1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Шайх Мутаваллий Азҳарий – «Қорилар тожи»

18:25 / 30.05.2023 1428 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўлиқ исми ва таваллуд санаси

Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Мутаваллий аш-Шофеъий ал-Халватий. У Шайх Мутавваллий номи билан танилган. Уни тажвид аҳкомлари, қироат илмларини пухта эгаллагани ва гўзал овози туфайли «Кичик ибн Жазарий», «Қорилар шайхи» ва «Қорилар тожи» деб аташган.

Шайх Мутаваллий милодий 1832-йили, ҳижрий 1248-йили Миср пойтахти Қоҳира шаҳрининг Дарбул Аҳмар ноҳиясида туғилган.

Беморлиги

Баъзи манбаларда келтирилишича, Шайх Мутаваллий ёшлигида касалликдан сўнг кўзи ожиз бўлиб қолган.

Унинг бўйи пастроқ, кўкраги озроқ олдига чиққан, елкаси бироз бир томонга оғган эди. 

Илм йўли

Шайх Мутаваллий ўз вақтининг Қироат билимдони шайх Аҳмад ад-Дуррий ал-Моликий аш-Шозилийдан қироатнинг мутавотир ва шозз йўналишлари, ровийларни пухта ўрганди.

Сўнгра ал-Азҳарга ўқишга қабул қилиниб, шаръий илмлар ўзлаштириш билан бирга қироатга оид “Туҳфатул атфол”, “Шотибия”, “Жазария” ва бошқа матнларни ёд олди.

Шайх Мутаваллий ал-Азҳарда ўқишни тамомлаб, қироатдан таълим бериш ва китоб ёзиш билан машғул бўлди. Кўп ўтмай унинг қироатда моҳирлиги, чуқур билимга эгалиги чор атрофга овоза бўлди. Унинг олдига Мисрнинг турли муҳофазотларидан, Шом, Ҳижоз, Мавритания каби бошқа диёрлардан ҳам талабалар келиб сабоқ олдилар. Ўзи ҳам бошқа жойларга бориб, қироат уламолари билан мунозараларда қатнашар ва уларда хато фикрлар бўлса, тўғирлаб қўярди.

Шайх Мутаваллий асосан қироат илмига оид назмда ва шеърий вазнда китоблар ёзди ва қироат илмида бир неча китобларни шарҳлади. 

Шайх Абдулфаттоҳ Ҳунайдий “Дарул кутуб” нашриётида Шайх Мутаваллийга қироатларга оид китобларни ўқиб берар, у қўлида тасбеҳ ўгириб тинглаб турар, ўқишни тўхтатганда эшитганини дарров назмга солиб қайтарарди.

Унинг ёзган асарлари борасида тадқиқот ўтказган доктор Иброҳим Саид Досарий айтади: “Шайх Мутаваллийнинг китобларини тўплашлик учун турли томонларга бориб кўп ҳаракат қилдим. Уларнинг кўпи қўлёзма ҳолда бўлиб, чоп этилганлари кам экан. Чоп қилинганларни ҳам аксари йўқ бўлиб кетган экан. Мавжудларини шайхлардан, шахсий ва давлат кутубхоналари, савдогарлардан топдим ва Аллоҳнинг фазли билан кўпини қўлга киритдим”.

Шайх Мутаваллийнинг тафсир ва қироатга оид ёзган китоблари адади аниқ маълум эмас. Уларнинг машҳурлари қуйидагилар:

1.    “Тавзиҳул мақом, фил вақфи аълал ҳамзи ли Ҳамза ва Ҳишам” –назм.

2.    “Ал-Бурҳанул асдақ вас сиротул муҳаққақ фи манъи ғуннати лил азроқ”

3.    “Аш-шиҳабус сақиб лил ғосиқил вақиб”

4.    “Рисалату аҳкамил ҳамзатайни лил қурроис сабъа”

5.    “Манзуматут такбир”

6.    “Муқаддимату риваяти Варш”

7.    “Муқаддимату риваяти Қолун”

8.    Манзуматул Асбаҳония”

Шайх Мутаваллийнинг шогирди шайх Ҳунайдий устозининг заковати, ҳозиржавоблиги ва чуқур илми борасида сўз юритиб, қуйидаги воқеани айтади: «Шайх Мутаваллий бир куни ал-Азҳарда Қуръондан дарс бериб ўтирган эди. Бир уламо келиб, уни ожиз қолдириш мақсадида араб тили ва шаръий илмларга оид бир неча савлолларни берди. Шайх саволларни эшитиб туриб, унинг гапи тугагандан кейин: «Сенга насрий жавоб берайми ёки назмдами?» деб сўради. Шунда сўровчи ранги ўчиб, қотиб қолди”.

Ахлоқи

Шайх Мутаваллий ўта камтар, ўзини ҳифзи сустлик, ожизлик ва хатокорликда айблар эди. Бу ҳолатни китобларининг муқаддима ва хотимасидан ҳам билиш мумкин. У ҳашаматни ёқтирмас, жуда оддий, содда кийинар эди. Бир куни катта маросимга кетаётган пайтда аҳллари унга қимматбаҳо янги кийим кийдиришади. Шунда шайх Мутаваллий аччиқланиб, у кийимни ечиб юборади.

Бир куни бир тиланчи келиб, шайх Мутаваллийдан бирор танга беришини сўрайди. Унинг бу сафарги сўрови бошқаларидан фарқли эди. Яъни, у шайхнинг қўлини ўпишни хоҳлаб, олдига келган, мақсадига эса ўзининг эски одати билан эришмоқчи бўлади. Шайх Мутаваллий тиланчининг мақсадини фаҳмлаб, унга тангани тутқазар экан, ўзи унинг қўлини ўпади.

Шайх Зайёт шайх Ҳунайдий ҳақида шундай дейди: “Шайх Мутаваллийнинг шогирди Ҳунайдий отаси вафот этгани сабаб бир муддат дарсларга кела олмади. Орадан вақт ўтиб у дарсга қайтганда устози ундан нега узоқ муддат дарс қолдирганининг сабабини сўради. Ҳунайдий узр айтиб, Қироат дарслари учун пули йўқлигини айтган эди. Шайх Мутаваллий: “Биз подшоҳлардекмиз, (пул)талаб ҳам қилмаймиз ва қайтармаймиз ҳам” деди.

Шайх Мутаваллий Халватия тариқат йўлини танлаган ва бу ҳақида «ал-Фавзул азим», «ар-Равзул кабир» китобларида ишора қилган.

Вафоти

Шайх Мутаваллий милодий 1895-йил, ҳижрий 1313-йил Робиъул аввал ойида пайшанба куни вафот этган ва Қоҳирадаги Қарофатул Кубро қабристонида дафн этилган.

 

Муҳаммадзариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 10 майдаги 03-07/3450-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифаси Қуръонни етказиш, холос, эмиш. Унинг пайғамбарлик сиймоси, яъни суннатлари, топширадиган вазифа ва давоми...

1676 16:00 / 17.11.2021
Бизни иймон нури билан ризқлантирган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб хамду санолар бўлсин Роббимиздан гўзал хулқ ва одобларни қабул қилган, умматларга давоми...

1710 13:28 / 19.01.2023
Ислом тарихчилари ўзининг замонасидаги Арабистон ярим ороли ва Ислом ўлкаларида модага айланган либосларни биринчи бўлиб кимлар кийганини диққат билан давоми...

1483 15:30 / 27.10.2021
Тарихчилар, уламоларнинг таржимаи ҳолларини, маноқибларини ва дунёда нималарга қизиқишларини ёзиб қолдирганлар. Улар бизга улуғ имомларнинг ва фақиҳларнинг давоми...

1442 16:10 / 24.10.2021