1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Шарқий жабҳадаги ўзгаришлар

11:01 / 20 июль 979 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўша пайтда шарқий жабҳада ҳам ўзгаришлар юз берди. Басра амири Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу вафот этди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ўринларига аввал Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳуни қўйдилар. Сўнгра у кишини Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу билан алмаштирдилар.


Ўша вақтда Форснинг подшоҳи Яздажир ўз одамларини мулкни қайта тиклашга даъват қилар эди. Улар Аҳвозга мактуб йўллаб, уларни ҳам мусулмонларга қарши чиқишга ундай бошладилар.


Бу хабар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга етганда у киши ҳам Басранинг амирига, ҳам Куфанинг амирига ўша томонга катта лашкар юборишга буйруқ бердилар. Улар бориб, Ромҳурмузни фатҳ қилдилар. Ҳурмузон Тистрга қочиб кетди. Басра аскари Аҳвозга етганида бу хабарни эшитиб, йўлни Тистр томон бурди. Ҳаммалари Тистр атрофида учрашиб, уни қамал қилишни бошладилар.


Қамал кучайганда шаҳар аҳолисидан бир киши омонлик сўраб чиқди ва йўл кўрсатиб боришни ваъда қилди. У билан бирга бир қанча фотиҳлар кетдилар. Мусулмонлар уларнинг такбир айтишларини кутиб турдилар. Ниҳоят ичкаридан эшиклар очилиб, такбир айтилди. Ҳамма шаҳарни фатҳ қилишга ошиқди. Бу фатҳ давомида Баро ибн Молик ва бошқа баъзи саҳобийлар шаҳид бўлдилар. Ҳурмузон шаҳар қалъасига беркиниб олиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳукмларига рози бўлишини эълон қилди.


Сўнгра Сус ва Жундийсобур сулҳ ила фатҳ қилинди.
Фатҳлар тамом бўлганидан кейин Ҳурмузон билан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига борадиган ҳайъат тузилди. Уларнинг ичида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ва Аҳнаф ибн Қайслар ҳам бор эдилар.


Мадинаи Мунавварага етиб келганларида одамлари Ҳурмузонга дебождан бўлган кийимларини, ёқутли тожини ва бошқа зебу зийнатларини кийдирдилар. Сўнгра Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томон юриб кетдилар. Улар етиб борганларида Умар розияллоҳу анҳу қўлларида дарралари билан масжидда ухлаб қолган эканлар.
Ҳурмузон: «Умар қани?» деди.
Улар: «Ана у», дедилар.
Ҳурмузон: «Унинг қўриқчилари ва эшикбегилари қани?» деди.
Улар: «Унинг қўриқчиси ҳам, эшикбегиси ҳам йўқ», дедилар.
Ҳурмузон: «Ундай бўлса, у набий бўлиши керак», деди.
Улар: «Анбиёларнинг амалини қилади, холос», дедилар.


Шу пайт Умар уйғонди. Унга Ҳурмузоннинг хабари берилди. Умар унга назар солиб туриб:
«Буни ва бунга ўхшаганларни Ислом билан хор қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди.
Сўнгра Ҳурмузоннинг устидагиларни ечиб, оддий кийим кийгизишга амр қилди ва унга:
«Алдамчиликнинг оқибати қандай бўлишини ва Аллоҳнинг амрининг оқибати қандай бўлишини кўрдингми?» деди.


Ҳурмузон: «Эй Умар! Жоҳилият вақтида Аллоҳ сиз билан бизнинг орамизни тек қўйиб қўйганда биз сизга ғолиб келган эдик. Энди эса сизлар бизга ғолиб келдингиз», деди.
Умар: «Жоҳилиятда сизлар бизга ғолиб келишингиз сизнинг бирлигингиз ва бизнинг тарқоқлигимиз ила бўлган. Бирин-кетин аҳдни бузишингга нима ҳужжатинг ва узринг бор?» деди.


Ҳурмузон: «Сенга бунинг хабарини беришимдан олдин қатл қилишингдан қўрқаман», деди.
Умар: «Ундан қўрқма», деди.
У сув сўради. Унга қўпол қадаҳда сув берилди.
Ҳурмузон: «Агар чанқоқдан ўлсам ҳам бунга ўхшаш нарсадан ича олмайман», деди.
Унга ўзи рози бўлган идишда сув берилди.
Ҳурмузон: «Ичишимдан олдин ўлдириб қўясанми, деб қўрқаман», деди.
Умар: «Ичиб бўлгунингча сенга ҳеч нарса бўлмас», деди.
У охиригача ичди.


Умар: «Унга яна беринглар. Унга ўлим билан чанқоқликни жамламанглар», деди.
Шунда Ҳурмузон: «Менинг сувга ҳожатим йўқ. Мен бу билан жон сақламоқчи бўлдим, холос», деди.
Умар: «Энди сени қатл қиламан», деди.
У эса: «Сен менга омонлик бергансан», деди.
Умар: «Ёлғон айтдинг», деди.


Анас ибн Молик: «Рост айтди. Эй мўминларнинг амири, унга омонлик бердингиз», деди.
Умар: «Эй Анас, мен Баро ибн Молик ва Мажзаъа ибн Саврларнинг қотилига омонлик берар эканманми?! Аллоҳга қасамки, ёки йўл топ, ёки сени иқобга оламан», деди.
Анас: «Ўзингиз, хабарини бергунингча сенга ҳеч нарса бўлмас, ичиб бўлгунингча сенга ҳеч нарса бўлмас, дедингиз-ку», деди.


Унинг атрофидагилар ҳам шунга ўхшаш гап айтдилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу Ҳурмузонга қараб:
«Мени алдадинг. Аллоҳга қасамки, мен фақат мусулмондангина алданаман», деди.
У мусулмон бўлди. Яхшилик ила тобеъин бўлди. Умар унга икки минг нафақа тайин қилди. Икковлари орасида Муғийра ибн Шўъба таржимонлик қилар эди. Сўнгра Умар ҳайъат аъзоларига:
«Эҳтимол, мусулмонлар зимма аҳлларига озор беришар? Шунинг учун улар аҳдларни бузишаётгандир?» деди.
Улар: «Вафодан бошқа нарсани билмаймиз», дедилар.
Умар: «Буниси қандоқ?» деди.
Аҳнаф ибн Қайс: «Эй мўминларнинг амири, сиз бизни юртларнинг ичкарисига киришдан қайтаргансиз. Форснинг подшоҳи улар билан бирга. Модомики, подшоҳлари ичларида турар экан, улар бизга қарши уруш қилаверадилар. Ҳеч қачон иккита мулк иттифоқ бўлиб турмаган. Доимо улардан бири иккинчисини чиқарган. Уларнинг подшоҳлари қўзимоқда. Сиз бизга ичкарига тарқалиш учун изн бермагунингизча, бу давом этаверади. Биз уларнинг юрти ичида тарқалсак, уларнинг мулки заволга учрайди. Ана ўшанда умидлари узилади», деди.


Умар: «Аллоҳга қасамки, тўғри айтасан», деди ва унинг маслаҳатига эргашишга қасд қилди».
Ўшанда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ораларида алоҳида суҳбат ҳам бўлган. Бу суҳбатни ўрганар эканмиз, ҳазрати Умар розияллоҳу ан¬ҳу¬нинг диндан қайтган муртадларнинг Исломга қайтишига қанчалар ҳарис эканликларини кўрамиз.


Имом Байҳақий ва Абдурраззоқлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Абу Мусо розияллоҳу анҳу мени Тистр фат¬ҳи хушхабари ила Умар розияллоҳу анҳуга юборди. Бакр ибн Воилдан олти киши Исломдан муртад бўлиб, мушрикларга қўшилиб кетган эдилар. Умар мендан ўшалар ҳақида сўраб:
«Бакр ибн Воиллик ҳалиги нафарлар нима қилдилар?» деди.


Мен: «Эй мўминларнинг амири, улар Исломдан муртад бўлиб, мушрикларга қўшилиб кетдилар. Уларни ўлдиришдан бошқа йўл йўқ», дедим.
Умар: «Мен уларни тинчлик ила олмоғим мен учун устидан қуёш чиқиб турган оқу сариқ барча нарсадан кўра маҳбуброқ», деди.


Мен: «Эй мўминларнинг амири, агар уларни олсангиз, нима қилар эдингиз?» дедим.
Умар: «Уларга ўзлари чиққан эшикни қайта киришлари учун кўрсатган бўлар эдим. Агар ўшани қилишса, улардан қабул қилар эдим. Бўлмаса қамаб қўяр эдим», деди.
Умуман, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу муртадларни Исломга қайтаришга қаттиқ рағбатли бўлганлар. Уларни ўлдиришга шошилмаганлар. Бошқа ривоятларда ҳам у кишининг ҳар қандай, ҳаттоки бир неча марта қайта-қайта муртад бўлганларни ҳам Исломга қайтаришга ҳаракат қилганликларини кўрамиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тоиф куни ниҳоятда оғир кечган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни жаннатни елкаларида кўтариб Тоифга бордилар. Тоифликлар иймон келтириб давоми...

2997 11:35 / 15.03.2022
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ аввалда қароқчи, йўлтўсар эди. Битта, иккита мусофирни кўриб қолса уларни уриб, қўрқитиб молини олар эди.Унинг тавбасининг сабаби давоми...

2784 17:01 / 04.11.2021
Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу Макка фатҳидан кейин Исломга кирдилар. Исломга кирганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўпроқ давоми...

2407 10:10 / 28.02.2022
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу ёки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу каби фақир бўлмаганлар. Аммо улардан афзал эдилар.Абу Бакр Сиддиқ давоми...

4012 11:00 / 17.05.2022