1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Яхшилик ерда қолмас!

14:00 / 08.06.2022 6650 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир йили кечга яқин довон орқали водийга йўл олдим. Машинамиз Ангрендан чиқиб тоққа тирмашганида туйқус бузилиб қолди. Техникага унча тушунмайман, бошим қотди. Ҳаво совуқ, ҳаммаёқ яхмалак, боз устига мактабда ўқийдиган ўн ва ўн икки ёшли икки фарзандим ҳам ҳамроҳ. Битта-яримта ўтган машиналардаги ҳайдовчилар ёрдам бериш уёқда турсин, ҳатто тўхтагани қўрқишади. Шунда тоғ йўлининг четидаги ёлғизгина уй эшиги очилиб, бир киши олдимизга келди. Салом-аликдан сўнг уйига таклиф қилди. Болалар совқотиб кетгани учун дарров кўндик.

Бояги киши йўл назоратчиси бўлиб ишларкан, тез дастурхон ёзди, иссиққина чойдан танимиз яйради. Шу ерда тунаб қолдик. Эртасига эрталаб таниш устасини чақириб, машинамизни тузаттириб ҳам берди. Кетар чоғи миннатдорчилик билдирсам, у хижолат бўлиб кетди: «Э, ака, бу нима бўпти, ахир одамдан яхшилик қолади. Бугун мен сизга яхшилик қилсам, эртага бошқа бировдан икки ҳисса бўлиб қайтади. Гапимнинг исботи керак бўлса, икки йилча олдин бир наманганлик менга катта бир яхшилик қилганди. Отам нафақага чиқаётганларида уруш йиллари Наманганда ишлаган артелларидан маълумотнома олишга тўғри келди. Бегона шаҳарда тасодифан танишиб қолганим ўша киши мени уч кун архивма-архив машинасида олиб юриб ишимни битириб берди, яна ҳар куни уйида меҳмон ҳам қилди. Ҳозир ўша қарзимни узганимдан ўзим хурсанд бўлиб кетдим».

Ислом дини ҳам, ахлоқимиз ҳам инсонларни фақат яхшилик қилишга, ёмонликлардан четда бўлишга буюради. Яхшилик энг аввало ота-онага, яқинларга, қўни-қўшниларга кўрсатилади. Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди. Биров моли билан (бу саховатдир), биров қўли билан, яна бошқаси чиройли сўзи билан яхшилик қилади. Ҳатто бошқалар йўлидаги халақит бераётган шохчани олиб ташлаш ҳам яхшиликка киради.

Яхшилик қилишга шошилиш керак, чунки Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин, зеро, унинг қачон ёпилишини билмайди»; «Ҳар бир яхшилик садақадир, дўстингга очиқ юз билан муомала қилишинг яхшиликдир, унинг челагига ўз челагингдан сув қуйиб беришинг ҳам яхшиликдандир», деган насиҳатлари бор.

Яхшиликка чақирган киши ҳам шу ишни қилганга тенглаштирилади. «Ўзгаларга озор беришдан сақланиш яхшилик аломатларидан», дейишган улуғларимиз. Муҳаммад Зеҳний: «Одамларнинг энг яхшиси қалбида яхшиликка йўл очган, ёмонлик ва очкўзликни қалбидан ҳайдаб чиқарган кишидир», деган. Нақлларда келишича, ким бировнинг ғамини енгиллатса, охиратда унинг ғами енгиллаштирилади, қийинчиликда қолган бир кишига ёрдам қўлини чўзган киши ёрдамсиз қолмайди, ким бировнинг айбини беркитса, унинг айби ҳам беркитилади.

Кўпларимиз яхшилик қиламизу дарров унинг мукофотини, биздан марҳамат кўрганларнинг миннатдорчиликларини кутамиз ёки яхшиликларимиз билан мақтанамиз. Аллома Умар ибн Ҳорис бундай деган: «Қадимда яхшиликларни кўп қилишарди, аммо гапиришмасди. Кейин ҳам қиладиган, ҳам гапирадиганлар келишди, энди эса фақат гапиришяпти». Қандайдир манфаат кутиб қилинган яхшилик фазилат саналмайди.

Ваҳоланки, яхшилик холис Парвардигор учун, беғараз қилиниши керак. Буни тушунмаганлар яхшилик қилган кишиларидан ёмонлик кўришганига хафа бўлиб юришади. Эмишки, бир одам шогирдини ўғлидан ҳам аъло кўриб, бор ҳунарини ўргатиб одамлар қаторига қўшганида у устози юзига оёқ қўйиб кетибди. Ёки бошқасининг ҳасратига қулоқ солинг: «Жияним акамдан эрта етим қолди. Ўзим боқиб катта қилдим, ўқитдим, ҳунар ўргатдим, уйлаб-жойладим. Хотинчасининг сўзига кириб алоҳида яшайман, деганида рози бўлиб, бошқа ҳовлига чиқардим. Энди ҳамма ерда «Дадамдан қолган пулни бермай ўзлаштириб юборди», деб гап тарқатиб юрганмиш. Инсон зоти ўзи яхшиликни билмайдиган ношукр бўлар экан».

«Савобнинг кети мушкулот» деган гап бекорга чиқмаган. Ҳақиқатан бировга яхшилик қиласиз, аммо ундан жавоб қайтмайди, аксинча кўп ҳолларда яхшилигингиз эвазига ҳатто ёмонлик кўрасиз. Бировга раҳм қилиб қарз берасиз, ололмай қийналасиз, ҳатто унга душманга айланасиз. Бировга ёрдам қилиш учун битмаётган ишига елка қўйиб юборасиз, эвазига қуртдаккина «миннатдорчилик» эшитасиз. Биров билан дўстлашмоқчи бўласиз, аммо у «бир балоси бўлмаса менга нега суйкалади», деб сизни душманига айлантиради. Қийналиб қолган укангизга пул таклиф қилсангиз, орқаваротдан «бойваччалигини бошқаларга қилсин» деган нордонгина гап эшитасиз. Бунга асло ажабланманг, чунки Аллоҳ таоло инсонларни шундай хулқ-атвор билан яратган. Шунинг учун ҳаётда кимга бўлишидан қатъи назар, одамларга яхшилик қилсангиз, мукофотини инсонлардан эмас, Яратганнинг ўзидан кутинг. Одамлар камдан-кам яхшилигингизга яхшилик билан жавоб қайтаришади, миннатдор бўлишади.

Ўзгаларга яхшилик қилиш мўминнинг энг афзал хислатидир, Аллоҳ розилигини топишининг осон йўлидир. Яхшилик Аллоҳнинг бандага раҳматидир. Яхшилик қилганларни Аллоҳ таолонинг ўзи мукофотлайди. Унинг ваъдасига кўра яхшилик қилувчи мўминлар жаннат неъматларидадирлар. Аллоҳ таоло айтади: «Ва тақво қилганларга: «Роббингиз нимани нозил қилди?» дейилди. Улар: «Яхшиликни», дедилар. Чиройли амаллар қилганлар учун бу дунёда чиройли (мукофот) бордир. Албатта, охират диёри яхшироқдир. Тақводорларнинг диёри нақадар яхши!» (Наҳл сураси, 30-оят).

Яхшиликнинг катта-кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин, агар у биродарингга очиқ юз билан қараш бўлса ҳам», деганлар (Муслим ривояти). Фахри коинот яна бундай марҳамат қилганлар: «Эй муслималар, бир аёл бошқасига қўйнинг туёғини беришдаги яхшиликни ҳам паст санамасин», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда «Ҳар бир яхшилик садақадир», дейилган (Бухорий ривояти).

Донишмандлардан бири айтади: «Яхшилик мол ва фарзандларнинг кўплигида эмас, яхшилик кенг феълли, ахлоқли бўлиш, илм олиш ва Аллоҳга ибодатда бошқаларга ўрнак бўлишдир». Муҳаммад Зеҳний айтади: «Одамларнинг яхшироғи ўз қалбида яхшиликка йўл очгани ва ёмонликни, очкўзликни ҳайдаб чиқарганидир».

Яхшилик ва ҳилм дарахтини эккан омонлик ва хотиржамлик мевасини териб олади. Ёвузлик уруғини сепган пушаймонлик-надомат ҳосилини йиғиб олади. Ҳақиқий комил инсон ёмон хислатлардан, номаъқул ва номарғуб хулқ-атвордан пок бўлади, гўзал сифат ва ахлоқ билан ўзини ораста қилади, ёмонлардан четланади ва ҳеч кимга озор етказмайди. Ким қилган яхшилиги ёки амали билан мақтанса, унинг барча яхшиликлари ёмонликка айланади.

Ҳусайн Воиз Кошифий айтадики: «Гўзал феъл-атворнинг нишонаси ўнтадир ва буларнинг биринчиси бошқаларга яхшилик қилишдир». Яхшилик қилиш билан ҳеч нарса ютқазмайсиз. Саъдий Шерозий айтганидай, «Бир шам бошқа бир шамни ёққани билан нуридан ҳеч нарса камаймайди». Абдуллоҳ ибн Аббос бундай деганлар: «Яхшилик ҳақида ўйлаш ўша яхшиликни қилишга ундайди, ёмонликка надомат эса ўша ёмонликни тарк этишга чақиради».

Атоқли олим Ҳасан Басрийдан «Яхши инсон ким?» деб сўрашганида бундай жавоб берган: «Тўрт нарса кишининг яхши эканига даолат қилади: тилининг ростгўйлиги, дўстларининг хато-камчиликларини кечириши, замона аҳлининг таниқли кишисига саҳоват кўрсатиши, таниш ва қўшниларга озор беришдан тийилиши». Келинглар, ҳар ерда, ҳар кишига, ҳамиша яхшилик қилишга шошилайлик. Яхшилик ва эзгулик ёмонликни ёқтирмагани каби ёмонлик ҳам яхшиликдан қочади.

Аббос Турсунов

«Ҳилол» журналининг 2(23) сонидан

Манба
"Ҳилол" журнали
Мавзуга оид мақолалар
Кексалиги туфайли намозда қийналадиган кишиларга ўтириб намоз ўқишга рухсат берилган..Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги давоми...

2540 17:00 / 30.10.2019
Умму Саъид бинт Мурра Феҳрий отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мен ва етимнинг кафили жаннатда худди ушбу иккиси кабидир. Ёки бу билан бу давоми...

2044 16:17 / 25.01.2020
Отанг сени уришаётган бўлса, билгинки, у сени асло ёмон кўрмайди. Отанг сени тергаб сенга босим ўтказаётган бўлса, билгинки, у сенга яхшиликни хоҳлаяпти. Отангни давоми...

2825 17:00 / 11.06.2022
Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом таълимотлари барча соҳада мукаммал ва гўзал тарзда тақдим этилгандир. Бу нарса кексаларни эъзозлаш бобида ҳам яққол давоми...

1864 18:36 / 26.03.2020