1447 йил 20 жумадис сони | 2025 йил 11 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Меҳрибонлик ва масъулият туйғуси

12:15 / 26 май 2442 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Саъд Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у эса ўз отасидан ривоят қиладилар:

«Умар розияллоҳу анҳуга Ямандан кийимлар келди. Умар розияллоҳу анҳу уларни одамларга кийгизди. Ҳамма янги кийим кийиб юра бошлади.

Умар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари орасида ўтирар, одамлар эса унинг олдига келиб, салом беришар ва ҳаққига дуо қилар эдилар.

Шу пайт Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар кела бошладилар. Икковларининг устиларида ҳалиги кийимлардан ҳеч нарса йўқ эди. Умарнинг қовоқлари осилиб, икки қоши орасида тугун пайдо бўлди. Сўнгра:

«Аллоҳга қасамки, сизларга кийдирган нарсам менга татимади», деди.

«Эй мўминларнинг амири, қавмингизга кийим кийдирдингиз. Яхши қилдингиз!?» дедилар.

«Ушбу икки бола туфайли. Одамлар орасидан ўтиб келишмоқда, устиларида эса ҳеч нарса йўқ. Кийимлар уларга катта келди. Улар кийимларга кичик келдилар», деди.

Сўнгра Яманга: «Тезда Ҳасан билан Ҳусайнга кийим-бош юбор», деб ёзди. Унга икки сидирға кийим юборди. Икковларига кийгизди».

Зубайр ибн Бакр Муҳаммад ибн Саломдан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шифо бинти Абдуллоҳ ал-Адавийя розияллоҳу анҳога: «Эрталаб ҳузуримга кел», деб одам юборди. Шифо айтади:

«Эрталаб унинг ҳузурига бордим ва Отика бинти Усайд ибн Абул Ийс розияллоҳу анҳони унинг эшиги олдида кўрдим. Бас, кириб, бир муддат гаплашдик. Умар бир кийим чиқариб, унга берди. Кейин бошқа бир кийим чиқариб, менга берди. Мен:

«Эй Умар, мен ундан олдин Исломга кирганман. Мен амакингнинг қизиман, у эмас! Сен менга одам юборгансан. У бўлса ўзи келган», дедим. У:

«Мен буни сендан бошқа учун келтирмаган эдим. Аммо икковингиз жам бўлиб қолганингиздан кейин унинг сендан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлигини эслаб қолдим», деди».

Ислом аҳли пойтахти бўлмиш Мадинаи Мунаввара шаҳрига савдогарлар карвони келиб тушди. Карвонда аёллар, ёш болалар ҳам бор эди. Халифа Умар ибн Хаттоб саҳобалардан Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга: «Карвондагиларни қўриқлашга вақтинг борми?» дедилар.

Икковлон кечаси билан карвондагиларни қўриқлаб, намоз ўқиб чиқдилар. Умар розияллоҳу анҳу ёш боланинг йиғисини эшитиб, ўша томон борди ва унинг онасига:

«Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхши қара!» деб, ортига қайтди. Бола яна йиғлашда давом этди. Умар розияллоҳу анҳу яна унинг онаси олдига қайтиб келиб, «Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхшилик қил!» деб, ортига қайтди. Тун охирлаб қолганда яна боланинг йиғисини эшитган халифа ҳалиги онанинг олдига бориб, «Шўринг қурисин. Яхши она эмасга ўхшайсан. Кечаси билан ўғлинг тинчимади-я!» деди.

Қаршисида турган одам раҳбар эканлигини билмаган она худди қоровулга гапираётгандай: «Эй Аллоҳнинг бандаси, кечаси билан мени тинч қўймадинг. Ахир мен уни кўкракдан ажратмоқчиман. У бўлса кўнмай, инжиқлик қилмоқда», деди.

«Нима учун?» деди Умар розияллоҳу анҳу.

«Чунки Умар фақат кўкракдан ажратилган болаларга нафақа тайин қилган», деди аёл.

«Боланинг ёши қанчалик бўлди?» деди Умар.

«Фалон ойлик бўлди», деди аёл.

Умар розияллоҳу анҳу: «Уни кўкракдан ажратишга шошилма», деди ва орқасига қайтиб кетди.

Сўнгра халифа бориб, Бомдод намозига имомликка ўтди. Намоздаги одамлар унинг йиғисидан қироатини ажрата олмадилар. Бўлиб ўтган ҳодисадан қаттиқ таъсирланган халифа йиғлаб туриб, намоз ўқир эди. Намозни ўқиб бўлиб, салом берганидан сўнг: «Умарнинг шўри қурисин! Мусулмонларнинг қанчадан-қанча болаларига зулм қилибди», деди ва жарчини чорлаб: «Болаларингизни кўкракдан ажратишга шошилманглар! Биз Исломда ҳар бир туғилган болага нафақа берамиз!» деб жар солишга амр этди. Бу ҳақда бошқа юртларга ҳам фармон юборди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 14 сентябрдаги 0307/7030-рақамли хулосаси асосида тайёрланди. 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақларида сўз кетганида, у кишининг адолатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишнинг ўзи қизиқ туюлади. Зеро, дунёда Умар ва адолат давоми...

2062 12:36 / 23.09.2024
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйига тонг ёки кечқурунда бориб турар эдилар. Кунларнинг бирида одатларига хилоф ўлароқ давоми...

1409 11:23 / 23 август
Имом Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Ҳасандан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга бир оятни қироат қилишини рад қилди. Шунда давоми...

1704 14:01 / 24 февраль
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ташаббускор ва масъулиятни чуқур ҳис қиладиган инсон бўлганликлари туфайли ҳеч кимга билдирмай, кечалари одамларнинг ҳолларидан давоми...

1124 09:04 / 22.07.2024
Видеолар

524 14:42 / 08 декабрь
Аудиолар

212467 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

131691 14:35 / 11.08.2021