаҳш сўзлар билан ҳақоратлаб, камсита бошлади. У йўлда сукут қилиб борди ва сўкувчига яқинлашгач, “Эй бирордаримни ўғли, яна ортиқча гапинг бўлса, ҳозир шу ерда айтиб ол. Агар қавмим бу гапларингни эшитса, сенга қаттиқ азият бериб қўяди” дейди.

Аҳнаф ибн Қайснинг ҳикматли сўзлари:

“Икки марта сийдик йўлидан чиққан кишининг қандай қилиб кибрланишидан ажабланаман”.

“Адабнинг боши - мантиқнинг қуроли”.

“Амалсиз сўзда, сахийлик бўлмаган молда, вафосиз дўстда, тақвосиз фиқҳда, ниятсиз садақада, соғликсиз ва хотиржамликсиз ҳаётда яхшилик йўқ”.

“Бизни мажлисларимизда аёллар ва таомни гапиришдан йироқ бўлинглар. Чунки мен фаржини ва қорнини васф қиладиган кимсани ёмон кўраман”.

Аҳнаф ибн Қайсдан: “Етуклик нима” деб сўралган эди, у: “Ўзинг ёқтирмаган нарсага озгина бўлсада сабр қилишликдир” деб жавоб берди.

Сулаймон Таймий айтади: “Аҳнаф шундай дер эди: “Менда уч хислат. Уни фақат ибрат учун айтаман. Мен султоннинг олдига фақат чақирилсамгина бордим. Икки кишининг орасига ўзлари чорласагина кирдим. Олдимдан биров туриб кетса, унинг фақат яхшилигини эслаб гапирдим”.

Аҳнаф ибн Қайс жисмоний дардларга йўлиққан бўлсада ахлоқи, илми, ихлоси, ибодатгўйлиги ва ақлий салоҳияти туфайли ўз қавмининг саййиди, тадбирли қўмондонга айланди. У Сиффин жангида ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг қўмондонларидан бўлган ва  бошқа юришларда ҳам раҳбар бўлиб бевосита иштирок қилган. Баъзан халифалар сафарга чиқсалар ўз ўрниларига уни ўринбосар қилиб тайинлашар эди. Зиёд ибн Абиҳ айтади: “Аҳнаф ибн Қайс бошқарувга тайинлаш унга манфаат етказмайдиган ва бўшатилиши зарар бермайдиган шараф ва етакчиликка эришган”.

У қавмининг ташвиши, муаммоларини ҳал қилиш билан бир қаторда ибодатга алоҳида шўнғир эди. Одамлар қўлидан беҳожат эди, кундузлари рўзадор юрар, кечаси эса меҳробда қоим бўларди. Аллоҳнинг азобидан қўқиб, касал кишидек безовталаниб, фарзандини йўқотгандек йиғларди.  Агар бирор гуноҳ иш қилиб қўйса, бармоғини шамчироқ оловига яқинлаштириб: “Эй Аҳнаф, ҳис қилиб қўрчи! Фалон куни фалон ишни қилгандинг, сени нима ундади бундай қилишингга? Ҳолингга вой бўлсин эй Аҳнаф, чироқнинг оловига тоқат қилолмайсан, иссиғига сабр қилмайсан. Эртага қандай қилиб жаҳаннам оловига тоқат қиласан, унинг азобига қандай сабр қиласан?!” Эй Аллоҳим, агар мени мағфират қилсанг бунга Сен аҳилсан. Агар мени азобласанг мен шунга аҳилман” дер эди. Аҳнаф ибн Қайс кексалик чоғида ҳам кўп рўза тутарди. Бир куни унга: “Ёшингиз кексайиб қолди. Рўза жисмингизни заифлаштириб қўяди, дейишди. У: “Мен узоқ сафарга тайёргарлик кўряпман” деб ибодатида бардавом бўлди. 

Вафоти:

Тарихчилар Аҳнаф ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотини Мусъаб ибн Зубайр Ироқда амир бўлган пайтида содир бўлганини қайд қилганлар. Бу санани ҳижрий 67-йили, баъзилар ҳижрий 71-йили деган.

Турли дардлар билан имтиҳон қилинган ва унга сабр ила Аллоҳдан ажр умид қилиб, Ислом ривожи, мусулмонлар хизмати йўлига ҳаётини бахшида қилган Аҳнаф ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳни Аллоҳ таоло ҳаётлик чоғида илм ва ҳикмат билан вафот этгач турли кароматлар билан сийлади. У дафн қилинаётганда ажиб ҳодисалар рўй берди. Шулардан бири ҳақида Абдурраҳмон ибн Умора ибн Уқба айтади: “Куфада Аҳнафнинг жанозасида қатнашдим. Унинг қабрига тушганлардан бири эдим. Уни (қабрга қўйиб) текислаётганимда қабрининг кўзим етадиганчалик жойгача кенгайиб кетганини кўрдим. Бу ҳақда шерикларимга айтгандим. Улар мен кўрганимни кўришмаган экан”.

 

 

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади


[1] Аҳнаф – Араб тилида “оёғи қийшиқ” ва “оёғи чиққан” деган маънони билдиради.

[2] Ҳалим – калимаси аслида Аллоҳ таолонинг сифатларидан бўлиб, бандага нисбатан ишлатилганда ўзбек тилида “ғазаби келганда ўзини тутиб тура оладиган” деган маънони билдиради. Бу сўзни “юмшоқ” деб тушуниш ёки таржима қилиш хатодир.

Эслатма: Сиз ҳам «Ислом.уз-1444» танловида қатнашмоқчимисиз? Унда қуйидаги https://islom.uz/maqola/19769 ҳавола орқали мусобақа шартлари билан танишинг ва танловда иштирок этинг!

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 10 майдаги 03-07/3450-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2022 йил 27 август куни фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ асос солган .Islom.uz порталининг йил сарҳисоби, тадбири бўлиб ўтди. Тақдимотга давоми...

1572 12:30 / 29.08.2022
Фиқҳий мазҳабга амал қилиш айниқса бугунги кунда янада аҳамиятли ва зарурдир. Чунки мазҳабга эргашиш мавжуд турли ихтилофлар ва келишмовчиликларнинг олдини давоми...

1185 17:21 / 19.10.2021
Бу дунёнинг ташвишидан ортмай қолсам бир муддат, Сокин бўлиш истарман, руҳимга керак мадад. Бу қалб нечун сиқилар, бошимда нима ўйлар Деб ҳаёлларим сурсам, бир давоми...

2344 17:00 / 25.05.2023
Маълумки, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти ҳамда ҳадиси шарифларнинг мазмунимоҳияти ва таъкидлари турли фан ихтиролари билан то Қиёматга қадар такрортакрор давоми...

1258 15:48 / 03.07.2023