1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Матонатли саҳобалар

10:30 / 22.01.2023 2165 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадрасалари толиблари бўлмиш саҳобаларнинг ҳаётлари бизга ҳар жабҳада намунадир. Улар Ислом қуёши порлагач, матонат ва фидокорликда умматга ўрнак бўлдилар. Исломнинг илк даврида улар руҳан эзилиш, молларини ёқотиш билан бирга жонларида ҳам машаққатларга дучор бўлганлар. Баъзилари жисмларида имтиҳон қилиниб, туғилганларида ёки кейинчалик кўзлари ожиз бўлиб қолган, айримлари жиҳодда ёки дард туфайли турли аъзоларини йўқотганлар яна баъзилари сурункали касалликка чалиниб, узоқ йил тўшакда ётганлар.  Улардан Абдуллоҳ ибн Умму Мактум кўзлари ожиз ҳолда туғилганлар. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг оталари Абу Қуҳофа, биринчи бўлиб Бақиъ қабристонида дафн қилинган Усмон ибн Мазъун, Баро ибн Озиб, Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий, Каъб ибн Молик Ансорий, Ҳассон ибн Собит, Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Усайд Соидий, Уқайл ибн Абу Толиблар кейинчалик кўз нурларини йўқотганлар. Мужаддаъ Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг бурунлари кесилган. Аслида бу зотларнинг ҳар бирларининг ҳаётлари, дин йўлидаги жасоратлари, унда тортган руҳий ва жисмоний машаққатларини алоҳида китоб қилинса, ҳам баён қилиб тугатиш қийин. Қуйида уларнинг жисмоний дардларга йўлиқиб, чеккан заҳматлари ва унга сабр-матонатларидан баъзи сатрларни келтирилади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо; “Қуръони Карим таржимони ва умматнинг сиёҳи” номини олган бу буюк саҳобанинг кўзлари кейинчалик ожиз бўлиб қолган. Бу ҳақида ўзлари шундай дер эдилар: “Гарчи Аллоҳ икки кўзим нурини олган бўлсада, тилим ва қулоғимнинг нури бор”.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳумо ота-оналари билан Макка мушриклари томонидан қаттиқ азобланганлар. Таналари куйдирилганда унинг асорати умрларининг охиригача сақланиб қолган. Ямома жангида эса қулоқлари кесилиб кетган. У зот ҳақларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Амморга душманчилик қилса, Аллоҳга душманчилик қилибди. Ким Амморни ғазаблантирса, Аллоҳ унга ғазаб қилибди” деганлар. 

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилган, жаннат хушхабари берилган саҳобалардан. Бу зот отлиқ мушриклар билан олишиб, таналарининг йигирма бир жойидан жароҳат олганлар ва болдирлари қаттиқ яраланган ва бир оёқлари оқсоқ бўлиб қолган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абдураҳмон ибн Авфнинг жаннатга эмаклаган ҳолда кириб кетаётганини кўрдим” деганлар.

Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг кўзлари ожиз бўлгани ҳаммага маълум. Кўзи ожизларнинг машаққатларга бардошлари ва жасоратлари ҳақида сўз кетса, дастлаб ушбу зотнинг ҳаётлари ёдга олинади. Зеро, бу зот сабр ва матонатда барчага ўрнак бўлганлар.

Қатода розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Умму Мактум Мадинага халифа қилиб қолдириб кетар эдилар. У зотнинг кўзлари ожиз эди”.

Имом Заҳабийнинг “Сияру аъламин нубало” китобида келтирилади, Ҳаммод ибн Салама Абу Зилолдан ривоят қилади. У зот айтади: “Мен Анаснинг олдида эдим. Анас менга кўзингни нури қачон кетган? дея сўради. Мен: “Ёшлигимда” деб жавоб бердим. У зот: “Жаброил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди. У зотнинг ҳузурларида ибн Умму Мактум ҳам бор эди. унга: “Қачон кўзинг ожиз бўлиб қолган” дедилар. У: “Болалигимдан” деди. Шунда: “Аллоҳ таоло: “Агар бандамнинг кўз нурини олсам унга мукофот қилиб жаннатни бераман” деган” деди.

Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу иймон нури билан насибаланганларидан сўнг бошқа саҳобалар каби Қурайш мушриклари томонидан етган турли машаққатлар ва азиятларга дучор бўлдилар.

У киши кўзлари ожиз бўлишига қарамай доимо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлишга интилар ва у зотнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлар эдилар. Билол ибн Рабоҳ  розияллоҳу анҳу билан бирга навбатлашиб азон айтишар эди. У зот азон айтиш билан бирга бошқа саҳобаларга Қуръондан таълим ҳам берар эдилар. Баро  розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бизнинг олдимизга Мусъаб ибн Умайр билан ибн Умму Мактум биринчилардан бўлиб келишди ва Қуръон ўргата бошладилар”.

Ибн Абу Лайло айтадилар: “Умму Мактум “Я, Робб” деган эди. “Ғойро улуззорори”(ногиронлиги бор кишилар) ояти нозил бўлди.  У шундан кейин ҳам ғазотларга чиқар ва менга байроқни беринглар. Мени кўзим ожиз, қочиб кетолмайман ва мени икки саф орасида тургизиб қўйинглар” дер эди.

Яна Аллоҳ таоло айтади:

Мўминлардан бешикаст бўла туриб, ўтириб оладиганлари билан Аллоҳ йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилувчилари баробар бўлмаслар. Аллоҳнинг моллари ва жонлари ила жиҳод қилувчиларнинг даражасини ўтириб олувчилардан афзал қилди. Аллоҳ ҳаммага яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб олувчилардан улуғ ажр ила афзал қилган... (Нисо сураси, 95-оят).

Ушбу оятда шикаст етганларни яъни сурункали касалликка чалинганлар ва ногирон кишиларни истисно қилинди. Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ “Жомеъ”ларида зикр қиладилар: Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида эдим. У зотни сакина ўраб олди. Менинг соним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига тегди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонлари оғирлигидан кўра оғирроғини ҳис қилмадим. У зотдан ҳолат ариди. У зот: “ёзгин” дедилар. Куракка (ҳайвоннинг кенг суяги) (Мўминлардан бешикаст бўла туриб, ўтириб оладиганлари билан Аллоҳ йўлида...) оятини охиригача ёздим. Бирдан ибн Умму Мактум –кўзи ожиз киши эди - мужоҳидларнинг фазилатларини эшитгач ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ мўминлардан жиҳодга қодир бўлмаганлари (ҳоли) қандай бўлади?” деди. У сўзини тугатгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яна сакина ўради. Менинг соним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига теккан эди яна аввалгиси каби иккинчи бора Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонлари оғирлигини ҳис қилдим. У зотдан ҳолат ариган эди, “ўқи, эй Зайд” дедилар. Мен (Мўминлардан бешикаст бўла туриб, ўтириб оладиганлари)ни ўқидим. “Оятнинг ҳаммаси (шикаст етганларидан бошқалари) ҳақида” дедилар”[1]. “Шикаст етганларидан бошқалари” деб истисно қилиниши ногиронлиги, беъморлиги бор кишилар ҳолларини енгиллатилгани ва улардан машаққатни кўтарилганига далил бўлади. Умму Мактуммнинг Исломда мақомлари барчага маълум. Руасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан кўришганларида “ Хуш келибсан, у туфайли Роббим менга танбеҳ берган зот” деб У афтини буриштирди ва юз ўгирди... ҳузурига кўзи ожиз киши келганга. (Абаса 1, 2.) оятига ишора қилардилар.

Амр ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳу жангларнинг бирида болдирларидан қаттиқ яраланиб, юролмайдиган бўлиб қоладилар. Бошқа сафар яна ғазотга боришни истайдилар. Тўрт нафар ўғиллари у зотни қайтаришига қарамай сўзларида қаттиқ туриб оладилар.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изнлари билан жангга бориб шаҳодат топадилар. У зот ҳақларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен Амрнинг ногиронлиги (бор оёғи) билан жаннатга кираётганини кўрдим” деганлар.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу бемор бўлиб, ўттиз йил тўшакка михланиб қолганлар. У зот ўринларидан туролмас, таомланиш, қазои ҳожат ҳам ётган ўринларида бўларди. Бундан ҳеч қачон нолимас, сабр билан Аллоҳдан ажр-савоб умид қилардилар. Бир куни олдиларига инилари Аъло кириб, ҳолатларини кўриб, йиғлай бошлади. Имрон ибн Ҳусойн: “Нимага йиғлаяпсан?” У: “Мен сизни мана шу оғир ҳолатда кўрганимдан йиғлаяпман” деди. У зот: “Йиғламагин, Аллоҳ менга яхши кўрганини мен ҳам яхши кўраман. Сенга бир нарсани айтаман, шояд сенга ҳам манфаат берса. Буни вафот этгунимча бировлардан яширгин. Фаришталар келиб мени зиёрат қиладилар. Мен у билан хурсанд бўламан. Улар салом берадилар, мен саломларини эшитаман” деди.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Имрон ибн Ҳусойн вафотидан аввал фарзандларининг оналарига “Ким (вафотимдан кейин) менга додлаб йиғласа унга васият йўқ” деган”.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли

 



[1] Имом Қуртубий. Ал-жомеъ ал аҳкам. 7/55,56.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тўлиқ исми ва таваллуди Исо ибн Мино ибн Вардон ибн Исо ибн Абдуссомад ибн Умар ибн Абдуллоҳ азЗарқий. Куняси Абу Мусо. Қолун эса унинг лақабидир. У ансорлардан давоми...

1630 17:50 / 07.12.2022
Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм .hellipЯхшиликларга шошилинг,Моида сураси, 48оятБандаларини Ўзининг розилиги йўлида яхшиликка шошилишга чорлаган Аллоҳ субҳанаҳу ва давоми...

7070 10:00 / 07.03.2017
.Аҳнаф шарафдан қочар, лекин шараф унинг ортидан қувлар эди,. Холид ибн Сафвон. Тўлиқ исми ва таваллуди Аҳнаф ибн Қайс ибн Муовия ибн Ҳусайн ибн Ҳафс ибн Убода ибн давоми...

2199 10:57 / 24.05.2023
Маълумки, islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган эди. Бугундан бошлаб 1чорак mdash ҳанафий мазҳабига оид мавзуда иштирокчиларимиз давоми...

2124 00:00 / 10.03.2021