1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Озарбайжон ва Боб фатҳи

13:19 / 11 май 1496 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Букайр ибн Абдуллоҳ Озарбайжонга юрди. У Райнинг фотиҳи Нуъайм ибн Муқарринга мактуб ёзиб, Саммак ибн Харша ила мадад беришни сўради.

Букайр ибн Абдуллоҳ Гур майдон тоғига чиққан эди, қаршисидан Вожрўзда мағлуб бўлиб, қочиб келаётган форсликлар чиқиб қолдилар. Рустамнинг укаси Исфандиёр уларга бошлиқ эди. У Букайр ибн Абдуллоҳга:

«Сен урушни хоҳлайсанми, тинчликними?» деди.

«Албатта тинчликни», деди Букайр.

«Мени ўлдирма, ўзинг билан олиб юр. Мен сен билан сулҳ тузмагунимча, озарбайжонлар сен билан сулҳ тузмаслар», деди Исфандиёр.

Букайр унинг айтганини қилди.

Бир оздан кейин унга Нуъайм юборган мадад етиб келди. Ҳаммалари биргалашиб, Озарбайжон томон йўлда давом этдилар. Сўнг у ернинг аҳли ила жизя беришга сулҳ тузди ва бу ҳақда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб ёзди. У киши унга Утба ибн Фарқадни Озарбайжонга волий қилиб, ўзи Боб лашкарига мадад бериш учун ўтиши ҳақида амр берди.

Утба ибн Фарқад Озарбайжон аҳли билан қуйидаги аҳдномани тузди.

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ушбу мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобнинг омили Утба ибн Фарқаднинг Озарбайжон аҳлига берганидир. У ернинг текислиги ҳам, тоғлиги ҳам, атрофи ҳам, даралари ҳам ва аҳли миллатларининг барчаси ҳам жонларию моллари, миллатларию шариатлари ила омонликдадир. Жизяни қудратлари етганига қараб адо қилиш шарти ила. Болаларга, аёлларга ва қўлида дунёдан ҳеч нарса йўқ заифга ва шунингдек, обидларга ва қўлида дунёдан ҳеч нарса йўқ кишига мажбур эмас.

Уларга ва улар билан сокин бўлганларга мусулмонларнинг аскарларини бир кеча ва бир кундуз меҳмон қилиш, йўл кўрсатиш вазифаси бор. Улардан ким бир йилга кўчиб кетган бўлса, ўша йил жизяси ундан соқит бўлади. Ким муқим бўлса, ўша ерда турганларга нима бўлса, унга ҳам шу. Ким чиқиб кетса, унга кўзлаган ерига етиб олгунча омонлик.

Жундуб ёзди».

Боб фатҳи

Суроқа ибн Амр Боб томон юрди. Унинг лашкари олдида Абдурраҳмон ибн Робийъа борар эди. Букайр у ерга ундан олдин бориб, унга интизор бўлиб турар эди. Олдинда борувчи қўшиннинг амири Абдурраҳмон ибн Робийъа Бобнинг остонасига етиб борганида, унинг ўша пайтдаги подшоҳи Шаҳрироз унга сулҳ талабида мактуб ёзди. У рози бўлди. Шаҳрироз унинг олдига келиб:

«Мен итдек душман қаршисидаман. Улар турли миллатлардир. Уларнинг ҳасаблари йўқдир. Ҳасаби ва ақли борлар уларга ёрдам бериши мумкин эмас. Менинг қабаж ва арманлар билан ҳеч қандай алоқам йўқ. Албатта, сизлар юртим ва миллатимни енгдинглар. Мен сизлар биланман. Қўлим қўлларингизда. Жизям сизларники. Нусрат сизники. Сиз нимани хуш кўрсангиз, ўша бўлади. Бизни жизя ила қийнаманглар. Душманингиз олдида бизни заиф қилманглар», деди.

Абдурраҳмон Шаҳрирозни Суроқанинг ҳузурига юборди. У унга ҳам Абдурраҳмонга айтган гапларини такрорлади. Суроқа унга «Муқим бўлиб туриб, душманга қарши уришмаган жизя бермаса бўлмайди», деди. У рози бўлди. Буни Умар розияллоҳу анҳу ҳам тасдиқ қилдилар.

Суроқа уларга қуйидаги аҳдни ёзиб берди.

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ушбу мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобнинг омили Суроқа ибн Амрнинг Шаҳрирозга, Армения аҳолисига ва арманларга уларнинг жонларига, молларига ва миллатига берган омонлигидир. Уларга зарар етказилмайди. Улар камситилмайдилар. Аҳли Армения ва Абвобга ташқаридан келган бўлсин, асл аҳоли бўлсин ва уларнинг атрофидагиларга ҳар бир ғоратга сафарбар бўлиш, оғир бўлсин, енгил бўлсин, волий лозим топган ҳар бир ишга қатнашмоқ бор. Сафарбарликда қатнашганлардан жизя соқит бўлиши шарти ила. Сафарбарлик уларнинг жизясидан эваздир. Ким ундан истиғно қилиб, (қатнашмай) ўтирса, уларга Озарбайжон аҳли каби жизя, йўл кўрсатиш ва комил бир кунлик зиёфат лозим бўлади. Агар сафарбарликда қатнашсалар, у улардан соқит бўлади. Агар тарк қилсалар, улардан олинади».

Суроқа Бобдан фориғ бўлганидан кейин Армениянинг атрофидаги тоғли жойларга жангчи гуруҳлар юборди. Букайр ибн Абдуллоҳни Муқонга юборди. Ҳубайб ибн Масламани Тиблисга юборди. Ҳузайфа ибн Усайдни Лон тоғларига юборди. Салмон ибн Робийъани бошқа томонга юборди.

Букайр Муқонни фатҳ қилиб, унинг аҳли ила қуйидаги сулҳни тузди.

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ушбу Букайр ибн Абдуллоҳ Қабж тоғларидаги Муқон аҳлига моллари, жонлари, миллатлари ва шариатларига жизя бериш шарти ила берган омондир. Ҳар бир балоғатга етганга бир динор ёки унинг қиймати ва насиҳат, мусулмонга йўл кўрсатиш ва бир кеча-кундузлик меҳмондорчилик. Модомики, шунга иқрор бўлиб насиҳат қилсалар, уларга омонлик бор. Бизнинг зиммамизда вафо бор. Аллоҳнинг Ўзи ёрдамчи. Агар уни тарк этсалар ва улардан очиқ-ойдин алдамчилик зоҳир бўлса, алдамчиларнинг ҳаммаларини топмагунларича уларга омонлик йўқ (Йигирма биринчи сана)».

Суроқа бу ҳақда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб ёзди.

Сўнгра Суроқа ибн Амр розияллоҳу анҳу вафот қилди. Ўз ўрнига Абдурраҳмон ибн Робийъани тавсия қилди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу тавсияни қўллади ва янги амирни турк фатҳига чорлади.

Абдурраҳмон ибн Робийъа Бобдан ўтиб, юриш бошлади.

Шаҳрироз ундан: «Қаёққа бормоқчисан?» деб сўради.

Абдурраҳмон ибн Робийъа: «Баланджард ва туркка», деди.

Шаҳрироз: «Улар бизни Бобнинг бу ёғида тинч қўйсалар, рози эдик», деди.

Шунда Абдурраҳмон ибн Робийъа: «Лекин биз уларнинг ўз юртларида жанг қилмагунимизча рози бўлмаймиз. Аллоҳга қасамки, биз билан бир қавм борки, агар амиримиз изн берса, улар билан радмгача – Зулқарнайн қурган тўғонгача етар эдим», деди.

Шаҳрироз: «Улар кимлар?» деди.

Абдурраҳмон ибн Робийъа: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини топган қавм. Улар бу ишга ният билан кирганлар. Улар бу ишда биров улардан устун келиб, ўзгариш қилмагунича ёки улар ўзлари ҳолларини қўлдан чиқармагунларича бардавом бўлурлар», деди.

Абдурраҳмон ибн Робийъа Баланджардга етиб борди. Уни кўрган ерлик аҳоли: «Бу билан фаришталар бирга бўлмаганида бизга журъат қила олмас эди», дедилар ва унга қарши чиқмадилар. Абдурраҳмон ўша ерларни фатҳ қилиб, бирорта аскарига ҳам озор етмай, Бобга қайтиб келди ва ўша жойларга волий бўлиб қолди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 14 сентябрдаги 0307/7030-сонли тавсияси билан чоп этилган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир бадавий Мадина кўчаларига келиб, шаҳардаги энг сахий инсон ким эканини сўради. Одамлар .Ҳусайн ибн Алий,, дейишди. Бадавий Ҳусайн розияллоҳу анҳуни масжидда давоми...

3828 14:08 / 05.12.2024
Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврларида Ислом Атлантик океани қирғоқларигача етиб борди. Бу даврда у кишининг Ислом учун қилган хизматлари ҳақида кўп давоми...

13668 20:16 / 21.04.2017
Ҳижратдан бир йил олдинги давр эди. Маккага ўн икки кишидан иборат бир гуруҳ келди. Уларнинг олтитаси бир йил олдин Ислом билан шарафланган ва келгуси йил давоми...

2587 09:23 / 31.12.2023
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғига кўтарилдилар. У зот билан бирга Абу Бакр, Умар ва Усмон бор эди. Тоғ давоми...

4573 10:40 / 25.06.2021
Аудиолар

211145 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130404 14:35 / 11.08.2021