1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Абу Яқуб Юсуф Саккокий балоғат илми имоми

10:11 / 25.01.2023 1666 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тили илмлари билимдони улуғ аллома Имом Саккокий ҳақида манбаларда кўп маълумотлар берилмаган. Лекин Имом Замахшарий билан балоғат илмида бирга эътироф қилиниши унинг қай даражада юксак мақомга эга эканини ифода этади. 

Тўлиқ исми ва таваллуди

Сирожиддин Абу Яқуб Юсуф ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Али ас-Саккокий ал-Хоразмий ҳижрий 555-йил Жумадул аввал ойининг учинчи кунида Хоразмда таваллуд топган.  “Саккокий” лақабини олиши  темирчилик билан боғлиқ бўлиб, у зотнинг ўзи, баъзи манбаларда бобоси дирҳам зарб қилинадиган “танга” ясаш  билан шуғуллангани учун, мазкур лақабни олган. 

Илми йўли

Муҳаммад Боқир Ховансарийнинг “Зийнатул мажолис” китоби “Ният ва азиматда мустаҳкам туриш” бобида келтирилади. “Саккокий дастлаб темирчи бўлган. Бир куни у кичкинагина сиёҳдон ва унга ғаройиб қулфча ясайди. Сиёҳдон ва қулфининг вазни бир қийротдан ҳам ошмасди. Уни подшоҳга ҳадя қилиш учун олиб боради. Подшоҳ ва сарой аёнлари унинг ноодатий ҳадясини кўришади, лекин ҳунарини писанд қилишмайди ва мақташмайди. У илтифот кутиб тик турарди. Шу пайт бошқа киши кириб келди. Подшоҳ у кишини эҳтиром қилиб, дарров ўрнидан туради ва ўрнига ўтқизади. Саккокий таажжубланиб у киши ҳақида сўрайди. Атрофдагилар “У зот уламолардан” деб жавоб беришади. Саккокий ҳам агар шундай уламолардан бўлганда фазилат, шараф ва қабулга сазовор бўлиши ҳақида ўйлаб қолади. Шу заҳотиёқ саройдан чиқиб илм таҳсил қилиш мақсадида мадрасага боради. Саккокийнинг ёши ўша пайтда ўттиздан ошган эди. Мударрис у зотни қийналаётганини кўриб: “Сен ўқиб манфаат оладиган ёшдан ўтиб бўлгансан. Ўйлашимча, зеҳнинг ҳам таҳсилга ёрдам берадиган ҳолатда эмас. Сени имтиҳон қилиб кўриш керак” дейди. Сўнг имом Шофеъий мазҳабларидаги масалалардан бирини ўргатиб: “Шайх айтди: “Итнинг териси ошлашлик билан пок бўлади” деб қайта-қайта такрорлайди. Эртаси куни мударрис ўргатган масаласини айтишини сўрайди. Саккокий “Ит айтди: “шайхнинг териси ошлашлик билан пок бўлади” дейди. Шунда ўша мажлисдагилар кулиб юборишади. Буни кўрган мударрис бошқа нарсаларни ўргатишни бошлайди. Шу зайлда таҳсил қийинчилик билан ўн йил давом этди. У илм олишда бирор нарсага эришолмагач, умиди сўниб, кўнгли чўкади. Узоқ водийлар, тоғларда яшашга қарор қилиб, мадрасадан чиқади. Бир куни тоғ дарасида юрган эди, тўсатдан кўзи ҳарсанг тошга юқоридан томчилаётган сувга тушди. Сув тепаликдан томчилаб, тошда тешик ҳосил қилган эди. Саккокий ундан таъсирланиб, ўзига ўзи: “Сенинг қалбинг тошдан ҳам қаттиқроқ бўлмаса керак, ақлинг ва хотиранг ҳам тошдек қотиб қолмаган-ку” деди ва қатъий қарор билан мадрасага иккинчи бора қайтди. Мақсадида астойдил, ишонч билан мустаҳкам турган эди. Аллоҳ унга илм-маърифат эшикларини очди. Натижада ҳамсабоқ шериклари, ҳаттоки замонасидаги уламолардан ҳам ўзиб кетди.

Саккокий фиқҳ ва калом  илмида етук олим Садидуддин ибн Муҳаммад ал-Хойётий, “Шайхул ислом” номи билан танилган Маҳмуд ибн Соид ибн Маҳмуд ал-Ҳорисий, Бурҳонал аимма ибн Абдулкарим ал-Туркистонийлар ва бошқа уламолардан дарс олган. 

Саккокийдан Мухтор ибн Маҳмуд аз-Зоҳидий ва бир неча уламолар дарс олишган. Лекин тарожим китобларида уларнинг исмлари қайд қилинмаган.

Саккокий бир неча китоблар ёзган. Ибн Холдун унинг “ат-Тибян” асари борлигини айтган. У зот яна мунозара илмига оид рисола ва Абдулқоҳир Журжонийнинг “ал-Жумал” китобига шарҳ ҳам ёзган. 

Саккокийнинг энг машҳур асари сарф, наҳв ва балоғат каби араб тили илмларига оид “ал-Мифтаҳ” китобидир. Унинг ёзилиши борасида китоб муқаддимасида шундай дейди: “Замонамизнинг фузалолари, фазлда камолотга етган зотлар мендан услуби барча зийрак киши тушуниб, ундан хурсанд бўладиган қисқагина китоб ёзиб беришимни сўраб қаттиқ туриб олдилар. Мен бу гапларни эшитгач,  шундай китобни ёзиб, у пухта ўзлаштирган кишига илмий мақсадларнинг барчасини очиб беришига кафил бўлдим ва китобни “Мифтаҳул улум” - яъни, илмларнинг калити – деб номладим”. 

Хатиб Қазвиний “Мифтаҳул улум”  китоби ҳақида айтади: “Бу ўз бобида битилган энг машҳур китоблардан бўлиб, тартиби гўзал, ёзуви мукаммал бўлганлиги ва ўзида кўп қоидаларни жамлагани учун  жуда фойдалидир”. 
“Мифтаҳул улум” китобига бир неча уламолар шарҳлар ёзишган ва баъзилари қисқартириб, мухтасар қилишган. Хусусан, Саккокийнинг ўзи ҳам ушбу китобни мухтасар қилиб, “Ат-тибён” китобини ёзган.  

Ибн Зорир Марокаший эса “Мифтаҳул улум”ни назм ҳолига келтирган. “Мифтаҳул улум” мухатасарини эса Зайнуддин ал-Ҳалабий 2500 байтли назмга солган. Имом Суютий ҳам назмга солиб, “Уқудул жуман” деб номлаган. Шунингдек, Имом Субкий, Имом Бобартий, Шамсуддин ал-Қувнавий ал-Ҳанафий, аллома Саъдуддин Тафтазоний ва Асомуддин ал-Исфироий каби кўплаб уламолар шарҳлар битишган.

Дарҳақиқат, Имом Саккокий бир оёқлари ногирон ва илм таҳсилини кеч бошлашига қарамай бу йўлда қаттиқ жидду-жаҳд қилди. Улкан меҳнат-машаққатлардан сўнг ўзидан улкан илмий мерос қолдирди. Биргина мисол, “Мифтаҳул улум” китоби замонлар оша ҳозиргача балоғат илмида таянч ҳисобланиб, ҳозиргача унга сон-саноқсиз, шарҳ, назм ва мухтасарлар ёзилган.

Имом Саккокий балоғат илмида имом Замахшарийдек етук бўлгани каби дард чекишда ҳам тақдири ўхшаш бўлган.

Балоғат илми уламолари бир иборани кўп такрорлайдилар .

لوْ لا الأعرجان لذهبت بلاغة القرآن

Маъноси, “Агар икки оқсоқ бўлмаганда Қуръоннинг балоғати кетиб қоларди”. Яъни, бандалар Қуръоннинг балоғатини англай олмасдилар. Ушбу ибора орқали уламолар Имом Замахшарий ва Саккокий раҳматуллоҳи алайҳларнинг балоғат илмидаги юксак мақомларини эътироф этадилар. Яна бундан Имом Саккокийни оёғи оқсоқ бўлгани тушунилади.

Вафоти

Сирожиддин Абу Яқуб Юсуф ибн Абу Бакр Саккокий Хоразмий ҳижрий 555-йили Ражаб ойи бошларида вафот этганлар ва Хоразмда дафн қилинганлар.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти ҳамда ҳадиси шарифларнинг мазмунимоҳияти ва таъкидлари турли фан ихтиролари билан то Қиёматга қадар такрортакрор давоми...

1258 15:48 / 03.07.2023
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган.2чорак mdash моликий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

1329 12:42 / 25.01.2022
Маълумки, islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган эди. Бугундан бошлаб 1чорак mdash ҳанафий мазҳабига оид мавзуда иштирокчиларимиз давоми...

2124 00:00 / 10.03.2021
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган.3чорак mdash шофеъий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

2068 09:30 / 18.03.2022