1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Исломда имконияти чекланган кишиларга эътибор

15:33 / 17.01.2023 2069 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадимда соғлигида камчилиги бор, эҳтиёжманд кишилар жамиятга юк сифатида қаралган. Хусусан, Европа давлатларида уларга ақли заифларга муомала қилгандек, муомала  қилишар ва шайтонларга хос сифатлар билан лаънатлашар эди. Афлотун уларни ўзининг “Фазилатли шаҳри”дан чиқартириб юборган эди. Қадимги европаликлар бунданда жирканчли муносабатда бўлиб, уларни қатл қилишар ёки то ўлгунларича саҳрода қолдиришарди. Қадимий Ғарб цивилизация маркази Спарта, Афина ва Римда шундай йўл тутилган, ҳатто қонунларида қайдланган эди. Самовий динлар илоҳий ваҳий нурлари билан уларга эътибор қаратди. Лекин, афсуски, ҳозирда ҳам айрим жамиятларда ногиронлиги бор кишиларга паст назар билан қараш ҳатто турли аппаратлар орқали она қорнидаги чақалоқнинг аъзоларини ўрганиб, агар жисмида нуқсони бўлса, шаклланиб улгурган ҳомилани олдириб ташлашга ҳам уринадилар. Бу очиқчасига инсонга хос бўлмаган ваҳшийликдир.

Бу каби иллатларни бартараф қилиш ва инсонни ҳар қандай ҳолатда ҳам қадрлашда Ислом барча тузум ва таълимотларга намуна бўла олади. Самовий динлар уларга бошпана, озиқ-овқат ва кийим-кечак билан ёрдам қўлини чўзишга ундаган бўлса, Ислом динида жисмонан заиф, кўмакка муҳтож кишиларга шу даражада эътибор кўрсатилдики, тарихлар оша улар ҳатто илм ва ҳидоятда йўлбошчи,  етуклик, истеъдод намояндаларига айландилар. 

 Зеро, Ислом шариатида жисмонан имконияти чекланган кишиларга юксак эътибор қаратилиб, уларга енгиллик қилиш, машаққатларини кетказиш билан хосланди. Ҳамда ғамхўрликка муҳтож кишиларни доимо ҳурмат қилиш, уларга ёрдам кўрсатиб буюрилди. Қуръони Каримда бир неча ўринларда уларга мушкулларини енгиллатиш, қулайлик яратиш ҳақидаги оятлар нозил бўлган. Оятларнинг амалиёти ўлароқ улар билан ўзаро муомалада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал намуна бўлдилар.

Аллоҳ таоло айтади:

لَّیۡسَ عَلَى ٱلضُّعَفَاۤءِ وَلَا عَلَى ٱلۡمَرۡضَىٰ وَلَا عَلَى ٱلَّذِینَ لَا یَجِدُونَ مَا یُنفِقُونَ حَرَجٌ إِذَا نَصَحُوا۟ لِلَّهِ وَرَسُولِهِۦۚ مَا عَلَى ٱلۡمُحۡسِنِینَ مِن سَبِیلࣲۚ وَٱللَّهُ غَفُور رَّحِیم


Заифҳолларга, беморларга ва сарф харажат қиладиган нарса топа олмаётганларга, агар Аллоҳга ва Расулига ихлосли бўлсалар, насиҳат қилсалар, гуноҳ йўқ. Яхшилик қилувчиларни айблашга йўл йўқ. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
(Тавба, 91).

Яъни, агар заифҳоллар ва беморлар соғлом биродарлари билан биргаликда жанг қилолмасалар ҳеч қандай машаққат йўқдир.

Аллоҳ таоло айтади:

Кўзи ожизга танглик йўқ. Чўлоққа ҳам танглик йўқ. Беморга ҳам танглик йўқ. (Нур, 61)

Яъни, яқин қариндошлар уйларида еб-ичиш масаласида танглик, ноқулайлик йўқ.

Фатҳ сурасида ҳатто Аллоҳ йўлидаги жиҳодга бора олмаслик ҳақидаги оят мазмунида ҳам улардан танглик кўтарилгани ҳақида хабар қилинади.

Аллоҳ таоло айтади;

Кўзи ожизга танглик йўқ, чўлоққа ҳам танглик йўқ. Хастага ҳам танглик йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилса, уни остиларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритар. Ким юз ўгирса, аламли азоб билан азоблар. (Фатҳ, 17)

Ҳадиси шарифларда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ўринларда эҳтиёжманд кишиларга ёрдамлашиш, беморларни зиёрат қилишга тарғиб қилганлар. Қуйидаги ҳадисда айтадилар.


قال رسولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم مَن عادَ مريضاً لَمْ يَزَلْ في خُرْفَةِ الجنَّةِ، قيلَ: يا رسولَ اللهِ وما خُرْفَةُ الجنةِ؟ قالَ: جَنَاهَا  رواه مسلم.


Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида бўлур”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг Расули, жаннатнинг хурфаси недир?” дейилган эди. У зот: “Боғидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Киши бемор биродарини зиёрат қилиб, уни кўнглини кўтариши, жаннат боғида сайр этгани кабидир.


عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ
: مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُسْلِمٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا, نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ, يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَمَنْ سَتَرَ عَلَى مُسْلِمٍ, سَتَرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ. رواه أبُو دَاوُد


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир мусулмоннинг дунёдаги ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ ундан қиёмат кунида ғамлардан бир ғам-ташвишни кетказади. Кимки, қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва оғиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг дунё ва охиратда айбини беркитади. Модомики, банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ ушбу банданинг ёрдамида бўлади”.  (Абу Довуд ривояти)          

Мазкур ҳадис шарҳида Ибн Дақиқул Ийд раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бу буюк ҳадис ўзида турли илмлар, қоидалар ва одобларни жамлаган. Унда имкони борича илми, моли, ёрдами, фойдали ишораси, насиҳати ёки бошқа жиҳатлар билан мўминларнинг эҳтиёжларини қондирувчи кишига башорат ва билдиришлар бор”.

Ҳадисдан кўриниб турибдики, ҳар бир яхши амалнинг мукофоти ўз жинсидан бўлади. Ким қандай хайрли амал қилса, Аллоҳ таоло дунёю-охиратда унинг мисли билан мукофотлайди.

Жисмида беморлиги бор кишилар ичида энг кўп ёрдамга муҳтожроқ киши кўзи ожизлардир. Муҳаддис уламолар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қанчалик эътибор қилганликларини кўрсатиб, китобларида қуйидаги ҳадисларни келтирганлар.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ قَادَ أَعْمَى أَرْبَعِينَ خُطْوَةً وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ» اخرجه بهذا اللفظ أبو يعلى الموصلى في مسنده


         
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳ ва саллам айтадилар: “Ким бир кўзи ожизни қирқ қадам етакласа, унга жаннат вожиб бўлади” дедилар.

Абу Яъло Мусилий ушбу лафз билан Муснадида келтирган

Яна бир ҳадисда шундай келтирилади:    


عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ قَادَ أَعْمَى أَرْبَعِينَ ذِرَاعًا كَانَ لَهُ كَعِتْقِ رَقَبَةٍ»

رواه الطبراني


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким кўзи ожиз кишини қирқ зироъ етакласа, унга бир қулни озод қилгандек ажр бўлади”. Имом Тобароний ривояти.

Яна бир ривоятда эса шундай марҳамат қилинади:       


عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ قَادَ أَعْمَى حَتَّى يُبْلِغَهُ مَأْمَنَهُ غَفَرَ اللهُ تَعَالَى لَهُ أَرْبَعِينَ كَبِيرَةً، وَأَرْبَعَ كَبَائِرَ تُوجِبُ النَّارَ»

رواه الطبراني


Ибн Аббос розияллоҳу анҳумондан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким кўзи ожиз кишини хавфсиз жойига етказиб қўйса, Аллоҳ уни қирқта гуноҳини ва жаҳаннамни вожиб қилувчи тўртта гуноҳи кабирасини мағфират қиради”.

Имом Тобароний ривояти.

Бу ҳадислардан кўзи ожиз кишига ёрдамлашиш ва уни етаклаб манзилига олиб бориб қўйиш нечоғлик улкан ажрга сабаб бўлиши очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифни дастур билган салафи солиҳлар ногиронлиги бор кишиларга алоҳида ғамхўрлик қилиб, ўзларидан кейингиларга муносиб намуна кўрсатганлар. Масалан: Умар ибн Абдулазиз мусулмонлар диёрида қийин аҳволдаги кишилар ададини ҳисоблаб чиқишга буюриб, ҳар бир ногиронлиги бор кишиларга парваришловчи ва табибларни бириктирганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ғамхўрликка муҳтож кишилар учун байтулмолдан нафақа ва масъул тайинлашни жорий қилиш лозимлигини таъкидлаганлар. Ҳижрий 88-йилда Халифа Валид ибн Абдулмалик мохов касалига чалинганлар учун биринчи касалхонани қурдирган ва ҳар бир ногирон бемор учун махсус хизматчи, кўзи ожизларга етакловчи тайинлаган. Валид Исҳоқ ибн Қобиса Хузоъийни Дамашқдаги сурункали касалликлар девонига бош қилиб таъйинлаётганда: “Албатта, сурункали касалликка чалинган кишини соғлом аҳлига қолдиришим яхшироқ” деган ва уларни аҳли билан бирга бемалол даволаниши учун шароит ҳозирлаб берган. У ерда касалларга моддий нафақалар тайинланиб, доим ҳолидан хабар олиб турилган.

Умавийлар ақли заиф, руҳий касаллар учун махсус шифохона қурдирганлар. Халифа Маъмун Боғдод ва катта шаҳарларда кўзи ожизлар ва қийналган аёллар учун бошпана, Султон Қоловун ногиронлиги бор кишиларни парваришлаш учун касалхона барпо қилган.

Кўплаб мусулмон уламолар ногиронлиги бор, эҳтиёжманд кишилар ҳақида китоблар ёзишган. Масалан: Абубакр Розий[1] эшитиш қобилиятини йўқотганлар даражалари ҳақида китоб ёзган. Ибн Сино қулоқ оғирлашиши сабабларини шарҳлаган. Доктор Аҳмад Шарбосий[2] кўзи ожизлар ҳақида “Фи аъламил макфуфин” номли китоб ёзган.

Доимий дардга чалинган кишиларга эътибор қаратишни Азҳари шариф мисолида кўрадиган бўлсак, Исломнинг беморларга қай даражада ғамхўрлигини билиш осон бўлади. Зеро бу қадимий таълим ўчоғи бу шарафли ишни ўзига мерос қилиб олган. Ал-азҳар беморларга хусусан, кўзи ожиз талабаларга юксак эътибор кўрсатиш, парвариш ва ғамхўрлик қилишда дунёдаги барча институт ва университетлардан ажралиб туради. Уларни ўз бағрига олиб, ҳар ойда моддий ёрдам кўрсатиб, таълим даргоҳида яшашларини тўла таъминлайди. Улар таълим дастурларида кўришни талаб этадиган математика, кимё фанлари ва табиатдаги амалий тажрибалардан ташқари бошқа фанларда кўрувчилар билан баробардирлар. Дарслари якунига етгач, кўрувчилар каби масъуллар томонидан махсус ҳужжатлар топширилади ва келажакдаги ишлари кафолатланади. Улар дарс бериш, имомлик, хутба, ваъз-насиҳат қилиш каби давлат илмий ишлари билан машғул бўладилар. Улардан кўплари ал-Азҳарни битириб маданият, таълим ва тарбия ривожига улкан ҳисса қўшганлар. Ал-Азҳарда шайх Бурҳониддин Қувайсний каби уламоларнинг кўплари илм майдонида шуҳрат қозонганлар. Шайх Қувайсний 1250-ҳижрий йилда ал-Азҳарда Ислом шайхи мақомига  эришди. Ўтган асрда эса шайх Ҳусайн Марсофий, шайх Али Солиҳий, шайх Муҳаммад Мозий Раховий, шайх Иброҳим Ҳадидий, шайх Юсуф Дижвий, шайх Солим Булоқий ва илмий, адабий тадқиқотларда таҳсинга сазовор из қолдирган буюк араб шоири шайх Аҳмад Заййин каби олимлар етишиб чиқди.

Миср Араб Республикасида расмий қарор билан ҳижрий 1363, милодий 1945-йили Араб тили факултети қошида Қироатлар маъҳади барпо этилди. У ерда Қуръон тажвиди, қироатлари, мусҳаф хати ва тафсир илмидан сабоқ берилади. Таълим икки босқичда олиб борилиб, биринчи босқичдан муваффаққиятли ўтганларга Қироатлар бўйича олий диплом, иккинчи босқичда эса Қироатлар бўйича мутахассислик дипломи берилади. Мазкур маъҳад очилганидан бошлаб мунтазам фаолият юритмоқда. 1949-йили  187 та соғлом, 25 та кўзи ожиз талабани қабул қилди. Ал-азҳарнинг барча маъҳадларида 1947-1948 йиллари кўзи ожиз талабалари сони 571 нафарга етган эди. Уларни ўнта (Қоҳира, Танто, Искандария, Зақозиқ, Шабинул Кум, Асютдаги Фуад 1, Қино, Димёт, Суҳайждаги Амир Соид ва Дасуқ) маъҳадга тарқатилди. Ал-азҳар университетларида эса кўзи ожиз талабалар сони 154 тага етгач, уларни учта: Усулиддин, Араб тили ва Шариат илмлари факультетларига тақсимланди.

Хорижий манбаларда эътироф этилишича, Ал-азҳар кўзи ожизларга таълим берган ва уларга ғамхўрлик қилган илк ўқув даргоҳи ҳисобланади. Илмий тадқиқотларга кўра, аббосийлар даврида кўзи ожизларга кенг имконият яратилган. Милодий 972-йилидаёқ Ал-азҳар университети олий даражадаги таълим учун кўзи ожизларга ўз эшикларини очган.

Азҳари шарифнинг бунёд этилганидан бери кўзи ожизларни кўрувчи тенгқурлари билан бирдек таълим олишга қабул қилиниши турли замонлар оша Ислом оламининг барча ҳудудларига ижобий таъсир қилди. Саудия Арабистони мамлакати унга эргашган ҳолда кўзи ожизлариниг барча каби араб тили, шариат илмларини ўзлаштиришларига шароит ҳозирлади. Сўнг у ерда кўзи ожизлар учун махсус ўқув билим юртлари ташкил этилиб, “Нур маъҳадлари” деб номланди. Мамлакатда 1960-йили биринчи Нур маъҳади фаолиятини бошлаб, кетма-кет бошқа шаҳарларда ҳам очилди. Ҳозирда Саудия Арабистонининг Макка, Риёз, Қатарнинг Доҳа, Ироқнинг Бағдод, Суданнинг Хартум ва бошқа давлатларнинг бир неча шаҳаларида “Нур Маъҳад”лари фаолият юритади.  

Фан ва технологиянинг жадал ривожланишига мос тарзда 2015-йили Азҳари шариф университети Усулид дин факультетида “Мисрул Хойр” муассасаси билан биргаликда “Кўриш қобилияти маркази” ташкил этилди. Бу марказда ўн иккита компьютер жиҳозлари “Сохирул арабий” ширкатининг кўзи ожизлар ва заиф кўрувчилар учун мўлжалланган “Низому ибсор” дастури асосида ишлаб турибди. У арабча, инглизча матнларни нутқ қилиш ва ўқув ускунаси ҳаракатига таянди, бу эса кўриш қобилиятини йўқотганларга бировнинг ёрдамисиз китоблар, манбалар ва электрон ҳужжатларни ўқишда ёрдам беради. Шунингдек, арабча, инглизча матнларни ёзиш, ёдлаш ва Брайл услубида чоп этишда жуда кўп кўмаклашади. Яна кўриш қобилиятини йўқотганларга интернет тармоқларидан фойдаланиш, араб ва инглиз манбаларини ўқишда муаммоларни бартараф қилади. Уларга электрон хатларни ёзиш, жўнатиш, қабул қилиш орқали ташқи олам билам билан боғланишларини осонлаштиради. Мазкур тизим бошланғичларга клавиатураларни ишлатишни ўргатадиган таълим низомини ўз ичига олади ва босиқичма-босқич мукаммал тарзда ишлатишлари учун имкон яратади. Бу тизим экрандаги араб ва инглиз тилидаги барча компьютер дастурларини тўла ишлатишлари учун сифатли тарзда инсон овозига ўзгартириб беради. Бу каби тадбирларнинг натижаси ўлароқ Миср диёридан ҳар йили юзлаб ногиронлиги бор кишилар Қуръони Каримни тўла ёд олиб, бошқа илмларни ҳам пухта ўзлаштирадилар.

Булар барчаси Ислом оламида жисмида ногиронлиги бор кишиларга кўмаклашишнинг биргина кўринишидир. Юқоридагилардан динимизда беморларга алоҳида юксак эътибор қаратилгани ва уларга ғамхўрлик қилишга буюрилиши маълум бўлади. Демак, кимнинг уйида ёки атрофида шундай  беморлар бўлса, уларнинг хизматини қилиб, дуосини олиш ва ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш лозим. Зеро, бундай гўзал амал жамиятдаги барчани бир-бир билан боғлашга, ўзаро меҳр-муҳаббатни уйғотишга ва улкан ажр савобларни ҳосил қилишга сабаб бўлади.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли.

 



[1] Абубакр Муҳаммад ибн Закариё Розий Рай шаҳрида мил. 864, ҳиж. 250 йилда туғилган. Тиб илмига оид 113 та китоб, 68 та рисола ёзган. Рай ва Бағдодда шифохоналар қурилишида бош бўлган. Мил. 923, ҳиж. 311 йили  вафот этган.

[2] Аҳмад Шарбосий ҳиж. 1336-йил 12 сафар, мил 1918-йил 17 ноябрда Мисрдаги Бажаллот шаҳарчасида туғилган. Диқҳилия муҳофазасидаги университет араб тили факультетини битирган. Зақозиқ, Суҳаж, Қоҳира шаҳарларида бир неча илм даргоҳларида ишлаган ҳамда ал-Азҳар университетидаги фатво ҳайъати ва бўлимларида фаолият юритган. Диний, тарихий, адабий, ижтимоий мавзуларда ўттизга яқин китоб ёзган. Ҳиж. 1400-йил 4-шаввол, мил. 1980-йил 14-августда вафот этган.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2022 йил 27 август куни фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ асос солган .Islom.uz порталининг йил сарҳисоби, тадбири бўлиб ўтди. Тақдимотга давоми...

1572 12:30 / 29.08.2022
.Тиловат аҳкомларини истасак Хусарий, овоз оҳанглари ҳаловатини истасак Абдулбосит Абдуссамад, хушуъни хоҳласак Миншавий, ёқимлилик билан бирга узун нафасдаги давоми...

2101 17:33 / 20.02.2023
Маъруф Кархийни қабрини олдида ҳам доим дуо мустажоб бўлган. Шунинг учун .Қобру Маъруф тиряқун мужарроқ, дейишган. Тирёқ деб заҳарни ёки мастликни кесадиган давоми...

2244 14:56 / 07.07.2023
Азизлар .Islom.uz1444, танлови АзизларУстозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг .Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо давоми...

1998 00:00 / 07.11.2022