1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Ато ибн Абу Рабоҳ - Ҳарам муфтийси

14:34 / 23.05.2023 1952 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Илмни Аллоҳ азза ва жалланинг юзи учунгина ўрганадиган уч киши

 Ато, Товус ва Мужоҳид кабисини ҳеч кўрмадим»

Салама ибн Куҳайл.

Тўлиқ исми ва таваллуди:

Абу Муҳаммад Ато ибн Абу Рабоҳ ал-Яманий ал-Маккий.

Имом Заҳабийнинг “Тарихул Ислом” китобида Ато ибн Абу Рабоҳ ҳақида қуйидагилар келади: “У зот ҳижрий 27, милодий 648- йили Яманнинг Жанад деган жойида туғилган. Имом Заҳабий “Аъламун нубало” китобида “Шайхул ислом”, “Ҳарам муфтийси” деб атаган.

Таваллуди ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халфалик даврларига тўғри келади. Баъзи манбаларда ҳижрий 25-йили дейилган. Абу Довуд: “Унинг отаси Нубий, сават тўқиш билан шуғулланган” деган.

Исмоил ибн Умайя айтади: “Ато кўп гапиравермас, узоқ сукут сақларди. Лекин гапирадиган бўлса, гўё уни фаришталар айтаётган сўзида қўллаб қувватлаб туришибди, деб ўйлар эдик. У киши қора танли, кўз қораси бир томонга тортган, бурни япалоқ, шол эди ва охири кўзи ҳам кўрмай қолди. У зотнинг жисмида олтита нуқсон бўлишига қарамай, дин, илм ва тақвонинг яққол намунаси, сиқа, фақиҳ  киши эди. У етмиш мартадан зиёд ҳаж қилган”.

Абу Довуд айтади: “Ато кўзи қораси бир томонга оғган, бурни япалоқ, оёғида қийшиқлиги бор, қора танли эди. Қўли ибн Зубайр билан бирга кесилган эди”.

Жарир ибн Ҳозим: “Атонинг қўлини шол ҳолатда кўрганман” деган.

Илм йўли:

Ато ибн Абу Рабоҳ дастлаб қуллиги, камдан-кам кишида учрайдиган шунча дард, касалликлар бўлишига қарамай ихлоси, жидди-жаҳди туфайли Макка аҳлини ўз ортидан эргаштира оладиган даражада илмга эга бўлди. У  болалигида маккалик бир аёлнинг қули бўлган. У зотнинг қадамини Аллоҳ таоло илм йўлига тўғирлаб қўйди. Ато ибн Абу Рабоҳ  қул бўлишига қарамай вақтини учга тақсимлаб, барча ҳақларни адо этарди. Дастлаб, хожасининг хизматини қилар ва уни чиройли тарзда бажариб бўлгач, Роббисинг ибодатини ихлос ила унданда гўзалроқ адо қиларди. Вақтининг учинчи қисмини эса илм талабида бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳузурида ўтказарди. У зот етмиш марта ҳаж қилган ва ҳаётлик чоғида ҳаж амалларини у каби чуқур биладиган киши бўлмаган.

У зот ҳазрати Оиша ва Умму Салама оналаримиз, Усома ибн Зайд ва Абу Саид Худрий, Зайд ибн Арқам, Зайд ибн Холид Жуҳаний, Сафвон ибн Умайя, Абдуллоҳ ибн Амр, Ибн Зубайр, Рофеъ ибн Худайж, Ҳаким ибн Ҳизом, Умму Ҳониъ ва бошқа бир неча саҳоба розияллоҳу анҳумлардан ҳадис эшитган.

Хожаси у кишидаги илмга ташналик, ихлосни кўриб, Аллоҳ йўлида дин хизматида бўлади деган умид билан озод қилиб юборди. Шу кундан бошлаб Ато ибн Абу Рабоҳ Байтулҳарамни ўзига ибодатгоҳ, мадраса, бошпана қилиб, у ердан кетмади. Ато ибн Абу Рабоҳ ўзи бу ҳақида айтади: “Мен уйимда ёстиқни кўрганимдан кўра шайтонни кўрганим яхшироқ. Чунки ёстиқ уйқуга чақиради”. 

У зот илм йўлидаги меҳнат-машаққатлари билан асрдошларидан камчиликкагина насиб қилган мартабага эришди. Унинг илмда ва динда бундай юксак даражага эришишига икки хислати сабаб бўлди.

- Биринчиси: ўз нафсига ҳукмронлик қилиб, унинг ортиқча лаззатларга шўнғишига йўл қўймади.

- Иккинчиси: Вақтининг ҳар онини ғанимат билиб, беҳуда сўз ва ножўя амаллардан йироқ бўлди.

- Ато ибн Абу Рабоҳдан Мужоҳид ибн Жабр, Абу Исҳоқ Сабиъий, Амр ибн Динор, Қатода, Амр ибн Шуайб, Молик ибн Динор, Аъмаш, Айю Сахтиёний ва кўплаб муҳаддислар ҳадис ривоят қилишган.

Куфалик солиҳ, обид уламолардан Муҳаммад ибн Суқо раҳматуллоҳи алайҳ бир куни олдига келган зиёратчиларга: “Мен сизларга бир сўзни эшиттирайинми? Шоядки у менга манфаатли бўлганидек сизларга ҳам манфаат берса!” деди. Улар: “Ҳа эшиттиринг” дейишда. У: “Ато ибн Абу Рабоҳ бир куни менга насиҳат қилди ва эй биродаримнинг ўғли, биздан аввалгилар ортиқча сўзни ёқтиришмас эди” деди. Мен: “уларнинг наздида ортиқча сўз нима эди?” деб сўрадим.

Шунда у зот: “Улар ўқиб тушунадиган Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан, ривоят қилиб, англанадиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳҳи васалламнинг ҳадисларидан, ёки амру-маъруф, наҳий мункардан ёки Аллоҳга яқинлаштирадиган илмдан ёки эҳтиёжинг ва турмуш воситаларингда заруратда гапирадиган гапларингдан бошқа ҳаммаси ортиқча, беҳуда гапдир” деб, менга синчиклаб қараб: “Ҳолбуки, устингиздан кузатиб турувчилар бордир. Муҳтарам котиблардир”. (Инфитор сураси 10,11) оятларини ҳамда: “Икки кутиб турувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олганда... бирор сўз талаффуз қилмас илло ҳузурида ҳозиру нозир борлар” деб (Қоф сураси, 17-18) оятларини қироат қилди ва “Бизлардан биримиз кундузининг аввалида саҳифаси берилганда унда динига ҳам дунёсига ҳам фойда бермайдиган нарсаларни топишидан уялмайдими?” деди.

Ато ибн Абу Рабоҳнинг илмидан уламолар ва талабалар билан бир қаторда деҳқонлар, ҳунармандлар ҳам бирдек манфаат топишган. 

Абу Ҳанифа ўзлари ҳақида гапириб туриб, шундай деган: “Мен Маккада ҳаж амалларини бажариб туриб беш ўринда хато қилган эдим, уни сартарош тўғрилаб қўйди. Эҳромдан чиқиш учун сартарошнинг олдига кириб: -сочимни қанчага олиб қўясан, дедим. У: -Аллоҳ сизни ҳидоятласин! Бунда (Ҳаж амалларида) савдолашилмайди, деди. Мен уялиб, ўтирдим.

Қибладан бошқа томонга қараб ўтирган эдим. У мени қиблага юзланиб ўтиришга ишора қилди. Ҳижолатлигим янада ортди.

Сочимни олиши учун чап томонимни тутгандим. Ўнг томонингизни буринг, деди. Мен унга ҳайрон қолиб, жим ўтирган эдим. У: -Нега жим ўтирибсиз такбир айтинг, деди. Шунда такбир айтдим. У ишини тугатгач ўрнимдан туриб кетаётган эдим. У: -Қаерга кетяпсиз, деди. Мен: -юкларим олдига кетяпман, дедим. Икки ракаат намоз ўқинг кейин хоҳлаган томонингизга бораверасиз, деди. Мен икки ракаат намоз ўқиб бўлгач, ичимда ўзимга бундай ҳолат сартарошда кузатилмайди. Бу илм эгаси бўлиши керак дедим-да ундан: –менга буюрганинг ҳаж амалларини қаердан биласан, деб сўрадим. У: Мен бу амалларни Ато ибн Абу Рабоҳ шундай бажарганини кўрганман. Ундан ўрганиб, бошқаларни шундай йўналтиряпман, деди”.

Ато ибн Абу Рабоҳ дунё матоҳларидан юз ўгириб, зоҳидона ҳаёт кечирар эди. У зот умрининг охиригача беш дирҳамдан ошмайдиган кўйлак кийиб ўтди. Агар халифа у билан кўришишни хоҳлаб, саройга чорласа, дунё билан машғул бўлиб, динидан ғафлатда қолишдан қўрқиб,унинг чақириғига ижобат қилмас эди. Мабодо мусулмонларнинг манфаати учун бўлса, кўришарди.

Усмон ибн Ато Хуросоний айтади: “Мен отам билан халифа Ҳишом ибн Абдулмаликнинг ҳузурига бориш учун Дамашқ яқинидан йўлга чиқдик. Йўлда дағал кўйлак, эски жубба, ёпишиб турадиган бош кийим кийиб, узангиси ёғочли эшакда кетаётган кишига дуч келдик. Мени уни кўриб, кулиб, отамдан “Ким у киши” деб сўрадим. Отам: “Жим бўл, бу Ҳижоз фақиҳларидан, Ато ибн Абу Рабоҳ” деди. Отам унга яқинлашиб, хачирдан тушди. У киши ҳам эшагидан тушгач, қучоқлашиб, ҳол-аҳвол сўрашишди ва уловларига минишди. У ердан бирга жўнаб, халифа қасрининг дарвозасига боришди. Ичкарига кириб бироз вақтдан кейин чиқишди. Мен отамдан: “Ичкарида сизлар билан нималар рўй берди, менга айтиб беринг” деб сўрадим. Отам айтди: “Ҳалифа Ҳишом Ато ибн Абу Рабоҳнинг дарвоза олдида турганини билиб, дарров ичкарига киритишни буюрди. Мен ҳам у сабаб ичкарига киритилдим. Халифа уни кўриб: “Хуш келибсиз, хуш келибсиз! Бу ерга... бу ерга.. деб ўзининг ўрнига ўтқазди ва тиззасини унинг тиззасига текказиб ўтирди. У мажлисда баланд мартабали кишилар ҳам бўлиб, ўзаро гаплашиб туришган эди, дарров жим бўлиб қолишди. Халифа Ҳишом Ато ибн Абу Рабоҳга юзланиб, эй Абу Муҳаммад нима ҳожатингиз бор” деди. Ато ибн Абу Рабоҳ: “Эй мўминлар амири икки ҳарам (Макка ва Мадина) аҳли ... Аллоҳни аҳллари,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшнилари. Уларга озиқ-овқатларини тақсимлаб берасан...” деди. Халифа: “Хўп... эй хизматчи, Макка ва Мадина аҳлига бир йиллик озиқ-овқатларини бериш ҳақида ёзиб қўй”  деб такрор “Эй Абу Муҳаммад, яна нима ҳожатингиз бор” дея сўради. Ато ибн Абу Рабоҳ: “Эй мўминлар амири, Ҳижоз ва Нажд аҳли асл араблар ва Ислом дини етакчиларидир. Уларга ҳам садақаларининг ортиғини қайтариб бер” деди. Халифа: “Хўп... эй хизматчи, Ҳижоз ва Нажд садақаларининг ортиғини қайтариб бериш ҳақида ёзиб қўй” деди. Ато ибн Абу Рабоҳ: “Эй мўминлар амири, чегара қўриқчилари душманларингга қарши турибдилар. Мусулмонларга қарши ҳужум қилганлар билан жанг қиладилар. Уларга таъминотларини жўнатгин. Агар улар ҳалок бўлсалар, чегара ҳам бузилади” деди. Халифа: “Хўп... эй хизматчи, уларга таъминотларини етказиш ҳақида ёзиб қўй” деди. Халифа яна “Эй Абу Муҳаммад, бошқа яна нима ҳожатингиз бор” деб сўради. У: “Эй мўминлар амири, аҳли зиммаларингизга тоқати етмайдиган нарсани юкланмасин. Зеро, улардан йиғадиганингиз душманингизга қарши ўзингизга ёрдам бўлиши керак” деди. Халифа: “Хўп... эй хизматчи, аҳли зиммалардан тоқатлари етмайдиган даражада солиқ йиғилмаслиги ҳақида ёзиб қўй” деди ва яна “эй Абу Муҳаммад, бошқа ҳожатингиз борми?” деб сўради. У: “Ҳа... эй мўминлар амири, нафсинг борасида Аллоҳдан қўрқ. Билгинки, сен ўзинг ёлғиз ҳолда яратилдинг, ёлғиз ҳолда ўласан ва ёлғиз тирилтириласан. Ёлғиз ҳолда сўроқ-савол қилинасан. Аллоҳга қасамки, сен кўриб турганлардан бирортаси сен билан бирга бўлмайди” деган эди. Ҳишом йиғлаб, эгилиб ерни урарди. Ато турган эди мен ҳам турдим ва эшик олдига бордик. Шунда бир киши қўлида халта билан келди. Мен ичида нима борлигини билмадим. У: “Мўминлар амири буни сизга берди” деган эди. Ато ибн Абу Рабоҳ: “Йироқ бўлсин” деб:

وَمَا أَسْأَلُكُمْ عَلَيْهِ مِنْ أَجْرٍ إِنْ أَجْرِيَ إِلَّا عَلَى رَبِّ الْعَالَمِينَ

Мен сизлардан бу (даъватим) учун мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат оламларнинг Парвардигори зиммасидадир. (Шўъро сураси, 109-оят) оятини ўқиди. Аллоҳга қасамки, у халифани олдига қандай кирган бўлса, шундай чиқди”.

Ато ибн Абу Рабоҳ ҳақида уламоларнинг сўзлари:

Холид ибн Навф айтади: “Ато: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки юзта саҳобалари билан кўришганман” деган”.

Ибн Журайж айтади: “Масжид йигирма йил мобайнида Атонинг тўшаги, бўлди”.

Ибн Жарир айтади: “Ато ёши кексайиб, заифлашиб қолганда ҳам намозга туриб, Бақара сурасидан икки юз оят қироат қилар ва қимирламасди”.

Вафоти:

Узоқ умр кўриб дунё матоҳидан жуда ҳам озгина насиба билан кифояланиб, ҳаётини ибодат, илм билан ўтказган Ато ибн Абу Рабоҳ раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 114-йилда юз ёшда вафот этган.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

Эслатма: Сиз ҳам «Ислом.уз-1444» танловида қатнашмоқчимисиз? Унда қуйидаги https://islom.uz/maqola/19769 ҳавола орқали мусобақа шартлари билан танишинг ва танловда иштирок этинг!

Ушбу шеър Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 10 майдаги 03-07/3450-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни Қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради, давоми...

1904 10:32 / 22.01.2021
Фиқҳий мазҳабга амал қилиш айниқса бугунги кунда янада аҳамиятли ва зарурдир. Чунки мазҳабга эргашиш мавжуд турли ихтилофлар ва келишмовчиликларнинг олдини давоми...

1185 17:21 / 19.10.2021
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган.2чорак mdash моликий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

1331 12:42 / 25.01.2022
Инсон танаси бўйлаб қоннинг айланиши, унинг юрак ва ўпка билан алоқаси ҳақида асрлар давомида дунё табиблари юнон олимларининг фикрларига суяниб келишган эди. давоми...

2406 14:35 / 27.01.2023