1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Қалбларни нурлантирган воқеа (Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу) (биринчи мақола)

11:00 / 24.05.2021 3432 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ансорийларнинг улуғларидан, Ясрибда катта эътибор ва обрў топган кишилардан эди. У Ақаба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан аҳдлашиб, Исломга кирди. Фахри коинотнинг Бадр ва Табукдан бошқа юришларида қатнашди. Маълум сабабларга кўра, Табук юришига боролмай қолган Каъб ибн Молик, Мурора ибн Рабийъ ва Ҳилол ибн Умайялар ҳақида Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 118-оятини нозил қилган. Каъб ибн Молик Пайғамбаримиздан ўнлаб ҳадис ривоят қилган. Маккада вафот этган. 

Ҳазрати Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ансорлардан эди. Иккинчи Ақаба байъатида қатнашган, Бадрдан ташқари барча ғазотларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёнма-ён жанг қилган қаҳрамон саҳоба эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан биродар тутинтирган эдилар. Каъб розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида мислсиз қаҳрамонлик кўрсатган, ўн бир жойидан яраланганди.

Уҳуд куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом яраландилар, муборак юзларига жароҳат етди, пастки жағларидаги бир тишлари синди, бошлари ёрилди. Мушриклар у кишини тошбўрон қилишди. Мусулмонлар саросимага тушиб турган шундай нозик пайтда кимдир: «Муҳаммад қатл этилди!» деб қичқирди. Бу катта ва қаттиқ зарба бўлиб, мусулмонларнинг қолган куч-қувватларига ҳам путур етказди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар томонга кела бошладилар. Дубулға кийган Пайғамбарни биринчи бўлиб Каъб ибн Молик таниб қолди ва баланд овозда: «Эй мусулмонлар, суюнчилик! Расулуллоҳ тириклар!!!» дея қичқирди. Расулуллоҳ алайҳиссалом унга «жим» деб ишора қилдилар. Мусулмонлар у зот атрофларида тўпланишди. Кейин биргалашиб, душманга қарши бориш учун тоққа кўтарилишди.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши масжидда Ибн Абу Ҳадраддан қарзини беришни талаб қилди. Шунда икковларининг овозлари кўтарилди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйлари ичида туриб уларнинг овозини эшитдилар. Кейин ҳужралари пардасини очиб: «Эй Каъб», деб чақирдилар. «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули», деди у. «Қарздан бунчасини кеч» деб, унинг ярмига ишора қилдилар. «Шундай қилганим бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Кейин Ибн Абу Ҳадрадга: «Тур, қарзни адо эт», дедилар» (Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривояти).

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу Ислом шоирларидан эди. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурайшни ҳажв қилинглар. Бу улар устидан камон ўқи ёғдиргандан кўра шиддатлироқдир», дедилар ва Ибн Равоҳага одам юбориб: «Уларни ҳажв қил», дедилар. У ҳажв қилиб, уддалай олмади. Сўнгра у зот Каъб ибн Моликка, кейин Ҳассон ибн Собитга одам юбордилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Аммо ҳазрати Каъбнинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган, уни қаттиқ қайғуга солган бир воқеа содир бўлганки, бу тарих китобларига ҳам муҳрланган. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу бир сабаб билан Пайғамбар алайҳиссалом бошчиликларидаги Табук ғазотига бормай қолиб кетган эди. Каъб ибн Молик Табук ғазотига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга нега бормай қолганларини қуйидагича изоҳлаб берганди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатнашган юришларнинг Табукдан бошқа ҳаммасида қатнашганман. Лекин Бадрга ҳам бора олмаган эдим. Бироқ унга бормай қолганлардан бирон киши айбдор қилинмади. Чунки бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда мусулмонлар Қурайш карвонини тўсиш ниятида чиқишган эди. Аллоҳ таоло улар билан душманни ваъда қилинмаган ҳолда тўқнаштириб қўйди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ақаба кечасида бирга бўлдим. Шу куни Исломга қатъий аҳд-паймон қилдик. Аслида Бадр воқеаси кишилар орасида машҳур бўлса ҳам, мен Табук воқеасини ундан кам деб билмайман. Табукка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бормай қолганимнинг боиси бу вақтда ниҳоятда бақувват ва бадавлат эдим. Аллоҳга қасам, ўшангача бир туям иккита бўлмаган эди, Табук юриши пайтида иккита туям бор эди...»

Каъб ибн Молик айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукдан қайтганлари хабари келганида мени ғам босди. Шунда баҳоналар излай бошладим. «Эртага нима деб у зотнинг ғазабларидан қутулиб қолсам бўлади?» деб ўзимча ўйлар эдим. Ақлли кишилардан ёрдам сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келганлари маълум бўлганида мени ёмон хаёллар тарк этди. Билдимки, бу зотдан асло қутула олмас эканман. Охири рост гапиришга аҳд қилдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрта тонгда шаҳарга етиб келдилар. Сафардан қайтсалар, аввал масжидга кириб икки ракат намоз ўқир, сўнгра кишилар билан учрашишни одат қилган эдилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Кейин жойларига келиб ўтирганларида Табукка бормай қолганлар у зотга узр айтиб, қасам ича бошлашди. Улар саксон кишидан ортиқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг узрларини қабул қилдилар ва истиғфор айтдилар. Уларнинг ички ҳолатларини Аллоҳга ҳавола қилдилар. Мен ҳам у зот ҳузурларига келиб салом бердим. У зот менга сал ғазабнок ҳолатда табассум қилдилар. Сўнгра: «Кел», дедилар. Мен юриб келиб, олдиларига ўтирдим. У зот менга: «Нима сабабдан биз билан бормай қолдинг ёки боришга улов сотиб ололмадингми?» деганларида, мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, сиздан бошқа бирор кишининг ҳузурида эканимда унинг ғазабидан узр билан қутулиб кетар эдим. Чунки мен жуда сўзамол одамман. Аллоҳга қасам, агар бугун сизга ёлғон гапирсам, мендан рози бўлишингизни ҳам биламан. Бироқ тез фурсатда Аллоҳ ғазабига учрашдан қўрқаман. Агар сизга ростини айтсам, ўзим сизни ғазаблантириб қўяман. Аллоҳдан яхши оқибат умидидаман. Аллоҳга қасам, менда узр йўқ. Сиз билан бирга бормай қолган пайтимда ҳар галгидан қувватли ва бадавлат эдим», дедим. Расулуллоҳ: «Бу киши ҳақиқатда рост гапирди. Тур, то Аллоҳнинг ҳукми келгунча кут», дедилар. Бани Салама қабиласидан бўлганлар орқамдан эргашиб: «Аллоҳга қасам, биз бундан олдин гуноҳ қилганингни билмаймиз. Сен сафарга бормаган бошқалар каби узр-баҳона айтмадинг. Расулуллоҳнинг истиғфорлари гуноҳингга кифоя қилади», дейишди.

(Давоми бор)

Муниба Аҳмад қизи

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Букайр ибн Абдуллоҳ Озарбайжонга юрди. У Райнинг фотиҳи Нуъайм ибн Муқарринга мактуб ёзиб, Саммак ибн Харша ила мадад беришни сўради. Букайр ибн Абдуллоҳ Гур давоми...

1492 13:19 / 11 май
Ибн Саъд Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у эса ўз отасидан ривоят қиладилар .Умар розияллоҳу анҳуга Ямандан кийимлар келди. Умар розияллоҳу анҳу уларни давоми...

2422 12:15 / 26 май
Ўша пайтда шарқий жабҳада ҳам ўзгаришлар юз берди. Басра амири Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу вафот этди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ўринларига давоми...

1563 11:01 / 20.07.2024
Ибн Саъд Атодан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу омилларига ҳаж мавсумида унинг ҳузурига келишларини амр қилар эди. Улар жамланганда .Эй одамлар давоми...

1166 12:34 / 27.10.2024
Аудиолар

210897 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130160 14:35 / 11.08.2021