1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Қалбларни нурлантирган воқеа (Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу) (иккинчи мақола)

11:09 / 25.05.2021 2617 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Улар мени маломат қилишаверди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қайтиб бориб, ёлғон гапирсаммикин, деб ўйладим. Сўнгра уларга: «Бундай узр билан мендан бошқа бирон киши Расулуллоҳ ҳузурларига келдими?» десам, улар: «Ҳа, икки киши келиб, сенинг гапингни айтди. Сенга берилган жавоб уларга ҳам айтилди», дейишди. «Улар ким экан?» десам, «Мурора ибн Рабийъ Амрий ва Ҳилол ибн Умайя Воқифийлар», дейишди. Айтилганларнинг иккови ҳам солиҳ кишилардан бўлиб, Бадр иштирокчиларидан эди. Улар эргашишга муносибдир, деб қароримдан қайтмадим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка бормай қолганлардан биз – уч киши билан гаплашишни одамларга тақиқлаб қўйдилар. Шунинг учун халқ биздан ўзини тортди. Ҳатто ер ҳам кўзимга бошқача кўринарди. Мана шу ҳолатда жами эллик кунни ўтказдик. Аммо икки шеригим ожизлик кўрсатишди. Улар уйларида ўтириб олиб, фақат йиғлашарди. Мен эса қавмнинг ёши ва бардошлиси бўлганим учун мусулмонлар билан бирга намозда иштирок этар эдим. Яна бозорларни ҳам айланардим. Ҳеч ким мен билан гаплашмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ҳам борар эдим. У зот намоздан кейин бўладиган мажлисда ўтирганларида бориб салом берардим-да, ўзимча: «У зот саломимга алик олаётиб, лабларини қимирлатдиларми ёки йўқми?» дер, буни аниқлаш учун у зотга яқин ерда намоз ўқир эдим. Шу аснода ўғринча назар солардим. Агар намозга юзлансам, у зот менга назар солардилар. Агар у зот томонга қарасам, мендан юз ўгириб олардилар.

Мадина бозорларида юрсам, шаҳарга дон сотгани келган Шом деҳқонларидан бири: «Ким менга Каъб ибн Моликни кўрсатиб қўяди?» деди. Одамлар менга ишора қилишди. У олдимга келиб Ғассон подшоҳи томонидан битилган бир мактубни узатди. Унда қуйидагилар битилган эди: «Бизга хабар етдики, дўстинг сенга жафо қилибди. Аллоҳ хўрлик ва зулмга дучор бўлинадиган ерда туришга мажбур қилмаган. Ҳузуримизга кел, биз сенга тасалли берамиз». Мактубни ўқиган пайтимда «Бу ҳам мусибат-фитналарнинг бир кўринишидир», дедим. Мактубни тандирда ёқиб юбордим.

Қирқ кун ўтди, ваҳий тўхтаб қолган эди. Ногаҳон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидан бир элчи келиб: «Расулуллоҳ хотинингдан алоҳида бўлишни буюряптилар», деди. Мен: «Нима қилай, талоғини берайми?» дедим. У: «Фақат алоҳида бўл, яқинлашма», деди. Расулуллоҳ бу ҳукмни нариги икки биродаримга ҳам юборган эдилар. Мен хотинимга: «Сен уйингга бор, то Аллоҳ томонидан ҳукм тушгунича ўша ерда тур», дедим. Ҳилол ибн Умайянинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Ҳилол ибн Умайя бечора қари киши, хизматкори ҳам йўқ. Унинг хизматини қилишимдан норозимисиз?» деса, у зот: «Йўқ, лекин у сенга яқинлик қилмасин», дедилар. Буни эшитган хотин: «Аллоҳга қасам, бунинг имкони ҳам йўқ, бечора эрим шу воқеадан бери ҳозиргача фақат йиғлаш билан овора», деди.

Мана шу ҳолатда яна ўн кун ўтди. Гаплашиш ман қилинганининг эллигинчи куни уйим томида бомдод намозини ўқидим. Намозда ўтирган ҳолимда Аллоҳни зикр қилдим. Юрагим сиқилиб, кенг ер торайиб кетгандек бўлиб турган бир пайтда ногаҳон (Абу Бакр Сиддиқнинг) бир тепаликка чиқиб олиб баланд овозда: «Эй Каъб ибн Молик, хурсандлик хабари!» деб бақираётганини эшитдим. Хурсандчилик соати келганини билиб, шу заҳоти саждага йиқилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиб бўлгач, Аллоҳ бизларнинг тавбамизни қабул этганини эълон қилибдилар. Одамлар мен ва икки биродаримга хурсандчилик хабарини етказишга шошилишибди. Бир киши олдимга от чоптириб келди. Аслам қабиласидан яна бир киши пиёда келди. Бу киши тоғ ошиб келиб, баланд овоз билан хушхабар берди. Севинганимдан хушхабар келтирган кишига устимдаги икки қават кийимимни ечиб, кийдириб қўйдим. Аллоҳга қасам, ўша кунларда булардан бошқа кийимим ҳам йўқ эди. Эгнимга қарзга уст-бош олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига жўнадим. Одамлар йўлда тўда-тўда бўлиб тавба қабул бўлгани билан мени табриклашарди. Улар менга: «Аллоҳ таоло тавбангни қабул қилгани билан табриклаймиз», дейишар эди.

Масжидга кирдим. Расулуллоҳ атрофларида одамлар билан ўтирган эканлар. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ югуриб келиб, мен билан қўш қўллаб сўрашиб, табриклади. Аллоҳга қасам, Талҳадан бошқа бирор муҳожир ўрнидан турмади. Сўнг Расулуллоҳга салом берсам, у зот хурсанд бўлганларидан юзлари ёришиб кетди. У зот: «Туғилганингдан бери ўтган кунларингнинг энг яхшисида сенга хурсандлик хабарини бераман», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бу хушхабар сиз тарафингизданми ёки Аллоҳ томонидан?» десам, у зот: «Йўқ, бу Аллоҳ азза ва жалла томонидан», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, юзлари шу даражада нурланиб кетардики, гуёки ой парчасига ўхшаб қоларди. Биз буни билар эдик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига ўтириб: «Эй Аллоҳнинг Расули, тавбамнинг қабул этилгани учун барча молларимни Аллоҳ ва Унинг Расули йўлига садақа қиламан», десам, у зот: «Молингнинг бир қисмини ўзинг учун олиб қўй, шунда яхши бўлади», дедилар. Мен: «Хайбардаги улушимни олиб қоламан. Эй Аллоҳнинг Расули, албатта Аллоҳ ростгўйлигим сабабидан нажот берди. Энди тавбамнинг натижаси ўлароқ умримнинг қолган қисмида фақат рост гапирай. Аллоҳга қасам, рост сўзлаганим учун Аллоҳ менга берган фазл-инъомини бошқа ҳеч кимга қилмаганини ҳам биламан», дедим. Аллоҳга қасам, Расулуллоҳга бу сўзларни зикр қилганимдан бери шу кунгача бирор калима ёлғон ишлатмадим. Аллоҳ қолган умримда ҳам ёлғондан сақлашини умид қиламан» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шоирларидан ҳисобланган ҳазрати Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 50 йили, ҳазрати Муовиянинг халифалиги даврида етмиш етти ёшида вафот этди.

(Тамом)

Муниба Аҳмад қизи

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу куняси исмидан машҳур бўлиб кетган шахслардан биридир. Абу Бакр ndash у кишининг кунялари бўлиб, исмлари Абдуллоҳдир. Баъзи давоми...

2181 09:18 / 07.10.2023
Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврларида Ислом Атлантик океани қирғоқларигача етиб борди. Бу даврда у кишининг Ислом учун қилган хизматлари ҳақида кўп давоми...

11533 20:16 / 21.04.2017
Динимиз ndash Ислом наслнасабни пок сақлаш, шармуҳаё, бировга нопок назар билан боқмаслик каби гўзал маънавий ахлоқ ва одобларга чорлайди. Бугунги фаровон давоми...

2245 09:00 / 12.08.2023
Рум императори Муовия розияллоҳу анҳуга шундай мазмунда мактуб жўнатди .Сиз билан Али ибн Абу Толиб орасида содир бўлган нарсани билдик. Биз ундан кўра сизни давоми...

1654 14:00 / 04.12.2022
Аудиолар

135106 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55381 14:35 / 11.08.2021